Sep 072012
 

Кимга қанақа…

 

Демократия бу – ўйлаб чиқилган кофирлар динидир, унинг тарафдорлари қонун чиқарувчи раҳбарлар-илоҳчалар ва уларга тобе бўлиб уларга сиғинувчи кишилардир…

 

дейилади анонимний тавсия қилган сайтда.

Бу сайт кимники? Бу сайт радикал диндорларники. Сураларни истаганча талқин қилиб,мана бу ҳужжат деб оғиз очирмай қўйиш ,бу жуда катта маҳорат.Бу сайт тарғиботчиларидан бир икки сабоқ оласизда,бошга саллани ўраб,калашников
автоматини қўлга олиб,белга ф1 гранатасинини боғлаб,ер юзида Аллоҳ буюрган қонунларни ўрнатиш учун аввал Афғонистонга ёки Покистонга юриш қиласиз.

Жаннатга путевка олиш учун белга 2 кило бомбани боғлаб метрода ўзингизни портлатасиз,алкашу ,ҳали бир гуноҳ қилишга улгурмаган тўрт- беш ёшли болалар орасида. Истаганлар бир муддат,булар билан алоқа қилиб кўришлари мумкин, 98% фоиз ҳолатда жиҳодга ёки шунга тенглаштирилган амалга даъват оласиз.

Салб юриши даврида рицарлар сўрашган экан, жангга борган жойимизда гуноҳкорни гуноҳсиздан қандай ажратамиз деб. Рим папаси айтганки,ҳа биродарлар,бир бошдан қиличдан ўтказаверинглар,нариги дунёда Худонинг ўзи ажратиб олади ким кимлигини.

Бунақа сайтларни ўқиб миясига қурт тушганлар кўп.Ва диний  билими йўқлигидан фойдаланиб,бошқаларнинг миясини қуртлаттираётганлар ҳам етарлича.

Баъзилар айтяптики шу кунларда,мактабда диний ва дунёвий билимларни баравар олиб бориш керак деб…

Бу энди мантиқсизликнинг энг юқори чўққисидир.

Мактабдаги дарсликларда оламнинг яралиши ҳақидаги билимлар дарвинизм ғоясига асосланган. Бу дарсдан чиқиб, кейинги дарсга кирган ўқувчиларга мулла бунинг аксини айтиб ўтирса… ўқувчиларнинг ҳам кришаси кетиб қоладику.

Жаноблар,тинчгина динни давлатдан ажратайлик,яхши илм олган одам Аллоҳни таниб олаверади ўзи.Лекин ёшлигидан қишлоқнинг чаламулласидан таълим олган бола келажакда илмга қайтиб мурожаат қилмас-ов…

Шу кунларда негадир ёшлигида каптарвозу,ароқхўр бўлганлар диний маърузаларни кўп ўқияпти. Балким ўғри қариса сўфи,ғар қариса отин бўлар,балким Аллоҳ уларни тўғри йўлга ,ҳидоятга бошлагандир. Лекин бир юмалаб замонага мослашишга уста бу жаноблар маънан ҳаққи бормикин оғиздан кўпик сочишга?

Эҳ,гапларинг искренний эмас,юзларинг ҳам тоза эмасда. Динни бронжилет қилиб кийиб олгансанлар. Фақат шу холос.

Э,ажаб замонлар бўлди,бу замонлар. Маъруза ўқиб, сомсахўрликка борса,сомсахўрликдан келиб ,бетаҳорат яна маърузани давом эттирса… Ажиб замонлар бўлди-да ишқилиб.

Айтишларинг мумкин,мулланинг айтганини қил,қилганини қилма деб, я согласен с вами,господа. Лекин кўзга чиққан қўтирдек,одамнинг энсасини қотирмангларда сенлар ҳам. Одамлар жа гўл эмас, ким нима қилаётганини ўзи билади. Ва ,ҳукм Аллоҳники бўлса,сенларга бировга нисбатан ҳукм чиқаришга ким ваколат берди? 

Мен ўқиган китобларда,кофир ва куфр сўзини айтишга катта масъулият бор эди. Эҳтиётсизлик қилиб бировга нисбатан бу тамғани ёпиштириш гуноҳга тенглаштирилган эди. 

 Билмадим,ҳозирги интернет муллаларга нима бўлган, спорт кийимини кийсангам, мусульманская колбаса есангам кофирга чиқасан. Яқинда бир видеони кўриб қолдим,масжидда муллалар турли туман напиткалару, магазинда сотиладиган сарёғлар, хуллас,мен билган нормальный диндорлар ўзини тиядиган маҳсулотлар билан ифторлик қилиб ўтирибди.

Энди ,бу жомъе масжиди бўлса, минг- минг одам бу супермуллаларни кузатадими? Бизнинг одамларнинг характери маълум, ҳақ бўлсаям эътироз билдиролмайди.Эътироз билдирибам кўрсинчи, мулла дарров сен кофирсан деб жамоа ичида эълон қилиб юборса…

Масалани сал кескинроқ оламиз… Бу чалалар аралашган давлат бошқаруви нима бўлади?

Тасаввур ҳам қилолмайсиз. Каримовнинг даври Ўзбекистоннинг олтин даврлари экан деб ,қўмсаб қоласиз.

Энг катта хавф нимада? Биргина мисол келтираман: демократик тузумда норозилигингизни ифодалай оласиз, қонун доирасида иш кўриб ҳақ -ҳуқуқингизни ҳимоя қиласиз,амаллаб. Лекин жоҳил диндорлар ҳукмронлик қилаётган мамлакатда бу нарсани хаёлингизгаям келтира олмайсиз. Дин душмани, кофир деган тамға босилиб,тошбўрон қилинишингиз аниқ.

Шариат бўйича иш кўрилса, ноҳақликлар содир этилмайди деб айтишингиз мумкин. Аммо,ўша шаръан иш юритадиганларнинг ўзини худо уриб қўйган бўлсачи? Бундай вазиятда, айбланувчи оломон ғазабига дучор қилинади,вассалом. Бир қошиқдан берса тўйдирадиган, бир муштдан урса ўлдирадиган тўда бунақа пайтда ким ҳақ ё ноҳақлигини сўраб ўтирмайди.

Бу эса айримларнинг фойдасига ишлайди. Бозорларда киссавурлар қўлга тушиб қолганда, оломон судсиз, сўроқсиз ўғрини уриб ўлдирган ҳолатларни эшитгансиз. Агар шундай вазиятларда ислом номи остида бирорта мулла фатво бериб юборса,нималар бўлишини ўйлаб кўраверинг. Кейинчалик маълум бўлиб қоладики,аслида ўша одам айбсиз бўлиб чиқади.

Ва мендан тезгина ислом душманини ясашга уринманг. Тинчгина ибодатни қилиб,ислом арконларини бажариш учун демократик жамиятда ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Давлатни диндорлар бошқармаса,ёки ер юзида халифалик ўрнатилмаса ,сиз ва биз кофирга айланиб қолмаймиз,бунисидан кўнглингиз тўқ бўлсин.

Аслида демократик давлатларда яшаб, демократик давлатнинг қулайликларидан фойдаланган ҳолда, демократияни куфр деб иккиюзламачилик қилаётганлардан эҳтиёт бўлиш керак. Эшакнинг меҳнати ҳалолу, гўшти ҳаром дегандек гап бу. Бу инсонлар жамиятда дин бошқарувини истаса,ҳалиям кечмас, самолет ва поездларга билет олиб, ,,куфр”  диёрларидан чиқиб кетишлари мумкин, ўйлайманки бундан ,,куфр”  мамлакат аҳолиси сираям ўпкаламайди.

Хуллас, чиройли гапларга учманг ,дўстлар. Бу ним табассум қилаётган башаралар ўрнашган каллада не хаёллар борлигини худо билади. Бирор диний масалада саволлар туғилиб қолса,камида беш ёки олти турли манбалардан жавоб излашдан эринманг.


Майли,бошқа бирон кун давом эттирарман,автобусим ҳам келиб қолди…
 

Шавкат Муҳаммад