May 282013
 

 

Куни кеча Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Косонсой тумани фаоллари ҳолидан хабар олиш мақсадида шу туманда бўлдим. Даврада Комолхон деган укамиз ҳам иштирок этаётган эди. Унинг бобоси диний ва дунёвий илмларни чуқур ўрганган олим инсон бўлган эканлар. Комолхон бобосидан эшитган бир ривоятни айтиб берди.

Бир куни Подшоҳ эрталабки сайр асносида бир тиланчига дуч келди ва унга:- Тила тилагингни-деди.

Тиланчи ишшайганча: – Худди барча тилакларимни бажо келтираоладигандек сўрайсиз-а,-деди.

Тиланчининг беписандлик билан гапирган гапи Подшоҳнинг ҳамиятига тегди ва қошларини чимириб:

  • Оғзингдан чиққан нарсани бажо келтираман. Сен нима хоҳлашингни айтсанг, бас!

  • Подшоҳим, сўз беришдан аввал икки марта ўйлаб кўринг.

Подшоҳ отдан тушса ҳам эгардан тушгиси келмади.

  • Нима сўрасанг, бераман. Мен қудратлиман. Бажо келтирилмаган тилагинг қолмайди.

Шундан кейин тиланчи кўзасини узатаётиб:

-Унда мана бу кўзамни истаган нарсангиз билан тўлдириб кўринг-чи,-деди.Подшоҳ хандон отганча вазирига кўзани олтин билан тўлдиришни амр этди.

Кўза оғзига қадар олтин билан тўлган ҳам эдики,кутилмаганда унинг ичидагилар кўздан ғойиб бўлди.Подшоҳнинг ғазаби қайнади. Халқ орасида овоза бўлишни ўйлаб,жаҳли чиқди. Вазият шу даражага етдики, хазинадан келтирилган ёқуту лаъллар кўза ичига солинса ҳамки туби йўқ қудуқ сингари кўза бойликларни ютаверди.

Подшоҳ оҳири тоқати тоғ бўлди ва тиланчига деди:

  • Бўлди, мен енгилдим. Тилагингни бажо келтира олмадим. Сендан бир илтимосим бор, кўзанг нимадан тайёрланганини айт.

  • Бунинг сири оддий, у сизга ўхшаганларни димоғидан тайёрланган. У тўйиш нималигини билмайди.Бу ҳақиқатни англаб етсангиз,ҳаётингиз тубдан ўзгаради- деди тиланчи.

Ҳа, ҳозирги баъзи подшоҳларнинг оддий инсонлардек бир коса овқатга қорни тўйса ҳам,димоғи, нафси тўймайди. Улар мана шу димоғ учун, нафс учун бир бутун халқ бойликларини талаб, еб ётишибди. Лекин емоқнинг қусмоғи ҳам бор.Қусиш пайти ҳам келиб қолди!

 Носир Зокир

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси

28-май, 2013-йил.