Jul 202013
 

 

Ўткир Ҳошимовни яқинда қазо қилганларини эшитиб дуо қилдим: «Нималаргадир мажбур бўлиб қилган гуноҳларини Оллоҳ кечирсин. Миллатни бирлаштириш йўлида ёзган асарларини ажрини чин дунёда кўрсинлар».

Ҳақиқатда ҳам Ўткир аканинг ижодларида миллатни бирлаштириш асосий мавзу эди. У киши халқнинг қўрқоқлиги, миллат ичидан чиққан сотқинлар ҳақида ёзганларини ўқиган киши тўлқинланиб кетиши турган гап. Шундай улуғ-айём кунлари Ўткир Ҳошимовнинг баъзи асарларини ҳукмингизга ҳавола этишни лозим топдик. Зеро ўткинчи деб аталмиш бу дунёда инсонларнинг ёмон ишлари ҳам, яҳши ишлари ҳам тарих сахифаларида муҳрланиб қолади. Қуйида ёзувчинининг бир-бирига уйғун бўлиб кетган асарларини ўқиб ўзингиз баҳо берасиз деган умиддамиз.

И Н О Қ Л И К

Россия телевизорида кино кўрсатди, Ўттиз еттинчи йил қатағони ҳақида. Қора плаш кийганлар бир бечорани икки қўлтиғидан олиб,кўча бошида турган қора машинага судраб кетаяпди. Эшик олдида унинг аёли эмизикли боласини бағрига босиб,унсиз йиғлаяпди.

Беш-олти ёшлардаги болакай “дада, дадажон” деганича отасининг кетидан чопиб бораяпди. Кўчанинг у юзида одамлар турибди. Бирининг кўзида қўрқув,бириникида ўкинч, яна бири лоқайд қараб турибди. Бирови эса лабини истеҳзоли буриб, худбинона илжаяди. ( “халқ душмани”ни “керакли жойга” чаққан “сиёсий хушёр” кимса).

Орадан анча ўтиб, яна ўша телевизорда “Ҳайвонот олами” кўрсатувини кўрдим. Йўлбарс дарахтнинг пастки шоҳида банан еб ўтирган маймунга ташланиб қолди. Маймунча жон аччиғида чийиллади. Шунда ғалати ҳолат рўй берди. Паст-баланд дарахтлардан ўнлаб маймунлар шиддат билан тушиб, йўлбарсга ташланишди. Маймунлар бор овозда шовқин кўтариб, мўр-малахдек ёпирилди. Бири тишлади,бири юбдалади.Забардаст бир маймун эса йўғон харини олиб, йўлбарснинг бошига чунонам туширдики, йўлбарс думини қисганча қочиб қолди…

….Маймунларга ҳавасим келиб кетди.”

Ф О Ж Е А М И З

Армани:

  • Сизга ким керак азизим? “Қоровул Петросян” дейсизми? Ваҳ-ваҳ! У қоровул эмас, академик! Дошишманд одам! Юринг, уйини кўрсатаман. Яқинда икки қаватли уй солди азамат!

Гуржи:

  • Кимни сўраяпсиз батано? “Этикдўз Панжикидзе? О-о-о! У этикдўз эмас,академик! Бунақа донишманд одам юз йилда бир туғилади! Юринг, дачасига обориб қўяман. Уч қаватли дача қуряпди, азамат.

Ўзбек:

  • Нима? Ким дейсиз? “Академик Алижонип” Ҳеч қанақа академик эмас у! Қоровулчалик саводи йўқ! Этикдўзчалик илми йўқ! Ғирт аҳмоқ одам. Порахўр! Ўрикзорда данғиллама иморат солаяпди. Шунча пулни қаёқдан олади? Умуман… мен ҳеч қанақа Алижоноп-палижонопни танимайман!”

Ўткир ака раҳматлига ўхшаб мен ҳам яқинда Россиянинг “Домашний” телеканалида Туркиялик кино ижодкорларнинг “Великолепный век” (“Буюк аср”) деб номланган телесериалини кўриб қолдим. Халқ орасида Усмонли империясига Ислом душманлари томонидан, империяни парчалаш учун юборилган деб тахмин қилинаётган Бош вазир, масжидга кириб кетаётганда, уни кузатиб турган юзлаб халқнинг баъзи бирлари унга қарата бор овоз билан: “ Биз сенга Қуръонни совға қилиб берсак олмадинг. Сен бизларни назаринга илмадинг, сен кимсан ўзи?!” деб бақирадилар. Бош вазир шу заҳоти тўхтаб, халққа юзланиб: “ Ким мени ҳақорат қилди?”- дейдида рўпарасида турган бир кишини бўйнидан олиб, соқчиларига: “Олиб бориб қаманглар! Эртага буни дорга осамиз!” дейди. Ҳалиги шўрликни соқчилар уриб олиб кириб кетишиб авахтага ташлашади.

Эртасига минглаб одамлар Султон подшоҳ саройи олдига бориб ҳалиги кишини қўйиб юборишларини талаб қила бошлашади. Буни кўрган Бош вазир, ёнидагиларини халқ уриб ўлдириб юборишларини айтиб, уни халқ олдига чиқмасликка даъват этсалар ҳам у тўғри халқ олдига чиқиб: “Кимни қўйиб юборишимни талаб қилаяпсизлар? Кечаги сотқинними? У бугун осилади. Агар ҳаммангни жонинг керак бўлса ҳозироқ бу ердан кетасан! Бўлмаса ҳаммангни бир бошдан қиличдан ўтказаман?”-деб ёнидаги соқчиларига имо қилади. Улар қиличларини яланғочлайдилар. Ҳозиргина бегунох қамалган кишини озод этишни талаб қилиб бақириб турган кишилар жимиб қоладилар ва ҳаммалари бир зумда тарқаб кетадилар.

Туркларнинг ҳам тарихи бизникига ўҳшаб кетар экан. Чунки бир халқмиз-да. Лекин бугун улар бошқача, биз бошқача. Тинчлик бўлсин.

 Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

20-июль, 2013-йил.