May 042013
 

 


Сафдошимиз Бахтиёр ака Ҳамроев шу бугун тонгда бандаликни бажо келтирибдилар.
Илоҳим жойларини Аллоҳнинг ўзи жаннатда ато этсин! Бу хабар юрагимга найзадек санчилди, кўзимдаги оқаётган ёшни тўхтата олмадим. Инсон ҳаёти ҳам худди шамга ўхшар экан. Лов этиб ёниб турган шам вақт ўтиши билан сўна бошлайди. Алал– оқибат, буткул ўчади. Бахтиёр ака Ҳамроевни жуда ҳам ҳурмат қилардим, гоҳ-гоҳида қўнғироқлашиб ҳам турардим. Бир куни қўнғироқ қилганимда, рахматли Бахтиёр ака менинг овозимни эшитиб, “23 кун бўлдики тўшакга михландим, бирорта инсон ҳолимни сўраб қўнғироқ қилмади, биринчи бўлиб сиз телефон қилдингиз” – дегандилар.

Касал инсон кимгадир илҳак бўлиб тўшакда ётади, буни албатта кўпчилик жуда яхши билади. Бахтиёр ака кўпчиликни қўнғироқ қилишларини кутган эканлар. Оғриқни зўридан  гаплашишга ҳам ҳоллари йўқдай бўлиб суҳбатлашгандилар. Аммо ўксиндилар ўшанда.
Мен Бахтиёр ака Ҳамраевнинг аҳволини тушунган ҳолда бирор йўл кўрсатишга ҳам урингандим.

“Чет элга борсангиз, бошқа жигар қўйишнинг иложи бор экан. Балки борарсиз?” – дегандим ўшанда. У киши оғир хўрсиндилар.

“Гулшан синглим, қўйинг бўлмайдиган гапларни. Унга ҳам анча пул керак, менда бунинг имкони йуқ. Аллохни берган кунигача умримни яшайман энди.” – дея жавоб бердилар ўшанда.

Мана бугун бор инсон, эртага йўқ экан. Бу дунёда ҳаммамиз меҳмонмиз ва вақти-соатимиз етганида барчамиз бу дунёни тарк этишимизни яхши биламиз. Бу дунёга келиш билан кетишнинг фарқи бор албатта ва ҳамма гап инсоннинг қандай умр йўлини босиб ўтганлигида албатта. Марҳум Бахтиёр ака Ҳамраев шарафлик умр ўтказдилар ва энди  барчамизни қалбимизда, хотираларимизда  муҳрланиб қолдилар…

Бу кунда биз яна бир сафдошимиздан ажралдик ва бу кун биз учун оғир кун бўлди. Оллоҳдан эса ҳеч ким  устун эмас ва Унинг берган умридан ортиқ яшашнинг ҳам  иложи йўқ. Сафдошимиз Бахтиёр ака Ҳамроевнинг оила аьзоларига чуқур ҳамдардлигимни билдираман! Уларга мана шу оғир кунларда сабр-бардош тилаб қоламан. Оллоҳ Бахтиёр ака Ҳамроевнинг охиратини обод қилсин, жойларини жаннатда ато этсин!

 

 

Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти
Қашқадарё вилоят бўлими раиси.