Jan 292013
 

29 января 2013

Шавкат Муҳаммад: ҚИЙИН ЖУМБОҚЛАРНИНГ ОСОН ЕЧИМИ

Биринчи жумбоқ: Эчки, карам ва бўрини қайиқда дарёнинг нариги соҳилига эсон омон ўтказиб қўйиш керак. Қайиқ кичик бўлгани сабабли фақат битталаб ташишга тўғри келади. Бирини қайиққа олган кезда қолганлари жабрланмаслиги шарт.

Жавоб: Биринчи навбатда эчкини нариги соҳилга ўтказасиз, кейин карамни олиб ўтасиз ва эчкини ортга қайтарасиз. Эчкини бу соҳилда қолдириб, бўрини нариги соҳилга ўтказасиз. Демак нариги соҳилда бўри ва карамни қолдириб ( бўрига ишонишингиз мумкин, карам уни сираям қизиқтирмайди, карам тирик қолишига мен кафил) , эчкини яна ортга қайтарасиз. Эчкининг бироз сарсон бўлганини айтмасак, ҳаммаси тирик қолади ва мурод мақсадига етиб, бахтини топиб кетади.

Иккинчи жумбоқ: Чориев, Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳни дарёнинг нариги соҳилига ўта эҳтиёт бўлиб ўтказиб қўйиш керак. Қайиқ ўша-ўша кичиккина қайиқ ( катта кема бўлгандаям учаласини бирга олиб ўтолмасдингиз, бир-бирини ғажиб ўлдириб қўйиши аниқ).

 

Жавоб: Биринчи навбатда Чориевни нариги қирғоққа ўтказасиз. Муҳаммад Солиҳ ва Пўлатов ёлғиз қолса бир-бирини тепкилайди деб ўйлашингиз мумкин. Бўлмаган гап. Иккаласи ҳоли қолганда бошни-бошга, шароб тўла пиёланинг гулини-гулига тўғирлаб отамлашадиган даражада қадрдон. Тўғри, Пўлатов бир замонлар Солиҳ олган 53-54чи квартиралар ёнидаги 55-56чи квартираларни Каримовдан ололмаганига бироз аламда, аммо дўстлик олдида бу майда-чуйда,  гап деб гапиришга арзимайдиган гап.

Чориевни қирғоққа тушириб, ортга қайтасиз ва бу сафар Пўлатовни Чориев ёнига олиб ўтасиз. Чориевни яна қайиққа ортиб, Муҳаммад Солиҳ  ёнига қайтарасиз. Зинҳор Пўлатовни Чориев олдида ёлғиз қолдира кўрманг.  Чориевни ювошгина деб алдамчи таасуротга берилманг. Пўлатов бечора бир сафар бошини арматурага уриб олганиям етади. 

Чориевни ёлғиз қолдириб Муҳаммад Солиҳни нариги соҳилда интизорлик билан кутаётган дўсти ёнига ўтказасиз. Эринчоқлик қилмасдан яна бир марта ортга қайтиб зерикиб ўтирган Чориевни олиб келсангиз марра сизники.

Учинчи жумбоқ: Масалани сал мураккаблаштирамиз. Энди Каримов, Чориев , Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳни,  бирини бирига едирмасдан нариги соҳилга олиб ўтиш керак. Ўша сиз билган қайиқ, ўша сиз билган дарё. Бошни бироз қотирсангиз, масаланинг ечимини топасиз.

Жавоб: Қайиқ кичиклигига қарамай ҳаммасини бирйўла қўрқмасдан олиб ўтаверинг. Бу ҳолда фақатгина қайиқ оғирликни кўтара олмай сочилиб кетиши эҳтимоли бор. Сочилса сочилар, тўрталаси бир бирига доимгидек кўмаклашиб соҳилга эсон-омон чиқиб олишади. Сиз эса ўз жонингизни қутқаришни ўйланг.

Шавкат Муҳаммад

Одессия 2013

 

http://www.dunyoovozi.blogspot.ie/2013/01/blog-post_5030.html#more