Oct 232012
 

Сўнгги янгиланиш 18 октябр 2012 – 12:26 GMT

 

Тўлқин Қораев

Мухолифат фаоли ва мустақил журналист Тўлқин Қораев bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Тўлқин Қораев 1965 йил 7 февралида Қарши шаҳрида ўқитувчилар оиласида таваллуд топган.

Яна ушбу мавзуга оид

Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент политехника институтининг Фуқаро ва саноъат қурилиши бўлимида таълим олган.

1984-86 йилларда Совет Армияси сафида хизмат қилган.

1986 йилдан 1998 йилгача Қарши шаҳри ва Қашқадарё вилоятида турли қурилиш муассисаларини лойиҳалаштириш ташкилотларида ишлаган.

“Техник, бош режа лойиҳачиси ва конструкторлик лойиҳалари билан машғул бўлганман,” – дейди Тўлқин Қораев.

Тўлқин Қораев 1998-2000 йилларда “Озодлик” радиосининг ўзбек бўлими билан “Шамсиддин” тахаллуси остида ҳамкорлик қилди.

2000 йил охиридан 2003 йилгача айни фаолиятини “Америка овози” радиоси ўзбек бўлимида давом эттирди.

Шу билан бирга Британиянинг “Уруш ва тинчлик муаммоларини ёритиш институти”га ҳам рус тилида мақолалар йўллаб турди.

2003 йилда Эроннинг “Машҳад радиоси” ўзбек бўлимида журналистик фаолиятини давом эттирди.

Журналист асосан Қашқадарё вилоятидаги ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ёритишга ҳаракат қилди.

Тўлқин Қораев шунингдек “Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти” ишларида ҳам фаол иштирок этди.

2002-03 йилларда айни жамиятнинг Қашқадарё вилоят бўлимига раҳбарлик қилди.

Тўлқин Қораев 2005 йил майида Андижонда юз берган қонли ҳодисалар ортидан унга нисбатан “таъқиблар жуда кучайиб” кетганини айтади.

Журналист айни йил ёзида Қарши шаҳар жиноят ишлари судининг қарори билан 10 суткалик қамоқ жазосини ўтаб чиқди.

У таъқиб ва тазйиқлар кучаявергач 2005 йилнинг 27 июлида Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганини айтади.

Ҳозирда Швецияда истиқомат қилмоқда.

Оилалик. Икки нафар ўғли бор.

“Муҳожиротдаги ҳаётим давомида ҳам Ўзбекистондаги қаттол режимга қарши курашим тўхтагани йўқ,” – дейди Тўлқин Қораев.

2011 йилда ташкил топган мухолифатдаги “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” муассислари мажлиси аъзоси.


Муҳаммадсолиҳ: Тўлқин ака сизни ва Толиб аканинг ташкилоти бўлмиш ЎИҲХЖ бугун қандай фаолият билан машғул?!Абдужалил Бойматов ҳалигача ўзини шу ташкилотни Президенти ғисоблайди. Буни қандай изоҳлайсиз?! Толиб ака даврида шунақа машҳур бўлган ташкилот энди раҳбарсиз фалаж ҳолга тушиб қолдими?!

Тўлқин Қораев: Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) ўзининг ташкил топган дастлабки кунлариданоқ турли таъқиблар ва бўлинишларни бошидан ўтказиб келади. Айни ҳозирги дамда хоҳ Ўзбекистон ичкарисида бўлсин, хоҳ ташқарисида, фаолият кўрсатаётган барча инсон ҳақлари ташкилотлари айнан мана шу ЎИҲЖ дан ажралиб чиққан ташкилотлардир. Демоқчиман, уларнинг барчасининг асоси ЎИҲЖ дир. Саволда “Сизнинг ва Толиб аканинг ташкилоти…” деган жумла келаяпти ва уни мен мутлоқ нотўғри деб ҳисоблайман. Балки савол берувчи шахс ўзи бераётган саволининг жумлаларини тўғри ишлата билмаган бўлиши ҳам мумкин. Абдужалил ака Бойматов ЎИҲЖ Франциянинг Анджерс шаҳрида рўйхатдан ўтганидан сўнг сайланган биринчи президентидир. Авваллари ташкилотимиз раҳбари раис мақомида бўлган бўлса, бироқ Франция қонунларига кўра, жамоат ташкилотлари раҳбари ўша ташкилотнинг президенти саналади ва шунга кўра 2009 йилда ЎИҲЖ да президент лавозими ҳам таъсис этилди.

Ташкилотда яна бир бўлиниш 2011 йилда содир бўлди. Бунда Берлинда “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” номи остида бир сиёсий бир платформасига асос солинганди. Бироқ Абдужалил Бойматовнинг ЎИҲЖ нинг ушбу сиёсий бирлашмада иштирок этишни истамаганлиги ЎИҲЖ ни яна бир бор бўлинишга олиб келди. Шу йилнинг ўзида ЎИҲЖ нинг навбатдаги қурултойи бўлиб ўтиши кутилаётганди ва ўтказилди ҳам. Икки гуруҳга ажралиб қолган ташкилот аъзоларининг бир гуруҳи кекса ҳуқуқбон Толиб Ёқубов томонида турган бўлса, яна бир гуруҳ ЎИҲЖ нинг президенти Абдужалил Бойматов томонида эди. Шу қурултойда Швецияда яшаётган таниқли мухолифатчи ва ташкилотимизнинг ҳам аъзоси бўлган Ҳазратқул Худойбердиев ташкилот юқори лавозми – президентлигига сайланди ва ЎИҲЖ номи Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти (ЎИҲХЖ) деб ўзгартирилди. Абдужалил Бойматовнинг фикрини қўллаб-қувватлаганлар ЎИҲЖ да қолишди ва фаолиятларини давом эттиришмоқда. Янги ном билан аталган ва аслида эса ўша эски ташкилот бўлган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти эса навбатдаги қурултойини ўтказиши лозим деб биламан ва шундан сўнг фаолият яна қайта жонланади. Ҳозир ҳам бу ташкилот фаолиятсиз турибди деб қаралса нотўғри бўларди менимча, фаолият бор, аммо илгариги даражада эмас. Бу ҳам бўлса кўплаб аъзоларнинг таъқиблардан қочиб тарки ватан қилганликлари билан боғлиқ.

Энди саволнинг асосий ўзагига келсак. 2008 йилда Францияда рўйхатдан ўтган ЎИҲЖ нинг номи ўзгартирилиб ЎИҲХЖ га айланган. ЎИҲЖ нинг легаллаштириш, балки уни Ирландияда бўлсин қайтадан рўйхатдан ўтказиш масаласини эса Абдужалил Бойматов раҳбарлиги остида фаолият кўрсатаётган ҳуқуқбонлар гуруҳи ҳал қилиши керак деб биламан.

Sherzod, Osh: Assalom alaykum !! Tulqin aka men anchadan beri bir narsani uylap yuripmaan , 2001 yildan beri afgonistonda terrorizmga qarshi katta urush boshlandi ,boshlanishiga boshlandiku lekin terrorchilar yanaham keng kulamda urush olib borishyapti , hammaga ma’lumki hozir dunyoda terroristik gruppalar son sanoqsiz ularning qancha qushini bor ?

Тўлқин Қораев: Жуда оғир, айтиш жоиз бўлса мен билиш имконим ҳам бўлмаган саволни қўйгансиз. Терроризмга қарши кураш сўнги йилларда анча урф бўлиб бораяпди. Асосан бу иллатга қарши диктаторлик мамлакатлари курашмоқдалар. Масалан Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Қозоғистон, ҳаттоки Қирғизистон ҳам. Менинг назаримда, асосан озодлик ва эрк талабини кўтариб чиқганлар “террорчи”, ёки “террорчи гуруҳлари” деб аталмоқда. Масалан, Ўш ва Жалолободда 2010 йилнинг июн ойида содир бўлган қонлик воқеаларни эслайлик. Унда ҳам Қирғизистоннинг ҳукумати маҳаллий ўзбекларни “террорчи” дея атаганди. Гарчи улар террордан жабр кўрганлар бўлишсада.

“Терроризм” атамасининг ўзи муттасил қўрқитиш билан олиб бориладиган сиёсат маъносини беради. Унга синоним ўлароқ “куч ишлатиш”, “қўрқувга солиш” каби атамаларни ҳам келтириш мумкин. Демак, шунинг ўзи аслида ким террорчи эканлигини кўрсатади. Масалан, иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам собиқ Совет Иттифоқининг гитлерчилар забт этган ҳудудларида партизанлар уруши борарди ва ўша партизанларни ҳам Адолф Гитлер “террорчилар” деб атагани тарихдан маълум.

2001 йилда Афғонистонда терроризмга қарши уруш бошлангани иддаосига келадиган бўлсак, бу ерда ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб олиш осон эмас. Афғонистон халқининг бир бўлаги бўлмиш Толибон ўзи истаган ҳукуматни барпо этганди ва бу ҳукумат дунё мамлакатлари томонидан тан олинмади. Бир қараганда, улар ҳам ўзлари истагандек давлат қуришга ҳақли эдилар деб қараш мумкин, бироқ инсон ҳуқуқлари масаласи ўртага чиқди. 1947 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига асос солинган бўлса, ўша дамдан инсон ҳуқуқлари ҳеч бир давлатнинг ички иши бўлмай қолган.

Бир эслайлик, Гитлер фашист режимининг биринчи қурбонлари немислар бўлганди ва бошқа давлатлар Германиянинг ички ишларига аралаша олмасдилар. Натижада дунёда 60 миллиондан ортиқ инсонни қурбон қилган ката фалокат содир бўлди. Ўтмиш ҳамма вақт келажак авлодлар учун бир мактаб вазифасини ўтаган ва шундай экан, 1947 йилдан бу ёғига инсон ҳуқуқлари масаласи бирорр мамлакатнинг ички иши бўлмай қолди.

Афғонистонда Толиблар ҳукмронлиги даврида қизлар мактабларининг ёпилиши, аёллар ҳуқуқларининг поймол қилиниши, мамлакатни фақат қурол ишлатадиган бир ҳарбий полигонга айланиб қолгани каби ҳолатлар бу кучга қарши кураш бошлашга бир зарурат пайдо қилган бўлса ҳам ажаб эмас. Аммо Толибларни енгиб бўлмади. Буни ҳам тан олишимиз лозим.

Дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам “террорчи” дея тамға босилаётганларнинг ҳаммаси аслида террорчилар эмас. Уларнинг аксари ўз ватанларида тинч яшашни орзу қилаётган одамлардир. Масалан, Ўзбекистон ҳукумати ҳам “террорчи” тамғасини босганларнинг анчаси Европа мамлакатларида яшаяпти. Қайси бири тил ўрганиш курсларига борса, яна бошқаси ишига боради. Тағин турли касб-ҳунарларга ўқиётганлар ҳам бор. Шундай экан, у одамларни эмас, балки уларга зуғум ўтказган зўравон ҳукуматларни “террорчилар” деб атаган бўлардим. Саволингизнинг террористларнинг қўшинлари сони ҳақидаги қисмига эса менда жавоб йўқ. Бунисини билмайман.

Арслонбек: Salom Tulqinjon, siz huquqbon ekansiz, nega huquqbonlar ichida giybat juda kup ? 2-Savol Uz-dan har-hil taziyq orqalik chiqib ketganlarni va yashayotgan faollarni hozirda sotqin va hoyin deyuvchilar ham bor shunga siz kim kim ekanini ayta olasizmi?

Тўлқин Қораев: Ғийбатчиликни бизнинг миллий маданиятимиз жуда қоралайди. Охири замон пайғамбари Муҳаммад Салоллоҳи Аълайҳи Вассаламдан келган бир ҳадиси шарифда ғийбат қилгувчиларни пайғамбаримиз одам гўштини истеъмол қилаётганларга ўхшатганлар. Афсуски, биз динимиздан қайтганимизми ёки бошқа сабабми, кўпчилигимиз ғийбатга ўч бўлиб қолганмиз. Ғийбатчиликни сиз ҳуқуқбонлар орасида деяпсиз, мен эса нафақат ҳуқуқбонлар орасида, балки сиёсатчилар орасида ҳам бор деб айта оламан. Ҳаттоки иқтидорда турган Ислом Каримов ҳукумати ичида ҳам ғийбат ейишлик бор. Одатда кимдир кимгадир кучи етмаганида, ёки унинг номини булғашни истаганида унинг ғийбатини қилса керак. Бундан ҳам албатта маълум бир мақсад бўлади. Масалан, Ўзбекистондаги режимнинг топшириғи билан бошқаларни ғийбат қилиб юрганлар камми? Ҳаттоки, бу ғийбатлар интернет сайтларида тарқатилмоқда. Начора, бизга келган эпидемия бу. Бундан қутилиш чораси менимча миллатимиз онгининг ўсишига боғлиқ.

Иккинчи саволингизга келадиган бўлсам, Ўзбекистонни тарк этганлар кам эмас. Биров шунчаки, ғарбда яшагиси келиб тарки ватан қилган бўлса, бошқа биров мажбур бўлганидан тарки ватан қилди. “Сотқин”, “Хоин”, “Халқ душмани” ва шунга ўхшаш турли тавқи лаънатларни бегуноҳлар бошига ёғдираётганлар бир ўйлаб кўришса бўларди, менимча: ким у сотқин ва у қандай хиёнат қилди экан?

Ватанга қарши уруш бораркан, душман томонига ўтган одамни сотқин дейишарди. Ватаннинг ҳарбий-техник сирларини ҳам бошқа мамлакатларга сотганларни сотқин десак бўлар. Хўш, Ўзбекистонга қарши қандай уруш бораяптики, тарки ватан қилганлар хоин бўлсин? Ёки Ўзбекистоннинг қайси бир ҳарбий-техникавий сирларини сотганлар борки, улар хоин бўлишсин?

Ҳозирда мана шу ифлос атамани кўплар бир бирига қарши қўлламоқда. Масалан, ўзбек мухолифати ва ўзини мухолифат деб атаётган гуруҳлар ҳам бир бирларини “сотқин” дейишади. Киши ўзини қайси платформада эканлигидан келиб чиқиб бошқасини сотқин дейиши унчалик тўғри бўлмаса керак менимча. Ўзбекистонни таъқиблар сабаб тарк этганлар ҳукуматга маъқул келмаган сиёсий ёки жамоатчилик ҳаракатлари аъзолари экан, уларни зўравон ҳукуматитмиз ҳам “сотқин” деб атайди. Демак, ҳукумат позициясини ифода этаётганлар биз учун сотқиндирлар. Чунки улар ўзларининг ва бизнинг ғоямизга қарши чиқдиларми, демак мақсадларини ҳам ўзгартирибдилар. Кейин, “сотқин” дегани, одатда мавҳум тушунча. Кимдир биров учун сотқин бўлса, бошқа биров учун у қаҳрамон бўлади.

Милтиқли киши: Сизни сиёхни бўчкаси билан сотиб оладиганлар ҳилидан дейишади. Яқинда журналистлар томонидан Швецияда ва Швейцарияда Гулнора Каримованинг пул ювиши ва порахўрлиги фош этилди. Сиз бу воқеаларга бир қалам соҳиби сифатида озроқ ҳисса қўшдингизми?

Тўлқин Қораев: Саволингиз мен учун тушунарсизроқ бўлсада, ўзим тушунган даражада жавоб беришга уриниб кўраман. Аввало менинг ортимдан сиз айтаётганингиздек “сиёҳни бочкаси билан сотиб олади” деган “сифат” берилмаган. Бунақа сифатни илгарилари, яъни Совет даврида юқори идораларга бировлар устидан аноним шикоятлар ёзадиганларга нисбатан қўлланиларди. Кўчма маънода ҳам, тўғри маънода ҳам, бу сифат менга таълуқлик эмас деб биламан.

Швеция журналистлари TeliaSonera мобил алоқалар компаниясининг Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага йирик миқдорда пора берганлиги ортидан кўтарилган шов-шув материал дунё жамоатчилигининг диққатига тушди. Маълумки, камина швед телевидениясида ишламайман. Шундан келиб айтиш мумкинки, менинг бу ишларда ҳиссам мутлоқо йўқ!

Баходир, Термиз: Тулкин акага саволим: агар солиштирилса, бугунги узбек журналистикаси 90-йиллар журналистикасидан нимаси билан фарк килади? Узбек журналистлари профессионал даражаси ошган деб айта оласизми? Рахмат. Баходир

Тўлқин Қораев: 90-йиллардаги ўзбек журналистикасини ҳавас қилса арзийдиган давр деб биламан. У давр журналистикамиз учун эркинлик даври эди. Айнан ўша даврда нафақат журналистлар, балки элнинг ардоғига сазовор бўлган кўплаб ижодкорлар ҳам етишиб чиққанди ва ишонаманки, миллатимиз ўзининг ўша даврда ижод этган фарзандлари билан фахрланади.

90-йиллар журналистикаси Совет Иттифоқи емирилиш даврига тўғри келади ва унга Горбачев эркинлиги даври деб ҳам қаралади. Турли мавзуларда ўтказилган баҳсларда ҳақиқат қарор топадиган давр бўлганди у.

Бугунги журналистларимиз деганда мен хориж оммавий ахборот воситаларига ёзаётган қаламкашларни тушунаман. Айнан мана шу тоифадаги журнналистларнинг меҳнатлари сабаб, Ўзбекистон ичкарисидан объектив маълумотлар ташқарига сизиб чиқмоқда. Шундай экан, ўзбек журналистикасини ҳам мен профессионал журналистика деб атай оламан.

Ватан ичкарисида ҳукумат нашрлари ва бошқа турдаги оммавий ахборот воситаларига хизмат қилаётган журналистларни эса режимнинг тарғибот қуролига қиёслаган бўлардим. Чунки уларда на матонат ва на имконият бор. Журналистлар фаолияти эркинлигини кафолатлайдиган бешта қонун мавжуд бўлсада, бироқ журналистларимиз, аниқроғи, ўзини журналист атаётган кимсаларда бу касбга лойиқлик аломатини кузатмаяпман.

Журналист ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақ сўзни ёзиб чиқа олса ва оммага етказса, ана унда уни журналист деб атасак бўларди. Ишидан ажралиб қолишидан, ёки қамалиб қолишидан қўрқиб ҳақиқатни яширадиган, ёки кўриб кўрмасликка оладиган қаламкашлар журналистлар эмас. Юқорида айтиб ўтганимдек, диктатура режими тарғибот қуролидир улар.

Озод Собиржонов: Ассалому алайкум, Тўлқинбек! Қаттол режимга қарши курашишдан чарчаганим йўқ, дебсиз. Лекин нима учун Каримов ҳукумати ағдарилмади шу пайтгача? Нега инсонлар унга қарши чиқишмаяпти?

Тўлқин Қораев: Каримов ҳукуматининг ағдарилиши бир менга боғлиқ бўлганида у тахминан 1995-йилладаёқ ағдарилган бўларди. Чунки айнан ўша йилларда бу ҳукуматдан бутунлай ҳафсалам пир бўлганди. Энди инсонлар унга қарши чиқишмаяпти деганингиз бироз хато фикр ҳамдир. Ўзбекистон халқининг кам деганда 90 фоизи Каримов режимини истамайди ва ундан қутулинадиган кунни интиқ бўлиб кутмоқда.

Ислом Каримов ҳукмронлиги йилларида оммага қараб ўт очишлар кам бўлмади шекиллик. 1992-йилдаёқ Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасида бош кўтарган талабалар пешонасидан ўқ еганди. Ундан сўнг Паркентда, Наманганда халқнинг кичик норозиликлари ҳам вахшийлик билан бостирилди. Энг сўнги қонли воқеа эса Андижонда 2005-йилнинг 13-май кунида содир бўлди.

Халқимизнинг руҳияти синган ва у ҳозирча курашга ярамайди. Албатта Ислом Каримов бутун Ўзбекистон халқини, яъни мана шу 30 миллионга яқин халқни қириб ташлай олмайди ва халқ бир мақсад йўлида бирика олса, албатта, у ғолиб бўларди. Аммо халқимиз буни тушунмайди ёки тушунишни ҳам истамайди. Натижада, мана йигирма йилдан ортдики, бошимиз узра диктаторнинг қонлик қиличи айланмоқда. У кўтарилган бошларни кесиб ташлайди, лекин эгилган бошларни кесмасада, диктаторимиз уларни муттасил янчиб келаяпти. Инсонларнинг унга қарши чиқмаслигининг бош сабабини эса, уларнинг журъатсиз ва қўрқоқликлигида деб биламан.

Махмуд: Нега Узбекистонда хозиргача фукаровий жамият шаклланмади? Нима учун авторитар тизим агдарилиш урнига янада кучайиб бораяпти?

Тўлқин Қораев: Бу саволни икки қисмга бўлиб кўрсак ҳам буларкан ва унинг иккинчи қисмига юқорида жавоб бердим деб ўйлайман. Биринчи қисмига жавоб беришдан олдин уни бироз таҳрир қилиш керакка ўхшаяпти. “Нега Ўзбекистонда ҳозиргача фуқаровий жамиятлар шаклланмади?” – деган савол қўйилаётган бўлса керак.

Ҳар бир мамлакатда, агар унинг ҳукумати ўзининг халқаро обрўсини ўйласа, фуқаровий жамиятлар учун кенг йўл очади ва уларнинг фаолиятларига давлат томонидан аралашув бўлмайди. Фуқароллик жамиятлари ҳар бир давлатнинг ўз ичидаги санитарлари десак муболаға бўлмас. Одатда бу каби ташкилотлар давлатнинг ва унинг масъуллари бўлган турли тоифа мансабдорларнинг фаолиятларини назорат қилиб боради. Бу эса ўз навбатида, жамиятнинг демократик бошқарув тузумида бўлишини талаб қилади. Диктаторлик ҳукмронликлари ўрнатилган давлатларда эса фуқаровий жамиятлар ривожига йўл берилмайди, ҳаттоки уларни ташкил этишга ҳам йўл қўйишмайди. Сабабни тағин мамлакат узра ўрнатилган диктатура сиёсатидан излашимиз керак бўлади. Ўзбекистондаги бугунги ҳукуматга халқ назорати мутлоқ керак эмас ва шу сабадан ҳам бу каби ташкилотлар ривожланмаяпди.

Авторитар тузумнинг кучайиб бораётганига оид саволга юқорида жавоб берган бўлсамда, яна бир қўшимча қилиш мақсадида шуни эслатиб ўтмоқчиман: авторитар тузум ағдарилади, қачонки халқ шу мақсадда бирлаша олса ва у ўз иродаси билан авторитар тузимдан кўра кучлироқ эканлигини кўрсата олса. Акс ҳолда кўриб турганимиздек, режим гуллаб яшнаяпти, халқ эса абгор ҳолидан янада абгорлашиб бораяпти.

Сулаймон, Тошкент: Буш пайтингизда кайси нашрияларни укийсиз? Сизга кайси веб сахифалар ёкади?

Тўлқин Қораев: Менда ҳам бўш вақт бўлиб туради ва жавобимдан ажабланасиз деб ўйлайман. Бўш вақтимда математика билан шуғулланаман. Бу билан бу фаннинг билағониман деган даъвони илгари сураётганим йўқ, балки аксинча, уни билмаганим учун. Мана шу фанни ўз даврида етарлича ўзлаштира олмаганман ёки аллақочон унутганман. Эндиликда, шу ёшимда математикага қизиқиб қолдим.

Ўзбек нашрлари менга етиб келмаслигини инобатга олиб қарайдиган бўлсам, менда фақат интернет нашрлари қолади холос. Мен қизиқиш билан кузатиб борадиган сайтларим эса Озодлик, Би-би-си радиоларининг веб саҳифаларидир. Шунингдек, ўзим аъзоси бўлган Ўзбекистоен Халқ Ҳаракати саҳифасини, Центразия, Фергана, Узнюс, Евронюс, Дунё ўзбеклари, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти саҳифаси каби саҳифаларни кузатиб бораман. Янгиликлар ва таҳлиллар менинг бўш вақтимда бир кўз ташлаб қўядиган саҳифаларим эмас, балки менинг асосий фаолиятим йўли деб биламан.

Баходир, Корея: Нима учун четда юрган узбекистонлик мухожирлар иттифок эмас? Бошка миллатлар бир-бирини кулласа, узбеклар бир-биридан кочади?

Тўлқин Қораев: Айни мана шу саволни сизнинг ўзингизга ва бошқа миллатдошларимизга берган бўлардим. Нафақат муҳожиротдаги ўзбеклар, балки Ўзбекистон ичкарисидаги ўзбеклар ҳам бир бирига иттифоқ ва меҳрибон эмаслар. Афсуслар бўлсинки, биз шундай миллат эканмиз!

Илгарилари ўйлар эдим, миллат ўз динидан айрилгани учун бир бирига ёв бўлиб қолгандир деб. Йўқ! Гап динда эмас экан. Чунки муҳожиротда, тағин диний эътиқодда собит бўлган ватандошларимизда ҳам бир иттифоқ бўлишликни кўрмаяпман. Ўзбеклар кўпроқ манфаат йўлида бирикадиган миллатга айланиб қолишган. Бу касаллик бу миллатга қачон ва қай вазиятда текганлигини эса билмайман.

Ўзбекистонда минглаб мусулмонлар қамоқларда қийноқлар остида яшаяпти. Кунда бўлмаса ҳам, кунора кимнингдир қамоқда ўлдирилганини эшитиб қоламиз ва у албатта диний мотивлар билан қамалган маҳбус бўлиб чиқади. Америка ва Европа қитъаларида бемалол оёғини узатиб яшаётган “биродарлар” эса парвои фалакда. Ҳаттоки “оҳ”, деб қўйишни ҳам билишмаяпти. Айни шундай манзарани динсизлар орасида ҳам кузатасиз.

Шундай экан, ўзбеклар бир биридан ҳадиксираб яшайди ва табиийки, бир биридан қочади. Нега бу миллат айнан шунақа эканлигини эса тушунтириб бера олмайман. Чунки бунинг боисини ўзим ҳам билмайман.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2012/10/121015_cy_talkingpoint_karayev.shtml