Mar 112013
 

Таҳлил

Барчамизга тун хайрли бўлсин!

МУАММОЛАРГА ЁНДАШУВ

Ижтимой, иқтисодий ва сиёсий муаммолар доим бўлган ва бўлади. Аммо хукуматлар уларга нисабатан ёндашуви билан бир-биридан ажралиб туришади. Каримов режими бундай муаммоларни ечишдан кўра уларга эътибор қаратмаслик билан уларни униттиришга йўналатирилган сиёсат юргазаётгани билан ажралиб турипти. Бу назарияга асосан бирор муаммонинг унутилиши учун эса албатта каттароқ бошқа муаммо вужудга келиши шарт.

Бугун шахар йўлларида юрар экан одамлар йўллар ахволининг ёмонлигига катта эътибор қаратишмайди. Уларнинг онги маош ўз вақтида берилмаслиги, пластик карточкаларга кечиктириб тўланадиган мисқолдек маошга кун кўриб бўлмаслиги, об-хаво шароитлари билан хисоблашмасдан узилиб қўладиган энергия таъминоти каби муаммолари билан банд.

Охирги 15 йилда Ўзбекистон хақидаги янгиликларни кузатсангиз чуқурлашиб бораётган муаммолар хронологияси билан тўқнашасиз. Энг ёмони бўлса қоғозларда “Юртбошимиз раҳнамолигида ҳар қандай муаммонинг зудлик билан бартараф этилиб борилаётгани” қайд этилмоқда. Қоғозларда йўллар равон, реал ойлик маошлари йилига камида 20 фоизга ошмоқда ва бугун ўртача ойлик 400 долларга тенг, энергия тақчиллиги муаммоси умуман тилга олимайди.

Афсуски муаммолар жамланиб барча соҳаларни тўлалигича қамраб олмоқда. Хукумат яқин орада одамлар мавжуд муаммоларга кўз юмишда давом этишлари учун янада жиддийроқ муаммолар “ўйлаб топиш” мажбуриятида қолади. Асло “Бундан ҳам ёмон муаммолар мажмуаси бўларканми?” деманг! Чунки хукумат учун муаммо юзага келтириш ҳеч қандай муаммо туғдирмайди.

Сўх можароси бунинг яққол мисолидир. Бу муаммо асносида “Янада ёмон муаммолар яратиш мақсадда Ўзбекистон ўз Чеченистонини яратишга уринмаяптимикан?” деган фикр туғилади. Нахотки “донолар доноси” ва “Марказий Осиёнинг энг кучли лидери” рахбарлик қилаётган хукумат оддий чегарани аниқлаш масаласини ҳал қилолмаётган бўлса? Балки бунинг ортида бошқа мақсадлар бордир? Кузатишда давом этайликчи…

Шу ўринда бир нарсани эслаб ўтиш жоиз. Яқинда “Ўзнефтмаҳсулот” бензин тақчиллиги муаммосида нопок кимсаларни айблаганди. Аммо бу нопок кимсаларнинг кимлигини айтишдан қўрқди, чунки айтса “Ўзнефтмаҳсулот”чиларни ёппасига хаммасини қамаб қўйишарди. Аслида худди шу нопок кимсалар хамма муаммоларнинг сабабчисидир. Бу нопок кимсалар кимлигини бўлса хаммамиз яҳши биламиз.

АДОЛАТПЕША” ХУКУМАТ

Мамлакатимизда хукуматнинг коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураши охирги пайтларда янги савияга кўтарилди. Буни “Ўзбекистон хукумати мафияга қарши кураш бошлади” кўринишида талқин қилаётганлар ҳам бор. Хукумат жойларда уруғ аймоқчилик ва гуруҳбозликка қарши қурашни 2007 йилги президент сайловларидан олдин бошлаган бўлиб бунда вилоят даражасидаги мутасаддиларга нисбатан чора кўрилган эди. Бу курашнинг кейинги тўлқини тадрижий равишда бошланиб туманлар даражасида ханузгача давом этмоқда.

Энди эса навбат республика миқёсида уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашга келди. Бунинг сабаби жойлардаги жиноятлар ўрганилганда калаванинг учи марказда экани маълум бўлиб, соат миллари доим тепани кўрсатаверади. Марказий хукуматдаги амалдорларнинг жавобгарликка тортилиши бўлса калаванинг учи тўғридан тўғри Каримовлар оиласи эканини ошкор этиб қўяди.

Айни сабабдан Каримовлар оиласи марказдаги “намоишкорона адолатпешалик сиёсати”ни уюшган жиноятчиликга қарши эълон қилган бўлса ажаб эмас. Чунки марказий хукуматдаги бошқа амалдорлардан фарқли ўлароқ “мафия” сифатида танилган амалдорлар Каримовлар оиласига энг кам чўтал тўлашади. Бунинг бадали сифатида эса улар қатор масалаларда хукуматнинг “хомийси” ва “назоратчиси” саналишади.

Мафияга қарши кураш эълон қилинганининг яна бир сабаби сифатида қатор хорижий давлатларда пул ювишга алоқадорлик айби билан қидирувга берилгани сабаб Ўзбекистондан чиқа олмай қолган Гулнора Каримованинг “активлиги” бўлиши мумкин. Катта миқдорда мол-мулкидан айтилган аламзада Гулнора бугун даромад кўриш мақсадида ҳеч кимни аямаяпти.

Бу масалада у хорижий инвесторларни ҳам аямаётгани борасида “Financial Times” рўзномасида етарлича далилларга асосланган маълумот келтирилган. Шундай экан мамлакат ичкарисидаги мафияларга қарши очилган урушни адолатпешалик сифатида талқин қилиш мантиқсизликдир. Бу эндиликда Гулнора Каримова бошчилик қилаётган Каримовлар оиласининг махаллий тадбиркор ва мулкдорлар мол-мулкига панжа солишининг навбатдаги мисолидир.

Таланаётганлар ижтимоий мавқейининг юксалиб бораётгани ва унинг энг юқори даражага чиққани бўлса масаланинг бошқа томонидир. Бу эртами кечми ижтимоий мувозанатни бузиб жамиятда катта муаммолар келтириб чиқариши аниқ. Аммо истиқбол бобида бугуни кунидан нарроғини ўйламаётган Каримовлар оиласи учун бунинг аҳамияти йўқ. Улар бугун Ўзбекистонни хусусийлаштириб, ҳар қандай даромаднинг асосий манфаатдори бўлиб олишса бўлди. Қолганини кейин ўйлашмоқчи чоғи.

Ўзбекистон хукумати адолатпешалик сиёсати юритишни бошлади деганларга бўлса эслатма: Ўзбекистонда мафияга қарши кураш Гулнора Каримованинг жавобгарликка тортилишидан бошланади!

ЯНГИ ТАРМОҚ ВА ЙЎНАЛИШЛАР” ХАҚИДА

Гулнора Каримованинг мамлакат моддий бойликларини қандай йўллар билан хорижга ташиётгани тўғрисидаги маълумотлардан хабар топмаган Ўзбекистонлик деярли қолмади. Ўзбекистон хукумати номидан хорижий ширкатларга фаолият юритиш учун лицензия беришдан тортиб катта қўшма корхоналар ташкил қилиш учун рухсат берилишигача Гулнора “маъсул” бўлган. Шу йўл билан Ўзбекистонда фаолият юритган ва юритаётган хорижий инвесторлар ўз мамлакатларида Гулнора учун очилган хисоб рақамларига йирик миқдорда “чўтал” тўлашган.

Ноқонуний йўллар билан ўзлаштирилиб Гулнорага тегишли хисоб рақамларига ўтқазилган бу пулларнинг бир қисми бугун мусодара қилиниш хавфи остида қолмоқда. Қолган қисмини оқилона ўзлаштиролмаслик эса уларнинг ҳам мусодара қилиши хавфини оширади Айни сабабдан Гулнора ўз гумашталари билан бу пулларни силлиқ йўллар билан “қайта ўзлаштириш” имкониятларини қидирмоқда.

Financial Times рўзномасида Гулнора Каримова хақида нашр қилинган мақола унинг жинояткорона фаолиятининг бир қисмини очиб берди. Шу билан бирга бу мақола Ўзбекистонга хорижий сармоя кирғазишнинг нақадар истиқболсизлиги, мамлакат қонунлари хукумат манфаатларини илгари сурувчи ва исталганда осонгина ўзгартирилиб турувчи “Рубик куби” экани ҳам урғуланади. Шундай экан бугун Ўзбекистонга сармоя киришни истовчи ақли расо хорижий инвестор топилмаслиги ёш болага ҳам аён.

Катта маблағлар эвазига Швейцарияда чиқадиган “Bilan” деб номланган сариқ (янада аниқроғи гламур) журналда ўзи хақида очерк чоп эттирган Гулнора Financial Timesга “жавоб бериш”дан бошқа мақсадларни кўзлаган бўлиши мумкин. Чунки Financial Times рўзномасининг миллиардларга етган аудиториясига фақат Швейцарияда тарқатилагидан “Билан” журнали орқали “жавоб бериш” мантиқсизликдир. (Аслида Гулнора учун бу мантиқсиз бўлмаслиги ҳам мумкин, чунки унинг танишлари “Bilan” журналини ўқиш билан чекланишса ажабмас.)

Демак Гулнора бугун Швейцарияда ўз мавқеини тиклашга ҳаракатида. Қолаверса яқинда Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси ўз мамлакатидаги сармоядорлар Ўзбекистоннинг саноатлашган Навоий вилоятига йирик сармоя киритмоқчилиги борасида ҳам баёнот берди. Албатта бу сармоядор(лар)нинг ким эканлиги борасида на ундан сўралади, на унинг ўзи бу сармоядорларнинг ким экани хақида маълумот бера олади.
Шуни хисобга олган ҳолда Гулнора Швейцарияда “Бу пуллар Ўзбекистонники ва Ўзбекистон равнақи учун ишлатилади” деётган бўлиши мумкин. Ўзбекистонда бўлса бу пуллар Швейцариялик сармоядорлар ётқизган маблағ сифатида танитилади. Хуллас бу “Сиҳ ҳам куймайди кабоб ҳам” иборасининг ажойиб мисоли бўла олади.

20 йилдан бери деярли замонавийлаштирилмасдан ишлатилаётган Навоий кон металлургия заводида катта сармоя ва замонавийлаштиришга эхтиёж мавжуд. Табиий заҳираларни қазиб олиш ва қайта ишлаш нақадар сердаромад соха бўлмасин Ўзбекистондаги инвестицион иқлим хорижий сармоядорларни мамлакатга сармоя киритишдан тийилишга мажбур қилади. Бу бўлса Гулнора учун мамлакат саноати юрагини хусусийлаштириш учун имконият ҳам яратиб беради.

Демак йиллар давомида Ўзбекистондан Швейцарияга ташилган ва бугун тақдири сўроқ остида қолаётган маблағлар ниҳоят қисман бўлсада мамлакат равнағи учун хизмат қилади. Аммо қисқа муддатда бу Каримовлар оиласи учун хақсиз равишда янада каттароқ маблағ орттиришга имконият яратадиган механизмга айланади. Ачинарлиси бўлса энди олинадиган бу даромадни ҳеч қандай ҳадиксиз Швейцарияга ташиб кетиш мумкин бўлади.
Яна бир мисол бу йил мамлакатимизга Хитойдан йирик сармоялар киритилиши тўғрисида тарқатилаётган хабарлар билан боғлиқ. Гап шундаки “Абу Сахий” ширкатининг Хитойдаги хисоб рақамларида миллиардлаган доллар маблағ жамланиб қолган. Қолаверса Бош вазир ўринбосари Абдулла Ориповнинг ишдан олинишига сабаб бўлган “Huewei” ширкати билан бўлган коррупцион муносабатлар натижасида ҳам Хитойда Гулнора Каримовага тегишли йирик маблағлар тўпланиб қолган.

Халқаро миқёсда Гулноранинг мавқеи тушиб борар экан Хитойлик мутасаддилар ҳам ўз мамлакатларидаги Гулноранинг йирик миқдордаги пуллари халоллиги борасида “қайғуриб” қолишлари мумкин. Шу сабабдан бу йил Хитойдан ҳам мамлакатимизга йирик миқдорда сармоялар жалб этилиши кутилмоқда. Дунёни ишларини қарангки Каримовлар оиласи илгари маблағларини хорижда сақлашни хавфсиз деб билган бўлсалар энди аксинча бунинг жуда ҳам хавфли эканини идрок этиб қолдилар.

Хитойдаги маблағларни мамлакатга жалб қилиш учун бўлса энергетика тизимини ислох қилиш танланди. Хитойнинг қайсидир ширкати Ўзбекистонга 100 миллион долларлик сармоя ётқизиб қайта тикланадиган энергия манбааларига асосланган энергетикани ривожлантирмоқчилиги борасида шов-шув қилинмоқда. Албатта энергия тақчиллиги муаммоси мамлакатни батамом қамраб олган бу кунларда бу янгилик олқишлар билан қарши олинмоқда.

Аммо масаланинг моҳияти шундаки бу маблағларни Хитойлик ширкат орқали Ўзбкистонга кирғазаётган Гулноранинг мақсади халқ муаммоларини ҳал қилиш эмас. Унинг асосий мақсади доимгидек бу лойихалардан мўмай даромад кўриш билан бирга хавф остида қолган маблағларини хавфсизлаштиришдир. Акс холда энергия тақчиллиги муаммоси ўн йилдан бери жадаллашиб борар экан Гулнора бу муаммодан бу йил хабар топди деган хулоса келиб чиқади. Гулноранинг яна бир мақсади бўлса эндиликда эри бўлгани айтилгаётган отарчи эри Рустам Мадумаровга жўяли иш топиб беришдир.

Шу сабабдан Хитойлик сармоядорлар билан қайта тикланадиган энергия тизимларини жорий қилишни хукумат даражасида мухокама қилиш учун Рустам Азимов билан бирга “Дадо” гурухининг хонандаси ва Гулноранинг “эри” Рустам Мадумаров ҳам иштирок этди. Баъзи манбаалар Рустам Мадумаровнинг мазкур учрашувда айнан Хитойлик сармоядорлар томонида иштирок этганини ҳам иддао қилишмоқда.

Шуниси аниқки Хитойдаги маблағлари тақдиридан хавотирда бўлган Гулнора бугун уларни мамлакатга силлиқ йўллар билан ташиб келиш ва янада катта даромад келтирадиган сармояга айлантириш илинжида. Қайта тикланадиган энергия манбааларини жорий қилишни кўзлаган лойиха бўлса унинг бу мақсадларига хизмат қиладиган лохияларнинг биридир. Отаси Ислом Каримовнинг бу сохани ривожлантириш борасида қарор қабул қилганини бўлса янги келин–куёв учун тўй тухфаси сифатида қараса ҳам бўлади.

Каримовлар оиласи ўз маблағларини сақлаш учун Ўзбекистонга қайта ташиб келтираётгани жараёни учун ижобий томони салбий томондан оғир босади дейиш мумкин. Аммо… Аммоси шундаки бутун маблағларини мамлакатга ётқизаётгани Каримовлар оиласи ўз ўрнини ҳеч қачон бўшатмасликни кўзлаётгнидан далолат беради. Бу қадар катта сармояларини сақлаб қолишнинг ягона йўли отаси ўрнини эгаллашидир. Кўринишидан Гулнора бунга заррача ҳам шубха қилмаяпти.

Қуёш бўшатган кўринади ойга ўрнини… Барчамизга тун хайрли бўлсин!

Ўктам Худоёров.

 

http://turonzamin.org/2013/03/11