Dec 272013
 

 

               ( Ёки терговчи нега ишдан олинди? )

Ҳукмингизга ҳавола қилинаётган ушбу воқеа бир қарашда ўта муҳим бўлиб туюлмаслиги мумкин, лекин, воқеадан ҳабардор бўлгач, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқи учун астойдил курашса қандайдир кичик бўлса ҳам натижага эришиши мумкинлигига гувоҳ бўламиз.

Баҳодир Имомов ўтган йили ўзининг “Нексия” русумли машинасида жиянлари билан Наманган шаҳрига Ҳаққулобод йўли орқали кетаётганида, кутилмаганда рўпарасидан “Москвич” русумли машина билан тўқнашиб, уч киши ҳам қаттиқ жароҳат олиб, туман шифохонасига олиб келинади. Аслида “Москвич” машинаси ҳайдовчиси К. Маткаримов йўл ҳаракати қоидаларини бузган эди.

Б.Имомов ва унинг жиянлари бир неча кун шифохонадан ва бир неча кун уйда даволаниб, сал ўзига келгач, ушбу иш бўйича жиноят иши очиши керак бўлган Норин тумани ИИБга борса, ҳали ҳеч қандай иш қилинмаганига гувоҳ бўлади. Мелиция ҳодимлари аксинча унинг ўзи суд-тиббий экспертизасидан ўзини текширтириб ҳужжат олиб келиши кераклигини айтишади. Имомов эринмай бу ишни ҳам бажариб ҳужжатларни ИИБга олиб келади ва бу иш ИИБ терговчиси Валижон Абдуллаевга топширилгани ҳақида маълумот олади.Орадан кунлар, ҳафталар, ойлар ўтса ҳамки ҳали ҳам бу иш бўйича ҳеч нарса қилинмаган, ҳаттоки ҳалигача автомобилига етказилган зарар нархлатилмаган эди. Ҳам соғлиғини йўқотган ҳам анчагина моддий зарар кўрган Имомов орага пул аралашганидан гумон қилиб, бу ишни охирига етказишга қарор қилади. Ва Наманган шаҳрига бориб бу иш билан шуғилланадиган жамиятдан мутахассис олиб келиб етказилган зарарни нархлатади. Шундан кейингина терговчи В.Абдуллаев жиноий ишни текшира бошлайди.

Имомовни қарийб бир мобайнидан овора қилганлиги учун терговчини у судга беради.Ҳуллас, жиноий ишлар бўйича Учқўрғон туман суди терговчи Валижон Абдуллаев ишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон жиноят кодексининг 208-моддаси билан суд қилиб, икки ярим йил мобайнида ҳуқуқ тартибот органларида тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, тўққиз миллион тўрт юз ўттиз саккиз минг сўм миқдорида жаримага тортиш ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозир кўпчилик агар ҳуқуқлари юқори лавозимли кишилар томонидан паймол этилса,”Эй курашганим билан барибир ҳеч нарса бўлмайди” дейдиган бўлиб қолган, лекин юқоридаги воқеадан кўриниб турибдики, агар ҳар бир инсон қонуний йўллар билан курашса нималаргадир эришиш мумкин экан.

Носир Зокир

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

  27- декабрь, 2013-йил.