Mar 032013
 

Ўзбекистонда ишсизлар сонининг ортиб бориши ёки кишилар меҳнати учун тўланадиган ҳақнинг камлиги боисидан кўпчилик ўзини Россияга мардикорликга ёки ўз маконидаги бозорларга урган. Савдоси юриб турган экан, савдо аҳли ҳар қалай кўнгли тўлиброқ яшай олади. Қарши шаҳри ҳам ҳозирда “бозорларга бой” шаҳарлардан биридир. Бозор бўлмаса кўча-куйда ҳам савдо қилиб кетаверадиганлар топилади. Аммо ҳокимият ва солиқ идоралари мана шу бозорларда гоҳида рейдлар ўтказиб туришлари, баъзида эса уларни ёпиб юборишлари ҳам кузатилиниб туради. Яқинда Қарши шаҳридаги “Орзу” буюм бозорида ҳам савдогарларнинг норозиликлари бошланди.

2 март куни тонги соат  10.00 лар чамасида бу бозорга  ташриф буюрдим. Воқеъликни ўрганиш, унга нисбатан баҳоли қудрат, бирор хулоса бериш мақсадида. Камида минг одам савдо қилиши айтилаётган бу бозор атрофида савдогарлар туришган экан. Бозор ичи эса ҳувуллаб ётибди. Уларнинг баъзиларининг қўлларида видеоаппаратлар ҳам бор эди. Балки бирор кор-ҳол рўй берса уни тасвирга тушириб олишни ҳам мўлжаллашгандир. Бозор маъмурияти раҳбарларидан бирортасини учратиб, масалага ойдинлик киритиб олиш ниятим бор эди. Мени бозор назоратчи йигитларидан бири қарши олди.

Раҳбарлардан ҳеч ким йуқ”, – дейди назоратчи йигит. Назоратчи йигит бунда бозорқўм Орзуев эканлигини ва ҳозир уйларида ётганлигини ва бугун кела олмаслигини ҳам тушунтирган бўлди.

Бозорда мен деярлик ҳеч кимни кўрмадим, ҳар қалай, бозор маъмурияти ходимларидан. Атрофда фақат милиция ходимларини ва масъулияти юксак бўлмаган битта ёки иккита бозорқум идораси хизматчилари бор эди. Ҳафсалам пир бўлиб чиқиб кетаётгандим, гавжум турган савдогарлар орасидан садо келди:

Улар ҳокимиятда юришибди”!

Бозор ташқи дарвозаси пештоқида эса бир эслатма илиғлик экан. Унда шундай ёзилган: “Қарши шаҳар ҳокимининг 13 февраль 2013 йилдаги Х-107/2 сонли қарорига  мувофиқ Орзу Савдо мажмуаси реконструция муносабати билан вақтинча фаолиятини тўхтатади”.

Бу илинган ёрлиқни ўқиган кишида бозор бугун ёки эртага очилиб қолади деган тасаввур ҳосил бўлади. Савдо мажмуъасининг қачон ёпилиши аниқ кўрсатилган бўлсада, унинг очилиши санаси ёки таъмир ишларининг қачонга давом этиши эслатилмаган ҳам. Шу сабабдан ҳам бозор савдогарлари ҳар кун  бозорга қатнайдиган одат чиқаришган экан.

Қашқадарё вилоят телевидениясида ўтказилган телемулоқотда  ҳам  “Орзу” бозорини таьмирлаш ишлари 2 ойдан 3 ойгача давом этиши эслатиб ўтилган. 2 ва 3 ойгача савдогарлар савдоларининг  тўхтаб қолишидан ваҳимага ҳам тушишган. Эл орасида бозор ўрнида бошқа нарса қурилади ёки бозор қайтадан қурилади деган миш-мишлар ҳам тарқалибди.

Лекин шунда ҳам бу бозорнинг тез кунда очилишига ишонганлар бўлган. Тахминан 27 ёки 28 февраль кунларида бозор маъмурияти раҳбарларидан биридан  бозорнинг қачон очилишини сўрашганини савдогарлар айтиб қолишди. Уларнинг саволига жавоб берган масъул бозорнинг энди умуман очилмаслигини билдириб ўтган экан.

Бу гапни эшитган савдогарлар орасида тирикчиларидан айрилиб қолиш ташвиши кўтарилади. Улар орасида бозор маъмуриятидан дўконларни катта миқдорда пул тўлаб сотиб олганлар ҳам анчагина. Бозор ҳовлисини кўздан кечраркансиз, дарҳақиқат бу ерда ёнғин хавфининг олдини олиш тадбирлари кўрилмаганлигини пайқаш мумкин. Агар бирор кор-ҳол рўй бериб, ёнғин чиқса ёнғинни ўчириш учун келадиган машиналар ҳовлида ҳаракатлана олмайди. Бунинг учун йўл қолдирилмаган. Баьзи дўконлар ораси жуда ҳам тиғиз. Айтишларича, декабрь ойининг тахминан 17 кунида бу ердаги 5 та дўкон ёниб кетган экан. Бозор шу сабаблик ёпилганлигини тахмин қилади мен билан суҳбатлашган савдогарлардан бири. Тағин унинг тахминига кўра, бу ёнғин электрдан фойдаланиш хавфсизлигига риоя қилинмагани ортидан чиққан.

Шу кунларда Қашқадарё телевиденияси орқали ўтказилган очиқ мулоқотда бозорқум Орзуев (ҳар чанд уринмайлик, у кишининг исмини била олмадик) мажмуа ичида 100 ноқонуний дўконларни  қуриб олганлиги факти келтирган. Савдогарлар эса бу ноқонуний қурилганлиги айтилаётган дўконларни ўз пулларига сотиб олишган. Бозорда савдогарларнинг кўпчилиги ўз шахсий дўконларига эга бўлса, тағин қанчалари ижарада туриб савдо қилишади.

Бу ерда томошобинга ўхшаб туришдан наф йўқ эди. Мақсадим, бозор раҳбарларидан кимнидир кўриб гаплашиш.

Қачон очиларкан?”-   сўрайди савдогарлардан бири. Чамаси, савдогарлардан баъзилари мени муҳим масалани ҳал қилиб беришга қурби етадиган масъул шахс деб ўйлагандир.

Буни ҳокимиятдан сўраб билиш керак. Улар билади, маьсуллари бор-ку”, – дея жавоб бераман.

Шу мақсадда вилоят ҳокимлиги томон йўналдик. Биз уч киши эдик: мен ва икки нафар савдогар. Шу куни шанба бўлгани учунми, ҳокимликдагиларнинг ҳаммаси шанбаликка ёки янгичасига қилиб айтадиган бўлсак – ҳашарга чиқиб кетишган экан. Фақат хатлар бўлимида ишлайдиганларнигина учратдик холос. Савдогарлар ҳашар бўлаётган жойга ҳам боришмоқчи эди. Уларни бу мақсаддан қайтардим: “Овора бўлганларингиз қолади, яхшиси кетдик”.

Ҳамроҳларим ҳокимият биноси ташқарасида “Орзу” савдо мажмуаси раҳбарининг ўғли Асслиддин Орзуев турганини кўриб қолишди. Бу орада улардан бири, савдогар аёл Нигора опанинг мобиль телефонига ҳам қўнғироқлар кела бошлади. Нигора опа бизга қўшни аёл. Мен эса кўп ҳолларда мобиль телефонимни ўзим билан олиб юрмайман. Шунга уйимдагилар мен билан алоқага чиқиш учун Нигора опага қўнғироқ қилишаётган экан.

Уйингдан, сени милисалар  қидиришаётган экан”, – дейди Нигора опа.

Нега қидиришади, ахир бозор ичида, ўша милисалар олдида эдимку”, – таажубланаман.

Телефонга  жавоб бердим.Янгам эканлар. Гаплашиб  ҳокимиятда турганимизни ва ҳозир уйга қайтишимни билдирдим. Чунки ёнимизда айни биз қидираётган инсооннинг ўғли турган эди. Мен  у кишини танимасдим. Таништириб ҳам қўйишди. Янги танишимдан бозор нимага ёпилганлигини сўрадим.

Опа, ёнғин чиққан эди қишда”, – тушунтириш берди у.

Дадангизни кўрмоқчи эдим, қаердан топсам бўлади?” – сўровда давом этаман.

У киши Тошкентдалар, яқин орада топа олмайсиз.”- жавоб берди “бозорқўмнинг” ўғли Аслиддин Орзуев

Бизни, айниқса савдогарларни бозор қачон очилиши ёки очилмаслиги кўпроқ қизиқтираётганди. Суҳбатдошимизнинг қўлида “генплан” деб номланган лойиҳани кўрдик.

Мана опалар, рухсат бор. Фақат вилоят ҳокимияти печат босса бўлди. Бир, икки кунда очилиб қолади.”- дея ҳужжатларни кўрсатди у. Бу ҳужжатда бир қанча ташкилотларнинг муҳри босилганини ҳам кўрдик.

Опа бизни бозор бюжетга 300 миллион  соф даромад келтирар экан, уни ёпиш бюжетга зарарку.“ – тағин қўшимча қилди Аслиддин Орзуев.

Энди фақат бозорнинг очилишини кутиш лозим. Савдогар аёлларнинг кўнгли жойига тушди ва ҳокимлик ҳовлисини тарк этдик. 2 март куни кечқурун вилоят телевиденияси орқали бир неча кун ичида “Орзу” бозори  очилади дея хабар тарқатилган экан. Бу лавҳани қаршилик хуқуқбон Нодир Ахатов ҳам кўрган экан.

Ҳокимлик ваъдасига вафо қиладими ёки йўқ, буни яқин орада “Орзу” бозори савдогарлари аниқ билиб олишади. Ҳозирча унинг очилиши – бу бозорда савдо қиладиган савдогарларнинг орузси бўлиб қолаябди.

3-март, 2013-йил.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси.