Oct 232012
 

Замондош медиаблогига бош муҳаррирлик қилаётган иқтидорли ёш ижодкор Шавкат Муҳаммаднинг   мана уч  кундирки дараги йўқ.

Ҳар онда Замондош фонди матбуот маркази билан алоқада бўлиб турган бош муҳаррир билан аввалроқ суҳбатларимизда уни Қозоғистон кучишлатар тизимлари таъқиб этаётгани ҳақида гапирган эди.

Ўша суҳбатлар мазмунидан келиб чиқиб Шавкат Муҳаммадга очган телефон қўнғироқларимизга жавоб   бўлмади. Шундан сўнг аввало у вақтинча яшаб турган Ақтөбе шаҳар  ( Оқтепа – ўзбек тилида ) акимияти ( ҳокимлиги )  муҳожирларни қайддан ўтказиш бўлимига мурожаат қилдик.

Ўзини акимиятнинг масъул ходими , дея таништирган Гулдана Бақиева Шавкат Абдумўминович Муҳаммадқулов  исм-шарифли Ўзбекистон фуқароси ўтган йилнинг май ойида қайддан ўтгани, аммо ҳозирда қаерда эканлиги хусусида маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Шундан сўнг Ақтөбе шаҳар ИИБ департаментининг муҳожирлар билан ишлаш бўлинмасига қўнғироқ қилдик.

Ўзини Сержан Сурунбаев, дея  таништирган миграция масалалари бўйича милиция ходими Шавкат Муҳаммад чегарани кесиб ўтиш, қайддан ўтиш муҳлатини ўтказиб юборганлик ва яна аллақанча қонун қоидаларни бузганлиги учун миграция милиция бўлинмасига олиб келингани, сўнгра унга маъмурий чора кўрилгани, яъни жаримага тортилгани ва зудлик билан Қозоғистон ҳудудини тарк этиши ҳақидаги қарорга имзо чектириб олиб,  қўйиб юборилгани, кейин у қаёқққа қараб кетгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Бизнинг   Шавкат Муҳаммадни Ўзбекистонга қайтариб юбориш ҳаёти учун хавфли экани тўғрисидаги гапларимизга милиция ходими  парво қилмаган оҳангда,  рус тилида : “это уже его проблемы”, дея алоқани узди.

Қозоғистондаги БМТнинг қочоқлар масалалари бўйича Олмаотадаги ходими эса Шавкат Муҳаммад октябрь ойи бошида ёрдам сўраб мурожаат қилгани, аммо улар бу масалани Қозоғистон миграция департаменти ҳал қилишини айтишганини билдиришди. Охирги марта шу йилнинг 12 октябрида Шавкат Муҳаммадга миграция полицияси билан муаммо туғилса БМТнинг Олмаотадаги қочқинлар масалалари бўйича идорасига маълум қилишини уқтиришганини айтишди.

БМТнинг юқорида айтилган ваколатхонаси ходимлари ҳозирда қочқинлар масалалари бўйича Қозоғистонда  фақат кузатувчилик ваколатигагина эга эканликларини айтишмоқда.

Тинчгина , ҳалол меҳнат қилиб, ижод қилиб юрган Замондош  бош муҳаррири Шавкат Муҳаммад кимга халақит берди экан? Умуман унинг кейинги тақдири нима бўлди? Ҳозирча бу саволлар очиқ қолмоқда.

P.S: Замондош ўқувчилари ва сайтимиз  ташриф буюрувчиларидан Шавкат Муҳаммад ҳақида бирор бир  маълумот қўлга киритсангиз zamondoshlar@gmail.com электрон  манзилига хабар йўллашингизни сўраб қоламиз.

Замондош Халқаро Фонди Матбуот маркази.

 

http://zamondosh.blogspot.ie/2012/10/blog-post_5109.html#more