Apr 072013
 

 

Сўнгги янгиланиш 6 апрел 2013 – 16:41 GMT

Ўзбекистондаги норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё бўлими раҳбари Гулшан Қораеванинг хабар қилишича, Қарши шаҳрида омма фикрини ўрганиш бошланган.

Гулшан Қораевага кўра, бу сўровни ким ташкил этгани номаълум, бироқ оилада неча эркак бор, оила аъзоларидан неча киши Россияга ва неча киши Жанубий Кореяга ишлаб пул топишга кетгани ҳақида маълумот йиғилаётгани қизиқарлидир.

“Оилада неча одам Россия, ёки Кореяда ишлаётганлигини аниқлаш – бу оилага келаётган тахминий даромаднинг миқдорини аниқлаш учун. Ким билсин, балки янги турдаги солиқлар жорий этилар, балки нархлар оширилар?”, дея савол қўйган инсон ҳақлари ҳимоячиси.

Фаол худди шундай сўров бундан олдин ҳам ўтказилганини, жамоатчилик фикрини ўрганиш мактаб ўқитувчилари жалб этилганини айтади.

Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодий сиёсати юз минглаб ўзбекистонликларни хориждан рўзғорини тебратиш йўлларини қидиришга ундаган, бироқ ҳукумат узоқ йиллар мобайнида меҳнат муҳожирлигини тан олмасдан келади.

Фақат шу йил январида Президент Ислом Каримов Москва шаҳрида ўлдирилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири тақдирига тўхталган ва мутасаддилардан чора кўришни талаб қилган.

Мамлакатда коллеж талабалари ва 16 ёшга тўлмаганларни хорижга чиқишларининг олдини олиш амалларига қўл урилган.

Шунингдек, 2013 йил Ўзбекистонда “Обод турмуш йили” деб эълон қилинган ва бу йилда ўзбекистонликларнинг турмушини яхшилаш мақсадидаги ҳукумат дастури қабул қилиниб, бу дастур ҳаётга тадбиқ этилиши ҳақида хабар қилинган.

Балки Қарши шаҳридаги омма фикрини ўрганиш сўрови ана шу ҳукумат дастури билан боғлиқдир?

Би-би-си Гулшан Қораева билан боғланиб, ундан ушбу сўровдан кўзланган мақсад нима эканини аниқлашга муваффақ бўлдингизми, деб сўради.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2013/04/130406_mysterious_poll.shtml