Jan 132013
 

САВОЛ: Ассалому алайкум Жаҳонгир ака. Бугун ўзбек мухолифати тупикка кириб, паралич бўлиб қолди. Ҳатто Ислом Каримов тахтдан кетса ҳам қайтиб боролмайдиган ҳолдамиз. Ватандаги вазият эса ёмонлашиб бормоқда. Шундай пайтда наҳотки бир чиқиш йўли бўлмаса? (Акрам).

ЖАВОБ: Чиқиш йўли ҳамма вақт бор ва бўлади. Айтишадику, Худо тўққизта эшикни ёпса, ўнинчисини очади деб.

Бугунги шароитда, менимча, битта платформада бирлашиб, диктатура қаршисида алтернатив демократик сиёсий кучга айланиш имконияти мутлоқ мавжуд.

Дини, анаъналари, маданияти, мамлакатининг келажагига боғлиқ бўлган; инсонларни ирқий, миллий, диний жиҳатдан камситмайдиган демократик ташкилотлар, гуруҳлар ва шахслар битта умумий платформада бирлашишлари мумкин.

Масалан, бунинг номини Ўзбекистон демократик кучларининг платформаси деб олайлик. Бу шунчаки тахминий ном. Бу ташкилот бўлмайди. Бу мувофиқлаштирувчи куч бўлади. Унга барча
демократик ташкилотлар, гуруҳлар ва шахслар эркин ҳолда бирлашадилар. Унинг яккаҳоким раҳбари бўлмайди. Мувофиқлаштирувчи кенгаши бўлади ва унинг ҳар бир мамлакатда биттадан вакили туради. Камида ўнта вебсайт бу платформани қўллаши мумкин.

Агар мавжуд сиёсий ташкилотлардан бирортаси бу платформага қўшилиб ўз йўли тўғрилигини исботлай олса, қандини урсин, ҳамма уни қўллайди.

Кенгаш вакиллари таклифлар киритиш ҳуқуқига эга бўладилар. Масалан,

1. Алтернатив (соядаги ҳукумат тузиш) таклифи. Бош вазир ва вазир бўладиганлар Ўзбекистонда демократик давлат қуриш ва эркин иқтисодни тиклаш бўйича ўзларининг дастурларини ишлаб чиқадилар ва сайтларда муҳокамага қўядилар. Мамлакат ичида қандай фаолият кўрсатиш режасини тузадилар.

2.Ўзбекистонда режим ўзгарган шароитда муҳожирларни Ватанга қайтариш учун музокара юрита оладиган гуруҳни тузилади.

3.Кенгаш номидан баёнотлар тайёрлайдиган ва кенгашнинг сўзчилигини бажарадиган матбуот котиблари тайинланади.

Менимча, бу кенгашга пул топишнигина ўйлаганлар аъзо бўлмасликлари лозим. Бу фақат ватанпарварлардан иборат кенгаш бўлиши керак. Лекин шу ватанпарварлар кенгашнинг фондини тузиб, маблағ топа олсалар уни қандайдир шахсларнинг китобларини чоп этиш, ташиш, тарқатиш, газета деб варақалар чиқариш учун эмас, мамлакат ичида фаолият олиб борадиган фаоллар учун ва фойдали мақсадларда сарфлаш керак бўлади. Мақсадлар ҳам, ҳисобот ҳам очиқ бўлади. Ҳар қандай мавзуда, ҳар қандай келишмовилик эркин баҳсларда муҳокама этилади.

Ҳозир мухолифат деб номланган гуруҳларнинг бирортасига ҳам аъзо эмасман. Аммо мана шундай кенгаш тузилса уни қўллайман. Менимча, буни бугунгача ўз позициясини очиқ кўрсата олган Галима Бухарбаева, Ёдгор Обид, Мўътабар Тожибоева, Дадахон Ҳасан, Гулчеҳра Нуруллаева, Носир Зокир, Надежда Атаева, Баҳодир Чориев, Бобур Маликов, Ризо Обид, Абдужалил Бойматов, Холдор Вулқон, Тошпўлат Йўлдошев, Ҳусниддин Қутбиддинов, Абулқосим Мамарасулов, Башорат Эшова, Ҳайит Ғафур, Шавкат Муҳаммад, Зокир Али, Акрам Аҳмедов, Абдуфаттоҳ Маннопов, Ёдгор Турлибеков, Улуғбек Бакиров, Санжар Умаров ва бошқа ўнлаб таниқли шахслар, кейинги 20 йилда ҳукуматнинг қаҳрига учраган собиқ мулозимлар ҳамда ишбилармонлар, хориждаги сон-саноқсиз муҳожирлар ҳам қўлласалар керак. (Мен бу ерда шунчаки хаёлимга келган номларни санадим. Кимларнидир унутган бўлсам маъзур тутсинлар. Агар кимлардир бу таклифга қарши бўлсалару адашиб ёзган бўлсам, менинг узримни қабул қилсинлар-ЖМ).

Балки, холис бир киши бу таклифни қайта ишлаб, имзога очиши ҳам мумкин. Масалан, Галима Бухарбаева уч тилда шундай бир ҳужжат тайёрлашга кўмаклашса, Мўътабар Тожибоева ва Баҳодир Чориев Кенгашни ташкил қилиш ишларига бош-қош бўлса нур устига нур.

Мана сизга битта таклиф. Ўйлаб кўрса бошқа таклифлар ҳам чиқади. Ватаннинг келажагига ҳеч биримиз бефарқ эмасмиз. Шундай экан, Ватанга қайтиш ҳақида ўйлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

P.S. Фақат танқид қилиш керак эмас, таклиф ҳам айтиш керак, дегувчиларга ҳам бу бир жавобдир.

May 2, 2012

ЖАҲОННОМА

 

http://zamondosh.blogspot.ie/2013/01/blog-post_3724.html#more