Oct 232012
 

Юсуф Расул

Шу йилнинг 14 октябр куни www.yangidunyo.com домени Швециядаги Loopia.se серверидаги мен томонимдан сотиб олинган ”Янги Дунё” веб ҳостингидан ўғирлаб кетилган эди. Бу домен 14 октябрдан 20 октябргача зўравонлик Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг www.uzxalqharakati.com интернет саҳифасига боғлаб қўйилди. Орадан бир ҳафта ўтгач, Канадада яшовчи журналист Фахриддин Худойқулов www.yangidunyo.com саҳифаси номини 2007 йилда сотиб олгани ва  ўзига тегишли эканлигини иддао қилиб, бу доменни қайтариб олганини эълон қилди. Ҳозирги кунда бу домен Фахриддин Худойқулов томонидан юритилмоқда ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ҳамда ”Эрк” партиясининг Муҳаммад Солиҳ бошлиқ қаноти рекламаси учун хизмат қилдирилмоқда. Мен ўз меҳнатларим эвазига дунёга машҳур бўлган саҳифамни бу каби майнавозчиликлар учун сафарбар қилинишини сира истамасдим.

Фахриддин Худойқуловнинг www.yangidunyo.com номи ўзига тегишли эканлиги борасидаги иддаолари ҳақида.

2007 йилда ”Янги Дунё” номли интернет саҳифа очмоқчи эканлигимни ва бу ишга ёрдам беришини сўраб, журналист Қудрат Бобожон билан гаплашаганимда, у менга интернет саҳифалари бўйича мутахассис деб Фахриддин Худойқуловни тавсия этганди. Шу баҳона Фахриддин ака билан танишган ва у менга www.yangidunyo.com доменини сотиб олиб берганди.

Ўшанда бу домен мени номимга рўйхатга олинган ва Фахриддин акага (Суратда) тегишли хостингга боғланган эди.

Шу йиллар давомида ҳеч қайси ташкилотдан бирор молиявий кўмак олмасдан ”Янги Дунё” саҳифасини ўз қиёфасини яратиш устида жуда кўп изландим. Хориждаги ўзбек ижодкорлари, таъқиб ва тазйиқларга дучор бўлган ёзувчи ва шоирлар, зиёлилар учун бир минбар яратиш, уларнинг асарлари, илмий, ижодий ишларини ёритиб бориш энг мақбул ва керакли иш деган хулосага келдим. Бу мақсадда беш йилдан ошиқ вақт давомида изланишлар олиб бордим. Ўнлаб ижодкорларни саҳифага жалб қилдим. Минглаб материаллар саҳифа архивидан жой олди. Шу саҳифа орқали  мени кўпчилик таниди, камина ҳам кўплаб инсонлар билан айнан ”Янги Дунё” орқали танишиш, суҳбатлашиш имкониятига эга бўлди. Кўплаб ахборот воситаларига шу сайт муҳаррири сифатида интервю бердим, ёки туркум суҳбатлар уюштирдим. Шу боис маҳаллий доираларда ҳам, халқаро ташкилотларда ”Янги Дунё” саҳифасини меники, яъни журналист Юсуф Расулники деб тан олинади. Бу ҳақда гап сўз, эътирозлар бўлиши  мумкин ҳам эмас.

Фахриддин Худойқуловнинг 2007 йилда ”Янги Дунё” домени учун 15 доллар тўлагани ҳақидаги иддаолари ҳам ёлғон, чунки ушбу домен учун ҳақни мен тўлаб келганман. Бунга етарли исботим бор. Унинг жамоатчиликка тақдим қилган пул тўлагани ҳақидаги ҳужжати ҳам сохталаштирилган бўлиши мумкин. Агар ҳақиқатдан ўша пайтда арзимас 15 долларни сайт домени учун тўлаган бўлса, бу пулни ўн фоизи билан бугун унга қайтариб беришим мумкин. Лекин гап пулда эмас, гап инсон меҳнати, қадр – қимматида.


Энди бугун қилинажак ишларимиз ҳақида.

Мен ”Янги Дунё” орқали деярли барча Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари билан ҳамкорлик қилганман. Кўплаб ёзувчи ва шоирлар, ижтимоий – сиёсий соҳа мутахассислари Фахриддин Худойқуловни эмас, мени ”Янги Дунё” ташкилотчиси ва муҳаррири сифатида билишларини юқорида таъкидлаб айтдим.

Бугунги кунда Швецияда ”Янги Дунё” саҳифаси расман рўйхатдан ўтиш арафасида турибди. Бундан ташқари Швецияда ”Янги Дунё” журналистик лойиҳаси учун муаллифлик ҳуқуқи олиш жараёнлари кетмоқда. Шу боис мени билган, яқиндан таниган барча ҳуқуқ ҳимоячиларини ”Юсуф Расул (паспорт бўйича Юсуфжон Расулов/Yusufjon Rasulov) ҳақиқатдан ”Янги Дунё” интернет саҳифаси асосчиси ва муҳаррири (www.yangidunyo.com, www.yangidunyo.org номли интернет саҳифалар Юсуф Расулга тегишли) деган бир оғиз билдириш ёзиб, каминани yusufr71@yahoo.se электрон почтасига йўллашларини илтимос қиламан.
Мен бу маълумотларни муаллифлик ҳуқуқи ташкилотига тақдим этишим лозим.

Биз ҳақиқат қарор топиши учун биргаликда курашишимиз керак. Агар бирлашмасак енгиламиз.

Янги Дунё” келажакда албатта ҳар қандай тарафкашликдан холис, мустақил интернет сайт бўлиб қолади.

Барчангизга ҳурмат билан Юсуф Расул,
”Янги Дунё” веб саҳифаси ташкилотчиси ва муҳаррири.

www.yangidunyo.org

http://yangidunyo.org/2012/10/23/%D1%8F%D0%BD%D0%B0-www-yangidunyo-com-%D1%85%D1%83%D1%81%D1%83%D1%81%D0%B8%D0%B4%D0%B0/#more-97