Feb 122013
 

Муаллиф: shams | сана: 12/02/2013 |

(шархларга шарх)

   sanjar-imamov

Ўртага фикр ташласанг-у,лекин унга ҳеч ким эътибор бермаса одамни кайфияти тушади. Демак бунда ё айтувчи арзигулик сўз айтмаган  ё ўқувчи тўқимтабиат.

Олимларга чақириқ” мақоламга шунчалик эътибор бериб ўқиб,аҳамиятлиси  кўпчилик эринмай шарх ёзишганидан қувондим.Асосан танқидий  фикр билдирганларга самимий ташаккур.

Шархларда менга бироз хазми оғири  шу бўлдики,мақолага  паспортимдаги исми-шарифимни қўйгандим. Умуман псевданим,тахаллус орқали ёзишлар аксарият холатда бўлмағур чиқишлар экан. Буни энди англаябман. Ўз вақтида мен ҳам турли тахаллуслар билан роса чиқишлар қилганман. Фикр минг аҳамиятли бўлмасин ёзув эгаси сохта бўлгани сабаб унинг таъсир кучи ҳам нишонсиз кетаркан.

Қолаверса эр киши ўз сўзининг муаллифи бўлиши керак,тўпорироқ айтганда эркак ўз сўзининг эгаси бўлиши шарт. Янаям халқчил айтсак эркак гапига жавоб бериши  керак. Агар у ўз сўзининг эгаси бўла олмас экан бундайлар ўзини эркак санашга хақли эмас.

Ҳаммамизга тегишли гап шу… Юртдан четда туриб, мутлақо ўринсиз кекирдак чўзиб, ичкарида орқаваротдан писмайиб,  гап чиқаргандан  юртда ўртага чиқиб миллатни шу кўйларга солган ҳукуматни илимилиқ бўлсада қоралаб ўтган афзалроқ.

Илимилиқлик билан эмас оқиллик,фикр залвори билан айта билиш янада афзал. Чунки бу чиқишларни  кўзлари очилиши мумкин бўлган кўпгина,кўпгина эмас аксарият сўқирқалблар тинглайди. Тўғри сўз айтиш лаёқатини аллақачон йўқотган аширқўрқоқлар ҳам,ҳақ гапни тинглагач ҳеч бўлмаса ўйга толади-ку. Буни кўп давраларда  кузатиб синаб гувохи бўлганман. Мухолиф сайтни эса асосан  мухолиф фикр эгалари ўқишади,сўқирқалблар эмас.

Ҳозир юртда туриб мухолиф фикр айтиш миллат учун энг холисона,тоза, одил ва оқилликдир.Хукумат  эса бундай кишиларни “фитначи,провакатор” деб тамғалаган.

Нима учун асл олим ва кучли истеъдодларни тўплаш кeрак?

Олим илмий изланишда илохий неъмат ҳақиқатини кашф этади(албатта Яратганнинг қудрати билан). Неъмат ҳақиқатини кашф этиш натижасида,олим ҳақиқат неъматига ҳам эга бўлади. Шунга эришдими олимда ҳақиқат ва ҳақиқатгўйликка содиқлик уруғи ниш уради ва у шурурида собит қолади.  Ҳақгўйликка эга бўлдими демак у тоталитар  пацифистик давлат учун “провакатор” мақомига яқин бориб қолади. Жадидчилар асли ким бўлишган ва уларни нима қилишган? Қодирийлар кимлар эди,нима қилишган?

Аслини олганда қўрқув ва баднафслик ҳукмрон  юртда на илм ва на ижоднинг сариқ чақалик қадри қолмаслигини,ҳақиқатга содиқликни унутгани сабаб олимларимиз пичоққа илинар на илмий ва на ижодий кашфиётларни ярата билишдан махрум бўлганликларини ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Шуниси аниқки,тахаллус  пинхоналикнинг бир кўриниши. Пинхоналик нохолисликни юзага чиқаради. Ноҳолислик билан номардлик ака сингил тутинган,Охир оқибат номардликдан қўрқоқлик туғилади.(фақат фавқулотда холатларда пинхоналик тарафдориман.  Усмон Ҳақназаров мисолида).

Қўрқоқ ҳамиша бировларнинг қўлида қўғирчоқ бўлади. Ҳақ сўзни ўз ўрнида,хатто ўзи учун таҳликали ерда холис айта олган киши кез келганда қўғирчоқбоз бўлади. Ва айни шундагина эркак ўз сўзининг муаллифи ва эгаси бўла олади.

Шундай экан қўғирчоқ бўлманг қўғирчоқбоз бўлинг.

Майли суъратингизда қўғирчоқ кўринг, сийратда қўғирчоқбоз бўлинг. Қўғирчоқбоз эканингизни сизни таъқиб этувчилар сезиб-билиб туришсада тан берадилар,хатто ғамҳўрлик қилиб  ён босишади. Демак улар ҳам адолат йўлида қўғирчоқ кўринган қўғирчоқбозлар бўлишади.

Зулмга қарши курашаётган “мен зулмга қарши курашябман”, дейиши шартми?

Одамлар Оллохдан унчалик  қўрқмайди,  лекин чақимчидан,милиция ва СНБ ҳодимларидан  зир титрашади.

.Сталин даврида бошланган наслдан-наслга ўтиб келаётган қўрқув иллати,сўнгги йигирма йил давомида давоси чорасиз сурункали касалликка айланди. Бу хасталикнинг давоси бор-у,лекин уни истеъмол қилишдан бемор яна қўрқади. Буни чораси қандай?

Қадимда табиблар истеъмоли ўта батхўр,лекин жуда шифобахш маъжун(дори)ни,бемор тез-тез суйиб ейдиган таомга қўшиб беришган.

Қўрқавериб-қўрқавериб борадиган еримизга аллақачон етдик. Ҳукумат,ҳуқуқий органлар мухолифатдан ва барча ҳақиқатпарвар кишилардан оладиганларини олиб бўлишди. Чақимчилик ич-ичимизга кириб етказадиганларини етказиб бўлишди. Биздан оладиган ҳеч нима қолгани йўқ. Балки… Фурсати етгандир? Энди биз уларнинг ичига кириб боришимиз керакдир.

Тўғри,биз уларнинг муассасига кириб боролмаймиз,кетларига айғоқчи қўядиган имконимиз ҳам йўқ.” Мухолифатга ишламасанг ё мухолифатга маълумот етказмасанг  ишдан кетасан ё қамаласан. Бола-чақангни келажагини ўйла.”, деб тахдид ҳам қилмаймиз. Телефон ва интернетларига эшитув мосламаси қўйишни эса фақат кечаси уйқуга ётишдан аввал “Ихлос” сурасини уч карра ўқиб,сўнг қўл очиб “Э Оллох менга бугун уйқумда шундай туш кўришни насиб эт”деб тиланишимиз мумкин халос.

Лекин бизда ундан-да муҳим стимул бор. Улар ўзлари кўриб-билиб турган  яъни жарга қулаш учун шиддат билан елиб бораётган “Ватан”ни Ватан сифатида асраб қолишни уларга уқдириш вақти келмадимикин? Бу эса бўрига гўштдан пархез қилиши ўзига фойдали эканини уқдиришдек кўкнори ҳаёл эмас.

Мен уларни ҳам асли  нобоб давлатнинг биз каби қурбонлари деб биламан ва ишонаман… Ҳа улар СНБми,Милициями,ҳукумат аъзоларими ким бўлишларидан қатъий назар  мени Ватандошларим… Бизни Ватандошларимиз…

Улар қачонгачадир “Ватанни душманлардан ҳимоя қилябман”  деб чин дилдан ишонганлар ва сидқидилдан хизмат қилиб келганлар ва қилябдилар Энди уларнинг ўзлари ҳам билиб-билмай Ватанни юҳога ем қилиб қўйганларини  фаҳмлаганликларига ишонмайсизми?

Мен эса ишонаман… Ҳар қалай жуда ишонгим келади. Шундай ўйлашга асосимиз бўлса уларга Миллатга Ҳавфли Хизмат ходимлари бўлишни эмас,чин маънода Миллий Ҳавфсизлик Хизмати ходими бўлишга даъват этишни ўйлаб кўрсак бўлмасмикин?

Қўрқув ва адолатсизликдан хатто зиёлилари маддох ва манқуртга  айланган юртда маъмурий ҳуқуқбонларнинг ҳам фарзандлари келажакда бахт топа олишларидан умидлари қолганмикин?Бундан кейинги ҳукмдор шу кетишда давом этса,балки бундан баттар қилса,нима бўлади деган ваҳима уларда-ям йўқ деб ўйлайсизми?

Шулар ҳақида бир мулоҳаза юритиб чекка-чекка пана-пастқам ерларда яшириниб пахтавон ўқ (холостой патрон) отгандан нима наф. Демоқчиманки исми-шарифингизни очиқ ёзсангиз, “ИАК-Ишак”,бало-баттар демасдан,йўриғи билан кескин айтган сўзлар айтсангиз,ўқларингиз дол нишонга тегаверади. Мени “сиёсий онгим шаклланмаган”ини танқид қилган биродаримиз ҳам кенг миқёсда фикрлаш лаёқатига эга бўла биладилар.

Олимларни йиғгандан ЎҲҲга аъзо бўлинг” дейилибди. Шу сайтнинг ўзида мақола берганим бирор нимани билдирмайдими?

Олимларни йиғолмайсиз” дейилибди. Ҳассос фикрли олимларни даракладик. Уларни жамлаш қолди. Лекин жамлашни-ям ўзи бўлмайди. Истасангиз сиз ҳам келинг ЎҲҲни тарғиб қилинг. Тарғибда ҳам тарғиб бор. Масала менга ишониш ё ишонмасликка келиб тақалса,кимлигимни админ орқали аниқлаб олиш қийинмас.

Холдор Вулқоннинг мақтовига келсак : Уни мен ҳақимда muvozanat.info ва “Янги дунё” сайтларида айтган ўзимдаги йўқ фазилатларни минг иккиланишлар билан кўчириб ёзишга тўғри  келди.

Шу Санжаралини ҳам панжарали жойга жўнатиб юборишмаса бўлди. САНЖАРАЛИ ИМОМОВ соғлом мухолифатга кучли лидер бўла оладиган ШАХС. Уни эхтиёт қилмоғимиз керак. Бунақанги тоза инсонлар минг йилда бир келади! (Холдор Вулқон)

Ҳаётимда  мақтов эшитиб илк бора хижолатдан уялдим.

Йўқ… Ростини айтсам дастлаб мақтовни ўқидим-у,”шундай одам эканимни ўзим ҳам билмас эканман-а” деб беихтиёр ойнага бир-икки қараб олдим. Чунки ташқи қиёфамдаги ”кучли лидер”лик бичимларни аниқлаб олмоқчи эдим. Аниқлай олмагач,юзимга лидерлик салобати бериб ойнага қайта қарадим. Шунда-ям башара “лидер”га ўхшамади… Барибир бундай мақтовдан  кайфим тарқамай Ҳолдор Вулқон тахмин қилган “панжарали жойга” боргиларим келди.

Бироз ўтгач ўзимни “хаяжонланма… Бўлар-бўлмас мақтовларни,қанчадан-қанча бўлар-бўлмас шахсларга қарата айтишган-ку”деб  тинчлантирдим. Ўзимга шундай  деганимдан кейингина “лидерлик шахсупаси”ни тарк этдим.

Лекин нима учун олқишланганим маъносига ҳануз ҳеч тушуна олмадим. Янглишмаётган бўлсам Холдор Вулқон мени мутлоқо танимайди… Драматург сифатида мақталдим десам,бу ерда драматургия ҳақида сўз йўқ. Мутлақо асоссиз бундай олиймақом мақтовга нима зарурат туғилди? Мақолани эса шунчаки,миллат фожеасига бефарқ қараб туролмайдиган бир жонкуяр сифатида ёзгандим.

Лекин сиёсий лидер қандай шахс бўлиши кераклиги борасида бир қадар фикрга эгаман деб ўйлайман.

Сиёсий лидер — бу ҳукмдорликка яққол  даъвогар шахс .

Мамлакатни бирлаштириб жипслаштириб,ички ва ташқи сиёсатини бошқариб,маданиятни асраб ва ривожлантириб,давлат қудратини ошириб ва айни чоғда бошқарув жиловини маҳкам тутиб туриш ниҳоятда мураккаб ва ўта маъсулиятли вазифадир.

Бу вазифани адо эта оладиган шахсгина сиёсий лидер,кейинчалик ҳукмдор бўлишга ҳақли.

Қачонки,ҳукмдор ўз атрофига халқдан чиққан муносиб,жасур,оқил кишиларни  жалб этса,ҳурмат эътибор қозонади. Агар улардан қўрқиб,барчасини қувғин қилса ўзига-ўзи қудратли душманларни тилаб олган бўлади. Ҳукмдор ёнида мингта ахмоқни ушлаб ўтиргани яхшими ё битта ақли донишни сақлаб тургани афзалми?

Агар ҳукмдор билан халқ ўртасида ишончсизлик,нафрат пайдо бўлса,охир оқибат уларни муросага келтириб бўлмай қолади.

Ўз атрофига хушомадгўй,лаганбардорларни йиғиб олган  ҳукмдорларнинг шўри қуришини бугун кўриб турибмиз. Чунки лаганбардор ялтоқилар ҳукмдорга ҳамд-сано ўқишдан ўзини тия олмайди. Бу кетишда ҳукмдор ўша ширин-шакар сўзларни қулига айланиб қолади. Зийракликдан,эҳтиёткорликдан махрум бўлади. Кўникма ҳосил бўлгач ҳар куни ширин сўз эшитишга иштиёқманд бўлиб қолади

Буларнинг ҳаммаси ҳукмдор ўзини илохийлаштириш билан тугайди. Ўз-ўзига тиллодан хайкал ўрнатади. Яна бир лаганбардор эса ҳайкалга офтоб урмаслиги учун тепадан соябон тутиб туради. Бу хол ҳукмдорни хурсанд қилиб юборади ва унга халқ хазинасидан мукофот тайинлайди.

Ўз халқини бутунлай эсидан чиқаради.Кўзлари оқиб тушгандай камбағаллар билан ғарибларни мутлақо кўрмайдиган бўлиб қолади.

Шундай экан сиёсий лидерликка тўғри келганни мақтаб алқайвериш оқил кишининг иши эмас.

Санжарали Имомов
Тошкент.

 

http://uzxalqharakati.com/archives/16549