Sep 082012
 

 

Журналист Исмат Хушев Аҳмаджон Одилов ҳақида…

Sep 8

Posted by ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ

(“Оқланмаган ишонч қиссаси” Биринчи китоб(1-21)дан парча)

Суратда: Аҳмаджон Одилов умр йўлдоши Чиннигул ая билан…

Мен нима учун жамиятдаги ўзгаришларни «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатувига боғламоқчиман?

Нега деганда у вилоятларда рўй берган ижтимоий адолатсизликларга энг аввало Марказқўм айбдор эканини мардона туриб фош этиб ташларди.

Одамлар Дадахон Ёқубов тимсолида қайта тикланган адолат ва диёнатни кўрадиган бўлиб қолишди.

Масалан, бир кўрсатувида Наманган вилояти партия қўмитасида 1980-82 йилларда Маъмурий бўлимда хизмат қилган Даврон Раҳмонов тўғрисида ҳикоя қилиб беради.

Бу одам Аҳмаджон Одилов бошқарадиган агросаноат фаолиятини тафтиш қилиш жараёнида қонунчилик қўпол равишда бузилганини аниқлайди.

Бироқ, у пайтларда республикада «иккинчи шахс» деб ном чиқарган А.Одилов ҳақиқатпараст «ревизор»ни янчиб ташлайди.

Яъни, Ўзкомпартия Марказқўмининг Бюро йиғилишида Даврон Раҳмонов «шонли» компартия сафидан ўчирилади!

У замонларда партиядан ўчирилган одам албатта қамаларди. Шундай ҳам бўлади…

Орадан беш-олти йил ўтгач, «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатуви ўша машъум ҳодиса тўғрисида ўз қарашларини баён этади.

СССР Прокуратурасининг кўрсатмасига асосан Д.Раҳмонов иши қайта кўрилиб, унга партия билети қайтарилгани ва бошқа ишга тикланганини Дадахон ака ўз кўрсатуви орқали илк маротаба халққа ошкор этади.

Мен Аҳмаджон Одилов ҳақида дастлаб Одил Ёқубовнинг дилбар очеркларидан ўқиб билган эдим. Кейин Марказий матбуот ҳам бу одам ҳақида кўп ёзди.

Хусусан, “Огонёк” журналининг биринчи саҳифасида Аҳмаджон Одиловнинг рангли суърати билан бирга эълон қилинган туркум мақолалар у кишини иттифоқда ҳам хийла машҳур қилиб қўйди. Ўшанда “Огонёк”нинг Бош муҳаррири Анатолий Сафронов эди, назаримда.

Сўнг кўп ўтмай Телъман Гдлян бошчилигидаги СССР тергов гуруҳи Ўзбекистонга келгач, Аҳмаджон Одилов ҳам бошқалар қатори ҳибсга олинади.

Энди Марказ матбуоти бу одам ҳақида бошқача ёза бошлади. Мен “Литературная газета” да эълон қилинган – “Зона молчания”, яъни – “Жимлик сарҳадлари” номли суд очеркини ўқиб даҳшатга тушгандим.

Кейин бунақа очерк ва мақолалар бошқа газета ва журналларда ҳам кўп чиқди.

Табиийки, мен журналист сифатида бу одамнинг шахси ва фаолияти билан қизиқиб қолдим. Биласиз, “Ёш гвардия”ни ўқиб – Краснодонга, “Тинч Дон”ни ўқиб – Вёшенская станицасига борган йигитман.

Ўша пайтларда Самарқанд вилоят прокуратурасининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси бўлиб ишлаётган Исматилла Йўлдошев ҳам Т.Гдлян раҳбарлигидаги СССР тергов гуруҳи таркибига киритилган эди.

Биз бу шоиртабиат йигит билан дўст эдик.

Бир куни у мени Ғурумсаройга таклиф қилди. Ғурумсарой – Попга кираверишдаги чексиз чўл қўйнида ястаниб ётган беҳудуд ўлка.

Аҳмаджон Одилов раҳбарлик қилган ва бутун дунёга шов-шув бўлган мажмуа (комплекс) шу ерда жойлашган. У – йигирмага яқин йирик хўжалик ва корхоналарни ўзида жамлаган улкан агросаноат бирлашмаси экан.

Мен Ғурумсаройда Аҳмаджон Одиловнинг гул ва райҳон иси уфуриб турган анвойи боғ ўртасидаги кўркам саҳнада жойлашган шинамгина кабинетини бориб кўрдим.

Газета ва журналларда кўп ёзилган, кўп ўқиганим – кабинетдан кимсасиз қир-адирларга олиб чиқадиган яширин ер ости йўлига тушиб, уни томошо қилдим, бир – бирига қарама – қарши бўлган чексиз ва чегарасиз хаёллар уммонига ғарқ бўлдим…

Поезд вагонлари юриши учун релъслар ўрнатилган, метро станциялари каби кенг ва ёруғ бу яширин ер ости йўллари билан бирга, одамлар учун қурилган замонавий коттежлар, обод посёлкалар, фаровон шаҳарчаларни ҳам бориб кўрдим…

Ҳайратимнинг тили бўлсайди агар,
Бўғзимга тиқилган ҳаяжонимни,
Қутулардим айтиб бир йўла,
Қийнамасдим бунча жонимни,

деб ёзганида Муҳаммаджон Раҳмонов нечоғлик ҳақ бўлганига мен илк маротаба Ғурумсаройда имон келтирган эдим…

Москва газеталарининг ёзишича, Аҳмаджон Одилов қамалганидан буён ғурумсаройликлар байрам кайфиятида экан. Лекин биз Попда бўлганимизда бунинг аксини кўрдик. Халқ унинг қамалишини ўз шахсий фожеасидек қабул қилган эди…

Кейин, орадан йиллар ўтиб, республика раҳбарлигига келган Ислом Каримов, мустақил бўлганимиз баҳонасида, “пахта иши” бўйича қамалган бир гуруҳ “собиқ”лар – Усмонхўжаев, Худойбердиев, Салимов, Мусахоновлар қаторида Аҳмаджон Одиловни ҳам Россия раҳбарияти розилиги билан Ўзбекистонга қайтариб, озодликка чиқаради.

(Абдуллаева ҳам ўзбек Президентининг айнан шу сайи-ҳаракати натижасида Москвадаёқ ҳибсдан бўшатилиб, Тошкентга самалётда учиб келган эди).

Албатта, бундай ҳатти-ҳаракатни хушёр сиёсатчи Каримов халқ хоҳиш-иродасини ҳисобга олиш билан бирга, ўз шахсий манфаатларини кўзлаб ҳам амалга оширган эди.

Хусусан, бу пайтга келиб муқобил номзодлар қўйилган Президентлик сайловига жуда оз вақт қолаётганди.

Ҳали Президент Президент бўлиб Ўзбекистонни, унинг барча сиёсий ва ижтимоий қурилмаларини бугунгидек ўз инон-ихтиёрига буткул ва мутлақ бўйсундириб ололмаган эди.

Ҳали мамлакатда ва айниқса парламентда мухолифат мавжуд бўлиб, у бугунгидек хориж ва ҳибсдан жой топмаган эди…

Аҳмаджон Одиловга оид ҳикоямизга қўшимча қилиб шуни илова қилиш лозимки, Ислом Каримов 1991-йилнинг декабридаги сайловда кўпчилик овоз билан Президент бўлиб сайлангач, амалга оширган ишларидан иккитаси менинг диққатимни жалб этган эди.

Биринчиси – сайловда ўз рақиби мутлоқ кўп овоз олган вилоят раҳбарини алмаштирди.

Иккинчиси – халқ орасида обрў-эътибори ортиб бораётган Аҳмаджон Одиловни яна ҳибсга олди…

 

http://dunyouzbeklari.com/2012/09/08/%D0%B6%D1%83%D1%80%D0%BD%D0%B0%D0%BB%D0%B8%D1%81%D1%82-%D0%B8%D1%81%D0%BC%D0%B0%D1%82-%D1%85%D1%83%D1%88%D0%B5%D0%B2-%D0%B0%D2%B3%D0%BC%D0%B0%D0%B4%D0%B6%D0%BE%D0%BD-%D0%BE%D0%B4%D0%B8%D0%BB%D0%BE/#more-15795