Feb 112013
 

Қаршилик ҳуқуқбон Ғайбулла Жалиловнинг оиласи Муқаддас Темирова
Франциядаги АКАТ (ACAT) ташкилотидан бир неча мактублар олганлигини
билдираяпти. Маълумки, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг
Қашқадарё вилоятидаги фаол аъзоларидан бири бўлган Ғайбулла Жалилов
диний мотивлар билан 2009 йилнинг 5 сентябрь кунида қамоққа олинганди
ва ҳозирда унга тайинланган 13 йиллик қамоқ жазосини ўтаяпти.
Мактубдан кўриниб турганидек, нафақат халқаро ташкилотлар, балки
Европадаги христиан-диний ташкилотлар ҳам қаршилик ҳуқуқбоннинг
тақдирига бефарқ қараётгани йўқ. Ғ. Жалиловга улар мактублар ҳам
юборишган ва табиийки, Ғ.Жалиловга у мактублар етиб борганига ишониш
жуда қийин.

Шундай бўлсада, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Қашқадарё
вилояти бўлими Франциянинг АКАТ ташкилотига ўз миннадорлигини
билдиради. Ҳуқуқбоннинг тақдири уларни ташвишга солаётгани бизни
қувонтиради холос.

Муқаддас Темирова бу мактубнинг етиб келиши  кишлоқда дув-дув гап ва
миш-мишларга сабаб бўлганлигини билдирди. Ўзбек халқининг кун сайин
дунё жамоатчилигидан узилиб қолаётгани етмаганидек, ўз ҳуқуқлари учун
курашини ҳам унутган халқ учун бу миш-миш албатта  қизиқарли мавзу бўлиб қолаверади. Нима учундир Ўзбекистон халқи ўз  ҳукукматдан абгор бир ҳолатда яшаётганликлари, қишда газсиз ва электр қувваатисиз қолишлари, ҳукумат мамлакатдаги ишсизлик муаммосини бартараф эта олмаётгани боис, ўзбекистонликлар аксар ҳолларда Россияда ишлаб оила боқишга мажбур қолаётганлиги сабабларини сўрашга ҳам ботина олишмайди. Бу қўрқувни енгиш ва ўз фикрини озод айтиш фурсати келмадимикан?

Қачонки ўзбек халқи ўз қўрқувини енгса,ўз хақ-хуқуқлари учун курашса ана ўшанда мамлакатда ижобий ўзгаришлар бошланади. Муқаддас Темирова бир ғалати гапни айтиб қолди.

”2012 йил декабрь ойининг охирида  милиция формасида ва фуқаро кийимида бир
нечта кишилар машинада  келишди. Мени қандайдир вазир кўришни истаган
экан, шунга олиб кетиш учун келишган экан. Мен хамир қориб, нон
қилаётган эдим, шу сабабли  бормайман деб жавоб бердим”, – дейди
Муқаддас Темирова.

Қачондан буён вазирлар уйма-уй юрадиган одат чиқаришдию, вазир
жаноблари айнан Муқаддас Темировани кўриш истакларининг борлигининг
ўзи ғалати эмасми? Мамлакатда ҳар бир инсон учун кураш бораркан, ҳар
бир инсоннинг қадри ҳам баланд бўлади. Лекин буни ҳамма тушуна олмаса
керак.

11-февраль, 2013-йил.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси