Mar 282013
 

Ҳамкасбимиз Ризо Обид тажрибали журналист сифатида Каримовнинг “юрак хуружи” ҳақидаги миш- мишлар ва “ишончли ахборот” масъулияти ҳақида жуда яхши мақола ёзганлар. Бунинг учун муаллифга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

ЎХҲ деб аталган гуруҳ тарақатаётган маълумотлар кейинги пайтда ўзининг ишончсизлиги билан кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилмоқда.
Менинг назаримда “ишончли хабар” сифатида ҳаракат лидери жаноб Муҳаммад Солиҳга тақдим этилаётган “маълумотлар” атайин Солиҳ жанобларини обрўсизлантириш мақсадида МХХдаги ахборот таҳлил маркази ходимлари томонидан уюштираётган бўлса эҳтимол, деган фикрдаман.

Ўтган ҳафта мухолифатдаги демократик кучлар ва журналистларга нисбатан кимлиги номаълум Усмон Ҳақназаров номидан тарқатилган бўҳтон ва уйдирмалар ҳам шахсан Солиҳ жаноблари электрон почтасига келиб тушган. ЎХҲ лидери ҳеч қандай суриштирув ўтказмасдан бу маълумотларни жамоатчиликка тарқатиб юборди. “МХХга ишловчилар рўйхати”да 90 йиллардан мухолифат сафларида юрган, Солиҳ жанобларини қўллаб -қувватлаб, оғир дамларда ёнида юрган Дадахон Ҳасанов, Исмоил Дадажонов каби ўзбек мухолифатининг кўзга кўринган намояндалари, кўплаб журналистлар бор эди. ЎХҲ лидери кимлиги номаълум Ҳақназаровга ишониб, ўз дўстларига туҳмат уюштиргани кўпчилик каби мени ҳам таажжубга солади.

Солиҳ жанобларининг атрофида тўпланган кишиларни ахборотларни таҳлил қилиш, суриштириш, мониторинг ўтказиш борасида етарли тажрибалари борлигига шубҳа қилади одам. Шу боис маълумотларни тарқатишда кетма- кет хатоликларга йўл қўйилмоқда. 

“Озодлик” ва ББСда эса ишлайдиган ҳамкасбларимизнинг аксарияти Солиҳ жанобларининг шеърияти мухлислари. Улар бу инсонни бошқа оғзи шалоқ мухолифат лидерларидан афзал деб билишади. Шу боис бу ишонч уларни ЎХҲ лидери тарқатаётган маълумотлар асосида ҳеч қандай суриштирув ўтказмасдан ва бирор монеъликсиз тингловчилар ва ўқувчиларга хабар етказишга ундамоқда.

Мустақил интернет саҳифалари ичида “Замондош”, “Туронзамин”, “Дунё ўзбеклари”, “Узнюс.нет” каби ишончли матбуот воситалари пайдо бўлгани қувонарлидир. Бу веб саҳифаларда яхши журналистлар тўпланган. Балки, ББС ва “Озодлик” каби молиявий имконияти кучли халқаро радиолар бундан кейин нафақат ЎХҲ, балки “Бирлик”, “Бирдамлик” ва бошқа мухолифатдаги ҳаракатлар тарқатаётган маълумотларни қайтадан текшириб кўриш учун ўз веб саҳифасига эга, эркин журналистларга мурожаат қилишса, фойдадан холи бўлмасди. 

Бундан ахборотни таҳлил қилиш ва тарқатишда ўқуви йўқ мухолифатдаги бу гуруҳлар ҳам, бу радиоларда ишловчилар ҳам ўзларига яраша фойда кўришарди. Ҳеч бўлмаса бу радиолар тарқатаётган хабарни эшитганлар шубҳага боришмасди. Ёки ҳукуматдагилар ҳам бу радиоларнинг самимий ва ҳаққонийлигига ишониб, улар билан ҳамкорлик қилишни бошлашарди. 

Ҳозир ҳукуматдагилар бу радиоларни Муҳаммад Солиҳнинг хориждаги карнайлари деб ўйлашади. 

Бор гап ва ҳақиқат ҳам шу.

Юсуф Расул.

 

 

http://zamondosh.blogspot.ie/2013/03/blog-post_794.html#more