Mar 282013
 

27- март кунида Озодлик радиоси эфирга узатган қизғин бир баҳсни
тингладим. Баҳс мавзуси – ёшларнинг интернет кафеларга ташрифи устидан
ўқитувчилар томонидан ўрнатилган мунтазам кузатуви ҳақида эди. Унда бу
назоратни оқлаган ва қоралаган фикрлар ҳам айтилди. Мен  ҳам  шу
қаторда ўз фикримни айтмоқчиман. Ҳаммага маьлумки, бизнинг ватанимиз
Ўзбекистонда бир қатор хорижий оммавий ахборот воситаларининг интернет
саҳифаларига тўсиқ қўйилган.

Тилингиз  осилиб қолса қоларки, аммо ҳаққоний эркин матбуот
саҳифаларига кира олмайсиз! Бу сайтларга кириш  учун проксилар орқали
уриниб кўришингиз мумкин, шунда ҳам топган прокси серверларингиз
ишласа ва унга ҳам тўсиқ қўйилмаган бўлса. Мен бир нарсага ҳайронман,
нега хорижий ОАВ лари сайтларига тўсиқ қўйишади? Объектив ахбортни
яшириш, ёшлар онгининг очилиб қолмаслиги учунми? Ёшларимиз онгини
очмаслик учун махсус хизматлар парнографик сайтларга тўсиқ
қўйишмайдими?

Энг асосий тўсиққа муҳтож саҳифалар, булар юқорида зикр этганларимиз эмасмикан?

Ёшларимизнинг онги айнан шу турдаги саҳифаларни кўриб боришдан
бузилади. Ёки шулар билан алданиб, ҳақиқатни билмай қўя қолсин
дейишмоқдами? Ҳукуматимиз ҳам бир нарсаларни ўйлагандирки, мазкур
сайтларга тўсиқ қўймаган! Акс ҳолда тўсиб қўйган бўлардилар менимча…

Хўш, булар ўйлаган нарса нима бўлиши мумкин? Телевидение орқалик
интернет ёмон-ёмон дейишади. Лекин нимаси ёмон деган саволга жавоб
топиб беришмайди. Бутун дунё ёшлари интернетдан фойдаланишадику ахир.
Интернет орқалик истаган ахборотингизни топасиз – бу бир, иккинчидан –
ўқиш ва иш ҳам, дардиннгизга даво ҳам  топа олиш имкони бор. “Излаган
Маккани топган” – дейишган қадимдан.  Шундай экан, хорижий оммавий
ахборот воситаларини эмас, парнографик сайтларни тўсиб қўйилса
мақсадга мувофиқроқ бўларди.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси

28 март 2013 йил