Mar 272013
 

 

Муқаддимани Каримовга бир савол бериш билан бошламоқчи эдик:“Жаноб,сизни нима безовта қилаяпти?! Сиз нимадан бунчалар қўрқасиз,жаноб?!”

Сўзимизни ана шундай савол билан бошлашимизнинг боиси бор,албатта.

Биласиз,Ўзбекистонда мухолиф сайтларга ўтиб бўлмайдиган темир тўсиқ қўйилган. Минг урининг,бу сайтларга кириш мана ман деган одамнинг қўлидан келмайди. Сабаб нима? Бунинг боиси битта:Ўзбекистон ёшларини манқуртга айлантириш ва шу аснода қулликда кўпроқ ушлаб туриш. Амалдаги ҳукуматнинг энг асосий муддаоси шу. Бу бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.

Бироқ,нима бўлган тақдирда ҳам Ўзбекистонлик ёшларнинг мудраб ётган онгини уйғотиш,улар қалбидаги қўрқувга барҳам бериш,журъат ҳиссини тарбиялаш,энг асосийси,ватанимиз ворисларини бугунги кунда дунё  саҳни ва Ўзбекистон салтанатида рўй бераётган ҳақиқий аҳвол билан таништириб бориш шарт ва зарур. Бу юмуш,айтиш мумкинки,бугуннинг энг долзарб вазифаси.

Айни ана шундай эзгу мақсадда “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати кўп сонли Ўзбекистонлик ўсмир ва ёшларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда,бугунги кунда ёш биродарларимиз орасида анчайин оммавийлашган,айтиш мумкин бўлса,урф бўлган  “Оdnoklassniki.ru” сайтидан ўз гуруҳи  http://www.odnoklassniki.ru/birdamlik ни  очишга жазм қилган эди. “Оdnoklassniki.ru” сайтида “Бирдамлик  ҳаракати” гуруҳи очилганига кўп бўлган эмас. Гуруҳ ўз  фаолиятини бошлаши билан,саҳифамизни ёшларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий,маънавий дунёқарашини шакллантиришга оид турли хабар ва мақолалар билан бойитиб боришга уриндик. Ва  ўз олдимизга қўйган мақсадимизга маълум маънода эришдик ҳам.  Комил ишонч билан бундай дейишимиззга сабаб,тез кунда гуруҳимиз аъзолари сони Ўзбекистонлик ўсмир ва ёшлар ҳисобига жадаллик билан ортиб борди.  Қисқа вақт ичида “Бирдамлик ҳаракати” гуруҳига қизиқувчилар сони 24765 тага етганлиги ҳам фикримизнинг далили.

Бизни қувонтирган яна бир нарса шу бўлдики,   “Оdnoklassniki.ru”  сайтидаги Ҳаракатимиз гуруҳи саҳифасига ҳар куни 5 000 га яқин Ўзбекистонлик ёшларимиз ташриф буюришарди,ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишни исташарди,мақола ва хабарларга ўз муносабатларини билдириш,изоҳлар қолдиришга ўзларида журъат топишарди.

Шубҳасиз,бу ҳолат Ўзбекистонлик ўсмир ва ёшларимизнинг дунёқараши кенгайиб,сиёсий,ҳуқуқий савияси чуқурлашиб бораётганлигидан бир нишона эди. Саҳифамизни зиёрат қилаётган Ўзбекистонлик ёшлар сони соат сайин ўсаяптими,демак,  билингки,улар сиёсий ва ҳуқуқий билимларга,хабар ва мақолаларга ташна.  Дунёда ва Ўзбекистонда рўй бераётган сиёсий,иқтисодий воқеа-ҳодисаларга бефарқ ва лоқайд эмас.  Улар қалбидаги курашувчанлик ўти аста-секинлик билан аланга олмоқда,ўз она диёридаги ютуқ ва камчиликларга тийран нигоҳ ташлашга ўзларида куч топмоқда…

Албатта,  “Бирдамлик ҳаракати” гуруҳига минглаб ёшларимизнинг аъзо бўлиши бизни чексиз қувонтирарди.

Минг афсуски,қувончимиз кўпга чўзилган эмас. Чунки Каримов режимининг узун қўллари   ўзга мамлакат нашри бўлган  “Оdnoklassniki.ru” сайтининг ҳам бўғзидан олишга қодир эканлигини амалда исбот этди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак,Ўзбекистон ҳукуматининг,хусусан,  жаноб Каримовнинг фатвоси билан  “Оdnoklassniki.ru” сайтидаги Ҳаракатимизнинг “Бирдамлик ҳаракати” гуруҳига кириш таъқиқлаб қўйилди. Аниқроғи,тўсиқ ўрнатилди.  Натижада,айни дамда  Ўзбекистонлик ўсмир,ёшларимиз Ҳаракатимиз гуруҳи саҳифасига кириш,дунё янгиликларидан баҳраманд бўлиш бахтидан мосуво этилди. Таассуфлар бўлсинки,гуруҳимизнинг кириш  йўлига  қўйилган тўсиқ  саҳифамизга Ўзбекистонлик ёшларимизнинг киришларида,аъзо бўлишларида талай муаммоларни юзага келтирмоқда.

Бирдамлик ҳаракати” гуруҳи ўз фаолиятини бошлаган дастлабки кезларда саҳифамизга бир кунда 5 000 дан ортиқ Ўзбекистонлик ёшлар ташриф буюришган бўлса,эндигилик кунда  Ҳукумат томонидан ўрнатилган “ошиб бўлмас давон – темир тўсиқ” сабаб,  Ўзбекистонлик ўқувчилар сони кескин камайиб кетди. Айтиш мумкинки,бир кунда атиги 50-70 нафар ёшлар турли йўллар орқали саҳифамизга кириш,кўздан кечириш бахтига мушарраф бўлишмоқда,холос.

Фикрларимизнинг исботи учун шу бугун Ҳаракатимизнинг Ўзбекистон фаолларидан бир эмас,бир нечтаси “Оdnoklassniki.ru”да очилган “Бирдамлик ҳаракати” гуруҳимизга кириш учун соатлаб эмас,кун бўйи ҳаракат қилишгани рост. Аммо не ажабки,  барча уринишлар бесамар кетди.  Компьютер сичқончисини “Бирдамлик Ҳаракати” гуруҳи устига олиб бориб,босишингиз билан,гуруҳ саҳифаси очилиш ўрнига “лип” этиб  “MSN.com” деганлари югургилаб чиқаверади.  Мана сизга Ўзбекистондаги интернет оламининг ҳақиқий аҳволи:ниҳоятда ачинарли,ғариб ва афтодаҳол…

Нега шундай? Нега Ўзбекистонлик ёшларимизнинг “Оdnoklassniki.ru” тармоғидаги  “Бирдамлик Ҳаракати” гуруҳига аъзо бўлишлари,киришлари маън этилди? Бунинг сабаби,юқорида айтиб ўтганимиздек,ойнадек равшан ва жуда оддий:боиси,Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукуматини ёшларнинг сиёсий саводхонлиги ваҳимага солади! Бори йўғи шу,бундан бошқа нарса эмас.

Ва яна бизни ажаблантирган нарса шу бўлдики,Ўзбекистон президенти ўз фуқароларини  чексиз қўрқувда ушлаб туришини жуда яхши  билардик,аммо Каримовга нафақат ўз халқи,балки Россиядек улкан мамлакатнинг интернет нашрлари,ижтимоий тармоқлари ҳам қул эканлигидан бехабар эканмиз. Мана энди билиб олдик.

Хотима  ўринда  “Оdnoklassniki.ru” сайтининг муассисларидан сўрамоқчи бўлганимиз шу:  “Оdnoklassniki.ru”  сайтининг сардорлари!  Каримовга бу қадар  қарамлигингизнинг боиси не?! Каримовнинг қудрати сизни ҳам қўрқувга соладими?

Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот хизмати

 

http://birdamlik.info/?p=26858#more-26858

 Posted by at 12:19