Jan 312013
 

 

 

Амакимни кузатиб,дарвозага чиқсам,“қўриқчи”им – РАФ жойида йўқ. Бу пайт 11 декабрь,  соат 14.30 лар эди чамаси…

Яна кимнинг ортидан қувиб кетди экан бу ўлгурлар?” дедим ўзимча ҳадиксираб.

Қўшнимиз,Ғуломнинг тўнғич ўғли  Ғайратни чақиртирдим:

– Асалим,мана бу РАФ ғойиб бўп қоптику? Бор,болам,ғизилла,Ҳамзанинг уйи билан Элининг дўкони олдини бииир “резветка” қилиб келчи? У ердаги некциялар ҳам кетишганмикин?,–илтимос қилдим ундан. Ғайрат югургилаб кетди…Дарвоза олдида қайтишини кутиб турдим. У қандай чопқилаб  кетган бўлса,худди шундай тезликда ортига қайтди:

– Амма,Ҳамза акамларниям,дўконниям олдида пошин-пошин йўқ,кўринмайди. Кетишибди!,–деди мамнун оҳангда. Қандай яхши! Қутилганга ўхшайман!

– Зарҳал,ҳалигина исмалоқ пичакдан пора бермоқчи бўлганинг иш берибди,қизалоғим. Ҳадямизни қабул қилмаган бўлсаям,ҳижолат бўлганми,  қўриқчиларимиз кетиб қолишибди,–ҳазил аралаш суюнчиладим.

– Йўғ-э,кетишибдими? Бугун 11,а? Тадбирларингиз кеча тугаганди. Аслида булар кеча кетиши керакмасмиди?,–деразадан мўралади қизим.

– Кўп суюнманглар,“обед”га кетишгандир балки?,–деди Дилфуза ҳавотири аримай.

 

Бироқ,жиянимнинг ҳадиги ўринсиз бўлиб чиқди.  Қишлоғимиз ҳақиқатдан ҳам қуршовдан халос бўлган эди…Буни ҳаял ўтмай телефонларимизнинг “тили чиқиб” қолганидан билиб олдик. Телефон алоқалари тикланганидан бирам  суюндим,бирам суюндииим! Бир зумда одаму олам билан боғланиш имконияти туғилиб қолди…Енгил нафас олдим:“Таъқиб,хавфу хатар ортда қолди! Энди бемалол Тошкентга қайтсак ҳам бўлаверади!”. Лекин уйимга шошиб нима қилдим? Эртага Гуллоланинг тўйи-ку?   Иккала опам қуда бўлишганди.  Бу қиз менга ота томондан ҳам,она томондан ҳам жиян бўлади. Отаси Ғуломнинг умри қисқа экан,36 ёшида оламдан кўз юмган…У пайтларда Гуллола ёшгина қизалоқ эди. Вақт ўтишини қаранг,бугун уйлағиб,мана энди оила қураяпти. Гуллола онамга қизидек гап.  Бир йилдирки,кекса энамга  қарайди,ўтидан кириб-кулидан чиқади. Чаққонгина бўлганлиги учунми,қишлоғимиздаги Шарафат опа кўз остига олиб қўйган экан. Мана,энди кенжатой ўғлига келин қилаяпти. “Яхши қиз қишлоғидан чиқмайди” деганлари шу-да! Энамга қўмак бериб юрган кезларида осмондай-осмондай ваъдалар берганмиз бу қизалоққа. Тўққизингнинг кам-кустини кўтарамиз,тўйингда ўзимиз бош-қош бўламиз дея оғиз кўпиртирганмиз. Мана бугун,холаларидан бири мен бўлдиган бўлсам,ўз “юким”ни кўтараолмай,  оқсаб ўтирибман. Лоақал тўйига бориб,ўйнаб-кулай. Шунча кун туриб,эрта тўй деган куни кетиб қолсам,оғринади. “Отамнинг йўқлиги билинаяпти” демасин,ўксинмасин,дейман,тўрт томонни ўйлайман-да. Шу хаёллар билан тўй тараддудига тушдим:электрнинг борида кийимларга  дазмол босиб қўйиш керак…

Бугун кайфиятим чоғ бўлганлиги учунми,билмадим,ҳартугул,қишнинг “бир тутам” куни ҳаш-паш дегунча ўтиб кетибди…

Қош қорайганда қўл телефонининг чироғини ёқиб,Ғофир келди.

Энам билан обдон сўрашгач:

– Момо,синфдошлар Ғуломникида тўпланишган. Қизингизга “совчи” бўлиб келдим. Тенгқурлар бииир чақ-чақлашиб ўтирайлик? Малоҳат мен билан борса майлими?,–изин сўради энамдан.

– Одам одамга ғанимат,–деди онам насиҳатомуз,–Ҳамиша кўришиб ётибсиларми? Майли,борсин,бииир кўнглининг чигалини ёзиб келсин.

Жавоб тегди. Аммо оёғим тортмаяпти. “Қаъмал” ҳақида гап очилишидан қўрқаман…

Шундай бўлсаям,иззатимни билиб,индамайгина Ғофирга эргашдим.

Синфдошлар базмига ярим соатлар кечикиб кирибмиз. Дастурхоннинг икки лабида шам. Суҳбат авжида!

– Э-эээ,ана,ишкалчиям келди!,–деди менга кўзи тушган Шавкат. Тўрдан жой тегди. Холида билан Гулчеҳранинг ўртасига ўтирдим. Далли-ғулли қишлоқдошларимнинг жайдари феъли менга жудаям ёқади. Ҳеч қачон коса тагида нискоса қилишмайди улар. Гапни “андовалаб”  ҳам ўтиришмайди. Ҳамиша дилидаги тилида уларнинг. Дангал.

– Росааа қишлоқдагиларнинг ўтакасини ёрдингда,ўзиям! Эркак киши бўла туриб,“қўриқчи”лардан мен сесканиб кетдим! Қўрқмаганингни қара? Юрагинг нечта? ,–деди менга Шавкат томдан тараша тушгандай,кейин Гулчеҳрага қарата,–Гули,бунинг орқасидаги икки қахмоғини ушлаб кўрчи? Қахмоқ ўрнида юрак ўрнашган бўлмасин?

Гулчеҳра секингина қўлини орқамга қўйди:

– Во-ооой,тўғри айтасан,ўрто-оооқ,ана,орқасидаям юраги уриб турибди буни,–деганди,ўтирганлар кулиб юборишди.

– Тўғрисиям-да,мошин билан кўчага чиқолмай қолдик. Саҳарда “заказ”га кетаётсам,битта некция қувиб ўтиб,тўхтатди. Иккитаси келиб,машинамнинг ичига фонусини тутди. Орқада бир аёл киши бориди,сен деб ўйлашгандир-да,ким билади. Қарашсаки,бошқа хотин. Кейин “Кечирасиз,машинангизга сиғмас эканмиз,биз кўпчилик эдик. Яхши боринг” дейишди. Қўйиворишди. Жавоб текканига хурсанд бўлиб,газни босдим,–деди Шавкат маҳобат билан,–Бир маҳал қарасам,қишлоқдаги фамига борганиям,бормаганиям оқ шарф боғлаб олибди бўйнига. Ўзингку,ўзинг,қишлоқдагиларни балога гирифтор қилиб нима қиласан? Сен ўқигансан,бир бало қилиб,қутилиб кетасааан. Ўлгандан бердагилар ўлиб кетади,Каримовга қарши оқ бўйинбоғ боғлайман деб. Ке,қўй,қийнама қишлоқдагиларни…шусизам зўўўрға кун кўриб юришибди…

– Малоҳатга нима дейсан? Бу бечораям элни деб юрибди-да. Сен билан менга ўхшаган одамларни ўйлаяпти,–деди Гулчеҳра,–Катталар одамларни қийнаб қўйгани ёлғонми,а? Айт,ёлғонми? Ростку? Ёзда электросетдан бир бола келувди,“Тўрт юз минг сўм қарзингиз бор” деб. Ҳар ой ойлигимдан 40 000 сўмдан “автоматически” ушлаб қолишса,менда қарз нима қилади?  Чироғингни    ўзи қани? Борми? Нимага йўқ светга пул терасан,деб қувиб солувдим. Орадан уч ой ўтмай,каттароғи кеп ўтирибди-да кеча:“Опа,светдан 700 000  сўм қарздорсиз” дейди. Бир кунда бир соат ҳам ёнмайдиган  чироқларингни баҳосини намунча оширмасанглар,деб бақириб бердим. Тўғрисиям шу-да. Йўқ газ билан светга пул теравериб тинкани қуритиворди булар! Кейин светчини қўрқитдим. “Бир журналист дугонам бор. Ҳозир шу ерда. Қўймайдиган бўлсанг,олдига бораман-да,ойлигимдан светга қайтариб қолинган квитанцияларимни кўрсатаман. Ёз дейман. Интернетда шармандангни чиқараман. Кейин кўрасан томошани,менинг эримга ўхшаб ишсиз қоласан!” дедим,юрагини ёрдим. Қўрққанидан счётчикни ноль-ноль қилиб кетди? Кўрдингми?  Мана шунга  ўхшаганлар керак! Бўлмаса тепамизга чиқиб олишади,қонимизни сўришади булар! Шунақанги ўт юраклардан яна ўнта бўлса,буғзимиздан олишмасди бу ҳукумат улгурда юрт сўраб ўтирганлар,билдинг?,–кейин менга қаради,–Буларнинг гапларига парво қилма,дугон! Сенинг билганинг тўппа-тўғри! Ковушини тўғрилаб қўйиш керак бу ҳокимиятдагиларнинг ҳаммасини!

Гулчеҳранинг гапларини эшитгач,“хайраят-э!” дедим кўнглимда. Ўпкам тўлиб нафас олдим.

– Бизам қишлоғимизнинг қизини қўллаймиз-да,–Гулчеҳранинг гапларидан илҳомланиб кетган Ғофир гап бошлаб қолди,–Биласизларми,мен нима қилдим? Ана у РАФ тунда Элининг дўкони олдига кетганида  иккита бакалажкага бензин солиб,Маҳмуднинг уйини орқасидаги  балон изларининг ўрнидан ура қазиб,кўмиб қўйдим.  Бензинга ботирилган ғалтак ипнинг бир учини бакалажканинг оғзига боғладим-да,бир учини кўздан панагадовур тортиб келдим.  Агар қишлоғимизнинг қизига қўлларини теккизгудек бўлишса,  уларни тек қўярмидим? Бензинли ипга гугурт чақиворардим. РАФ дегани осмонга учиб кетарди,–гаплари чинмиди,ёлғонмиди,ҳарқалай,шундай деди у.

– Бас қил-э,нима,кўтармадан сув ичганмисан? Намунча лоф урасан йўқ нарсага? Бир бакалажка бензинни қанча туришини биласанми ўзинг? Сендан қишда қор об бўмайди-ю,ҳаммани қўйиб бировни деб  бензин сотиб оласанми? Сен-а? Мақтанма,қўй! Бу гапинг билан ҳамманинг қулоғига лағмон осишинг мумкин,фақат мени эмас! – Ғофирни мулзам қилди Шавкат илжайиб,–Кўпирмасдан,  бўладиган гапдан гапир!

– Сенинг ишонишинг учун айтаяпманми?,–тўнғиллади Ғофир,–Ишонмасанг,  ишонма…

– Хўп,сен элни ўйлар экансан,сен шўрликни ким ўйлайди? Бекорга жувонмарг бўлиб кетмагин деймиз-да…Дўст ачитиб  гапиради…Курашингни қўй…Шусиз ҳам ҳаёт жуда қисқа…Маза қилиб яшамайсанми,кайфу сафо қилмайсанми? Бизга ўхшаб қишлоқда хор бўлиб юрмаган бўлсанг…Қайдасан,Тошкентда “оғирнинг устида,енгилнинг остида”  ўйнаб юрган бўлсанг. Ҳозир қадрига етмаяпсан бу кунларингни…. Бир кун келиб аттанг қилиб қолмагин деймиз-да…,–деди кўзларини бир нуқтадан узмай,хаёл дарёсига ғарқ бўлиб ўтирган Холида. У гуё ўзи билан ўзи сирлашаётгандек секингина шивирларди…Ҳамма сукут сақлаб қолди….

Дастурхонга ош палов тортилган ҳам эдики,Самарқанд шаҳридаги институтларнинг бирида ўқийдиган бир талаба “Ассалому алайкууум! Жамоат жамку,а?” деб кириб келиб қолди.

– Ҳа,битта сен кам эдинг?,–деди Шавкат чақирилмаган меҳмонни хушламайгина,–Кепсанми,ўтир энди. Нега келдинг?.

Қишлоқда,сиз томонларни билмадиму,биз томонларда одат шунақа ўзи. Кимнингдир уйига тўртта одамнинг боши бирлашдими,эшитган-билган такаллуф кутиб ўтирмайди,кўнгли тусаб қолса,“Мумкинмиии?” деб  келаверади.

– Тошкентлик тўпалончи аммачам шу ерда деб эшитиб,келавердим,–деди Шавкатнинг хушламаётганлигини сезган талаба унғайсизланиб.

– Кел,келавер. Ўтир,қайнонанг яхши кўраракан,ошнинг устига келдинг,–деди Холида меҳрли жилмайиб,–Қани,“ишкалчи” аммачангнинг олдига ўта қол унда.

Дугонамнинг мулозамати билан қишлоқдошим ёнгинамдан жой олди. Шамнинг хира ёруғида ҳамма ош палов билан овора бўлиб қолди. Аммо ош менга татиган эмас. Кўнглимда қандайдир хижиллик бор….

– Аммача,эшитдим,Каримовнинг бошқарувига қарши кишиларни тўплаб юрганмишсиз?,–таомдан кейин кутилмаганда савол ташлади беозоргина табассум қилган талаба,  –  Ташкилотларингиз Ҳукуматни қўлга олмоқчиймишми?

– Бу абсурт бўлиб туюлаяптими сенга? –  мен ҳам унингдек жилмаярканман саволига савол билан жавоб қилдим.

– Сизларники ҳозирча бир хаёл,шунчаки орзу,мақсад. Мана шу хаёлни реалликка яқинлаштириш учун энг аввало нима қилиш керак,биласизми? – ўткир нигоҳларини қадади у.

– Хў-ўўўш? – вужудим қулоққа айланди.

– Бунинг учун армияни қўлга олиш керак! Армиясиз иш битмайди,аммача,асакарлар керак!

Ҳали 20 ёшга  тўлиб-тўлмаган қишлоқ боласининг гапларидан  лол эдим. Қулоқларимга ишонгим келмасди.

– Бўлди қилинглар-э? Биттанг оқ шарф дейсан,биттанг ўқ отар қурол дейсан?! Бас,одамни қўрқитаверманглар-да уйтиб. Бўлди,мен кетдим. Тезроқ қуённинг расмини чизмасам,буларнинг касрига қоламан,хотинимнинг Россиядан қайтишигадовурам  омон қолмайман,–деди Шавкат ярим ҳазил,ярим чин оҳангда,–Қани,дастурхонга овмин қилайлик.

Қайтаётиб талаба ҳамқишлоғимга телефон рақамимни қолдирдим:

– Бу баҳсли мавзу. Йўлинг тушганда,бир кўришайлик. Ўшанда бафуржа гаплашамиз,–дедим хайрлаша туриб.

Соат тунги 23.00 дан ўтганда уй-уйимизга қараб кетдик. Худойберди билан Ғофир мени ҳовлимизга кузатиб қўйди…

Энам ўтирган уйдан аёл кишининг овози эшитилди. Танидим,опам,Гуллоланинг бувиси келибди.

– Қандай яхши!,–опамни қучдим,–Яхшиям келибсиз,–дедим хурсанд бўлиб.

– Келиннинг уйини безатишга келувдик,қудаларникига. Ҳамма кетди,мен энамни кўриб кетай деб,қолдим. Келсам,йўқсан. Сени Тошкентга кетиб қолдимикан деган хаёлга борибман…

– Тўйни ташлаб қаерга кетаман,опа. Бораман-да,шу Тошкентга,–дедим тантанавор.

Гапларимни эшитмадими,ё хаёли бошқа жойда эдими,опам миқ этмади. Тирноқларига тикилганча ўтираверди.

– Опа,бирор нарсадан безовтамисиз? Кайфиятингиз йўқ. Тўй остонасида турган одамнинг ҳам кўнгли хижил бўладими? Қувонмайдими? Неварангиз келин бўлаяпти ахир!  Ё бирор гап бўлдими?,–сўрадим ташвишланиб.

– Тўйга борасанми?,–саволларим яна савол бўлиб ўзимга қайтди.

– Албатта! Мен бормасам,ким боради? Опа?! Қизиқмисиз?

– Тўйга бормасанг дегандим…,–опам гапининг  давомини айтишга истеъҳола қилдими,бир зум тўхтаб қолди.

– Иноятов Тошкентда ўтирибдими десам,Иноятова хоним қаршимда турган эканлар-ку? Опажон,  Иноятов ўзларига сизни  Оқдарё бўйича “зам” қилиб тайинлаганми дейман-да,-  вазиятдан ҳазил-ҳузул орқали чиқиб кетишга уриндим,  –Билмаганимни қаранг? Қутулдим деб эрта қувонган эканман-да. Ҳаракатимга таъқиқ қўймаган биргина сиз қолувдингиз ўзи,опажон.

– Кўриб турибсан,орқангдан одам тушган…Кўчага чиқишингга қўйишмаяпти…Худо кўрсатмасин,мабодо тўйда милисалар қўлингни қайириб олиб кетишадиган бўлса,эл-юртнинг олдида уятга қоламиз? Қудаларнинг олдида мулзам бўламиз.  “Ана,келиннинг қариндоши жиноятчи экан!” дейишмайдими?,–опам менга ялинчоқ нигоҳларини қадади,–Фақат хафа бўлмагин…Шу тўйга бормасанг яхши бўларди…,-       Опамнинг гаплари  кўнглимга қаттиқ тегди:

– Бу нима деганингиз? Бугун тушликдан кейин таъқиблар тўхтатилган,опа,  хавотирланманг. Ҳеч нарса бўлмайди,–дедим ҳазил билан иш битмаслигини англаб.

– Барибир айтиб бўлмайди-да…Бир касофат бўлмасин дейман…Ўрнингга қизингни юборақол…Ўзинг энам билан ўтир,тўйдан ош узатамиз…Тўйда кўринмасанг,ўзинггаям,бизгаям яхши эди-да…

– Сиз нимадан қўрқаяпсиз? Йўқотадиган нимангиз бор,опа? – йўқ,зарда қилмадим,шунчаки ҳорғин,хафахол гапирардим,–Икки ботмон  келадиган кетмонингизми? Кимдир қўрқитгани келса,нари борса,қадирдон бўлиб қолган  50 йиллик кетмонингиздан қутиласиз,тамом-вассалом. Кун кўрмай ўтаяпсизку?  Шу пайтгача олган  пенцияларингиз эвазига ҳозирги кунда Ҳукумат сизни қанча қарздор қилиб қўйган? 5 миллонмиди,ё 7 миллонми? Нафақангизнинг тенг ярими кесилгани етмагандек,емай-ичмай давлатга қарз тўлаб ётибсизку?  Тилаб олган  ўғлингиз ҳам ишга жойлашаолмасдан,Қозоғистонда қулликда ўлиб кетишига бир баҳия қолганди…. Болангизни ёт юртда итдек занжирбанд қилиб қўйишганлари эсингиздан чиқиб кетдими? Бу кўргуликларнинг сабабчиси ким? Ана шу ҳақсизликларга қарши чиқсам,ёмонми?

– Бу камчилилкарни Каримов билганида эди,аллақачонлар таг-томири билан йўқ қилган бўларди. Биттагина оилага бош бўлиш қийинку? У бутун бир мамлакатни бошқариб турибди. Хато қилаяпсан. Ҳалиям эрта,Каримовдан кечирим сўра. Эгилган бошни қилич кесмайди. Юртбошимиз кечиримли,қанчадан қанча жиноятчиларнинг гуноҳидан ўтган. Сениям афв этади,–ялингансимон деди опам.

Уларга қаттиқ тегиб,дилини оғритиб қўймаслик учун ярим тун бўлишига қарамасдан,ташқарига,тоза ҳавога чиқиб кетдим….

Ниҳоят,тўй куни ҳам етиб келди. Эрталабдан ҳамма никоҳ маросимига кетган. Энам иккимиз   ў-ўўўтирибиз. Тўйга бормайдиганман. Шунча гапдан кейин тўй татирмиди?

Тушликка яқин ўртанча опамнинг БИ-БИ-СИ лақабини олган қизи Ҳафизахон рухсорини кўрсатди.  Уни бекорга БИ-БИ-СИ дейишмайди. Радиочасини доимо елкасига осиб юради. Нуқул ҳориж радиоларини эшитади. Танглаганиям  майли-я,эшитганларига ўнта қўшиб,овоза қилади. Шуниси ёмон. “Эшонқуловани Кармана туман милициясида 3 соат ушлаб ўтиришган” деган гапни эшитиб олиб,“Холамни уч кун Навоийда қамаб қўйишибди” дея қариндошларимнинг қўнглига ваҳима солган худди мана шу қиз бўлади. Ёш бўлишига қарамасдан,жудаям зукко. Ҳамма балога ақли етади. Баъзан “Касб танлашда адашиб,ҳамшира бўлиб қолгансан-да. Тўқимачилик қобилиятинг бор. Аслида ижодкор бўлишинг керак эди” деб қўяман.

– Нега жуда бамайли хотир ўтирибсиз,тўйга кетдик,туринг,–қистовга олди у.

– “СНБ” холанглардан бири тўйга боришимни маън қилиб кетган менга. Бормайман,–дедим тумтайиб.

– Тўйда иштирок этмасангиз бўлмайди-да,хола. Миш-миш кўпаяди. Шунча гап сўзлардан кейин бир қадам берида бўла туриб,бормайдиган бўлсангиз,эл нима дейди? “Эшонқулова халқ душмани экан. Ўз уйига зиндонбанд этилибди! Хавфли жиноятчи бўлганлиги учунам  уни энди элга қўшишмасмиш,одамлардан айро сақлашаётганмиш” деган ваҳималарга барҳам бериш учун ҳам боришингиз керак.   Бошингизни баланд кўтариб,дўсту-душманнинг олдидан бир ўтинг,хола. Ҳамма кўрсин,ғанимларингиз бармоғини тишлаб қолсин! Юринг. Йўқ деманг,–ақл бўлди Ҳафиза.

Ўйлаб кўрсам,гапларида жон бор. Ўғрига ўхшаб,бекиниб ўтираманми? Борганим бўлсин,дедим-да,тараддудга тушдим.

Тўйхонага 30 дақиқа  кечикиб кириб бордик.  Ўзимга шундай туйилдими,ё ҳақиқатдан ҳам шунақамиди,  билмадиму,ҳарҳолда,тўйхонадаги одамлар келин-куёв бир ёқда қолиб,гуё менга ҳайрат ва ҳадик билан қарашаётгандек эди…

Ҳа,дарвоқе,айтишни унутаёзибман,бу тўхона “ўзимизники”. Тўйхона бекаси  “тиришини ёзиш” учун куни кеча ўзим елкасини зўр бериб “массаж” қилган янгамўллом бўладилар. Шу сабаб ошпаздан тортиб,фаррошгача,официантдан тортиб «посудамоющий»игача уруғ-аймоғим…. Қўйингча,ҳатто тўйхонадаги бугунги меҳмонлар  ҳам бегона эмас,қариндошлар,қишлоқдошлар,тумандошлар….

Бир давра бўлиб ўтиргандик,официантлик қилиб юрган Темур қаршимизга келиб,суратга олди.   Аҳамият бермадим. Опамларнинг даврасидан туриб,янгамларнинг қаторига бориб қўшилдим.  Қарасам,Темур яна келиб суратга олдими,ё видеога тушурдими,ҳарқалай,телефонсимон аппаратни бизга тўғрилади. Бепарво бўлдим. Шунда янгам:

– Темурда бунақанги матоҳ йўқ эдику? Қаердан олдийкин? – ҳавотирли ажабланди-да,уни олдига имлади,–Нима қилаяпсан? Бу нима? Телефонми,фотоаппаратми? Нимага ҳадеб амманг ўтирган столнинг атрофида ўралашаяпсан? – саволга тутди Темурни.

– Менга илтимос қилишганди,–ҳижолатдан нигоҳлари ер чизди Темурнинг.

– Ким?! Нимани илтимос қилишганди? Аммангни расмга олишними?,–янгам мушти билан болакайнинг елкасига нуқтади,–Ким қандай иш буюрса,қилаверасанми,ахмоқ?

– Қўйинг,кўпнинг олдида изза бўлади,ҳали ёш болаку бу? Нимани билади?,–дедим “тасвирчи” болани  бағримга босиб,–Яхшимисан,асалим.  Ким эди ўша илтимос қилганлар?

Темур боши билан эркаклар ўтирган столлардан бирига ишора қилди:

–       Анавилар…

–       Нима,бунинг учун сенга соққа тўлашдими? Қанча беришди?,–эркалатиш оҳангида сўрадим уни бағримдан бўшатмай.

–       Камгинааа,–қизариб кетган Темур кўзларини олиб қочди,бошини эгиб олди.

–        Камгинасига кўнмагин,майлими?,-  унинг қулоғига ҳазиломуз шивирладим,–Аммажонинг жудаям қиммат туради,эсингдан чиқарма,уқдингми?

Темур бош ирғади-да,бағримдан ситилиб чиқиб,қочиб қолди. Бир пасда  одамлар ўртасида ғойиб бўлди.

Мен у ишора қилган томонга қарадим. Таниш чеҳралар:  ЎШАЛАР!

Ажабландим:“Тавба? Менинг видеомни нима қилади бўлар,қизиқку? Раҳбарларига “Икки бошли аждар аёл мана шу бўлади!” деб кўрсатишармикин?”…. Шўх куй-қўшиқ эътиборимни тортди…Майда нарсаларга майдалашиб ўтирмадим,тезда унут бўлди. Эсимдан ҳам чиқиб кетган эди бу воқеа…. Кўп ўтмай,тажрибасизлигим,бепарволигим,соддалигимнинг самарасини интернетда кўриб,қотиб қолдим! “Вой,тиниб тинчимаган одамлар-ей! Нималарни ўйлаб топишмайди” булар!…. Эҳ,шу ерда тарихни яхши билмаганим панд берди-да! Қизиқ,биринчи,иккинчи жаҳон урушининг дахшатли сўронлари-ю,қонли кунларида одамлар тўй-томоша ўтказишмаганмикин? Ўйин-кулгу қилишмаганми? Никоҳ маросимларини ташкил қилганлару,рақсга тушганларни “халқ душмани” сифатида қоқ пешонасидан отиб ташлашганмикин? Буни мен билмайман,аниғини ана улардан,тўй иштирокчисидан “жиноятчи” ясашга тиришганлардан сўраб кўрингчи? Ҳамма балодан бохабар улар…

У-буни қўйинг,ҳукуматдагилар ўз таъқибу ҳамлаларини ҳаспўшлаш илинжида  ҳар қандай  ҳолатдан ҳам оқилона фойдаланиб қолишга уста  бўлишаркан-а?  Қойилмисиз? Энажоним айтардилар-а,“Онасининг сутини ингишвонада пишириб ичган одамлар бор” деб…Худди ўшнақа кишилар тойифадан эканку,булар,а? Сизни билмадиму,аммо мен тан бердим!…Макрнинг қаршисида мотман,қабиҳликнинг қудратидан ҳайрону лолман. Яна нима ҳам дердим…Бироқ,шу  нарса аниқки,  бу кунлар,бу кўргуликлар менга бир умрга татигулик  сабоқ бергани ҳақиқат….

Ҳа,яна бир гап:талабалик йилларимизда бир домламиз “Ҳар яхшининг аммоси,ҳар ёмоннинг лекини бо-ооор!” дердилар кўрсатгич бармоқларини тебратиб,айёрона қараш қилардилар. У пайтлар бола бўлганмизми,ҳарҳолда,домламизнинг бу каби илмоқли ибораларининг мағзини у қадар чақмаганмиз…Бугун устозимиз айтган ўша “ҳар ёмоннинг лекини…”ни тушунгандекман. Энди ўйлаб қарасам,улар вале эканлар,ҳақиқатданам салбий ҳолатнинг ҳам қандайдир бир ижобий жиҳати бўларакан…  Тўғри,умримнинг ўтган шу олти кунида кучли руҳий зўриқиш асабларимни қақаштгани рост. ИИБми-ей,МХХми-ей,хуллас,ўша ўзингиз билган кимсалар мени олти кунлик қаъмалу,яна қандайдир бир видео орқали қўрқитишга,синдиришга урунишгани ёлғон эмас. Бироқ барибир “очко” мен томонда десам,ишонасизми? Инонинг,зотан мен  бу каби майда,кичик “қурбонлик”ларга эвазига салмоқлигина “соврин”ни қўлга киритгандим.  Биласизми,агар мен президент Каримовнинг ўрнида бўлганимда бу хомкалла МХХ-ю,ИИБчиларнинг аризасига қўл қўйиб,  аллақачонлар паттасини қўлларига тутган бўлардим.  Нега?   Негаки,улар шу 6 кун давомида гуё менга руҳий зарба беришга уриндилар. Аслидачи? Амалда эса,улар  менгинага ўзлари билмаган ҳолда кўмакка келишган эди!  Шонмайсизми? Ишонаверинг! То шу чоққа қадар тумандошларим,қўшни овулларни қўя туринг,ҳатто ҳамқишлоқларим ҳам менинг қай бир ташкилотда ишлашим,мақсад-муддаом,фаолиятимдан мутлақо берахабр эдилар. МХХчиларга раҳмат-э,“Бирдамлик”ни,менинг фаолиятимни   ўз туманимда – Оқдарёда бепул  реклама қилиб беришди-я! Гоҳида “антиреклама” ҳам кўзланган мақсадга хизмат қилишини назарларидан қочиришган кўринади,шаввозлар! Ўз фаолиятимни тумандошларим ўртасида тарғибот-ташвиқот қилишни қанчалар истамай,атрофимдаги одамлар онгига “Бирдамлик” деган ташкилотнинг мақсад-муддаосини сингдиришга нечоғлик урунмай,  бу қадар самарадорликка эришмаган,кўзланган мақсадга етишмаган бўлар эдим. Куч ишлатар тизимларига ташаккур,уларнинг кўмаги билан  ташкилотимни тумандошларимга таништиришга мушарраф бўлдим. Айни кунларда ҳақсизликлар ҳолдан тойдирган тумандошларимнинг ичидан лоақал ўнтаси ҳорғин бошини болишга қўйган маҳал “Ўт тушсин бутдай порахўрлик қасрига! Бу ҳуқуматни қулатиш ўша ташкилотларнинг қўлидан келармикан? Илоҳим келсин,бизнинг ҳам елкамизга офтоб тегсин! Эй,Худо,уларга ўзинг қувват бер!” дея,Яратганга  кўнглида бўлса-да,  илтижо қилишига ишонгим келади.  Биласиз,гап дегани элда тез тарқайди. Шу маънода одамлар овозаси –“халқ радиоси” номини олган-да! Мен аминманки,Оқдарёликлар орасида “Э-я,Каримовгаям қарши чиқадиганлар  бораканма?!”,“Каттага қарши чиқса бўлараканма?”,“Ҳукумат қаллоб эканма-а?”,“Халққа жабр қилаётган бу ҳукуматга барҳам берса бўлараканма?”,  “Қўрқмайдиганларам бораканку-а?”,“Ўшандайин ташкилотларга бизам қўшилсак бўларканма?”,  “Мана,битта хотинни тўрт томонидан қуршаб олганлари билан,қўриқлай-қўриқлай,қўлларидан ҳеч вақо кемади-ку! Қамаб қўймади-ку? Бундан чиқди,Каримовнинг ноҳақлигига қарши чиқиш жиноят эмасакан-да?” дея ўйлагувчиларнинг,суйлагувчиларнинг синфи  айнан ана шу ҲУКУМАТ ходимларининг ХИЗМАТИ билан шаклланди.  Демакки,қалбларга умид уруғлари қадалди,бир кун мева берса,ҳосилини ўзингиз кўрасиз! Ким билади дейсиз,ўша  кун келса одамларни оёққа қалқитиш учун қурол ҳам,сармоя ҳам ас қотмай қолар,балки? ҲУКУМАТДА ҲУКМ СУРАЁТГАН ҲАҚСИЗЛИК ХАЛҚНИ ОЁҚҚА ҚАЛҚИТУВЧИ ЭНГ ХАТАРЛИ ҚУРОЛ,АСЛИДА! Шундай! Мамлакатда авж олиб кетган адолатсизлар кекирдагига келган аҳоли кўп ўтмай ноҳақликларга қарши курашга отланишига шубҳа йўқ!…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

 

http://birdamlik.info/?p=26091#more-26091