Feb 032014
 

 

Мана бир неча кун бўлдики, Наманган вилоятининг Косонсой туманидан етишиб чиқиб, дунёга танилган полвон Эргашхўжа Дадахўжаевнинг фарзандлари Баҳтиёрхўжа 33 ёшли Баҳодирхўжалар ва уларнинг фарзандлари Наманган шаҳрининг 4-микрорайони ҳудудидаги кенг майдонда томошалар кўрсатишмоқда.

Эргашхўжа полвонни шаҳсан мен танир эдим. Раҳматли билан кўп давраларда бирга бўлганмиз. Ўта камтар ва самимий киши эдилар.У киши “Водиллик келин” каби баъзи кинофильмларда ўз санъатларини намойиш этганлар. Фарзандлари билан бутун Ўрта-Осиё мамлакатларида ўз санъатларини намойиш этганлар.

Ака-ука полвонлар ҳар куни навбатма-навбат ўз санъатларини намойиш этишмоқда. Баҳтиёрхўжа 32 килолик тошларни елкаси билан уриб, икки метрлик қурилиш арматурасини қўли билан букиб, салкам бир тонна келадиган туяни дарс кўтаради, машинани кўтаради.Мана шу саҳналарни кўрган кишида ўз-ўзидан миллий ғурури қўзғалиб кетади. Анчадан бери бундан томошаларни кўрмаганим туфайлими полвонларнинг санъатини, уларни ўта ақл билан билдираётган фикрларини эшитиб кўзимдан фаҳр ёшлари оқди. Баҳодирхўжани биз билан суҳбатда айтишича унинг отаси унга ўн беш йил давомида полвончилик сирларини ўргатиб, ўз меҳнатларини натижасини кўраолмай тўсатдан вафот этган эканлар. –Ҳар сафар майдонга чиқсам, дадамни миллатимизнинг минг йиллардан бери сақланиб келаётган санъати ҳақида гапириб, ҳар қандай шароитда ҳам бу санъатни сақлаб қолиш зарурлиги ҳақида айтган гаплари қулоғимда жаранглаб туради. У киши бизга санъат билан бирга миллий ғурур ҳақида ҳам кўп гапирар эдилар- дейди 33 ёшли Баҳодирхўжа полвон.

Бундан ташқари томошада қизиқчиликлар, анаконда илонларини ўйнатишлар, иллизион ўйинлари намойиш этилмоқда. Томоша бўлаётган ернинг ёнида полвонлар томонидан кичик зоопарк ҳам ташкил этилган. Унда одамлар беш оёқли молдан тортиб, Америка ва Африка мамлакатларидан олиб келинган ҳайвонларни ҳам кўришлари мумкин.

Майдонда қизиқчилик қилаётган 17 ёшли йигит Баҳтиёр полвоннинг фарзанди. У шўҳ куйга ўйнаб туриб бирданига тўҳтаб қоладида,дадасига- Бўлди ўйнамайман!-дейди. –Нега ўғлим?-деса,- Ҳов анов тоға менга нима дедилар денг? Ҳой бола қачон ўрганасан? Дейди. – Йўқ ўғлим! Ундай эмас, Қачон уйланасан? Деган бўлсалар керак- дейди. Мен полвоннинг ўғлига – Бир нарсани қўшмайсанми, ўйинни тўхтатгач, бўлди ўйнамайман! дейсан. Даданг- нега?-десалар, Ҳов анови ачадан ҳафаман- Нега ҳафасан болам?-Менга Ҳой бола! Нега ҳар куни светни ўчириб қўяверасан? дедилар, дейсан- десам кулиб юборди.

Дўстларим шу нарсаларни ҳам мақола қилиб ёзаверар эканда! Деманг. Мана ўн кундан ошиб қолдики биз бу ерда ҳеч қайси газета ёки телевидениедан бирор бир муҳбирни кўрганимиз йўқ. Булар шундай воқеаларни кўрсатмаса, ёзмаса, муаммолар ҳақида гапирмаса, ёзмаса, ўзи булар нима иш қилади? Шуларни ўрнини озгина бўлса ҳам биз босиб қўяйлик деб ушбу хабарни ҳукмингизга ҳавола этдик. Омон бўлинг.

Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

3– февраль, 2014-йил.