Feb 102013
 

Мени ҳар замонда, ижтимоий-сиёсий жараёнларга қизиққан ёшлар ўз давраларига чорлаб туришади. Яқинда шундай давралардан бирига таклиф қилишди. Мен ёшларга ҳозир дунё ва Ўзбекистонда бўлаётган воқеалар ҳақида, шу билан бирга ёшларни ижтимоий-маънавий хаётида муҳим ўрин тутувчи миллий мусиқа санъатимизнинг ҳозирги ахволи ҳақида гапириб бердим.Жумладан мен шундай дедим: – Сизлар ёшсизлар. Кўпроқ,хозирги бодроқдек кўпайиб бораётган, ўзини Ўзбек қўшиқчиси деб атаётганларни қўшиқларини эшитасизлар. Лекин айтинг-чи, бирорта Овропа ёки Ғарб қўшиқчиларини Ўзбек миллий чалғуларида қўшиқ айтганини эшитганмисиз, ёки кўрганмисиз? Нега ўзимизни бутун дунё тан олган чалғуларимиз бўла туриб булар Овропа ёки Ғарб чалғу асбобларига осилиб олишган? Инсонда миллий ғурур бўлиши керак.Нега ҳукумат миллийликдан йироқ бўлган қўшиқларни тарғиботига кенг йўл очиб бераяпди? Шуни эсдан чиқарманглар,Ғарб ва Овропа чалғуларида ижро этилган бачкана қўшиқларни эшитадиган ёшларнинг ижтимоий ва сиёсий томондан фикр доираси ўта тор бўлади. Бундай одамларни бошқариш осон бўлади. Мана шуни ёдда тутинглар. Бундай бачкана қўшиқлар бекорга тарғиб қилинаётгани йўқ.

Ҳозирги кунда “Ёшлар” телеканали орқали эфирга узатилаётган “Тараннум” номли дастурни назарга олмаганда, бирорта радио ёки телеканалларда миллий чалғуларимиз билан ижро этилувчи қўшиқлар тарғиб қилинмаяпди.- деб фикримни тугатмасимдан, даврада ўтирган ёшлардан бири: –Биз ҳам сизларнинг ёшингизга етганимизда миллий қўшиқларни тинглайдиган бўлиб қолармиз-деди. – Йўқ!дедим қатъиятлик биланЁшликда бундай қўшиқларни эшитиб катта бўлган Сизлардек ёшлар, ёши бир жойга борганда ҳам миллий қўшиқларни эшитмайди. Мана ҳозир Сизларга дутор билан танбурни кўрсатсам, аксариятингиз бу чалғуларни бир-биридан ажрата олмайсизлар. Лекин, ионика, синтезатор, гитара каби чалғуларни эса яхши ажрата биласизлар.-дедим.

Шунда кутилмаган ҳодиса рўй берди. Даврада ўтирган бир ўспирин шундай деб қолди.- Менинг падари бузрукворим оиламизда ёшлигимиздан бизларни миллий қўшиқларни эшитишга даъват қилиб, шу руҳда бизни тарбияладилар. Сиз айтган бачкана қўшиқчилар, миллийликдан йироқ қўшиқ айтиш билан бирга, улар “Муаллифлик ҳуқуқлари” тўғрисидаги қонунни ҳам бузмоқдалар. Агар биз демократик жамиятда яшаганимизда,бундай қўшиқларни тарғиб қилишдан юқоридагилар манфаатдор бўлмаганда, судлар ҳолис бўлганида уларни бемалол судга бериш мумкин бўлар эди. Фикримни исботлаш учун бир неча мисол келтирай.Мана, даврадагилар яхши билишади, 2005-йилда Римон томонидан яратилган “Sometimes” мусиқаси ёшларни ларзага келтирган эди. “Уммон”ни “Қандай унутдинг” деган қўшиғи шу мусиқанинг ўзгинаси. Ёки бўлмаса, Улуғбек Раҳматуллаевнинг сўнги уч қўшиғи хориж мусиқалари эканлигини кўпчилик билмайди. Учта қўшиғидан бирини мисол келтирай.Масалан унинг “Бемор” деб аталган қўшиғи бор. Агар Сиз интернетдан “Эмин-“О гузел яр” деб қидирувни амалга оширсангиз. “Бемор”ни асл нусхасини топасиз. Ёки бўлмаса, яқиндагина ҳукумат унвонини олган Алишер Файзнинг “Алвидо” деб номланган қўшиғини дўстларим яхши билишади. Мана шу қўшиқ рус эстрада хонандаси Юрий Шатуновнинг “Помнишь” деган қўшиғини ўзгинаси.Яна мисол келтирай, Масалан “Болалар” груҳи ва Рухшона ижросидаги “Чегаралар борми?” деган қўшиқни олайлик. Бу қўшиқни, Рус қўшиқчиси Филипп Киркоровнинг “Дископартизаны” қўшиғидан фарқи йўқ. Фақат у рус тилида,буниси эса Ўзбек тилида айтилган холос. “Ёмоннинг бир қилиғи ортиқ” деб шунга айтсалар керакда.-деди. Ҳамма жим бўлиб қолди.

Тўғри,тўқсонинчи йиллардан буёғида туғилган ёшларни, энди бачкана қўшиқлар уммонидан қутқариш мушкул. Лекин ёшлар орасида юқоридагидек фикрлайдиганларини ҳам борлиги одам қалбида умид учқунларини уйғотади.

10-февраль, 2013-йил

 Носир Зокир

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси.