Mar 122013
 

 

ORZU BOZOR. 1.12.03.2013.

ORZU BOZOR 01.12.03.2013.

Қарши шаҳридаги “Орзу” бозорининг ёпилиши ва унинг ортидан мингдан ортиқ савдогарларнинг ишсиз ва доромадсиз қолганликлари ҳақида илгари ҳам маълумот берган эдик. Бу бозор Қарши шаҳар ҳокимининг 13 февраль 2013 йилдаги Х-107/2 сонли қарорига  мувофиқ реконструция қилиниши муносабати билан вақтинча фаолиятини тўхтатган. Аммо ҳокимнинг бу қарори пулларидан ва бозордаги савдо ўринларидан ажралиб қолаётган савдогарларни кўнглига таскин бўлмаябти. Савдогарлар эса ҳали-ҳамон бозор атрофида куймаланиб юришларига нуқта қўйилгани ҳам йўқ.

Қашқдарё вилоят телевидениясининг “Очиқ мулоқот” дастури  9 март кунида айни мавзуни кўтариб чиқди. Кечки (20:30) вақтда эфирга узатилинадиган бу дастурни вилоятда кўпчилик томошо қила олади. Уни вилоят телевидениесининг фаол журналистларидан бири Санобар Бойматова олиб борди.

Унда шаҳар ва вилоят ҳокимлиги вакиллари, Қарши шаҳар солиқ бошқармасидан,санитария-эпидиемология станцияси вакиллари, ҳамда “Орзу” бозори ижрочи директори Бахтиёр Тошев ҳам қатнашди.

Кўрсатувда “Орзу” бозори муаммосига анча ойдинлик киритилинди. Яъни, маҳаллий ҳокимият нима сабабдан уни ёпишга қарор берганлиги. Унда бозор атрофи ва ичкарисидаги вазият кўрсатилиниб, иштирокчилар ундаги аҳволни баён этиб боришди.

Дарҳақиқат, бозорда ёнғин хавфсизлиги масаласида эҳтиёт чоралари кўрилмаган. Биз ҳам илгариги мақоламизда масаланинг бу қиррасини айтиб ўтганмиз: http://uz.hrsu.org/archives/5181.  Бозор ҳовлиси ичкарисида бирор кор-ҳол рўй бергудек бўлса унда на ўт ўчириш хизмати машиналари ва на Фавқулдда ҳолатлар инспекцияси машиналари эркин ҳаракатлана олмайди.

Телетомошобинлар тағин бозорда ноқонуний қурилганлиги айтилаётган, ҳозирда бузиб ташланган биноларнинг қолдиқларини ҳам кўришди. Ачинарлик томони, айни мана шу 57  бинонинг ноқонуний барпо этилгани ва уларнинг 57 нафар савдогарга сотилгани бўлиб чиқаяпти. Уларни савдогарлар ўз пулларига харид қилишган!  Кўриниб турганидек, бозор маъмуриятининг ўзи унинг ёпилиши учун зарур бўлган шарт-шароитни яратиб берган.

Бозор атрофида давом этаётган, кўпроқ савдогарларни таҳликага солган вазиятга эса айнан мана шу жиҳатдан қараш керак бўлади. Сўнги йилларда бутун Ўзбекистонда бўлгани каби, Қарши шаҳрида ҳам кўпчилик савдога ўзини ургани кузатилинади. Аммо бунда ҳам маълум қонуний ва маъмурий тартиблар мавжуд. Савдо ўринларига талабнинг кўплиги боисидан кимлардир, айниқса бозор маъмуриятининг ўзи бироз пул ишлаб олишга жазм қилган кўринади. Бу ҳолатга аниқлик киритиб олиш мақсадида бозор ижрочи директори  Бахтиёр Тошевнинг қўл телефонига (+998915608998) бир неча бор қўнғироқ қилдим, аммо телефонга ҳеч ким жавоб бермади.

Бундай ўйлаб қаралса, бозор савдогарлари пулларига куйиб қоладиганга ўхшайди, ноқонуний  дўконларни қуриб сотган масъул шахслар жуда бўлмаса унинг қийматини савдогарларга қайтаришармикан? Бундан ташқари уларнинг кўраётган моддий ва маънавий зарарларичи? Шу каби саволлар телемулоқотда ҳам очиқ қолди. Яъни, аниқ бир жавоб ҳозирча йўқ!  Унинг ёпилиб қайта реконструкция қилиниши учун қарор қабул қилинишига ўтган йилнинг 17-18 декабрь кунларида 5 та дўконнинг ёниб кетгани сабаб бўлганлиги айтилмоқда.

Теледастур давомида очиқдан очиқ савол-жавоблар қилиш имкони ҳам яратилинди. Бунда асосан бозорда пулларига “куйиб колган” тадбиркорлар телефон орқалик савол беришар, масъуллар эса уларнинг саволларига жавоб қайтаришарди.

Савдогарларнинг кўпи ҳали савдо қилишмаган бўлишсада, лекин бир ойлик солиқ тўловини амалга оширишганликларини айтишди. Бу 600 минг сўмдан ортиқ суммани ташкил этади. Кўпчилик бозорда ярим ой савдо қилиб, бир ойлик солиқларни олдиндан тўлаб қўйишган. Савдогарлардан бири ўз ташвишини изҳор қиларкан, дўкон сотиб олганлигини, эндиликда эса бу дўкон ноқонуний топилиб бузиб юборилганлигини келтириб ўтди.

Менинг 5 нафар фарзандим бор, дўкон беришадими ёки йўқ, буни билмайман”, — дейди у. Телемулоқотда иштирок этаётган “Орзу” бозори ижрочи директори Бахтиёр Тошев “йўқ”  дегандай жавоб қилди. Вилоят ҳокимлигидан қатнашган вакил эса унинг дўкон билан таъминланишини қатъий оҳангда таъкидлади. Шундагина Бахтиёр Тошев ҳам иккинчи қаватдда жойлашган дўконлардан бирини беришини ваьда қилди.

Лекин савол туғилади: “Орзу” бозорининг иккинчи қаватидаги дўконларнинг ҳаммаси эгалик бўлса, унда бозорқўм нимани ваъда қилаяпди экан? Ҳозирча  бозор ёпиқ, таьмир ишлари давом этаяпти, телемулоқотда маҳаллий ҳокимият вакилларидан  тузилган коммисия  14 март куни бозорни бориб кўришларини ва бозор талабга жавоб берса уни очилишига рухсат беришларини, акс ҳолда камчиликлар бартараф этилмагунигача уни очмасликни уқдириб ўтишди. Шундан қилиб Қаршидаги “Орзу” бозорининг очилиши ҳамон унда ишлайдиган савдогарларнинг орзуси бўлиб қолаяпти.

12-март, 2013-йил.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси.