Sep 052012
 

МУСТАҚИЛЛИК ОСТОНАСИДАГИ ИЗТИРОБЛАР…

( Ўксик кўнгилим зорлари,озорлари….)

Қишлоққа бормай қўйдим. Самарқанднинг Қиётига. Аслида  қадам қўймаганимга кўп бўлган эмас…4-5 ой ўтди,холос…Шу “холос”нинг тагида қанчадан қанча ҳасрат,нечоғлик  изтироб борлигини билармикансиз,айтсам,ҳис қилармикансиз?…

Очиғи, Қиётга ўз ихтиёрим билан бормайётганим йўқ,қадамимни қайришган мени,қишлоғимдан айришган мени….

Қиёт деган кичик қишлоқнинг энг адоғида кўримсизгина ҳовли бўларди. Бизники! Ота уйим! Аввал бошда оилада 10 та фарзанд бўлган эканмиз:икки ўғил,8 қиз. Энамнинг таъбири билан айтганда,“Биттаси керак экан,Эгамнинг ўзи болалигидаёқ қайтариб олган”миш…7 қиз,2 ўғил қолгандик. Энамнинг “Эга”си шу икки ўғилниям кўп кўрди чоғи,айни қирчиллама қирқ ёшида кичик акамга ҳам “эга чиқди”. Отам раҳматликнинг дунё ташвишларидан қутилиб,қайтмас бўлиб  кетганларига  10 йилдан ошган…Қийиндан қийин,энажонимга  қийин бўлди. “Ҳеч бир бандани боламлаб бўзлатмасин экан”  эзилади энам   ичи идраб…“Менинг ўрнимга ўғлим шўрлик жувормаг кетди…Менгинага қачон қарзини  қичаб келишаркин-а? Қачон об кетишаркан мени?” дея  эмранганча  эшикка жовдираб термулади…Тош қаттиқми,бош қаттиқ?!  Бош деганлари метинданам мустаҳкам бўларакан…Бошга тушганни кўз кўравераркан,бандаси   кўнавераркан…Оллоҳнинг ишларига тан беравераркан…Тақдирга тадбир йўқ экан-да…Мана,энди энам шўрлик ёлғизгина  “ота ўғли”ни алқаб,омонлигини тилаб,куну тун Эгамга ёлвориб ётибди:“Илоҳим,орқамда қолсин?! Мени тепиб-тепкилаб ўзи кўмсин!” деб, ўртаниб…. Ёшлариям икки кам 90 да.

Нотанти оламнинг озорларидан эзилиб кетган ана шу энажонимни кўришгани қўйишмаяпти…Ким?  Энамнинг борйўғи биттагина эркаси,   ортида қоладиган “ота ўғли”да.

Айтиб қўяй,акам жуда сержаҳл,серзарда,қаттиққўл одам. Уларнинг измисиз уйимизда пашшаям учмайди. Соғинч деганлари мени қишлоққа етаклаб келган кезларида тепадан туриб виқор билан тикилади-да:

– Кичкини бўдингми энди? Бу қанақаси? Одамга ўхшаб кийиниб келсанг ўласанми? Битта шимнинг пулига кўйлак бермайдими? Бор,одам башара бўлиб қайт  қишлоққа!,-   койийди нуқул кийинишимдан кўнгли тўлмай.  “Йўқ,бугинаям энди бола эмас,бўйи тенги болалари бор. Ёнида тиргаги,бошида соябони бўлса?  Тергаб нима қилдим?” демайди. Ўйламайдиям. Бизда эркак кишининг юзига тик қарамоқлик,гап қайтармоқлик увол. “Хўп” демоқлик,бўйсунмоқлик бор,холос. Болаликдан шунга ўргатишган. Оиладаги муҳит шундай. “Эътироз билдириш,гап қайтариш” деган сўзлар оилавий  луғатидан,истеъмолдан чиқиб кетган. Акамнинг ана шундай иллатларидан зада бўлган кўнглим қўрқиб,ҳайиқиб турган кезларида менингдек “тилчи”нинг ҳам  тилини  ҳатто тупугиям танглайига елимдек ёпиштиради-қўяди…. Тарки одат бу. Акамга журъатсизгина кўз қиримни ташлайман. Бурнининг тагига хаёлан битта қўнғиз мўйлабни ёпиштираман-да,“Гитлернинг ўзи-я” деб ўйлаб қўяман. Бундан  ўзгасига  қурбим етмайди Қўрқоқ кўзларимни олиб қочаман-да,болалардек югургилаб бориб энамнинг ҳилпираган куйлакларидан бирини эгнимга иламан. Сўзсиз итоат қилганимга акам ҳам хурсанд,ўзим ҳам  хотиржам…Тинчликка,аҳилликка нима етсин оилада?

Афсус,шу бугунга келиб ана шу ҳаловатга,аҳилликга кўз теккан. ЎзМТРКдаги ишимни калта-култа қилиб,мухолифатчилар қаторига қўшилганимдан акамга озор етган… Йўқ,аслида аввал бошида акам қандай юмуш билан бандлигимдан мутлоқ бехабар эди. Тўғри,ота уйимизда компьютер бор. Лекин электр йўқлиги учун ҳам токчада савлат тўкиб тургани – турган. Ишламайди. У савил “бел боғлаб” хизмат қилмаганидан кейин интернет ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Аммо қишлоқ кишисининг “маънавиятини” кўз-кўз қилиш учун ҳам битта  бўлса-да қутинусха компьютер керак-да  хонадонга…Интернетга кирмаганидан кейин менинг не иш билан машғуллигимни қаердан ҳам билсин акам? Аммо эшитиб қопти! Қаердан? Билмадиму,менинг Каримовга “тил теккизаётганлигим” ҳақидаги хабарлар  садоси қулоғини қоматга келтиргани аниқ! Бир кун дастурхон атрофида ёмон,жуда ёмон бўлди:

–                      Менга қара,ҳов бола,(Кап катта аёлман-а? Уларнинг наздида ҳалиям гўдакман) нима қилаётганингни биласанми ўзи? Ҳаммасидан хабар топдим,барча қилғилиғингни биламан? Бу нима қилганинг? Одам Ватаниниям сотадими? Ким қанчага сотиб олган сени? Бир бурда нонга қорнинг тўйди-ку? Бизни,ўзингни ўйламасанг,икки болангнинг эртасига қайғурмайсанми? Сенинг касофатингга қолиб эртага яхши ўқишларда ўқий олмайди улар энди! Ўқиган тақдирдаям ўзлари истаган жойда ишлашолмайди! Шуни биласанми?  Айт,баҳойинг қанча? Қанчага сотилдинг Каримовга тиш қайраш учун? Сенга пул керакми? Қанча?! Мана,мен бераман ўша пулни сенга?!,–деди акам бор қахрини сўз оҳангига қориштириб,кейин ёлғондан чўнтагини ковлаган киши бўлади-да,-  Йиғиштир бола,эсинг борида этагингни йиғ! Касирингга қолдирма бизниям!,- деди.

Ғазабли нигоҳларини қадади. Қарашлари жудаям ўткир. Худди ринген аппаратини эслатади. Гуё миямни очиб кўздан кечираётгандек…. Айб иш қилиб жазо беришларини кутаётган қизалоқдек елкаларимни қисиб,  ерга термулиб ўтирибман,нафас ичга тушиб кетган.

–                      Айтиб қўяй,гапга кирсанг,кирдинг,агар ўз билганингдан қолмайдиган,ортга қайтмайдиган  бўлсанг,қорангни ўчир. Қадамингни қирқаман сенинг! Қайтиб бу уйга қадам босмайсан,билдинг?! Бор,йўқол! Жўна дедим сенга! Кет!,–акамнинг сўзлари тишлари орасидан сизиб чиқди,–Бошингни бўлмағур сафсаталардан соқит қилсанг,уйга қайтарсан!!!

Тўқсоннинг тагига бориб қолган энажонимнинг кўзлари нурсизланиб,қулоқлари ҳам оғирлашиб қолган. Эшитмаётганлиги учун нима ҳақида гап кетаётганлигини англолмаса-да,аммо акамнинг важоҳатидан менга терс-терс гапираётганини дарров илғаб олди.

– Синглингни силтаяпсанми? Йўғ-а,ҳадеб   ҳуркитаверма болани,урушма,кўнгли қолади,–деди энам акамга ялинчоқ нигоҳларини қадаб.

Бу қарашларга дош беролмаган ўғил юзини ўгирди,ғинг  демади.

– Энажон,урушганлари йўқ,  сизни кўришга келиш учун ҳаяллаб қолганимга койияптилар…Шунчаки…Хафа бўлмайман,ўйламанг,-  энамни аврашга уриндим.

– Кечикиб келганигаям уришасанми,болам. Турмушнинг ташвиши қурсин. Ўзи билан ўзи андармон бўлиб қолган-да. Қирда қораларингни кўрсам,кўнглим тўқ. Ўз кунларингга омон бўлсанглар бўлди,мендан хабар олмасанглар ҳам,майли,розиман. Ҳадеб урушаверма буни,–акамга яна ялинчоқ термулди энам ака–сингил ўртасига совуқчилик тушиб қолишидан юраккинаси кузнинг охирги баргидек  титраб…

Бу муштипарга нимаям деймиз? “Қизингиз пошоҳга қарши бош кўтарибди” деб кўрингчи?  Айта олармикансиз? Айтолмайсиз. Сўзларнинг завори оғирлик қилади  энамга. Бу юкни кўтаролмайди. Жигарбандининг эртасидан қайғуриш,ҳадик,хавотир исканжаси адо қилиб қўяди уни. Қон босими кўтарилиб кетади. Шунинг учун ҳам энамдан пинҳон тутишга мажбурмиз-да…Эй,лаънатлар бўлсин бундай ҳукуматга. Оғани инидан,этни тирноқдан айирди-я бу тузум? Ҳа,нима,мабодо Каримов олийжаноб бўлганида мен унга қарши борармидим? Бир гумроҳни деб ота қишлоқдан бадарға бўлармидим? Бир худбининг қуюшқонга сиғмайдиган қилиқларига қарши бош кўтараман деб ўз энамниям кўриш бахтидан мусавво бўлармидим? Диктаторнинг босимидан қўрқмаганида ўз жигарим   мени ота уйимдан қувиб солармиди? Ё бу ерда бошқа бир сабаб борми,қўрқувдан бошқа? Кўрсатинг?! Бўлса,айтинг?!…Мен кўрмаяпман…

Ҳаммасини тушунаман. Бундай ҳолатда акамдан ўпкалашим ўринли эмаслигини ҳам яхши биламан. Акамда эмас,  ўзбек кирилл алифбосидаги БИРИНЧИ,ЎНИНЧИ,ЎН ИККИНЧИ ҲАРФЛАРФларда аламим бор менинг!!!!

Шундай бўлса-да,кўнгил экан-да,ўзимни чалғитишга ҳарчанд урунмай, акамнинг айтганларидан етмиш икки томирим қақшаб кетди:“Ватанниям сотадими одам?!!! Ким қанчага сотиб олган сени?!!! Ватанниям сотадими?!!! Ватанниям сотадими?!!!…. Сотадимиииии?!!!…..”

Юрагим увишиб,карахт бўлиб қолган  миямда нуқул бир хаёл  ҳайқиради: “ Ватанни сотдимми мен? Хоинманми мен?! Соққага элни сотадиган даллолмидим-а?! Ватанфурушми мен?! ЙЎЎЎ-ЎЎЎ-ЎЎЎҚҚҚ!”..

Каримов дегани бу – Ўзбекистон дегани эмас. Каримов бу – ўзбек еримас! Каримов деганлари ўзбек элимас! ВАТАН сўзининг синоними Каримов эмас!  Ўзбекистон дегани бу – Каримовнинг умри боқий Ҳукумати ҳам эмас! Амалдаги ҳукумат Ўзбекнинг хўжаси  ҳам эмас,мисоли меҳмон! Хўш,буларнинг барини қандоқ тушунтираман турмуш ташвишлари кўмиб ташлаган қишлоқ кишисига? Айтинчи?

10 кунга келгандим,бир кун ҳам сиғмай қолдим-а,ота уйига…. Юрагим сиқилиб,ортга қайтадиган,“алвидо” айтадиган бўлиб қолдим.

– Энажон,ишлар кўп,чақириб қолишди. Кетмасам бўлмас экан…Анчагача келаолмасам керак. Ҳавотирга тушиб юрманг.  Телефон қилиб тураман,гаплашамиз…,–хайр-хўш айтдим энамга.

– Қайда бўлсанг ҳам омон бўлсанг,тинч бўлсанг бўлгани…Мен ҳам қариб қолдим,қизим. Гўр бунда ке деб чақириб ўтирибди…Кўп узоқ қолиб кетма. Тез-тез бохабар бўлиб турмасанг бўлмас. Кўролмасдан,охирги каломимни эшитолмасдан,армонда қолмагин дейман-да. Бир қадам бўлсаям Тошкентинг олислик қилади,қароғим…Дийдор қиёматга қолмасин дейман,–деди энам маҳзун оҳангда. Бир қизиқ бўлиб кетдим…. Оҳ,энам,энажоним,энажонгинам…Фарзанд бўлиб нима қилиб бера олдим ўзи сизга ташвишдан ўзга?! …

Одатда фидоийликнинг,меҳрнинг,муҳаббатнинг шакли йўқ,шамойили йўқ. Кўриб,қўл билан ушлаб бўлмайди,қиёфасиз,абстракт,мавҳум   нарса дейишади…  Йўқ! Адашасиз! Бошқа нарсаларни билмадиму,айнан меҳрнинг,муҳаббатнинг,фидоийликнинг шакли-шамойили,ойдай жамоли бор! Мана,мен унинг қиёфасини кўрганман! Сиз ҳам юзлашишни истайсизми?  Унда онангизнинг нурсиз кўзларига термулинг. Йўқ,  шунчаки тикилманг,қароқлар қаърига киринг,сингиб кетинг. Меҳрнинг кўркини кўраяпсизми,кўраолаяпсизми? Айнан мана шу кўзлар меҳрнинг қиёфаси бўлади,агар билсангиз? Фидоийликнинг жамолини кўрмоқчимисиз? Онангизнинг қиров қўнган сочларига,ажинлар саноқсиз ирмоқ солган юзларига боқинг. Меҳнатдан қаварган қўлларини олинг  кўзларингизга босинг,тавоф қилинг. Қаршингизда фидоийликнинг сийрати-ю сурати турибди,кўраяпсизми?  Ана шу сийрату суратни маҳкамроқ қучинг! Ҳа,ҳа,иссиққина оғушига ўзингизни отинг-да,қаттиқроқ қучоқланг. Куч олаяпсизми?  Мана сизга муҳаббатнинг малоҳати! Сиз “Кўз билан кўриш мумкин эмас!” деб даъво қилаётганингиз – меҳру муҳаббатнинг,сабру қаноатнинг,фидоийликнинг  тимсоли мана,ман деб шундоққина қаршингизда турибди-ку? Аслида эса уни сиз ҳар куни кўрасиз,кўрасизу,танимай қоласиз,ва ё танимасликка оласиз…Хўш,кўрдингизми,кўра олдингизми?  Яна нима керак,қандай изоҳ,қандайин исбот керак сизга?

Мен бугун ана шундай меҳрнинг жамолидан,муҳаббатнин ардоғидан,фидоийликнинг бағридан,қаноатнинг қучоғидан узоқлашишга мажбурман…. Мана,бош олиб  ке-еееттттиииммм!… Шунга ҳам 4-5 ой бўлибди…. Соғинч вужудимни сел қилса ҳам онамни кўргани боришга ботинмадим,ботинолмадим…Онда-сонда,инсофи кирганда жиянларим телефон тугмаларини териб,энажоним билан “боғлаб” беради. Яйраб кетаман:

–   Энажоним,бардаммисиз?…,– дейишим билан,гапим буғзимда қолади.

– Тилёғламалик қилиб,одамни аврама,лўлилик қилма кўпам,барибир боварим йўқ сенга? Энасини  соғинган қиз кўргани келмайдими? Ҳол-аҳвол сўрмайдими? Жуда беоқибат бола бўлдинг сен? Шу ишинг ўлгур энангданам азизми,а? Келмайсан,қорангни кўрсатай демайсан? Тинчмисан ўзинг,ахир?,–дейди,ўпкалайди гўшак ортидаги овоз – Келсанг,ўзим қулоқ-бошингни тортиб,орқангга қоқиб қўяман,куч оласан,  эшитдингми? Энагни бирам кўргинг келмайми? Келасанми? Қахри қаттиқ қиз бўлдинг-да сен бола? Сен соғинмасанг,бизнинг кўргимиз келади,бир келгин. Қари бир энам бор,беш кунлиги борми,йўқмиям демайсан,ўйламайсан? Сени шу умидларда ўсдирганмидим?!…

– Оз қолди,энажон,оз қолди. Тез кунда қучоғингизга қайтиб қоламан…

–  Қара-да,эрта-индин,ана-мана қилиб,дийдорни қиёматга қолдирма яна?…,–шу ибораларини қайта-қайта такрорлашни хуш кўради  энам…

Қанот боғлаб учгим,энамнинг бағрига ўзимни отгим,тиззасига бош қўйиб ётгим келиб,  юрагим орзиқиб кетади,нимадир тиқилади томоғимга…Шунда телефони “ёниб” кетаётганидан юраккинаси ёрилаёзган жиянимнинг ўзи тилмочлик қилишга тушади:

– Амма,каттаэнам “Қизимга айтинглар,энасини эсидан чиқариб қўймасин” деяптилар,–дейди  шоша-пиша. Алоқа узилади…

Эҳ,энажоним-а,одам боласиям  ўз онасини –меҳр уммонини ҳам ҳеч унитармикин,унитаолармикин? Муҳаббатингиз дарёсида сузишни истамайди деб ўйлайсизми,меҳрибоним менинг,деганча қалбим тилиниб қолавераман…

Менгина бор йўғи бир қадамман,боссам етаману…волидамнинг дийдорида даллиман-девонаман…. Баъзида беихтиёр “Мусофир элларда яшашга маҳкумларнинг жонгига тузим берсин-эй!”,деб юборганимни ҳам билмай қоламан гоҳо…

. Соғинчнинг қўлчалари этагимдан тутиб қишлоқ томон қанчалар тортқиламасин,барибир қайтмадим,қайтолмадим. Мабодо қайтгудек бўлсам,акам  қувиб солармиди? Кўксимдан итарармиди?  Бўғзимга бигиз қадармиди? Йўқ,асло. Нари борса,саломимни аликсиз қолдириб,эшикни қарсиллатиб бетимга ёпиб,ўзини ичкарига оларди,уйига  кириб кетарди,тамом. Бори шу. Унда нега қайтмадим? Онам дийдорига ошиқмадим,нега?… Биласизми,гоҳо кишининг меҳри,  муҳаббати ҳам ўзгаларга озор бериб қўйиши мумкинлигини ногоҳон англаб  қолдим. Меҳрим,муҳаббату соғинчим яқинларимга зарар ётказиб қўйишидан қўрқдим. Туғишганларимни азоблаб қўйишдан ҳайиқдим. Модомики,ташрифим ташвиш келтирар экан,бориб нима қилдим? Қутқу,босим боҳонасида жигарларни айро қилишга,этни тирноқдан ажратишга муваффақ бўлган ҳукумат  муваффақиятидан мағрурланса майли,севинсин,керилса,керила қолсин…

Қишлоққа қайтмаганим,уйга бормаганим бўлсин,деб юргандиму,  Мустақиллик куни олди опам қизига тўй қилаётганини эшитиб қолдим. Тўйники тўпалон-да. Қуда-холачилик,меҳмон-меҳмондорчилик,куй-кўшиқ баҳонасида энамни бир бор кўрадиган бўлдим деб хурсанд бўлиб кетдим. Бирам қувондимки,гуё опам эмас,ўзим қиз узатаётгандек севиниб йўл тараддутига тушдим. Ҳамма нарса тайёру…Бироқ…Бироқ хабарчидан дарак йўқ. Умид билан минг бор телефонимга термуламан,чақириб  қолармикан деб…Йўқ,сас йўқ,садо йўқ. Кун узоқ жирин-жиринг қиладиган  матоҳ бугун аксига олиб гуё гунг бўлгандек,жим. Ғинг демайди. Қуввати тугаб қолдимикин деб бир қарайман,пули қолмадимикин деб икки қарайман, қўлга оламан,  овози чиқмай қолдимикин деб қулоғимга тутаман,қайда. Сақов бўлган!  Тўйга айтиш учун телефон орқали хабарчи келар деб кун узоқ умидвор бўлдим-а? Қош қорайгандагина умидларим сароб эканлигини англадим. Тўйга айтишмади-я? Аслида тўй-тўйлашга унчаям хушум йўғу,бироқ тўй баҳона дийдор ғанимат дегандим-да. Эҳҳҳ,чақиришмади-да! Опамга қолсаку,бир мартага телефон қилиб,айтарди-я. Аммо поччам изин бермаган:“Бошимизга балони бошлаб келмасин,тинчгина яшашимизга халақит бермасин. Қўявер,чақириб ўтирма!” деган. Шундай бўлган. “Эр –ярм пир” деган ақидага амал қиладиган опам ҳам бунга осонгина кўниб қўя қолган. Бу аниқ…. Жуда хафа бўлиб кетдим…Шоирлар нега шишага суянишларига ҳечам ақлим етмасди,тушунмасдим. Боисини бугун билгандек бўлдим…“Бўйни йўғон”идан биттасини келтириб,“бошини олдим”. Бир пиёласини заҳардек сипқордим. (Гуноҳкор бандамиз-да,Яратганнинг ўзи кечирсин!). Ёнаётган юрагимни янаям куйдириб кетди. Кайфияти хароб одамни янада хор қиларакан бу. Аввалига,тўй тугашини бесабр бўлиб кутдим. Ярим тун бўлишига қарамасдан опамга сим қоқдим:

– Ҳорманг энди? – дедим киноя аралаш,–Тўйлар яхши ўтдими. Толиқтирмадими?,–Кейин бирдан муддаога кўчдим,–Хўш,нега мени тўйга айтмадинглар? Илгарилари  мушкулкушодларинг  ҳам менсиз  ўтмас эди-ку?,–дедим ўпкалаб.

– Тўйнинг тўпалонида бошимиз айланиб,шошганда  сени чақириш хаёлдан кўтарилиб қолибди-ку? Кечирасан…Ўзинг келавермабсан-да? –   қалтис вазиятни андовалашга уринди опам.

– “Айтмаган жойга боргувчи бўлма,айтган жойдан қўлгувчи бўлма” деб ўргатган менга энам,эсингизда йўқми? Нега энди чақирилмаган меҳмон бўлишим керак? Гапни айлантирманг. Олиб қочишга уруниб ҳам ўтирманг. Гапнинг индаллосига айтинг,“Шундай,шундай…келишингдан қўрқдик…” деб очиғига ўтаверинг,хафа бўлиш йўқ,–дедим шартта.  Мен шунақа,шартакиман. Аммо опаларим мутлақо менга ўхшамайди. Дангал гапаирмайди,  ўта андишали аёллар.

Сабабини биласан-ку,сўраб нима қиласан?  Билиб-кўриб туриб  шу оловга отдинг-да ўзингни. Бекор қилдинг,бизниям тушунишинг керак,-  ўта мулойимлик билан деди опам,–Сиқилиб юрма,касал бўп қоласан. Кўришмасак ҳам,кўнглимиз сен билан…

Шунисигаям шукур…Бошқачаям гапиришлари мумкин эди-ку?…Бўлди, яна нимаям қилардим,мени айириб қўйдинглар деб гарданидан олармидим?…Майли-да,бандасининг яккалаб қўйгани қаерга ҳам борарди. Яратганнинг ўзи яккаламасин,Худо айирмасин…На илож…Косаси айрилган маховдек мана,бир ўзим шуппайиб ўтираманми энди? ( Аксига олиб болалар ҳам бобосиникида!). “Уйда ўзим тўй қиламан.” Шундай дедимда компьютернинг тугмасини босдим. Юлдуз жону дилим. Битта қўшиғини миллиард марта эшитгандирман-ов. “Онажоним” деган. Шуни қўйдим. Хонанда эзилиб-эзилиб хониш қилишга тушди:“Онажоним,энди мен ҳам сенга фарзанд бўлдимму?” Бу қўшиқа шунчаки қулоқ тутиш керак эмас. Ҳис қилиш,юракдан ўтказа билиш керак. Ана шунда сел бўлиб кетасиз…  Қўксингизни кемириб ётган меҳр,соғинч,армонли ҳасрат ва яна номини мен ҳам билмайдиган,айта олмайдиган,  сўз билан ифодалаб бўлмайдиган аллақандай туйғулар уйғунлашиб бўғзингиздан олади. Томоғингизга   нимадир қадалгандек бўлади. Нафас олишингиз ҳам оғирлашиб қолади…Охийри,изтиробларнинг аёвсиз бу исканжасига ортиқ дош бера олмай қоласиз…. Ўша,номини санаб ҳам бўлмайдиган ҳислар  дур бўлиб тўкилди,тўкилаверади…Ташқарига ўқ бўлиб отилган аламу андуҳлар,армону азоблар,бор изтироблар   юзларингизни ювиб тушади…Елкаларингиз силкинади,силкиниб-силкиниб кетади…  Йиғи дейсизми буни? Йўқ. Шошманг!  Оти ўзгача  унинг! Аламли изтиробнинг “доди” бу. Бошқачароқ аталади. Ҳарҳолда,шунчаки йиғи эмас!    Оғриқли армоннинг,қайғу,ғам,андуҳнинг “фарёди”   бу….  Ана шундай номланади у?….

Ҳолсиз турдимда мусиқанинг овозини янада баландлатдим. Ҳамон Юлдуз бўтадек бўзлайди,тилинган қалбимни тузлайди:

Онажоним,энди мен ҳам сенга фарзанд бўлдимму?!”….

Қишлоққа бормаганимга,ўзимни МЕҲРнинг оғушига отмаганимга,тиззасига бош қўйиб ётмаганимга ҳам  кўп бўлди. Бир аср бўпти-я,бир аср. Соғиниб кетди-ииимммм!!!

Малоҳат Эшонқулова

Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати етакчиси

 

http://birdamlik.info/?p=23708