Aug 272012
 

Мухолифат бошида режим таёғининг синдиришларга барҳам бериш,ОШ (оммавий шикоят тадбири),ОШ (оммавий шикоят тадбири) КЎТАР БОШ!

Баҳодир Чориев

Ўзбекистонлик барча мухолифат фаолларига,жамики инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва ҳур фикрли инсонларга

О Ч И Қ    Х А Т

Азиз Ватандошлар!

Биласиз,барчамиз шу кунга қадар Каримов режимига қарши турли йўллар,турфа усуллар билан курашиб келдик. Интилишларимизга қарамасдан, Каримов режими Ўзбекистон Конституциясига,қонунларига,инсонпарварлик ва адолат мезонларига амал қилиш ўрнига,аксинча,жамики демократик ғояларга тупурган ҳолда зўравонлигу зулмини кучайтирди. “Президент”Каримов ўз мансаби ва ваколатларини узлуксиз равишда суистеъмол қилди. 30 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароларининг сиёсий,иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаёт заруратлари билан қизиқмади,аҳолининг бугуни,эртанги куни,тўкин турмуши хусусида қайғурмади. Аксинча,Каримов жаноблари бор ваколатини ёлғиз ўз оила аъзоларини мислсиз бойиши, фаравонлиги учун армуғон этди,холос.

Диктатор Каримовнинг жабру зулмига қарши чиққан ҳур фикрли,хуриятпарвар,адолатпарвар,миллатпарвар инсонлар эса муттасил таъқиб этилди,қамалди ва қувғин қилинди,руҳан ва жисмонан йўқ қилинди. Натижада, босим,зўравонлик,ноҳақлик ва таҳдид оқибатида 8 миллиондан зиёд юртдошларимиз хориж мамлакатларидан сиёсий бошпана олишга,иш қидиришга,ижтимоий ҳимоя излашга мажбур бўлдилар.

Каримов режимин маддоҳларининг иддао этишларича,Ўзбекистон фуқаролари “тинчлик,барқарорлик”да умргузорлик қилмоқдалар. Ваҳоланки,ўзбек халқи бир неча йиллардан буён оиласини боқиш,қора қозонини қайнатиш илинжида бир бурда нон топиш, қорин тўйдириш,турмуш ташвишларини енгиш йўлида минг бир азобу уқубатларни бошидан кечираётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Мамлакатда,мана,масалан,оддийгина мисол, саждага бош қўйган одамнинг “ҳизбут таҳрир”чи сифатида қамоққа ташланиши,мисилсиз қийноқларга гирифтор этилиши,болаларнинг йиллар давомида мажбурий меҳнатга жалб қилиниши,мактаб болалари йилда уч ойгина ўқув даргоҳларининг дийдорини қўришлиги-ю,қолган тўққиз ой давомида деҳқонлар билан тенгма-тенг ипак қўрт боқиши,пахта далаларида чопиқ,ўтоқ,ягона ва чеканка,қўйингчи,пахта йиғим-терим ишларига оммавий сафарбар этилиши,мамлакатда мунтазам равишда инсон ҳуқуқларининг қупол равишда бузилиши-ю, Ватанда порахўрлик,таъмагирлик илллатларининг болалаб,авж олиб ктеганлиги хусусида-ку,гапириб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ.

Ўзбекистон аҳли нечоғлик жафо чекмасин,мустабид тузим,аҳоли онгига,омма шуурига “ҳукм сураётган тунчликка нисбатан шукроналик” туйғусини сингдириш,халқни Каримовга,фақат Каримовгагина сажда қилишга ундай,ургатиш билан андармон. Аммо мамлакатда ҳукм сураётган бу тинчлик ниманинг эвазига,қандай қурбонликлар эвазига бунёд бўлгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ахир,ўзингиз ўйланг,Ўзбекистондаги осойишталик халқнинг,ўзбек миллатининг тушуда ҳам кўра олмаган фаровон турмуши, эрки,ҳуқуқларининг қурбонлиги эвазига эмасми? Инсон боласи,Сизу биз,ўзбек ҳам дунёга бир мартагина келади ҳолос. Шундай экан,Ўзбекистон аҳолисининг ҳам одамлардек яшашга,инсонлардек нафас олишга,фаровон турмушдан баҳраманд бўлишга ҳаққи бор. Йилда бир бор электр нуридан,табиий газ имкониятларидан бебаҳри бўлаётган қишлоқ аҳолиси даладан ҳориб келганида ўчоққа ўтин,печкага тезак қалаш ўрнига,қора қозонини қулай шароитларда қайнатгиси,қадоқ қўллари қора куя бўлмай таом тайёрлагиси келмайди деб ўйласизми? Келади,албатта. Тавони тарс-тарс ёрилиб,қўллари қавариб пахта,ғалла етиштирган деҳқон ўзи етиштирган маҳсулотига ўзи хўжалик қилишни,ўзи нарх қўйиб,истаган баҳода сотишни истамайди деб ўйлайсизми? Истайди,албатта. Оддий аҳоли олий ўқув юртларида урчиб ктеган порахўрликка барҳам берилишини,фарзандлари ўз билими,салоҳияти билан мансаб пағоналаридан кўтарилишини истамайдими? Истаганда қандоқ? Мухтасар қилиб айтганда,Ўзбекистонликларнинг,Ватандошларимизнинг,халқимизнинг бошидан кечираётган жабру жафосини,азобу уқубатларини санаб,адоғига етиб бўлмайди,биз қоралаётган бу камлик қилади. Бироқ,шундай бўлишига қарамасдан,Ўзбекистондаги мавжуд тузум,амалдаги ҳукумат аҳолининг бу инсон каби яшашдек орзу истаклари рўёбига кафолат бера олармиди? Йўқ-да! Қани,энди айтингчи,халқимизнинг орзулари,истаклари,фаровон турмуши,тўкин ҳаётининг қурбонликлари эвазига бунёд бўладиган бундай тинчлик кимга,нимага керак?!

Ҳаётий тажрибадан маълумки,мамлакатда нотинчлик бўлар экан, бу,аввало, ”Президент”Каримовга қарши қаратилган жараён сифатида намоён бўлади. Сабаби,Ўзбекистон аҳолисининг оғир,аянчли аҳволдан раҳбар ҳам нотинч бўлиши,табиий бир ҳол. “Президент” ўтирган тахт эса лиқиллаб,силкиниб туради,омонат бўлиб бораверади. Буни англаб ета олмаётган ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ,МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИнинг минг-минглаб ходимлари эса куну-тун Каримовнинг осойишталиги-ю тинчини қўриқлашу,унинг режимини ҳимоя этмоқ билан андармон.

Ҳурматли Ватандошлар!

Хабарингиз бор, Бирдамлик Халқ Демократик Ҳаракати бир неча йиллардан буён Ўзбекистондаги ноинсоний режимга қарши нозўравон,зўравонликдан ҳоли,истисно кураш олиб бормоқда. Демократия учун қўлланилаётган бу кураш усули халқимизнинг азалий анъаналарига мос деб ўйлаймиз ва бизнингча, бугун ушбу кураш йўлини кенг қўламда ёйишнинг фурсати етиб келди деган фикрдамиз.

Биласизки,нозўравон кураш усули турли туман бўлиб,уни бир давлатдан бошқа давлатга кўр-кўрона кўчириб,ишлатиб бўлмайди. Нозўравон кураш усули ҳар бир давлатнингмамлакатнинг,халқнинг тарихи,маданияти,маънавияти,урф-одатлари,дини,фаровонлик даражаси,сиёсий дунёқараши каби муҳим омиллар ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилиши барчангизга маълум.

Биз,Ҳаракат фаоллари 2005 йилдан буён Ўзбекистон шароитига мос келадиган нозўравон кураш усуллари устида бош қотирмоқдамиз. Мақсад ва муддаомиз натижаси улароқ, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати фаоллари бир неча бор Ўзбекистонликларни нозўравон кураш усулларини қўллашга чақиришга уриниб ҳам кўрди. Бироқ,барчангизга аёнки,кучли мустабид тузимга қарши қилинган ҳар қандай ҳаракат бир-икки уринишдаёқ ўз маҳсулини беравермайди.

Айтмоқчи бўлганимиз,Ҳаракат илгари сураётган нозўравон усуллардан бири мажуд режимга қарши Оқ кийим ва Оқ либосда оммавий чиқишлар уюштириш, оқ рангда кўриниш беришдан иборат эди. Бундан,ўйлаймизки,кўпчилигингиз яхшигина хабардорсиз.

Ўтган йилимизда ва айни дамларда Россия давлатининг мухолифати юз минглаб кишиларни Оқ рангга буркаб Москва, Санкт-Петербург каби шаҳарлар майдонида кўриниш берди. Бу эса, биз, ўз норозилигини нозўравон усуллардан бири –Оқ ранг орқали изҳор этишни ихтиёр этган “Бирдамлик”чиларни жуда мамнун қилди. Қаранг, юз минглаб инсонлар Оқ либосларда Оқ атрибутлар билан кўчаларда,намойишларда Путин режимига қарши чиқдилар. Бизда ҳам ушбу жараённи оммалаштириш,кенг ёйиш истаги туғилди,умид пайдо бўлди.

Биламиз, бугунги кунда Ўзбекистон шароитида бундай намойишларни ташкил қилиш осон кечмайди. Аммо барчамиз бир ёқадан бош чиқарсак,ташкиллаштирилажак намойишларга оз бўлса-да ўз ҳиссамизни қўшсак,умид қиламиз,ишонамизки,эртами-кеч кўчаларимиз,майдонларимиз юз минглаб Ўзбекистонлик намойишчиларга лиммо-лим бўлади!

Сиёсатчиларга сир эмас,маккорлик бобида шайтонга ҳам дарс берувчи Каримов “Бирлик”дек улкан халқ ҳаракатини иккига бўлиб юборди, кучсизлантиришга муваффақ бўлди. Бунингдек “муваффақияти”дан илҳомлангач эса, “Эрк” партиясини уч бўлакка бўлиб ташлади. Энг ёмони, “танаси минг бўлакка бўлинган,вужуди қийма-қийма қилинган” мухолифат ледирларини бир-бирига гиж-гижлаб,уруштириб қўйишга эришди ҳам. Оқибатда,Каримов “боши,қўли ва оёғидан айрилиб қолган” мухолифатни айёрона усуллари орқали киши билмас бошқариб келди. “Юрт отаси”нинг найрангларига учмаган кам сонли ҳур фикрли мухолиф арбобларининг,фаолларининг бошида эса темир арматуралар синди. Яккаланиб қолган мухолифат фаолларининг қайта бош кўтаришга изн бермай,аёвсиз янчиб келди. Саноқсиз ҳур фикрли инсонлар калтакланди,қамоқларга ташланди,номусларига тажовуз қилинди,қўрқитилди,руҳан ва жисмонан йўқ қилинди. Бундай ёвузлик,афсуски,ҳали ҳамон ҳам давом этмоқда.

Азиз Ватандошлар! Мухолифат вакиллари,ҳуқуқ ҳимоячилари!

Қачонгача биз Каримов барпо қилган ноинсоний режимга қарши тенгсиз курашларнинг якка,ёлғиз иштирокчисига айланамиз?! Қачонгача яқинларимиз,сафдошларимиздан жудо бўламиз?! Кам талофат кўриб курашиш усулларини қачон дастуриламал қиламиз?! Қўлни қўлга бериш,бир-биримизни қўллаб қувватлаш,бир ёқадан бош кўтариш,бирлашиш вақти етмадимикин? Зеро,халқимиз “Бирлашган ўзар,бирлашмаган – тузар” дейишади-я?!

Хабарингиз бор,Бирдамлик Халқ Демократик Ҳаракати бир неча бор “Ош”(Оммавий Шикоят) тадбирларини ўтказишга ҳаракат қилиб келди ва бугун ҳам шу ҳаракатларини давом эттириш йўлида изланмоқда.

Биламизки,биз ўзбеклар,палов,ош сўзларини эшитсак юзимизда илиқлик пайдо бўлади,иштаҳамиз очилади. ОШ –минг йиллардан буён бизнинг қадриятимиз,маданиятимиз, тарихимиздир. Ош –ҳамма жойда,уйда,кўчада,дам олишда,ишхонада,чойхонада,тўй ва ҳашамларда дўсту ёрларга тортиладиган таом. Шу таом баҳона-ю сабаб қадирдонлар дийдорлашади, бир зум бўлса-да дилдан суҳбат қуради, фикр алмашади,дам олади.

Биз айнан ана шу қадриятларимизни озгина сиёсийлаштириб,“Оммавий Шикоят”-ОШ,“Оммавий Шодлик”- Ош,“Оқ Шарф”- Ош,“Оқ Шарик”- Ош,“Олойга Шошилинг”-ОШ,“Оқсаройга Шошилинг”-ОШ ва ҳоказо Ошларни оммалаштиришга,ҳаётга кенг тадбиқ этишга эриша олсак зўравонлик режимининг дарз кетиши, синиши, ва оқибат,йиқилишини тезлаштирган,Каримовнинг ҳукумронлик дарини қисқартирган,мумкинки,мутлоқ барҳам берган бўлармидик?

Тўғри,“Сиз,“Бирдамлик”чилар ”Оммавий Шикоят”-ОШ ва “Олойга Шошилинг”-Ош тадбирларини ўтказишга ҳаракат қилингиз. Бироқ, тадбирга етарлича инсонларни тўплашга муваффақ бўла олмадингиз!” дея эътироз билдиришингиз мумкин. Ҳақсиз. Аммо бу борада ютуғимиз шуки,гарчи аҳолини жалб этишга қўлимиз калталик қилган бўлса-да, матбуот орқали “ОШ”деган жумланинг мазмун моҳиятини мумкин қадар кишилар онгига етказишга,“ОШ”ни оммалаштиришга, танитишга муваффақ бўла олдик деган фикрдамиз.

1 сентябрь – расмий Мустақиллик куни “Оммавий Шодлик”-ОШ,

8 декабрь – Конститутция кунида ҳам ”Оммавий Шодлик”-ОШ,ёхуд бошқа байрам,дам олиш кунларида “Оқ Шарф”,” Оқ Либос”,” Оқ Лента” каби усулларни қўллаб,мавжуд режимга нисбатан ўз норозилигимизни кўчаларда оқ либосларга бурканиш орқали изҳор этишимиз,ҳатто кундалик ишимизда ҳам оқлик билан ошно бўлган ҳолда юришимиз,шу тақлид ОШ тадбирини ўтказишимиз Каримов асос солган адолатсиз ҳукумат курсисининг силжиши,ноҳақликлар ҳисобига қадр кўтарган совуқ музликларнинг эриб тугашига туртки бўлган бўлур эди…

Дейлик,21 март куни барча инсонлар ўз уйларимизда туриб,кундузги соат 11.00 да “Оқ Шарик”ларимизни ҳавога қўйиб юборамиз. Бундан Каримов кўрсин,билсин,қўрқсинки,ўзининг тахтдан кетиши аниқ ва муқаррар.

Кичик пикет ва митингларни имкон қадар Олой бозори олдидаги катта майдонга ташкиллаштиришга ҳаракат қилиш, “Олойга Шошилинг”-Ошга дея инсонларни тез-тез даьват қилиб бориш ҳам фаолликни кучайтириши,самарали натижа бериши мумкин.

Юқорида кўзда тутилган тадбирларни ўтказиш ҳақида эълон бериш жараёнида тадбирни қандай ўтказиш кераклиги хусусида қўшимча ва кенг маьлумотлар бериб борилади,албатта. Ушбу жабҳада бир неча оммавий иш ташлашлар,оммавий буйсунмасликлар уюштириш ҳам кўзда тутилган.

Шу аснода, ажаб эмас,бир кун келиб кучимизга куч қўшилса,кези келиб барча мухолиф ва ҳур фикрли,озодлик истовчи инсонлар бир-бирига “Оқсаройга Шошилинг”Ош дея “мустаҳкам қалъа” томон юриш қилсак?!

Шуни унутмангки,“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракатининг Ўзбекистон шароитидаги нозўравон кураш усули зўрликка асосланган Каримов режимга қарши мухолиф инсонларни бир ёқадан бош чиқаришга чақиради ва имкон қадар кам талофат эвазига Каримов тахтини тезроқ қулатишга хизмат қилади.

Биламиз,биз киритаётган бу таклифлар бир уринишдаёқ амалга ошмаслиги аниқ. Бу табиий. Бироқ,биз ўқиб,ўрганиб,ўз устимизда ишлаб,тажриба орттириб,чор-атрофдаги одамларни ҳам чорласак,жалб этсак,жалб эта олсак,яқин келажакда ушбу ва шу каби кўплаб тадбирлар кенгайиб,такомиллашиб,оммалашиб боришига умид қиламиз ва шунга ишонамиз ҳам.

Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатининг Интернетдаги http://birdamlik.infoжурнали билан мунтазам танишиб боринг. Тез орада 1 сентябр кунида ўтқазилиши режалаштирилаётган “Оммавий Шодлик”-ОШ тадбири борасидаги Мурожаатномамиз билан танишишингиз мумкин.

Бизнинг фаолиятимиз қисқа муддатли эволюцион жараёндир. Биз сафдошларимизни кўпайтириб,сафларимизни кенгайтириб,ҳур фикрли барча инсонларни тадбирларимизга жалб қилишни истаймиз. Кейинги босқич,мақсад ва манзилимизга етаклайдиган йўл аниқ бўлгач,сафарга отланиш учун ўзимизда ишонч ва куч топа олсак,албатта, бир кун “Оқсаройга Шошилинг”-ОШ чақириғи ва Ош,Ош,кўтар Бош! Ош,Ош,кўзинг Оч! Ош,Ош Шаҳдам Қадам Бос!” деган ҳайқириқлар билан юз минглаб инсонларни ортимиздан эргаштириб марказ томон йўл оламиз деган ишончдамиз.

Бирдамлик” фақат ва фақат Сиз учун,ўзлик учун ҳаракатда. Ва яна Ҳаракат ўз танлаган буюк мақсади сари бошловчи ушбу зафарли йўлни фақат ва фақат сиз-лар билан босиб ўтиши мумкин. Ва билингки, фақат ва фақат мана шу нозўравон кураш йўлигина бизни қонун устивор, инсоний ҳуқуқлар кафолатланган,фуқароларнинг хавфсизлиги,эрки,озодлиги таъминланган,озод,фаровон ҳаётга олиб бориши муқаррар! “Бирдамлик”ка ишонинг,Ҳаракатимизга аъзо бўлинг,бизнинг атрофимизда жипслашинг! Ош, Ош Кўтар Бош! Ош, Ош кўзинг Оч! Ош, Ош Шаҳдам Қадам Бос!

Мен,Баходир Чориев барча сафдошларим ва қўлловчиларимни охирги манзил –Оқсаройгача эсон-омон етиб олишлари учун жонимни ҳам фидо қилишга тайёрман! Насиб этса, барчамиз Оқсаройда Шодликни нишонлайлик!

Биз билан алоқа учун телефон: +998935060531

WWW.birdamlik.info

https://twitter.com/Birdamlik

http://www.facebook.com/#!/birdamlikh

https://www.facebook.com/bahodir.choriyev.9?ref=tn_tnmn#!/groups/409185059117612/?bookmark_t=group

Бизнинг электрон почта манзилларимиз:malohateshonkulova@gmail.com

birdamlik@gmail.com ,birdamlikharakati@gmail.com

Бирдамлик Халқ демократик ҳаракатининг етакчиси,

Баҳодир Чориев.

 

http://birdamlik.info/?p=23561#more-23561