Jul 202013
 

 

Ҳурматли қурултой қатнашчилари!


2011 йилнинг июлида ташкилотимизнинг чет элдаги 2-курултойи бўлиб ўтган эди.  2-қурултойдан бугунги 3-қурултойгача ташкилотимизда, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятида ўзгаришлар бўлди.  Бу ўзгаришларни ташкилотимиз аъзолари мониторинг килишди.  Шулар ҳақида мен қисқача тўҳталиб ўтмоқчиман.

I. Ташкилотимизда бўлган ўзгаришлар.

1. 2 йил давомида қуйидаги ташкилотимиз аъзолари қамоқдан озод бўлишди. Норбой Ҳолжигитов (14-октябрь, 2011 йил), Жамшид Каримов (2-ноябрь, 2011 йил). Икки ой ўтгач руҳий шифохонадан чиқарилган Ўзбекистон президентининг жияни ва мустақил журналист Жамшид Каримов, тағин ўз дўстлари кўзи остидан ғойиб бўлди – у қўнғироқларга жавоб бермаябди, унинг телефони ўчириб қўйилган. Бу хабар 2012 йилнинг 18-январида тарқатилган эди. Шу хабардан кейин Жамшид Каримовнинг тақдири ҳақида бошқа маълумот йўк. Алишер Караматов (12-апрель, 2012 йил) , Хабибулло Оқпўлатов (12-июль,2012 йил), Шаҳло Раҳмонова (2012 йил).

2.Ҳозирги пайтда 8 аъзомиз қамокда:
1.Аъзам Фармонов, ЎИҲЖ Сирдарё вилояти бўлими раиси, 2006 йилдан бери қамоқда, сохта айблар билан 9 йилга ҳукм этилган.

 

2.Насим Исаков,ЎИҲЖининг Жиззах вилояти бўлими аъзоси, 2005 йили ҳибсга олинган, сохта айблар билан 2006 йили 8 йилга ҳукм қилинган.

3. Йўлдош Расулов, ЎИҲЖининг Қашқадарё вилояти бўлими аъзоси, 2007 йили сохта айблар билан 10 йилга ҳукм қилинган.

4. Зафар Раҳимов, ЎИҲЖининг Қашқадарё вилояти бўлими аъзоси, 2007 йили сохта айблар билан 6 йилга ҳукм қилинган.

5. Ғайбулло Жалилов, ЎИҲЖининг Қашқадарё вилояти бўлими аъзоси, 2010 йили сохта айблар билан биринчи марта 9 йилга ҳукм қилинган, кейинчалик яна 2 йил қўшиб берилган.

6. Меҳринисо Ҳамдамова, ЎИҲЖининг Қашқадарё вилояти бўлими аъзоси, 2010 йили сохта айблар билан 7 йилга ҳукм қилинган.

7. Зулҳумор Ҳамдамова, ЎИҲЖининг Қашқадарё вилояти бўлими аъзоси, 2010 йили сохта айблар билан 6.5 йилга ҳукм қилинган.

8. Чўян Маматқулов, ЎИҲЖининг Қашқадарё вилояти бўлими аъзоси, 2012 йили ҳибсга олинган, 2013 йили сохта айблар билан 10 йилга ҳукм қилинган.

Ҳозирги пайтда ташкилотимиз асосан Ўзбекистоннинг уч вилоятида фаолият олиб бормоқда.

1. Қашқадарё вилояти: Гулшан Қораева, Нодир Ахатов, Нурали Кўлобов ва бошқалар.

2. Наманган вилояти: Носир Зокир, Зоҳиджон Зокиров, ва бошқалар.

3.Андижон вилояти: Гулбаҳор Тўраева ва бошқалар.

4. Жиззах вилоятида эса ҳозиргача ташкилотимиз янги раиси сайланган эмас.

5. Самарқанд вилоятида Маматқул Мухтаров, Тошкент вилоятида эса Ҳолхўжа Юнусовлар ЎИҲЖининг вилоят бўлими раиси мақомида фаолият олиб боришябди. Бироқ, улар замонавий коммуникация воситаларидан фойдаланишни йўлгақўя олмаганликлари туфайли, улар билан алоқаларимизйўқҳисобида.

Шуни мен таъкидлаб ўтмокчиманки, 2005 йилнинг Андижон воқеаларигача ташкилотимиз Ўзбекистоннинг 11 вилоятида, айрим районларда, ҳаттоки Жиззах вилоятининг айрим қишлоқларида ҳам фаолият олиб борган эди.  Фақат Навоий вилоятида ташкилотимизнинг структураси йўқ эди.  Ташкилотимизнинг 20 йилдан ортиқ фаолияти давомида 33 аъзомиз сохта айблар билан қамоқларга ташланди. (Андижон воқеаларигача 10 аъзомиз қамоққа ташланган бўлса, Андижон воқеаларидан кейин 23 аъзомиз қамалди). Ташкилотимизнинг Қашқадарё вилояти бўлими раиси Шовруқ Рўзимуродов 2001 йили Ўзбекистон Ички Ишлари вазирлиги ертўласида қийноқлар билан ўлдирилган.  2005 йилдаги Андижон воқеаларидан кейин 18 аъзомиз Ўзбекистонни тарк этди. 

II.Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти. Мониторинг:


1. Қийноқлар. Ўзбекистонда тергов жараёнларида, қамоқхоналарда, зоналарда қийноқлар, ноинсоний муносабатлар кенг миқёсда давом этяпти. Ўзбекистон конституцияси ва қонунларида қийноқларни амалга ошириш жиноят деб белгиланган, лекин, ҳанузгача қийноқ қўллаганларга нисбатан жиноий иш очилмаяпти, улар жазоланмасдан қоляпти. Фақатгина, айрим ҳолатларда, йил давомида 1, 2 та қийноқ қўллаганларга нисбатан жиноий иш очилганини ёки жазоланганлиги ҳақида матбуотда хабарларни ўкиб қоласиз. Қийноқларни мониторинг қилиш бўйича Гулшан Қораева, Нодир Ахатов, Зоҳиджон Зокировлар фаолият олиб боришяпти.

2.Болалар меҳнати, мажбурий меҳнат. Ўзбекистонда ҳанузгача болалар меҳнати, мажбурий меҳнатдан кенг миқёсда фойдаланиб келиняпти.  Фақатгина 2012 йилда болалар меҳнатидан фойдаланиш кескин камайди. Лекин мажбурий меҳнатга мактаб ўқувчиларининг ўрнига давлат ташкилотлари ва хусусий ташкилотлар ходимлари, врачлар, ўқитувчилар, талабалар янада кенг микёсда жалб қилинди. Бу йўналишда Гулшан Қораева, Нодир Ахатов, Зоҳиджон Зокировлар мониторинг олиб боришяпти.

3.Эркинликлар. Ўзбекистонда йиғилишлар эркинлиги, ташкилотларга уюшиш эркинлиги, ҳаракатланиш эркинлиги, сўз эркинлиги, эътиқод эркинлиги чекланган. Афсуски, шу пайтгача Ўзбекистонда прописка, чиқиш визаси бекор қилинмаган. Бу йўналишлар бўйича Гулшан Қораева, Носир Зокир, Нодир Ахатов, Зоҳиджон Зокиров, Гулбаҳор Тўраева, Абдужалил Бойматовлар  фаолият олиб боряптилар.

4.Ижтимоий ҳуқуқларЎзбекистонда сифатли медицина хизмати олиш, сифатли билим олиш йилдан-йилга қийинлашиб бормоқда. Бунинг асосий сабаблари аҳолининг маълум қисмини қашшоқлашиши (тахминан 30% атрофида), порахўрлик, коррупциянинг кенг тарқалганлиги, шифокор ва ўқитувчилар маошининг камлиги ва ҳоказолар.
Мамлакатда газ, свет, ичимлик суви етишмаслиги охирги йилларда кескинлашди.  Бу йўналишлар бўйича Гулшан Қораева, Нодир Ахатов, Зохиджон Зокиров, Гулбаҳор Тўраева, Носир Зокир фаолият олиб боришяпти.

 Маърузамнинг якунида таъкидлаб ўтмокчиманки, ташкилот аъзоларининг фаолият юритишлари учун, ташкилот сайтини юритиш учун молиявий таъминот талаб этилади.  Ўзбекистондаги аъзоларимизнинг мураккаб, оғир сиёсий-иқтисодий-ижтимоий шароитда фаолият олиб бораётганликлари самарали стратегия ва тактика ишлаб чикишни тақозо қилади.  Келинглар шу мавзу бўйича ҳар ким ўз фикрини билдирсин.

Эътиборларингиз учун раҳмат!