Jan 122013
 

torabek sanoТўрабек Сано

 

(Воқеий ҳикоя 2007 – йилнинг ёз фаслида оқга туширилган.) 

2006-йилнинг ёзи. Ўш шаҳри Қирғизистоннинг жанубида бўлганлиги учун, бу ернинг саратони Ўзбекистон жанубидаги каби бўлмасада, лекин иссиқ кечади. Навбатдаги иш куним. Мен 15 тонна — яъни 350 қоп алебастр юкланган улкан КаМАЗ юк машинаси устида туриб пастдаги ишчиларга қоп узатиб турибман. Узатилган қопларни дўкон ичкарисига олиб кириб тартиб билан тахлаётган икки шеригим ҳам ўзбеклар. Фақат улар маҳаллий ўзбеклар. Миллатдошим бўлганлиги учун ҳам шулар билан шерик ишлашга рози бўлгандим.

 

Иккала шеригимнинг ҳам ёши мендан анча катта, отам тенги кишилар. Чамаси улар бунақанги оғир ишларни қилавериб «пишиб» кетишган. Улар мен узатаётган қопларни басма-басига елкаларига олиб, дуконнинг ички хонасига тахлаб чиқишмоқда. Машинанинг орқа қисмидаги қоп қаторлари камайган сайин менинг меҳнатим қийинлашмоқда.  Имкон қадар тезроқ ишлашга, уларни куттириб қўймасликка ҳаракат қиламан.

Машина қуёш тиғида узоқ вақт туриб қолгани учун бўлса керак, қоплар хозиргина саҳро қуми юклангандек иссиқ. Айниқса, тепадаги қоплар нақ қўлни куйдиради. Мен Ўзбекистон жанубида туғилиб ўсганман. Ёз жазирамасига шерикларимга нисбатан менда кўникма кўпроқ. Лекин, бу каби оғир юмушларга ҳали унча ўрганишмаганим учун ўзимда хорғинлик сеза бошладим.

100 қопдан кўпроқ юк тушириб бўлинганида жуда толиқдим. Пастдаги шерикларим кутиб қола бошлашди. Бир қопни тортиб келиб, елкасига олиб бериб, иккинчисини келтиргунимча, хозиргина қопни олиб кетган киши қайтиб келишга ҳам улгуриб бўларди. Имкони борича тезрок ишлашга ҳаракат қиламан. Гоҳ пешанамдан қуйилаётган терни, гоҳ алебастр чанглари ва тер туфайли хамир қорган нонвойнинг қўллари каби шилта бўлаётган қўлларимни каржомамга артишимга тўғри келади. Ора – чора артиниб, яна жон-жаҳдим билан ишга киришаман.

Бундай ишга ҳали кўникмам йўқлиги, боз устига эрталаб нонушта қилмай ишга отланганим ўз кучини кўрсатди. Пастда, сояда ўтирганча ишлашимизни кузатиб турган қориндор хўжайин, шу алебастрни сотиб олган дукондор менга қараб бақира бошлади:

Хей бувинди …, бўл тез-тез!

Қирғизистон жанубий вилоятларининг турғуни бўлган ўзбекларнинг Ўзбекстондан келган ўзбекларга нисбатан совуқ муомалада  бўлишини мен бу ерга келган кунларимдаёқ сезганман. Ростини айтай, мени Қирғизистон қирғизлари бунгача бирон марта ҳақоратламаган ва шукур-ки, бугунги кунда ҳам қардошларимдан озор чекмадим.

Лекин, миллатдошим бўлган дўкондорнинг сўкинишлари менга оғир ботар, қалбимга тиғ каби санчиларди. Начора, ишлашим, пул топишим ва кунимни кўришим керак.

Дукондорнинг муомаласидан жаҳлим чиқарди. Жаҳл зардасини ҳам ишга бағш қиламан. Янада қаътият билан ишлай бошлайман. Лекин, барибир хорғинлик зўридан бу қаътият бир неча дақиқаларгина давом этади. Яна толиқиш устун келиб, қопларни етказиб  бера олмай қоламан.

Шерикларимнинг бири, 35 ёшларни қоралаб қолган ўзганлик Акром менга пастга тушишни буюрди ва  ўзи юк машинасининг устига чиқиб, қоп узата бошлади.

Жойимни алмаштирганим ҳам бирозгина иш берди. Юқоридан олиб берилган  қопларни елкага  қўйиб ташиш, дўкон ичига олиб кириб тахлаш қоп узатишдан кўра осонроқ экан, деб ўйладим. Дастлабки эллик қопларни осон ташидим. Лекин, яна толиққаним, қорнимнинг жуда очиққани сезилиб борди.

Навбатдаги  қопни елкамга қўйиб бир неча қадам юргандим оёғим  чалишиб йиқилиб тушдим. Елкамдаги қоп ерга зарб билан урилиб тушгани учун ёрилиб кетди ва алебастр тўкилди. Мен ўрнимдан туриб шоша-пиша қопни  турғаздим. Ҳўл қўлим билан тўкилган алибастирни ҳовучлаб, қопга сола бошладим. Бу ишни ҳадик аралаш қилдим. Боя дукондор қаергадир кетганини кўргандим. У келмасидан хатоимни тузатишга шошардим. Лекин, дўкондорнинг хотини сўкиниш ва ҳақорат қилиш бобида эридан ҳам ошиб тушди.

У харидор ва савдосини ташлаб тепамга етиб келди:

—  Эй, итни боласи, эҳтиётласанг бўлмайдими? Пулга келган бу товар, пулга.

Иззат нафсим тапталди.  “Итнинг боласи”- деган сўзни шу ёшгача ҳали эшитмаган эдим. Юртимда бўлганимда биринчи қўпол гап учун яхшилаб жавоб қилган, ёки “бор-э!”- деб жуфтакни ростлаган бўлардим. Мусофирчилик мени ҳамма нарсага чидашга мажбур қилаётганди. Лекин, бу мусофир ўлкада ишлаб кунимни кўришга мажбурман. Шунинг билан бирга  ҳақоратланишга ҳам маҳкум эканман.

Паст овозда:

Кечиринг, – дедимда дукондор аёлга. Йиртилган қопни бир чекага суяб қўйиб, яна ишимни давом эттирдим.

Елкамга қоп олиб, дўкон бўсағасидан ҳатлаётганда ўнг тиззам ачишаётганини сездим. Юкни жойига тахлаб бўлиб тиззамга қарадим. Боя йиқилганимда тиззам қаттиқ лат еган экан. Кафтча катталикдаги қонталаш жароҳат, унинг ҳар жой – ҳар жойидан сизиб қон оқарди. Чиқаётган қонлар бирикиб, тўпиғимгача етибди. Нима қилишни билмай қолдим. Ишни тўхтатиб, бирон латта билан боғлаб олсаммикин, деб ўйладим. Дўкондорнинг аёли харидорга қандайдир товарни мақтамоқда эди. Яна, тўхтаганимни кўриб, ҳақоратлаб, қарғаб бермасин деб ишни тўхтатмадим.

Янаги қопни келтиргунимча жароҳатим баттарроқ ачишди. Қон энди пайафзалим ичига қуйилаётган эди. Оқибатини ўйлаб ҳам кўрмай, ҳалиги  йиртилган қопдан бир сиқим алебастр олдимда, жароҳатимга босдим. Қон оқиши тўтамади. Янаги қопни жойига қўйиб, яна бир сиқим алибастир босдим.

Шундан сўнг қон оқиши тўхтагандек бўлди. Лекин, тиззам баттарроқ ачиша бошлади. Қон қўйилган алибастрга сингишиб бўлиб, яна пастга оқа бошлаганди. Навбатдаги қопни ташиб келиб, бир нафас жароҳатимга қоғоз босиш учун атрофга алангладим. Шу вақт харидорнинг пулини санашга бошлаган дукондор аёл яна шанғиллаб қолди:

Ҳов нима-а-а  лаллаясан?! Бўл тез, бўл. Чаққон-чаққон қимирла!

Яна жаҳд билан ишга киришаман. “Озгина қолди. Қаттиқроқ ишласам, балки оғриқ сезилмас”-дейман ўзимни овутиб.

Ва ниҳоят сўнгги қопни елкамга олиб, дуконга кирдим. Жуда силлам қуриганидан, қопни тепага чиқармай, унга ўтириб олдим. Қилган ишимизга разм солдим. 15-тонна алебастр билан дуконнинг катта омбори тўлганди.

Тиззамдаги жароҳатга босган алебастр тошдек қотиб бўлганди. Оқиб тушган қон эса тиззамдан тўпиғимгача йўғон қизил чизиқ ҳосил қилибди.

Ишни битирганимизни кўрган дукондор аёл, машина устига разм олиб келдида:

Хизматчини елкасидаги тери  қуримай туриб хизмат хақини бериш мусулмончиликда суннат ҳисобланади”—деди ва бизнинг ҳақимизни бериш учун чўнтак ковлади. Мен хурсанд —бўлиб  ўрнимдан турдим ва аёлга яқин бордим.

Келишилганидек ҳар биримиз учун 150 сомдан пул тайёрлаб қўйган экан. Битта элликталик қолган иккитасига белбоғ қилиб, бўлак-бўлак қилиб букланган. Пулларнинг икки бўлагини Акром ва Суҳробга узатди.

Мана бу анови болага—деди у Акромга пулни узатиб. Мен хизмат ҳаққим учун қўлимни чўзган ҳолда таажуб билан қотиб қолдим.

Келишилганидек ҳар биримиз учун 150 сомдан пул тайёрлаб қўйган экан. Битта элликталик қолган иккитасига белбоғ қилиб, бўлак-бўлак қилиб букланган. Пулларнинг икки бўлагини Акром ва Суҳробга узатди.

Мана бу анови болага—деди у Акромга пулни узатиб. Мен хизмат ҳаққим учун  қўлимни чўзган ҳолда таажуб билан қотиб қолдим.

Акром ака эса менинг пулимни ҳам ўзиникига қўшиб чўнтагига солиб қўйди. Ғалати бўлиб кетдим. Иш ҳаққим учун узатилган қўлимни қачон йиғиштирганимни ҳам билмайман. Дукондор аёлга нафрат билан тикилиб қолгандим.

Аёлнинг бу ҳаракати олдинги хақоратларидан ҳам ошиб тушганди. У “Мана бу анови болага”- иборасини шундай беписандлик билан айтдики, қулоқларим шанғиллаб кетгандек бўлди. Унинг афт ангори ва ҳаракатида кўчадан келган қўтир итга суяк ташлаётган кишининг кайфияти зуҳур эди. У менинг нафрат билан қараб қолганимни кўрди. Балки шунинг учун ҳам қайтиб биз томонга қарамай, алламбало ишларга уринаётган бўлди.

Менда боя бўлгани каби исён жумбушга келаётган эди. Агарки, хизматчининг терлаган елкаси қуримай туриб хизмат ҳақини бериш мусулмончиликда суннат  ҳисобланишини билган бу аёл нимага менинг хизмат ҳақимни ўзимга бермайди? Айбим Ўзбекистонлик бўлганим-ми? Ахир, унинг ўзи ҳам ўзбек-ку! Ҳе, бундай миллатдошни…

Дукон пештахтасига томон юра бошладим. Бу орада Акром ва Сухроб пакетларга  солинган тоза кийимларини олишиб, дўкондан чиқиб кетди. Яна, мусофирлигим, пулга зорлигим ёдимга тушди. Улар пулимни бермай қочиб қолмасин, деган хавотир кечди кўнглимдан. Дукондан чиқдим.

Акром ака, пулимни беринг!

Акром ака менинг гапимга беписанд ва истамайгина жавоб қайтарди:

Ука, мен пулингни еб кетмайман. Сойга бориб чўмилайлик, озроқ дам олайлик. Бераман.
Мен индамадим, тўғророғи барибир беради, дея ишондим. Отам тенги бу киши бироз жаҳлдор кўринганди. Бериш нияти бор экан, яхшиси жаҳлини чиқармаганим маъқул.

Бир чақримдан камроқ йўл юриб шовуллаб оқиб турган сой бўйига келдик. Улар ишчи кийимларини еча бошладилар. Акром ака  каржомасидаги пулларни олиб, тоза кийимига солиб қўяётганини кўрдим. Яна бир муддат ишончим йўқолди. “Бериш нияти бор экан, нима қилади у чўнтагидан бу чўнтагига солиб”-дея ўйладим. Яна кайфиятсизланиб, ечина бошладим.

Сой суви совуқ эди. Йўлда ҳам бироз терлаганим учун сойга бирдан ўзимни ташлагим келмади. Лекин, иш кийимларимни олиб сойнинг тиззамдан келадиган жойигадовур тушдим. Жароҳатимдаги алибстир аралаш қотган қонни бироз ивитишни мўлжалладим. Тер ва чангдан оқариб кетган кийимларимни юва бошладим.

Қайта-қайта совунлаб ювсамда кийимларимнинг асл ранги очилмади. Уларни эртага яна ишга кийиб чиқишимни ўйлаб, сувини сиқиб соҳил бўйида турган ҳарсанг тош устига ёйиб қайтдим.

Қибла томонга оғиб бораётган қуёшга қараб соат 6-7 лар бўлибди, деб тахмин қилдим. Сойнинг боя кирларимни ювган жойдан сал беридаги тошга ўтириб, жароҳатимни аввайлаб кўчира бошладим. Товон ва тўпиқларимдаги алибастир билан қотган қонни теридан ажратиш оғриқ берсада, лекин у тиззамдаги жароҳат жойини тозалаш азобидан юз карра енгилроқ кечди. Тиззам яна қонай бошлаганди.

Ювуниб бўлгач, қирғоққа чиқдимда сумкамдан белбоғни олиб, узунасига букладим. У билан жароҳатимни кучим етгунича қисиб боғлаб қўйдим. Талай муддат сув совиғини олган жароҳатли жойимга қаттиқ сиқиб боғланган қуруқ латта ҳуш ёқиб, оғриқ чекингандек бўлди.

Кийим ёйилган ҳарсангнинг четига ёнбошлаб сой томонга қарадим. Шерикларим ҳали-вери сувдан чиқмоқчи эмасди. Йигитлар мен томонга бараварига қарашиб, сойнинг ичкарироқ жойига кетишди.

Улар мендан анча нарида белларигача сувга кирган куйи анча вақт суҳбатлашиб ўтиришди. Зарур ишлари йўқдир-ки, шошилишмаяпти, деб ўйладим ва ўз ҳаёлларим билан банд бўлдим.

Бу орада қуёш уфққа бош қўйиб, узоқ қоянинг сояси сойнинг биз турган жойигача етиб келди. Энди мен кетишим кераклигини англадим. Ювилган куйлагим ҳарсангнинг иссиғидан қуриёзиб қолганди. Кийина бошлаганимда шерикларим сувдан чиқиб келишди.

Энди ака, пулимни берсангиз,- дедим кийимлари олдига етиб келган  Акром акага томон юриб.

У менга ўгирилиб, беписанд назар ташлади.

Ўзи сен қаердан келгансан, тўғрисини айтовур.
— Қорасувданман,-деб айтувдим-ку.
— Ким ишонади бу гапингга, шеванг Самарқандликларникига ўхшайди. Кўриниб турибди.

Унинг гап оҳангидан пулимни бермоқчи эмаслигини пайқай бошлагандим.

Пулимни берасизми, йўқми?— дедим. Беихтиёр овозим зардалироқ чиқди. У эса парвосиз кийинар, ёқимсиз саволлар билан вақтни ёлғондакам чўзаётганини пайқаш қийин эмасди:
— Нимага юртингни ташлаб чиқдинг?
— Ташлаб чиқмаганман, ишлашга келганман! Худди бу ердагилар Россияга, Россияликлар Америкага иш излаб кетгани каби.

У бу гапимга масхаромуз кулди.

Ўз юртингга сиғмадингми? Йигирма беш миллион аҳоли сиққан Ўзбекистонга сен сиғмабсан-да?
Мен ҳозир қандай маъқул жавоб қилмайин унга таъсир қилмасди. Жаҳл билан умримда биринчи бор ўзимдан катта ёшли кишини сенсираб юбордим:

Пулимни берасанми, йўқми ўзи?

Бу гапимга ҳам Акром парво қилмади. Суҳроб менга ҳезланди.

Биздан пул талаб қилишга ҳаққинг йўқ сенинг! Биринчидан юртимизда яшаётганинг учун бизга солиқ тўлашинг керак. Иккинчидан, сендақа ватангадоларга берадиган пулимиз ҳам йўқ.
—Мен ватангадо эмасман! – Овозимни бир неча парда юқорилатиб гапирдим.
Суҳроб кўзларида нафрат жамлаганча яқинимга келди. У менданда баландроқ қилиб бақирди:
—Сен ватангадосан! Ҳа, ҳа ватангадосан! ВА-ТАН-ГА-ДО!

Ич-ичимдан нафрат алангаланди. Вужудимдаги бор қувватимни йиғиб, қўлларимни мушт қилганча Суҳробга ташландим. Ҳамла қилганимда у эсанкираб қолмади ва мўлжални аниқ олиб оёғи билан қорнимга тепди. Кучли зарбдан мувозанатини йўқотдим. Ортимда ётган тошлар ўзимни ўнглаб олишимга ҳалақит берди. Сой ичига қулаб тушдим.

Ҳам қорнимга беҳос тушган кучли зарбдан, ҳам жаҳл зўридан нафас олишим оғирлашди. Тезроқ ўнгланиб оёққа туриб олишга улгурдим. Қирғоққа, Суҳроб томонга югураман деб, сой ичидаги силлиқ тошга оёқ қўйган эканман, тойиниб кетиб, яна сувга йиқилиб тушдим. Соҳилда эмаклаб чиқиб, қўлимга каттагина тош олдим.

Пулимни берларинг! Йўқса тош билан икковингнинг  ҳам миянгни чоқаман.

Акром менга яқинлашди ва дона дона қилиб:

Мияни чоқмайдилар, чақадилар. Сен бизнинг юртимизда қонуний юрганлигинг ҳақида бирор-бир ҳужжат кўрсат. Кейин пулингни берамиз,-деди.

Бир қур, агар хужжатимни кўрсатсам пулимни беришар, деган илинж кўнглимни чулғаб ўтди.
— Бор менда ҳужжат. Пакетимни олиб бер кўрсатаман,- дедим ва Акромдан сал нарида турган сувхалтани кўрсатдим.

Акром пакетни мен томонга улоқтирди. Уни титкилаб, кўйлагим чўнтагидан хужжатимни олдим. Бу — Қирғизистон Миграция Ҳизмати  томонидан берилган гувоҳнома эди.

Мана ўқи ва пулимни бер. Акром қўлимдан гувоҳнома нусхасини юлқиб олди ва у ёқ – бу ёғини кўздан кечиргач, уни бир неча бўлак қилиб йиртиб, ғижимлаб, сойга улоқтирди.

Мен ҳайратдан донг қотиб қолдим, лекин тезда эс-ҳушимни йиғиб олиб сойга тушдим. Ғижимлаб отилган қоғоз сув сатҳида ҳар томонга учиб тушганди. Уларнинг уч – тўрт бўлагинигина тута олдим. Ўнқир – чўнқир тошлар кўп, сой ўртасидаги сув кишининг белини бўйларди. Боз устига сойнинг ўртаси қирғоғига қараганда тез оқаркан. Сув ичида чопиб бўлмади, қолган қоғоз парчалари тезда кўздан ғойиб бўлиб кетди.

Бир оз қуйида, ўт ўланларга бир оз илиниб, эндигини қирғоқнинг суст оқимида оқа бошлаган қоғоз парчасига кўзим тушди. Шу томонга югурмоқчи эдим, оёғим сой остидаги силлиқ тошда сирғаниб кетди. Муозанатни ушлаб қола олмай, яна йиқилдим. Сув остидаги учқур бир тош сонимни тилиб юборди. Дарҳол қўлларимни соҳил тубига тираб сувдан чиқишга уриндим. Лекин, негадир қўл – оёқларим бемадор эди. Беҳол бўлиб, ётиб қолдим. Сув елкамдан ошиб тушиб оқарди.

Сув ичида нафасим қайта бошлади. Узоқ вақт сувда туриб қолгандек бўлдим. Қирғоқда Акром билан Суҳроб қаҳ-қаҳ уриб кулир, нималардир деб мени калака қилишарди. Жуда қийналиб сувдан чиқдим. Тутиб қолган қоғоз парчаларида хужжатимнинг муҳр урилган жойи қолганми – йўқми, шуни текширмоқчи бўлдим. Ҳаёлимдан агар муҳр жойи бўлса, хужжатни қайта тиклашим осонроқ бўлади, деган ўй кечганди.

Қирғоққа чиқибоқ қоғозларни ёзиб кўра бошладим. Уларни бир қўлимда жипс қилиб ушлаган эканман, бир – биридан ажратиб олиш ҳам жуда қийин бўлди. Хатто айримлари ажратиш асносида йиртилиб кетди.

Қоғоз парчаларнинг ҳеч бирида муҳр изи йўқ эди. Лекин, қўл ва типографик ёзувлар аниқ, уларни ўқиса бўларди.  Кўнглимдан, барибир қочқинлар билан ишловчи “Адилет” ҳуқуқий клиникаси юристлари ўртага тушса, “Миграция ҳизмати идораси” хужжатимни тиклаб беради, деган умид кечди ва қоғоз парчаларини ҳўл кўйлагим чўнтакларига солиб қўйдим.
Шу вақт юзимга жуда кучли зарба урилди. Оғиз ва бурнимга бир ҳилда берилган тепки залваридан кўзимдан ўт чақнаб кетгандек бўлди. Чалқанча бўлиб сувга йиқилдим. Қўлларим билан юзимни чангаллаб қолдим. Бирпастда димоғимга қон ҳиди урилди. Танглайимдан томоғимга томон илиқ  қон сизиб ўта бошлади.

Йигитларнинг қай бири тепганини билмай ҳам қолдим. Қулоғимга телбаваш қаҳ-қаҳа овозлари келар, лекин бу овозлар олислардан келаётгандек эди. Овозлар аста – секин яқиндан эшитила бошлади.

Қирғоққа қарадим. Бир-бирини туртишганларича кулишар, кўзим ёшлангани учун бўлса керак, уларнинг қай бири Суҳроб, қайси Акром эканлигини фарқлай олмасдим.

Шу вақт уларнинг бири ўгирилиб ортига қаради ва:

Чўзилиб ётар Ватангадо,
Биз кетияпмиз алвидо!-деди. Бу Суҳробнинг овози эканлигини идрок қилолдим. Бошимни ҳиёл эгиб уларнинг орқасидан қараб турардим.

Қўлларимга қарадим, кафтим қон бўлибди. Бу тепки зарбидан ёрилган лабимдан оққан қон бўлса керак. Лат еган бурнимнинг қони ҳамон танглайимга қуйиларди. Зарб тушган жойимга ҳўл латта босгим келди. Қонни тўхтатиш учун эмас, юзим лабу – бурним аралаш қизиб, ловиллай бошлагани учун шундай қилгим келди.

Ўн қадамлар наридаги кийимларимга боришга ҳам ҳолим келмади. Танимда қувват йўқ эди.
Қирғоқнинг мен ётган жойи жуда саёз эди. Шу томонга юмаланиб, сув ичига чалқанча ётиб олдим. Бошим ва кўйлагимнинг ҳаво кириб қолган кўкрак қисмигина сувдан чиқиб турарди. Бошимни ҳам сув ичига кўпроқ тиқдим. Сувни юзимга урилиб оқиши ҳуш ёқди. Бир оздан сўнг шу тақлид ётиш белимга малол келди. Бошимни кўтардиб, ёнбошлаб олдим. Лабимдаги шўртак қон таъми ариганди. Шу холда ётиб фикрлай бошладим.

Нима учун улар сойда узоқ вақт чўмилиб, вақтни чўзганликларини олдинроқ идрок этмаганимга афсусландим. Уларнинг пулимни бермоқчи эмаслигини пайқагандим. Лекин, ишонувчанлигим шубҳалардан устин келганди. “Буни билишим керак эди” – дедим ўз ўзимга. Билганимда-чи? Билганимда нима қилардим?

Пул солинган кийимини олиб қочишим керак эди, дея ўйладим. Улар сой ўртасида, кийимлари мен кир ювган, чўмилган жойга жуда яқин эди. Тўрт ҳатласам етардим. Уларнинг ярим ёшидаман. Хозиргидай аҳволга тушмасдан қочганимда менга қувиб етишолмасди… Алам устида шундай фикрлаётгандим. Лекин, бу каби ишларни қила олишимга ўзим ҳам унча ишонмасдим.

Кун ботган, теварак-атрофда инсон зоти кўринмасди. Бу маҳалда ҳеч ким чўмилишга келмаслиги табиий. Мен судралиб сойдан, саёз сув оқимидан чиқиб олдим. Уйга ета олмаслигимга кўзим етди. Қувватга энганимда ҳам хужжатсиз шаҳарнинг нариги четидаги ижара уйга бора олмасдим.

Узоқ вақт соҳил  бўйида чалқанча ётдим.Тоғли минтақа бўлгани сабаб кеч тушиши билан тезда  ҳарорат пастлади. Дара бўйлаб шабада эса бошлади. Мен ҳўл кийимда ётаверсам шамоллаб қолишим мумкин, деб ўйладим. Ювилган кийимларим ҳали ҳам тош устида турганди. Энди шаҳарга киядиган кийимларимни ечиб уларни кийганим маъқул эди. Ҳарсангтошнинг тапти билан шимим ҳам қуриб қолгандир.

Жойимдан бироз қийналиб турдим ва ҳарсангтош олдигача юриб боришимга кўзим етди. Шугина масофани ўтибоқ яна ўн чақирим юрган каби танимда чарчоқ сездим. Ҳўл кийимларимни ечиш анча қийин кечди. Ҳарсанг иссиғидан шимим ҳам қуриб бўлган эди.

Мен уйга кетиш учун эмас, шамоллаб қолишдан чўчиб кийинган эдим. Яна таним қуватсизланаётганини кўриб, чекароқ бир панага ётишни мўлжалладим. Ҳўл кийимларимни сувхалтага солиш учун энгашдим. Сўнг чап оёғимни ерга тираб қаддимни ростламоқчи бўлгандим, бирдан қорнимда кучли оғриқ пайдо бўлди ва мункиб кетиб мувазонатни йўқотиб, йиқилиб тушдим.

Бирон бир егулик емаганимга бир сутка вақт бўлганди. Суҳробнинг тепкиси туфайлими бу оғриқ ёки очлик туфайлими, билиб бўмасди. Худди очлик ва зарб азоби уйғунлашиб кетгандек эди.

Соҳил бўйида тунаб бўлмасди. Сойдан узоқроқ бир панада ётишни ҳоҳлаётгандим.  Туришга мажолим келмади. Пакетдаги кийимларимни бошимга қўйиб, шу ернинг ўзига чўзилдим. Балки яна бироз ётсам, юра оларман, деб ўйладим.

Осмонда юлдузлар чарақларди. Бугунги оғир иш, мушт ва тепки зарблари танимга кучли ҳорғинлик бераётганди. Карахт ҳолда талай муддат ётдим. Ухлай олдимми, йўқми билмайман, бир пайт қандайдир қадам товушидан хушёр тортдим. Бошимни кўтариб, қадам товуши келган ёққа қарадим. Эллик қадамлар нарида бир кўланка мен томонга келарди.

Осмонда юлдузлар чарақларди. Бугунги оғир иш, мушт ва тепки зарблари танимга кучли ҳорғинлик бераётганди. Карахт ҳолда талай муддат ётдим. Ухлай олдимми, йўқми билмайман, бир пайт қандайдир қадам товушидан хушёр тортдим. Бошимни кўтариб, қадам товуши келган ёққа қарадим. Эллик қадамлар нарида бир кўланка мен томонга келарди.

Кўланка яқинлашган сари юриш – туришидан Акромга ҳам, Суҳробга ҳам ўхшатмадим. Қаттиқроқ тикилиб, ўнг қўлида сумкаси борлигини илғадим. Янада яқинлашганида чап қўлида қармоғи кўринди. Қадам ташлашидан ва қадду-бастидан қари киши бўлса керак деб, ўйладим. Келгувчи беш қадамлар қолганида, туйқусдан мени кўриб қолди. Чамамда, бироз сесканиб кетди.

Кто ты? – деди у ва овози ҳам қарияларга ҳос эди. Негадир унинг рус миллатига мансублигини билиб, анча хотиржам тортди.
—Конечно же человек! – дедим. Жавобим бироз дағал чиққанини сездим. Бу ҳам бояги кайфиятсизлигимнинг оқибати, дея ўйладим.

Қария тепамга келиб яхшироқ разм солди.

Вижу, что человек. Но что ты здесь делаешь?
— Да так…..Хотел поехать домой….. Беспомощен я, то не получается.
— Почему, какова причина? Ты….болен?
— Нет, я совершенно здоров, всего – лишь меня избили до полусмерти. К тому же, я голоден  как собака…
— Кто же так бесчеловечно издевался над тобой?
— Националисты….. Нацисты
— Как это так?! Разе в нашем городе есть националисты?
— ………
— Понятно… Очень даже понятно…
У ёнимга келиб чўнқайиб ўтирди ва қўлидаги латтадан қилинган халтасини очиб, бир бурда нон ва унинг ярмича келадиган пишлоқ чиқариб берди. Чолга боқиб, кўзларида меҳр ва ачиниш аломатларини кўрдим.

Қариянинг узатганларини оларканман, ноннинг ҳиди димоғимга урилди. Умримда ҳеч қачон нон ҳидининг бунчалар ёқимли бўлишини туймагандирман. Дарҳол нон ва пишлоқдан бир – бир тишладим. Очирқаниб чайнаётганимда ҳомийимга миннатдорчилик билдириш кераклиги ёдимга тушди.

Спосибо! – дедим чолга.

Сўнгги луқмани ютаётганимда балиқчи менга қараб, бир нафас қулочини кенг ёзиб турдида, кейин “тап” этип тиззаларига урди. Унинг бу ҳаракатларига дастлаб тушинмадим. Чол яна сумкасини очиб, буханка кесишга тушганида, англадим-ки, у хозирги ҳаракати билан қўлимдаги егуликлар зумда ғойиб бўлганига ажабланганини билдирган экан.
Чол нон устига юпқа пишлоқ бўлагини қўйиб, менга узатди. Буни ҳам иштаҳа билан ер эканман, сув ичгим келди. Балиқчи шу ҳолатимни сезган каби олдимга елим идишга солинган сут қўйди.

Ердаги майда тошлар тирсагимга бота бошлаганди. Чолдан ўтириб олишимга ёрдам беришини сўрадим. Бу меҳрибон қарияга балиқ тутишдан кўра мени боқиш хуш ёқаётгандек эди. Унинг узатганларини ҳарсангга суянган куйи, то нафсим ором олгунча едим.

Бирдан ҳижолат бўла бошладим. Чолнинг олиб келган озиқларини деярли еб битиргандим. Буларни балиқчи ўзи учун олиб чиққанлигини эндигина идрок этаётгандим. Очапотлигим учун кечирим сўраб қўйишим керак, деб ўйладим. Менинг кечирим сўрашимга у қўл силтаб қўя қолди. Хатто, бўшаёзган сут идишини сумкасига жойлаётганида, юзида чолларга ҳос завқланиш аломатларини кўрдим. Бу вақтда уфқдан бош кўтараётган ой таъсирида зимистон чекинаётганди.

Қорнимга егулик кирганидан танам бир оз қувватланганини сезардим. Яна бир неча дақиқадан сўнг, Қоронғулик чекинди ва уфқдан баркашдек ой бош кўринди. Шу ёруғликдан фойдаланиб, меҳрибон бу чолнинг юзига яхшироқ тикилиб олиш ғанимат, деб ўйладим.

Яқин орада бундай кўринишли кишинига дуч келмаган эдим. Чол юзининг ҳар бир ўлагида қарилик аломатлари бор эди. Пешанасида қат-қат ажин, ҳар иккала кўзининг қулоқ томонидан чўзилган чизиқларнинг айримлари ияк қисмигача етиб келган. Гўё шу туфайли ияги ҳам ўнқир – чўнқир бўлиб келиб, даҳани остидаги ажинларга туташиб кетганди.

Бошқалар нима дейишини билмайман, лекин, мен шу воқеадан кейин айрим одамларда кўрганим, чолникига ўхшаш ажинларга кўзим тушса, бу чизиқлар — соҳибининг саҳийлиги ва яхши одам эканлигидан дарак, дея ўйлайман.

Чол билан бир соатчи суҳбатлашдик. Бугинги воқеаларни айтиб бердим. У мени диққат билан тинглар, ачиниш ва таъжубларини билдирар, шунча вақт давомида бу ерга балиқ овлаш учун келганлигини эсламасди.
Қадрдон қария билан хайрлашиб уйимга йўл олдим. Шохкўчаларда қатнаётган транспортларни айтмаганда, бутун шаҳар уйқуда эди.

Ёнимда хужжатим йўқлиги боис катта кўчалардан юришга журъат қила олмадим. У ерларда милиция ходимлари бўлиши керак, деб ўйладим. Ўш вилоятининг Тартибни сақлаш ва Ҳавфсизлик идоралари ҳодимларини ўзбек ҳамкасбларидан қолишмайди, деб баҳолардим. Агар, хужжатсиз қўлга тушсам, улар менинг оёғимни тегизмай чегарадан ўтказиб қўйишлари турган гап.

Ижарада яшайдиган уйга ҳавфсизгина етиб келдим. Бугунги кун жуда хоритганди. Тўшакка чўзилдим-у кўзим уйқуга кетди.
Уйғонганимда тушга яқинлашиб қолганди. Биринчи қилган ишим жароҳатларимни қайтадан боғлаш бўлди. Сонимдаги кеча тош тилиб кетган жой шимимга чилп ёпишиб қолган эди. Уни ажратгунимча анча азоб чекдим. Ярамни боғлаб бўлгач,шошиб нонушта қилдим-да, кўчага чиқдим. Мақсадим, хужжатимни тиклаш эди. Эҳтиётни унитмай, чека кўчалар орқали биз қочқинларнинг ҳуқуқий клиникамиз, “Адилет” ташкилотига келдим.

Ўзбек миллатига мансуб ўзбек юрист мендан хужжатимни кимлар йиртганини суриштирди.

Маҳаллий миллатдошлар,-деб қўя қолдим. Негадир кечаги воқеалар тафсилотларини айтишни истамаётгандим. Юрист ҳам ортиқча суриштириб ўтирмади. Ташкилотнинг хизмат машинасида Миграция депортаменти идорасига келдик. Бу ерда ариза ёзиб, йўқолиш сабабларини ёзишимга тўғри келди.

Кечга томон менга янги гувоҳнома беришди. Миграция ходимлари хужжатимни тайёрлашга киришгач, юрист иш жойига қайтиб кетганди. Йўлакда кетарканман, худди биринчи марта шу каби хужжатга дуч келган каби, гувоҳномамни сўнгги сатригача ўқиб чиқдим.

Негадир, кечаги соҳилга боргим келди. Қарияни кўргим, у билан суҳбатлашгим келарди. Кеча суҳбатлашганимизда у: “Бугун кечикиб келдим”- дегандек бўлувди.

Сой бўйига бир пастда етиб келгандек бўлдим. Яхши хордиқ олганим, кечаги куннинг чарчоқ ва кўнгилхираликлари аригани учун кайфитим кўтаринки эди. Худди, бу ерга биринчи бор келган каби тоғларнинг гўзал манзараларини томошо қилмоқда эдим. Атрофдаги тоғлар жуда гўзал ва виқорли эди. Бу гўзалликларни кеча пайқамаган эдим. Пайқай олмас ҳам эдим.
Сойнинг шаҳарликлар келиб чўмиладиган бу қисми кенгроқ бўлиб оқарди. Лекин, 200 метрча нарида, даранинг торайган жойида сой ҳам энсиз, суви жўшиб оқарди. Тоғу – тошга урилиб келаётган сув шу ерга келганда, табиат қурган тош-тўғонга урилиб, пастга томон шаршара ҳосил қиларди. Сув беш метрлар тепадан тушса ҳам атрофга шовқин солар, қуйига сингиб, кўпиклари билан келиб, кенг ва сокин жойга сингишиб кетарди.

Сув жуда секин оқаётган соҳилни кузатиб, кечаги воқеа бўлган жойларга кўзим тушди. Бирдан кайфиятим ўзгарди. Кўз олдимда Суҳроб ва Акром гавдаланди. Энди ҳаёлларим ўша кўнгилсизликлар таҳлили билан банд эди.

Мени бошқа миллат вакиллари калтаклашганида бунчалик алам қилмасди. Ўз миллатдошим, ўзбеклигимни, мусофирлигимни, яна пулга ўта муҳтожлигимни била туриб, арзимаган 150 сўм деб мени шунчалик урди.

Мен ҳали Ватанни тарк этмаган пайтларимда, нега ўзбек халқи бунчалик хор-у зор, дея ўйлардим. Кечаги кун воқеаларини эслаб, бунга жавоб топгандек бўлдим. Миллатдошларимнинг иноқ эмаслиги, шу хору- зорликнинг битта сабаби, деб ўйладим.
Халқимнинг афтода аҳволи, минталитетидаги қусурлар ҳақда ўйлар, ўзимча буларнинг боисини ўзимча топар, лекин, уларнинг сабаби барибир узоқ тарих билан боғлиқлигига ақлим етарди.

Қуёш ботиб, атроф қаронғулаша бошлаганда, қадам товушини эшитиб, ҳаёлдан бош кўтардим. Кутганим – балиқчи чол сўқмоқ бўйлаб келарди. Агар у қараса, узоқдан қўл кўтараман, деб ният қилдим. Лекин, диққат билан йўлига тикилганча, шахдам одимларди. Сўқмоқнинг учга айрилган қисмидан ўтиб йўлни мен томонга солганидан билдим-ки, у аллақачон мени кўриб таниган.

Яқинимга келиб у бошини кўтарди. Минг йиллик қадрдонини кўрган каби юзи ёришиб, ариқ ва ажиндор қўлини менга узатди. “Яна кўришимизни билгандим”-деди.

Икковимиз бироз юриб, кеча танишган еримизда тўхтадик. У ерга ҳалтасини қўйиб, мендан жароҳатларинг оғримаяптими, деб сўради ва яраларимни кўриб қўйишини айтди. Сўнг ердаги буюмларига эгилди. Гапига тушинмадиммикин, деб ҳайрон бўлиб унга қараб турардим. Халтасидан дока, йод ва яна аллақандай дорилар чиқарди.

Кампиримга кечаги воқеани айтиб бергандим. У жуда кўнгилча ва ғалати. Ўзини тута олмай йиғлади! Яна кўриб қолсанг, бериб қўй деб, қўйярда – қўймай бериб юборди буларни. Ва яна пенциясидан сенга юз эллик сом пул илинди.

Чол камзули чўнтагидан уч дона элликталик чиқарди. Пул, худди кечаги дукондор аёлники сингари — иккита элликталикка учинчиси белбоғ қилиб, тахланган эди.

http://yangidunyo.org/2013/01/12/%D0%B2%D0%B0%D1%82%D0%B0%D0%BD%D0%B3%D0%B0%D0%B4%D0%BE/#more-1004

Кўнгилни йиғлатгувчи ҳикоя

torabek sano bilanЯнги Дунё” архивидан

 

August 18th, 2008

Юсуф Расул

Дабдурустдан кутилмаган бирор воқеа устидан чиқиб қолсангиз анча вақтгача ўзингизга келолмай юрасиз. Ёки бирор яхши ҳикоя ўқисангиз ҳам шундай бўлади… Қаерда бўлманг ўша бетакрор манзара кўз ўнгингизда гавдаланаверади.
“Бирдамлик” интернет саҳифасида эълон қилинган Тўрабек Санонинг “Ватангадо” ҳикоясига олдинига эътибор бермай келаётган эдим. Кеча негадир шу ҳикояни ўқигим келди… Ўқидиму тошдек қотиб қолдим… Наҳотки Тўрабек шундай ажойиб ҳикоя ёза олган бўлса! Ахир бу ўзбек адабиётида янгилик-ку!

Бу ҳикоя булутли осмонни ёритган чақин мисоли анча вақтгача хаёлимдан нари кетмади.


Ҳикояда Ўзбекистондан қўшни Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига бориб мардикорлик қилаётган бир ўзбек йигити бошидан кечирган воқеалар маҳорат билан очиб берилган эди. Қаҳрамоннинг ички кечинмаларини ифодалашдаги бадиий маҳорат, воқеаларни баён этишда қўллаган содда услуб, бадиий топилмалар ва тасвир… Анча вақтдан буён бу қадар кўнгилга яқин ҳикояни ўқимаган эдим. Шу сабабли “Ватангадо”ни ўзим раҳбарлик қилаётган “Янги Дунё” саҳифасига кўчириб қўйдим… Бу менинг ҳикояга ва муаллиф Тўрабек Санога эҳтиромим намунаси эди…

Ҳикояни эълон қилган куним кўпчилик танишларим ва адабиёт ихлосмандлари менга қўнғироқ қилиб, “Ватангадо” ва унинг муаллифи –Тўрабек Сано ҳақида сўрай бошлашди. Уларнинг саволларига тузук- қуруқ жавоб бера олмасдим. Чунки, мен Тўрабек билан бир – икки марта суҳбатлашган ва интернет орқали ёзишган бўлсамда, унинг кимлиги, қаерда яшаётгани ҳақида яхши билмасдим…

Мана, Канадада яшаётган журналист Исмат Хушевнинг ҳикоя ва унинг муаллифи ҳақида менга ёзган самимий мисралари:

Ассалому алайкум Юсуфжон!
Бугун кечқурун Тўрабек Санонинг “Ватангадо” номли ҳикоясини ўқиб чиқдим. Рости, анчадан буён бунақа яхши ва таъсирли нарса ўқимаган эдим. Мен бу йигитнинг турли – туман кишилар билан қилган суҳбатларини ўқиб, шундан бошқа нарса қўлидан келмаса керак деб юрардим. Хато қилар эканман. У яхши нарсаларни ҳам ёза оларкан. Агар шу кетишда давом этаверса яхши ёзувчи бўлишига ишонгим келяпти. Сиз уни танийсизми, нега мен уни олдин эшитмаган эканман. Қаранг, оддий бир мардикорлик воқеаси асосида нақадар катта ҳаётий фожеани тасвирлаб бера олибди. Ҳамюртларимизнинг худбин ва хоинлиги жуда табиий ва ишонарли тасвирланган. Қирғизистондаги иш излаб юрган шўрлик ўзбекларнинг хор зорликлари ниҳоятда маҳорат билан чизиб берилган. Менга энг таъсир қилган жойи, ўзбеклар тортиб олган 150 сўм пулни рус кампири чоли орқали унга қайтариб беради… Бу шафқатсиз ҳаётимизнинг бир парчаси! Тўрабек Абдулла Қаҳҳор домламиз айтганларидек, ҳаётнинг ана шу реал парчасини шундоқ юлиб олиб, китобхонга маҳорат билан кўрсата олган. Бу йигит баъзи бир ёзувчи акаларимизга ўхшаб мақтовлардан боши айланиб кетмаса, ҳали кўп яхши нарсалар ёзишига ишонгим келяпти. Уни доим қўллаб қувватлаб туринг, илтимос Сиздан. Сизга ҳурмат билан Исмат Хушев”.

Исмат аканинг бу хатларидан кейин хорижда, мусофирчиликда кечган ва кечаётган ҳаётим ва бошқа минглаб миллатдошларимиз тақдири ҳақида ўйладим. Ахир собиқ иттифоқ қулаб, Ўзбекистон мустақил бўлгач, неча минглаб юртдошларимиз мардикорлик қилиб кун кўра бошлашди. Имкони етганлар хорижий мамлакатларга, Россияга ва бошқа ўлкаларга йўл олишди. Имкони камлар қўшни мамлакатларга, жумладан Қозоғистон, Қирғизистон ва ҳатто Тожикистонга бориб қора меҳнат қилиб кун кўриб келишмоқда. Минглаб миллатдошларимизни ўзга мамлакатларда қул қилиб ишлатилаётгани, таҳқирланаётгани ва ҳатто ўлдирилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Энг қизиқ томони ва ажабланарлиси, ўзбекнинг душмани кўпинча ўзбеклар бўлиб чиқади. Россияда ишлаб келган бир танишим поезд, аэропорт ва автобусларда ўзбеклар ўзбеклар томонидан калтакланаётгани, пуллари тортиб олинаётгани ва таҳқирланиши ҳақида гапириб берганида, у қадар ишонмаган эдим.

Баъзи қинғир қўлли ўзбеклар ўз миллатдошини бўш – баёвлиги ва соддалигидан ўз чиркин мақсадлари йўлида фойдаланаётгани чиндан ҳам нафратга сазовордир. Тўрабек ҳикоя қилган ўзбеклар ана шундай кимсаларнинг типик нусхаси бўлса ажаб эмас.

Қирғиз халқи Андижонлик қочқинларга ўз бағридан жой берди. Қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қирғизистондаги нодавлат ташкилотлар амалга оширган савоб ишларга шахсан менинг ўзим кўп гувоҳ бўлганман. Хусусан, ҳикояда тилга олинган “Аделат” хуқуқий клиникаси фаолиятидан яхши хабардорман. Бу каби ғамхўрликни минглаб ўзбек қочқинлари унутмаса керак.

Қирғизистонда қочқинликда юрганимизда баъзи маҳаллий ўзбекларни қочқинларга нисбатан қилган адолатсизликлари ҳақида эшитиб даҳшатга тушгандим. Баъзи такси ҳайдовчилари ва қўли эгри кишилар ўзбек қочқинларини милицияга топшириб юбориш таҳдиди билан пулларини тортиб олишаётган ва уларга маҳаллий миршаблар ҳомийлик қилишаётган эди. Нақадар пасткашлик бу! Ўзи ўзбек бўлатуриб ўз миллатдоши ғаму кулфатига шерик бўлиш ўрнига, уни таҳқирласа! Шу ҳам одамгарчиликданми!? Шу ҳам ўзбекчилик бўлдими?!

Мен ҳали Ватанни тарк этмаган пайтларимда, нега ўзбек халқи бунчалик хор-у зор, дея ўйлардим. Кечаги кун воқеаларини эслаб, бунга жавоб топгандек бўлдим. Миллатдошларимнинг иноқ эмаслиги, шу хору- зорликнинг битта сабаби, деб ўйладим”, дея хаёлга толади ўзбеклар томонидан калтаклаб кетилган ҳикоя қаҳрамони. Ва бу фикрлари билан у ҳақ. Ўзбекнинг фожеаси иноқ эмаслигида. Ўзбекнинг фожеаси ҳар қандай қора кунда бирлаша олмаслигида!

Шу фикрларни ёзар эканман, ичимдаги бир одам “Ҳеч ким бутун халқ ҳақида хулоса чиқаришга ҳақли эмас” дегандек бўлади. “Бутун халқ ҳақида бундай хулоса чиқариш яхши эмас. Ўзбекларнинг барчаси ёмон, ёки барчаси яхши деб айта олмаймизку! Ўзбеклар ичида яхши одамлар кўп, ёмон феълли кишилар ҳам йўқ эмас.”

Тўрабекнинг ҳикояси эса бизга бир аччиқ ҳақиқат ҳақида бонг уриб тургандек бўлади. Ўзбекистонлик ўзбек йигити қўшни мамлакатга келгач нега бу қадар таҳқирларга дучор бўлди? Нега уни ўз миллатдошлари “Ватангадо” дея ҳақорат қилишди? Нега Ўзбекистонлик ўзбеклар бошқа мамлакатлардаги ўз миллатдошлари олдида хомуш, забун ва хор?
Бу саволларга жавоб излар экансиз, беихтиёр ҳикоя қаҳрамонининг қуйидаги сўзлари қулоғингиз остида жаранглагандек бўлади: “ Халқимнинг афтода аҳволи, минталитетидаги қусурлар ҳақида ўйлар, буларнинг боисини ўзимча топар, лекин, уларнинг сабаби барибир узоқ тарих билан боғлиқлигига ақлим етарди”.

Кунлар тез ўтади. Мана, “Янги Дунё” саҳифаси ташкил этилганига ҳам бир йилдан ошиқ вақт ўтди. Шу вақт ичида кўплаб муаллифлар асарлари саҳифада баҳоли қудрат ёритиб борилди. Баъзан қўлим ишга бормай, ҳамма нарсадан безиб, турмуш ташвишларидан чарчаган вақтимда, “Янги Дунё” саҳифаси менга нима керак, шунча вақтим зое кетмоқда, ўрнига бошқа фойда келтирадиган иш қилсам бўлмайдими, шусиз ҳам ташвишим етарли”, деган хаёлга бораман. Лекин, олдинига “Исёнкор” кейин эса “Янги Дунё” орқали кўплаб ижодкорларни танилишига ҳисса қўшганим, таниқли журналист ва илму урфон вакилларига ўз асарларини эълон қилишлари учун имкон яратилганини ўйлаб ўз ишимдан қониқиш ҳосил қилгандек бўламан.

Бугунги кунда хориждаги ўзбеклар адабиёти боғида янги ниҳоллар кўкармоқда. Янгидан янги номлар пайдо бўлмоқда. Тўрабек Сано улар ичида энг умидли ижодкорларимиздан биридир.

Адабиётимиз боғида ана шундай янги овозлар пайдо бўлар экан, кўнгил дунёси ўлмайди.
Адабиёт яшайди…

****

Яқинда Тўрабек Сано Швецияга ташриф буюриб, кўнглига яқин инсонлар қатори мен билан ҳам учрашди. Учрашув давомида мен Тўрабекни қайтадан кашф этдим. У ҳақиқатдан дунёқараши кенг, илмли, тафаккурли йигит экан. Унинг фикрлаш тарзи нимаси биландир сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга ўхшаб кетарди. Камолиддин хам Францияда яшайди, Тўрабек ҳам. Уларни инсоният тараққиёти бешиги ҳисобланган бу улуғ мамлакатда яшаб қолишларида балки ўзига хос ҳикмат бордир.

Нима бўлганда ҳам миллатдошларимиз орасидан шундай умидли ёшлар чиқканидан мамнунман. Улар албатта ўз билим – тафаккурларини халқимиз келажаги йўлида сарфлайдилар.

Миллатимиз ёшлари орасида Камолиддин ва Тўрабеклар кўпаяди деб умид қиламан.

http://yangidunyo.org/2013/01/12/%D0%BA%D1%9E%D0%BD%D0%B3%D0%B8%D0%BB%D0%BD%D0%B8-%D0%B9%D0%B8%D2%93%D0%BB%D0%B0%D1%82%D0%B3%D1%83%D0%B2%D1%87%D0%B8-%D2%B3%D0%B8%D0%BA%D0%BE%D1%8F/