Mar 112013
 

Бу инсон ким экан? Бизга нима алоқаси бор  деб ўйланманг.
Э. Қораҳонов Наманган театрига салкам йигирма йил давомида раҳбарлик
қилиб, қайта қуриш йиллари  биздек кишиларни  юқори лавозимли
демократия душманларидан бошини кундага қўйиб ҳимоя қилиб, оҳири
вазифасидан озод этилган инсон эди. Шундай одам ҳақида ёзмай бўладими!


Эркин Қорахонов Тошкент театр ва рассомчилик институтини битиргач,
Ҳоразм телевидениесига 12 йил давомида раҳбарлик қилди. Вилоят
телевидениясини оёққа турғазди. Олмахон Ҳайитова ҳукумат қаҳрига
учраган пайтда уни қўрқмасдан вилоят телевидениесига чиқарди. Отажон
Ҳудойшукуровдек халқ ҳофизини биринчи бўлиб элга танитди. 1975- йилдан
1991- йилгача Наманган театрида директор бўлиб ишлаб, Камолиддин
Раҳимов каби ўнлаб эл суйган санъаткорларнинг ижодини гуллаб-яшнашида
кўмаклашди.


Қайта қуриш йиллари эди. 1989-йил бошида мен театрда биринчилардан
бўлиб “Бирлик”нинг бўлимини туздим. Москва бу ҳаракатларга қарши бўлмаса
ҳам Тошкент бу ҳаракатларнинг тузилмаларини ҳар бир корҳона ва
ташкилотларда тузилишига қарши турган эди. Эркин ака бизларнинг
фолиятимизга имкониятлар яратиб берди. Шахсан мени театрнинг касаба
уюшмасига раис бўлиб сайланганимда Обкомдан “бундай қилиш мумкин
эмас!” деган буйруқ келса ҳам “Буни театр жамоатчилиги сайлади” деб
уларнинг кўрсатмаларини рад этди.


Бир куни мен касаба уюшмаси йиғилишида “Директорнинг семиз қорнида
нажосдан бошқа нарса йўқ. У юқори нима деса шуни қилади” деб юбордим.
Вилоя касаба уюшмаси йиғилишида шаҳар ижрокомининг раисини, Пушкин
номидаги  марказий боғ номини ҳали ҳам Машраб номига ўзгартирмагани
учун уни  кескин танқид қилдим. Бу ишларим учун гарчанд юқоридан мени
жазолашни талаб қилишган бўлса ҳам Эркин ака: “Демократия танқиддан
иборат” деган мазмунда жавоб қилиб  мени жазоламади. Театрда фаолият
олиб бораётган “Бирлик”, кейинчалик  “Эрк” партияси аъзоларига
шарт-шароитлар яратиб берди.


1990-йили мен Наманган шаҳрининг Чорсу майдонида совет армиясида
хизмат қилаётган фарзанларимизнинг тобутлари келаётганига қарши очлик
эълон қилдим. Эркин ака менинг олдимга келиб, “ Менга сени ишдан олиш
ҳақида буйруқ беришди. Калламни олиб қўйса ҳам сени ишдан ҳайдамайман,
ўтиравер” деб кетди.
Мен йигирма йил давомида театр концертларини олиб бордим. 1991-йили
матбуот куни муносабати билан марказий боғда обком котиблари
иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда бизнинг театр ҳодимлари концерт
қўйишимиз керак эди. Мен коцертни бошлаш учун ўртага чиқиб “Устозларим
мени кечиришсин.Орқама – орқа болаларимизнинг ўлиги ўрис юртидан келиб
турганда, матбуотимиз холати ўзгармай турган пайтда мен бундай
йиғилишда қатнашишдан бош тортаман!” деб чиқиб кетдим. Шунда ҳам Эркин
ака мени жазоламади. Эхтимол Сиз ўйларсиз: “Ўша давр сиёсати шунақа
бўлганда” деб. Шуни унутманг. Баъзи раҳбарлар ҳокимият тарафида бўлиб,
биздайларни кўп бор жазолаганларини яҳши биламиз. Лекин Эркин
Қорахонов бундай раҳбарлардан эмас эди.


1991-йил оҳирига келиб кутилмаганда  обком Театр ҳодимларини йиғиб,
Қорахоновни ишдан олинганини эълон қилди. Мен бу воқеани олдиндан
билиб санъаткорларни тайёрлаб қўйган эдим. Обком ҳодими ҳалиги ҳабарни
етказиши билан ҳамма оёққа туриб Қораҳоновни ҳимоя қила бошлади. Улар
ниятларига ета олмадилар. Лекин оҳири обком маҳсус буйруқ чиқариб, ўша
пайтдаги демократик қонунларни оёқ ости қилиб бўлса ҳам Қорахоновни
ишдан бўшатди. Буни эшитиб театр жаоатчилигининг қаршилигига қарамай мен
ҳам ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздим.


Қорахонов кейинги пайтларда бир оёғидан маҳрум бўлиб,диабет касалига
дучор бўлган эди. Мен  Эркин акадан умрининг оҳиригача ҳабар олиб
турдим. Куни кеча бола-чақалари билан чақ-чақлашиб ўтириб,
кутилмаганда Қорахоновнинг жони узилди. Фотиҳага келганларнинг кети
узилмас эди. Ҳамманинг тилида Эркин аканинг  уларга қилган яҳшиликлари.
Йиғламаган одам қолмади. Тирикликда одамларга фақат яҳшилик қилиш
керак экан. Қорахоновнинг ҳаёти ҳозирги ҳокимият вакилларидан тортиб
барчамизга ўрнак бўлиши керак деб ўйлайман. Қани яшасанг Қорахоновга
ўҳшаб яшасанг. Эркин акани Оллоҳ раҳматига олган бўлсин.

 

11-март, 2013-йил.

Носир Зокир

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси.