Nov 112012
 

Сўнгги янгиланиш 9 ноябр 2012 – 16:49 GMT

 

Баҳром Ҳамроев

Баҳром Ҳамроев Россияда Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келади

Марказий Осиё Сиёсий Қочқинлар жамиятининг президенти Баҳром Ҳамроев bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Жаноб Ҳамроев 20 йилдан буён Россияда Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирлари, сиёсий ва диний қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келади.

Яна ушбу мавзуга оид

Баҳром Ҳамроев 1963 йил 12 октябрида Бухоро вилояти Ғиждувон шаҳрида туғилган.

1991-йилда Бухоро Технология Институтини тамомлаган.

Уйланган, бир қизи бор.

Сиёсий ва ҳуқуқбонлик фаолиятини талабалик йилларидан бошлаган. Бирлик Халқ Ҳаракатининг Марказий Кенгаши аъзоси бўлган.

Баҳром Ҳамроев Ўзбекистонда таъқиб ва тазйиқлар остида қолгач, 1992 йилда Ўзбекистонни тарк этганини айтади.

Россияда экан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг сўрови билан бир неча бор қамоққа олинган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари жаноб Ҳамроевни Россиядаги илк ўзбекистонлик виждон тутқуни ҳисоблашади.

2005 йил Андижонда юз берган қонли воқеалардан кейин Марказий Осиё Сиёсий Кочкинлар жамиятини тузган.

Касбий фаолияти, асосан, Марказий Осиёдан бўлган меҳнат муҳожирлари, сиёсий ва диний қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Би-би-си меҳмони саволларингизга ҳам интернет ва ҳам радио орқали жавоб беради.

Суҳбатнинг радио версиясини шанба кунги “Дараклар” дастурида тинглай оласиз.


Cамо: Баҳром ака, сизнинг номингизни интернет матбуоти орқали кўп эшитганман. Ҳозиргача бу ишларингиз орқали кўпчилик мусофир ҳамюртларимизга ёрдамингиз теккани жуда ҳам қувонарли. Сизнинг тажрибангизга асосланган ҳолда, ўзбекларнинг чет элда уюшмаслик сабаблари нимада? Бошқа миллатларда жамият тушунчаси яхшироқ шаклланган деб ўйлайман.

Баҳром Ҳамроев: Энди бунинг узоқ бир тарихи бор. Ачинарли тарих. Бу ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг Ўзбекистон ҳудудида олиб бораётган сиёсати. Диктатура таъсирини халқнинг турмуш тарзига қанчалар оғир ботиб кетганини мен ўзим кўраман. Ҳар ҳафта жудаям кўп инсонлар билан гаплашаман. Уларнинг қўрқув остида яшаётганини яққол кўриб тураман. Шу қўрқув ўзбек халқининг бирлашишига жудаям катта тўсиқ бўлаяпти. Лекин, беҳисоб шукр, ҳозирги кунда Ўзбекистон халқи, Ўзбекистон ёшлари Россияга келиб, анча юриб… Эскитдан ота-боболаримиздан қолган бир меҳрибонлик бор эди. Бу меҳрибонлик яна уйғониб келаяпти. Яна қайтаяпти.

2-савол: Нима учун Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Россиядаги 2-3 миллионлик ҳамюртларимиз орасида яхши иш олиб боролмайди? Россия ҳукумати йўл қўймайдими?

Баҳром Ҳамроев: Само, ҳақиқатан, жуда тўғри қўйгансиз саволни. Ўзбекистон Халқ Ҳаракати, Бирлик Халқ Ҳаракати… Ўзбекистондан ташқарида қанчадан-қанча ижтимоий-сиёсий ташкилотлар бор. Бу ерда ўзбеклар орасида бирлашиш истаги бор. Менимча, бу ерда иш кетаяпти. Мухолифат кайфиятида бўлган одамларга Россия ҳукумати кўпроқ йўл бермаётгани бор нарса эди. Ҳозирги кунда биз уларни бирлаштираяпмиз. Ўзбекистоннинг олиб бораётган қатағон ва диктатура сиёсатига қарши сиёсий ҳаракатлар, барибир, бу ердан бошланади. Илож йўқ, биз бирлашамиз. Барча ҳаракатлар вакиллари билан шахсан мен тузган Марказий Осиё сиёсий қочқинлари жамиятининг тузилиши… Ҳатто Туркманистондан сиёсий қочқинлар биз билан бирга ишлашаяпти. Бу ерда муаммо энди йўқ. Ўзбекистонда каттароқ сиёсий ҳаракат тузиладиган бўлса, биз уни ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз. Яъни, Ўзбекистон озодлиги, ўзбек халқининг озодлиги учун биз ҳаммамиз бирлашишга тайёрмиз ва бундай кайфиятдаги одамлар билан биз доимо иш олиб борамиз.

Дилшод Орифжонов, Лондон: Ассалому алайкум! Нима учун охирги йилларда Россияда рус бўлмаганларга нафрат билан қараш кучайди?

Баҳром Ҳамроев: Россия коммунистик идеологиянинг бир маркази эди. Берилган коммунистик ғоя асосида бу халқ тирикчилик қиларди, муаммоларини ечарди. «Халқлар дўстлиги» концепциясидан келиб чиқиб, рус халқи бошқалар билан муносабат қиларди. Халқлар дўстлиги тушунчаси Россияда батамом йўқолди. Россия на демократик ва на идеологик давлат. Халқ ҳамма вақт ғоя ва фикрга муҳтож бўлади. Россия ҳукуматининг эса бирон бир идеологияси йўқ. Ғоя – Россия табиий бойлигини сотиш ва халққа қандайдир бир комфорт яратиш эмас. Халққа фикрий озуқа бериш бўлмаяпти. Шунинг учун ўша миллатчилик, фашистик ғояларни бу халқ палапартиш қабул қилиб олди. Хуллас, бизга, яъни рус бўлмаганларга қарши курашиш ғоясизликдан бўлаяпти. Халқни бирлаштириб турадиган ўша ғоя бўлмаганидан кейин – хоҳ у Россия бўлсин, хоҳ бошқа давлат – бундай муаммога дуч келиши мумкин.

Зоҳиджон: Шу ҳафта Россияда ўнлаб мусулмонлар ҳибга олинди. Улар гўёки экстремист ташкилотларга аъзо эканлар. Бу мусулмонларни ҳимоя қилаяпсизми? Уларга қандай айбловлар қўйилаяпти?

Баҳром Ҳамроев: Ҳозир мен Федерал Миграция Хизмати идорасидан чиқиб келаяпман. Қамалганлар асосан ўзбеклар, тожиклар, доғистонликлар, ингушлар ва чеченлар. Ҳаммасига бир айблов қўйилган – экстремизм. Икки кундан буён шу муаммо билан машғулман. Ҳозиргача 10-13 одамни озод қилдим, десам хато қилмаган бўламан. Ҳозир ҳолат Россияда ўзгарди. Энди «сен ўзбексан, сен тожиксан», дейиш фойдасиз бўлиб қолди. Россия халқини алдаш учун Россия ҳукумати бошқа бир ўйинни ўйлаб топди – «экстремистлар». Бунга ҳамма кираверади. Ким мусулмон бўлса, ароқ ичмаса, фоҳишалик қилмаса, ўғирлик қилмаса, тўғри юрса, Россияда экстремист ҳисобланади.

Самир, Россия:Баҳром ака, илтимос лоқайдлик, бепарволик сингари салбий одатларни бартараф қилишга эътибор қаратсангиз,чунки Россиядаги қочқин ўзбек,тожиклар сиздай одамларга муҳтож.

Баҳром Ҳамроев: Агар (лоқайдлик, бепарволик) бўлмаганида, ўзбек-тожиклар аллақачон бирлашиб, Россияни ҳар томонлама яхшиликка ўзгартира оларди. Шундай бир имкон ҳалиям бор ўзбек ва тожик халқида. Бу халқлар буни тушуниб етсалар борми?! Бизда телевидение ва радио орқали чиқиб, буни тушунтириш имкони йўқ. Лекин, шундай иш юритаяпмизки, барибир, уларнинг бирлигини пайдо қилаяпмиз. Икки халқнинг бирлашмаслигидан Россияда жудаям манфаатдор бўлган кучлар бор….

Нурбоев Сардор, Фарғона: Баҳром ака, ушбу жамият (Марказий Осиё сиёсий қочқинлари жамияти) қаерда жойлашган ва сизларга мурожаат қилиш учун интернетда ҳам алоқа йўлга қўйилганми?

Баҳром Ҳамроев: Энди интернетда бизнинг ўз саҳифамиз йўқ, лекин Москвадаги “Мемориал” ташкилотига қарашли бинонинг икки хонаси бизга қарашли. Бемалол биз билан алоқа қилиб, агар Россияда бўлсангиз биз билан учрашишингиз мумкин. Албатта мен Ўзбекистон ва Тожикистондан бўлган шахслар тузган гуруҳлар раҳбарлари билан учрашиб, гаплашиб тураман. Россияда 8 миллион Ўзбекистон фуқароси бор, уларнинг ҳаммаси билан гаплаша олмайман, лекин ҳеч ким билан, иложи борича, алоқаларимни узганим йўқ.

2-савол: Россиядаги муҳожирлар қандай ҳолатларда сизга мурожаат қилишади?

Баҳром Ҳамроев: Маошларни ололмаслик ёки ишга кира олмаслик… Яъни муҳожирлар ҳуқуқлари. Шу икки мавзу жуда актуаллашиб кетган. Аммо охирги пайтларда бу анча пасайди. Чунки, биз иш берувчиларга жудаям кўп мурожаатлар билан чиқдик. Корхоналар раҳбарларига имкони борча электрон мактублар ёзиб турамиз ва фуқароларимиз ҳуқуқларининг камситилишига йўл қўймасликка ҳаракат қиламиз.

Абдулҳаким, Тошкент: Ассалому алайкум Баҳром ака! Россияда Ўрта Осиё давлатларидан қайси элчихона ўз фуқароларига кўпроқ ғамхўрлик қилади?

Баҳром Ҳамроев: Мен асосан Ўзбекистон элчихонасини биламан. Улар ўзбекни қанча кўрмаса, шунча хурсанд бўлишади. Ўзбек халқи муаммоси билан ҳеч бири шуғулланмаган, шуғулланмайдиям. Мен кўрмаганман, эшитмаганманам. Ҳатто, одамлар Ўзбекистон элчихонасидан оддий ҳужжатларни ололмасдан бизга мурожаат қилиб келишади.

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2012/11/121105_cy_talkingpoint_bahrom_hamroyev.shtml