May 042013
 

 

Бахтиёр Имомов

Би-би-си, Лондон

Сўнгги янгиланиш 4 май 2013 – 14:51 GMT

Бахтиёр ака ҳатто ўзига тазйиқ ўтказаётган милиционерга ҳам қараб, “Ў, Фалончижон” деб гап бошларди.

Бахтиёр ака билан биринчи марта кўришганимизда, биз бир-биримизни танимасак ҳам менга “айланайин” деб мурожаат қилгани эсимда қолган.

Бахтиёр ака ўзига хоҳ таниш инсон бўлсин, хоҳ нотаниш, доимо мулойим муомала қиларди, унинг “айланайин” деган сўзи ким бўлишидан қатъи назар, инсонни севиши, унинг инсонга меҳридан нишона эди.

Ана шу меҳр уни одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланишга ундаганига шубҳа йўқ.

Бахтиёр акани яхши биладиганлар унинг ҳатто ўзига тазйиқ ўтказаётган милиционерга ҳам қараб, “Ў, Фалончижон” деб, жон қўшимчасини қўшиб гап бошлашини яхши эслайдилар.

Хушмомалалик, юмшоқ табиатлилик Бахтиёр аканинг инсоний фазилатларидан айрим қирралари эди, холос, Францияда рўйхатдан ўтган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева биринчи галда Бахтиёр аканинг ҳалоллигини тилга олади.

“Бахтиёр Ҳамроев деганда мен биринчи бўлиб, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари фаоллари орасидаги энг ҳалоллардан ҳалоли, энг тўғрилардан тўғриси, унга ҳар қандай мавзуда ишониб мурожаат қила оладиган инсонни кўзим олдига келтираман”, дейди Мўътабар Тожибоева.

“Ўзбекистоннинг олтини Ўзбекистон халқига тегишли бўлиши керак”

“Йўл чекасида жойлашган хароба ҳолга келган уй олдида совуқда қотиб қолган бир тўрт-беш яшар гўдакни кўриб даҳшатга тушганман. Ўшанда “Нега? Ахир, шу, биз ташиётган олтиннинг асли эгаси мана шу гўдак-ку, уйининг тагидан олиб кетилаётган тиллолар ким қаёқларга кетаяпти,” – деган оғриқли ўйлар жуда қийнаган эди. “

Би-би-си меҳмони Бахтиёр Ҳамроев, 2008 йил

Бахтиёр Ҳамроев ўз халқини севарди, Ўзбекистонни севарди.

У Ўзбекистоннинг мустақил бўлганига чин дилдан суюнган.

У 1991 йил 31 августида Ўзбекистон мустақил давлат деб эълон қилинганидан кейин Жиззах вилоятидан Россияга олиб кетилиши керак бўлган бир партия Ўзбекистон олтинларини тўхтатиб қолгани ҳақида сўзлаб берган эди.

Биз 2008 йилда Би-би-си меҳмони рукнимизга таклиф этганимизда Бахтиёр ака Совет Иттифоқига норозилиги қандай пайдо бўлгани ҳақида жумладан, шундай деганди:

“Мен 1983-92 йиллар мобайнида Жиззах вилоят махсус алоқа бўлимида фельдъегерь бўлиб ишлаганман. 1985 йилда, ҳеч эсимдан чиқмайди, иш мобайнида биз фельдъегерчилар вилоятда жойлашган “Маржонбулоқ” конидан чиққан олтин хом ашёсини таширдик ва махсус поездларга жойлаб узоқ Россияга жўнатар эдик. Бир куни, Ғаллаорол туманидаги йул чекасида жойлашган узоқ қишлоқларнинг бирида машинамиз бузилиб қолди. Йўл чекасида жойлашган хароба ҳолга келган уй олдида совуқда қотиб қолган бир тўрт-беш яшар гўдакни кўриб даҳшатга тушганман. Ўшанда “Нега? Ахир, шу, биз ташиётган олтиннинг асли эгаси мана шу гўдак-ку, уйининг тагидан олиб кетилаётган тиллолар ким қаёқларга кетаяпти,” – деган оғриқли ўйлар жуда қийнаган эди. Хуллас, мана шундай фожеали ҳолатларни кўриб, жим ўтира олмасимдан келиб чиқиб, олдин “Бирлик” ҳаракатига аъзо бўлдим ва кейин ҳуқуқ ҳимоячилиги билан шуғуллана бошладим”, деганди.

бу ерга босинг Би-би-си меҳмони – Бахтиёр Ҳамроев. 2008 йил 17 март.

“Ё эътиқодинг, ё жигарбандларинг”

Лекин Бахтиёр аканинг Жиззах шаҳридаги квартирасига маҳаллий ҳукумат ундови билан бостириб кирган оломон уни “халқ душмани” деб атади, Жиззахдан кўчиб кетишини талаб қилдилар. Бир неча март калтакладилар, уйларининг деразаларини уриб синдирдилар.

“Масалан мен ўзим Тошкентда фаолият кўрсатган бўлсам, Тошкентда халқаро ташкилотлар бор, элчихоналар бор. Шунинг учун ҳар ҳолда ўзингизни Тошкентда эркинроқ ҳис қиласиз, инсон ҳуқуқлари бўйича фаолият юритиш сал осонроқ. Лекин вилоятларда жуда қийин. Жиззах вилоятида ҳам жуда қийин эди. Бахтиёр Ҳамроев мана шундай оғир шароитда иш олиб борган. Бундай шароитда эса профессионализмдан ташқари мардлик керак, жасорат керак. Оғир шароитларда ишлаш учун чидам керак. Унда шу хусусиятларнинг ҳаммаси бор эди. Унга нисбатан бўлган тазйиқлар ҳақида матбуотда кўп ёритилган. Уй қамоқлари дейсизми, дўппослашлар. Элчиларнинг олдида дўппослашлар. Айниқса, Андижон воқеаларидан кейин жуда кўп инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қамалди, кўплар Ўзбекистонни тарк этди. Кўплар фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Лекин шунга қарамасдан, Бахтиёр ака Ҳамроев фаолиятини давом эттирди. Ўзбекистон жамоатчилигини, дунё жамоатчилигини Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволидан хабардор қилиб турди”, дейди Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдужалил Бойматов.

“Ўғли Ихтиёрни ҳибсга олиб азоблашганда, унга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўллашган пайтда мен ҳис қиламан Бахтиёр ака қандай изтироб чекканлигини. Бахтиёр ака жигарларини қурбонликка бериб, жигарларини мана шу режим томонидан эзилишига кўз юмиб, халқнинг дарди билан яшаган инсон””

Мўътабар Тожибоева

Бахтиёр аканинг ўғли Ихтиёр Ҳамроевни қамадилар. Мўътабар Тожибоева, Бахтиёр Ҳамроев “ё ҳуқуқбонлик, ё яқинларим”, деган танлов билан рўпара келиб яшади, дейди.

“Ўзбекистон шароитида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлиш, бу дегани, ўзингнинг яқинларингни, ўзингнинг жигарбандларингнинг ҳаётини хавф остига қўйиш, дегани. Уларнинг тақдирини ўта ваҳший режимнинг қурбони бўлиши учун шароит яратиб беришингга тўғри келади. Бахтиёр аканинг ўғли Ихтиёрни ҳибсга олиб уни азоблашганда, унга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўллашган пайтда мен ҳис қиламан Бахтиёр ака ўша пайтда қандай изтироб чекканлигини. Ҳақиқатан икки йўлнинг ўртасида қолган пайтингда, эътиқодингни танласанг, жигарбандларинг жабр тортади. Жигарбандларингни ўйласанг, халқ айни ўша изтиробни тортаяпти. Бахтиёр ака жигарларини қурбонликка бериб, жигарларини мана шу режим томонидан эзилишига кўз юмиб, халқнинг дарди билан яшаган инсон”, дейди Мўътабар Тожибоева.

“Оғриқлар руҳимни туширолгани йўқ”

Ўтган йилнинг сентябридан бедаво хасталик Бахтиёр акага азоб бериб келди.

Лекин шу ҳафта бошида суҳбатлашганимда ҳам Бахтиёр ака “бу оғриқлар менинг руҳимни ҳеч туширгани йўқ”, деб айтганди.

Охирги суҳбатимизда ҳам Бахтиёр ака одамийлик ҳақида, бугунги ўзбек ёшларининг тарбияси ҳақида куйиниб гапирди.

Шундай оғир аҳволига қарамасдан ҳам у Ўзбекистонда, дунёда юз бераётган ҳодисаларни фаол кузатиб келди, халқаро янгиликлар мавзусига тўхталиб, мендан Би-би-си “мана бу-мана бу мавзуларни ёритдими” деб сўради.

Қароргоҳи Дублинда жойлашган Front Line Defenders ташкилоти ҳар йили хавфли ҳудудларда фаолият юритаётган инсон ҳуқуқлари фаолларини мукофотлайди.

Бу йил бу мукофотга 40 мамлакатдан 100 дан ортиқ фаол номзоди илгари сурилган, улар орасида Бахтиёр Ҳамроев номзоди ҳам бор эди.

Яқинда Бахтиёр Ҳамроев номзоди ана шу нуфузли мукофотга сазовор кўрилган 6 финалист орасида экани ҳақидаги хабар тарқалганди.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2013/05/130504_memory_baxtiyor_khamroyev.shtml