Jan 312013
 

 

  Бизда советдан қолган бир одат бор.Муҳолифатчи агар у миллат учун жуда катта ишлар қилган бўлса ҳам, бу оламдан ўтгандан кейин у ҳақда гапирилмайди ҳам эсланмайди ҳам. Ҳозир, совет даврида ҳатто ундан кейин ҳам ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлаганларни номлари абадийлаштирилаяпди, ҳатто уларнинг вафотидан сўнг мукофотлар берилаяпди, мақолалар чоп этилаяпди, кўрсатувлар уюштирилаяпди. Лекин Ўзбекистоннинг яқин ўтмиши тарихида шундай инсонлар яшаб ўтганки, улар халқ учун, миллат учун сезирарли даражада меҳнат қилишган. Уларни бугун расмий доиралар эслашни хоҳламаётган экан бу бўшлиқни тўлдиришни биз зиммамизга олишга қарор қилдик. Зеро сафдошларимиз билишсинки, уларнинг бугун қилаётган хайрли ишлари албатта тарих саҳифаларига муҳрланади. Шу фикрдан келиб чиқиб бугун Иброҳим Бўриевни эслашни лозим топдик, зеро у киши эслашга арзигулик инсон эди. Чунки у киши ҳеч қачон ўзининг шаҳсий манфаатини миллатнинг манфаатидан устун қўймаган забардаст инсон эди.

Мен илк бор И.Бўриевни номини 1989 – йили июль ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон компартиясининг пленумидан кейин эшитган эдим. У кишининг ўша пленумдаги ноҳақликларни тўла фош қилувчи мақолалари мухолифат газеталарида чоп этилиб халқ орасида анчагина шов-шувларга сабаб бўлган эди. Иброҳим ака катта-катта лавозимларда ишлаган одам эди. Лекин ўша пленумдаги ишларни кўзи билан кўриб, лавозимларидан воз кечиб муҳолифат сафига қўшилган эди. У киши 1990- йилларнинг бошида Шукрулло Мирсаидов билан бирга бир сиёсий партияни туздилар. Орадан озгина вақт ўтгач расмийлар томонидан тезлик билан бир партия ташкил қилиниб тезда рўйхатдан ўтказилди. Яна бир оз вақт ўтгач Бўриев билан Мирсаидовлар “Ҳақ йўл адолат” номи остида бошқа партияни тузишди. Бу сафар ҳам тезликда “Адолат” номли партия ташкил этилиб, гувоҳларни айтишларича бу партияни қурултойи ўтаётган пайтда рўйҳатдан ўтказилди.

1995- йилнинг декабрь ойида И.Бўриев Москвада Россия ва халқаро ОАВ лари вакилларига жуда кўп ноҳақликларни фош этувчи интервью бердилар. Бу интервьюдан кейин халқаро жаоатчилик орасида катта шов-шув кўтарилди. Ўша кунлари мен “Бирлик” нинг Москвада бўладиган қурултойида қатнашиш учун у ерга бордим. Мен биргина машҳур шоир Ёдгор Обиднинг яшаб турган манзилларини билардим ҳолос. Ўша хонадонга борсам, Иброҳим ака ҳам ўша ерда эканлар. Тонгача суҳбатлашдик. У киши Тошкентга кетмоқчи эканлар. Лекин барчамиз “Борсангиз сизни қамашади, борманг” деб роса кўндиришга ҳаракат қилдик. Лекин Иброҳим ака “Мен ҳеч қандай жиноят содир этганим йўқ. Ҳақиқатни гапирганим учун ўз ватанимга бора олмайманми?” деб уч кундан кейин Тошкентга учиб кетдилар. Айтишларича самолётдан тушаётган пайтларидаёқ ҳибсга олишибди. Тезда бу воқеа шов-шув бўлиб кетди. Мен бир ҳафтадан кейин Тошкентга қайтиб келдим. Орадан 4 ой ўтгач халқаро босим натижасида бўлса керак, Бўриевни озод қилишди. У киши қамоқдан чиқиб ҳам муҳолифатдаги фолиятларини давом этдирдилар. Доим уйларига борсам уй тўла одам эди. Ёрдам сўраб келган кишиларга турли йўллар билан ёрдам берардилар, уларга кураш йўлларини кўрсатардилар.

«Озодлик» радиосида мухбир бўлиб иш бошлаб, водийдаги уч вилоятда бўлаётган воқеаларни ёритиш зиммамга юклатилгач, Иброҳим ака билан фақат телефон орқалигина мулоқот қилиб туришга тўғри келди. Бир куни телефон қилиб” Укам, бир ойда бир Тошкентга келар экансиз. Доим келиб кетганингиздан кейин билиб қоламиз. Келганингизда уйга келинг, кўришайлик!” дедилар. Шу сўзлашувимиздан бир оз ўтиб у кишининг вафоти ҳақида эшитиб, “Ҳар ойда Тошкентга борганимда бир марта Иброҳим акани кўриб қўйсам бўлмасмиди” деб ўзимдан ҳафа бўлиб кетдим. Ушбу мақолам орқали И.Бўриевни руҳларини шод қилган бўлсам, у киши ўзларига яқин тутган бир инсон сифатида ўзимни бахтиёр ҳис этардим. Иброҳим ака Шукрулло Мирсаидов билан қадрдон дўст эдилар. Яқинда Шукур ака ҳам қазо қилдилар. Келгусида Мирсаидов ҳақидаги ҳотираларимни ҳукмингизга ҳавола этаман деб Оллохдан умид қилиб қоламан.

Носир Зокир