Aug 182013
 

 

( Мақола тарихий асарлардан фойдаланиб ёзилди)

Тарихини билмаган халқнинг келажаги бўлмайди деган гап бор. Ўша пайтда қилинган хатолар, камчиликлар қайтарилмаслиги учун тарихий воқеалардан сабоқ олинади.Агар ўша камчиликларнинг қайсинисидир бугун ҳам такрорланаётган бўлса тарихий воқеликни ёритиш айниқса ёш авлодга ўзгача таъсир қилади. Шунинг учун ёзаяпмиз бу мақолани.

Тарихий манбааларда келтирилишича, золим Сталин ҳокимият тепасига келгач, унинг номи илоҳийлаштирила бошланди. Бу воқеа Сталиннинг руҳий оламида кескин ўзгаришларни келтириб чиқарди. Ҳайбаракаллачиларнинг тинимсиз қарсаклари остида у ўзини дунёдаги энг доно,энг ақл-заковатли, энг маърифатли ва энг юксак бадиий дид соҳиби деб ҳисоблай бошлади. Шу аснода мамлакатда секин аста ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлай борган сари сиёсатини ҳам ўзгартириб борди. Шу сабабли уни бугунги сиёсати эртанги сиёсатига тўғри келмас эди. Масалан 30-йилларнинг ўрталарига келиб Сталин ўзини халқпарвар, бадиий дидли киши сифатида кўрсатиб қўйиш ниятида, ҳар бир Республикада қадимий эпосларни тарғиб қилишни буюради. Бу сиёсат Усмон Юсупов раҳбарлик қилган Ўзбекистонда ҳам аъло даражада бажарилади. Ҳамид Олимжон сингари ёзувчилар “Алпомиш” достонида Ўзбек тилининг очилмаган қирралари мавжуд эканлиги ҳақидаги мақолаларни ёзиб, достонни кўкларга кўтариб мақтай бошлайдилар.

40-йилнинг ўрталарига келиб, Сталин бу сиёсатини ўзгартиради. Энди илгариги сиёсат туфайли миллий дастонлар ҳақида ижобий фикрлар билдирган зиёлилар, Фозил Йўлдош сингари достон куйчилари ёппасига қоралана бошланади ва кўпчилиги миллатчиликда айбланиб авахталарга ташланади.

Бу сиёсатнинг Н.С. Хрушчев замонидаги сиёсатдан фарқи шунда эдики, Сталин ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун чиқарган қарорларини қандай бажарилишини доим кузатиб, дўппини ўрнига бош олувчилар учун ҳамма имкониятларни туғдириб берарди.

Мана шу ғоя асосида илгариги сиёсат даврида ёзилган ва давлат раҳбарлари томонидан қўллаб қувватланган В.Жирмунский ва Ҳоди Зариповларни “Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси” деб номланган асари “Правда” газетасида “фанимиз томонидан қораланган ва буржуа адабиётшунослигига кўр-кўрона эргашиб ёзилган асар” сифатида қораланади.

1949-йилнинг 9- Февралида Ўзбекистон Тил ва адабиёт институтида бўлиб ўтган йиғилишда “Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси” асарининг айнан миллати ўзбек бўлган муаллифи Ҳ.Зарипов ер билан битта қилинади. Бу сиёсатдан фойдаланган Ҳ.Ёқубов сингари сарой қуллари Зариповни обдон тепкиладилар. Кечагина юқоридаги асарни кўкларга кўтариб мақтаганлардан бири Иззат Султоннинг бу ҳақдаги салбий мақоласи “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилади.

Ўша йиллари ВКП(б) МҚ ҳузуридаги Маркс-Энгельс- Ленин институтининг Ўзбекистон бўлими аспиранти А.Абдунабиев Сталинни бу сиёсатидан фойдаланиб, юқорига кўтарилиш йўлини топади. Бу шайтон А.Степанов деган кимса билан тил бириктириб, “Алпомиш” достонини халққа қарши, реакцион асар сифатида гавдалантириб ёзган мақоласини “Правда Вастока” газетасининг 1952-йил 29-январь сонида чоп эттиришга эришади.

1952- йил март ойида бўлиб ўтган Марказкомнинг 5-пленумида, марказком котиби А.Э. Ниёзов,Ўзбекистон Фанлар академиясида бўлиб ўтган йиғилишда Марказкомнинг бошқа котиби Ҳ.Турсуновлар ҳам “Алпомиш” достони ва бу ҳақда асар ёзган Ҳоди Зариповни салкам халқ душманига айлатириб қўйишди.Айниқса Тил ва Адабиёт иниститутининг директори Юсуф Султоновнинг чиқиши ҳаммасидан ошиб тушди. У, “Алпомиш” ҳақида ижобий фикрлар билдириб мақолалар ёзган Ойбек ва Шайхзодаларни достонни идеаллаштиришда айблаб уларни қаттиқ қоралайди. Шу воқеалардан кейин Ҳоди Зарипов ўз ҳонадонидан бадарға қилинади, Ойбек домла тўшакка миҳланиб қолади, М.Шайхзода қамоқ остонасига келиб қолади.

Нечтадан –нечта талантсиз, ҳукуматга мадҳия ўқиб, ўзларининг бир тийинга арзимайдиган “асар”ларини чоп эттириб келаётган “ижодкор”лар Сталиннинг бу сиёсати панасида, не-не етук аллома ёзувчиларимизни устидан керакли органларга ёзиб бериб, уларни қаматиб юборишгача бордилар. Бундай кимсаларнинг башараси қайта-қуриш пайтида, исм-шарифлари билан келтирлиб фош қилинган эди. Лекин, мустақилликдан кейин, тарих ковлановерса яқин ўтмиш тарихи саҳифаларидан ўзининг исм-шарифи ҳам чиқиб қолишидан қўрққан қайсидир “валломат”нинг “Ўтмишни ковлаверманглар!” деган бир оғиз гапи билан бу ҳайрли иш тўхтаб қолди. Бундай тарих айнан ҳозир ёзилиши керак. Аҳир бугунги авлод сотқин ўтмишдошларини асл башарасини кўришга ҳақли эмасми? Ҳозирги сарой шоирлари, маддоҳлар ҳам ўз манфаатлари йўлида Сталин замонидаги ўтмишдошлари қилган ғаламисликларни қилмайди деб ким кафолат бера олади? Агар булар фош этилса маддоҳларга ҳам, халқни сариқ чақага олмайдиган раҳбарларга ҳам катта зарба бўлади. Ана ушандагина бугунги авлод келажакка умид билан қарай бошлайди.

 Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

 18– август, 2013-йил.