Aug 272012
 

Ҳаётни паст – баландликдан иборат деб бежиз айтишмаган экан. Нега
десангиз, ҳар бир инсон бу дунёга келар экан, унинг тақдирида қачон
кетиши ҳам  битиларкан. Билмадим бугун инсон ҳуқуқлари бўйича ҳам
эмас, сиёсатдан йироқ ҳолда кўнглимда ўтган воқеани  келтириб
ўтмоқчиман. Менга  ислом динидан хабардор бўлган мусулмонлар бу
масалага ойдинлик киритиб беришади деган умиддаман.

10 йилдан ошиқки, тақводор, намозхон  бир эшон бувамиз бор эдилар.
Фарзандим касаллиги туфайли ҳамиша шифокор билан биргаликда, у кишига
ҳам эскича қилиб ўқитиб турганман. Вафот этган ота-онам ва кенжа
акамга ҳамиша Қурьон тиловат қилдириб турардим.

Бу инсон шунчалик бағри кенг инсон эдики, буни сўз билан  тушунтириб
бера олмайман.
Бетобланиб қолсам ёки фарзандларим бетобланиб қолса, бу инсонни ёд
олардим. Оллоҳнинг амри билан бўлса керак, бу инсон
ўз оёқлари билан кириб келардилар.

Анча суҳбатлашардик, кейин  фарзандимни ўқиб қўйишларини илтимос
қилардим. “Қаердан билдингиз, мен сизни йўқлаганимни”- дея савол
берардим.

“Оллоҳ ҳамиша менга билдиради”,- дер эдилар.

Баьзида мен ўзим излаб тополмаган саволларга у киши билан гаплашгандан
сўнг жавоб топардим. Кўрган тушларим  моҳияти тўғрисида сўрардим. Туш
кўриш ҳам бежиз эмас деб ўйлаганим сабаб бўлса керак. Бундан 10 йил
аввал тонгда туш кўрдим, қандайдир қабристонни кўрдим, аммо
дарвозасига катта қулф илинган эди.. Кўрган тушимдан қаттиқ қўрқиб
уйғондим. Нималар кўрганим кўз олдимдан кетмасди.

Фарзандим ўша пайтда шамоллаган бўлиб, тунда дори ичириб  ётқизгандим.
Шамоллаши ҳам  музқаймоқ ейишидан бошланганди. Касали енгил экан.
Суньий  сут билан катта бўлган бола, барибир мўрт бўлар экан. Онани
сутига ҳеч нарса тенг келмас экан. Тез-тез шамолларди. Уйда узоқдан
келган қариндошлар бор эди.

Боламнинг пешонасига қўлимни олиб бордим, болам қаттиқ уйқуда, аммо
иссиғи баланд эди. Дархол турғизиб дори ичирдим, тез тиббий ёрдам
чақирдик. Шифокорлар келиши билан болам  судирги берди. Қаттиқ
қўрқдим, кўрган тушим эсимга тушаверарди. Касалхонага  олиб бордик.
Фарзандим кома ҳолига тушган экан. Кома холатида бир ойлар ётди.

Онани яратмасин экан. Фарзандим билан бирга мен ҳам комага тушиб қолгандек эдим.
Болалар шифохонасининг реанимация бўлимида, ўша вақтда шунчалик бемор
болалар кўп эдики, аста қўяверинг. Бўш жой йуқ эди.

Оналар фарзандлари теппасида оёқда тик туришарди. Шифокорлардан нажот кутишарди.
Кўплари комадан чиқди, баьзилар вафот этди. Ўғлим билан бирга ётган
бола эса 6 ой бўлган экан кома ҳолатига тушганига. У бола сувга
чўмиламан деб боши билан ариқнинг бетонларига урилиб шу ҳолга тушган
экан.

Бу бола жуда  ҳам оғир эди. Адашмасам Қамаши туманидан экан. Тўхтовсиз
дорилардан сўнг уни буйрагидан қон кела бошлаган экан. Шифокорлар бир
амаллаб қонни ҳам тўхташишди. Анча пайтгача жонлантириш бўлимида ётди.
Менинг фарзандим эса шифокорнинг айтиши бўйича бир ўлиб тирилган экан.
Мен уни қачон ўлиб тирилганини эсладим. Организм суюқликга тўйинди, дори-дармон кетмади. Болам худди пуфакдай шишиб кетди. Катетир  қўйиб  нажасни чиқаришар эди. Овқатни эса зонд орқали едирар эдик.

Болам қаттиқ қалтирай бошлади. Ҳамширага бу “реакция бераяпти,
шифокорни чақиринг” дедим. Ҳамшира ҳам “бу судирги, ўтиб кетади”, –
дея жавоб берди. Мен ҳамширанинг гапига ишонмадим, дарҳол шифокорни
чақирдим. Шифокорлар югуриб келишди. Мени хонадан чиқариб юборишди.
Эшик олдида тик туравердим. Боламнинг аҳволи оғирлашди. Суньий юрак
массажини ҳам қилишди. Бу вақтда фарзандимнинг юраги тўхтаган экан. Мен
ҳамон ўша кўрган тушимга ишонардим, фарзандим вафот этмаслигига ишониб
ва Худодан фарзандимга шифо беришини сўрардим. Кўрган тушимни
шифокорларга ҳам айтиб берган эдим.

“Тушга нималар кирмайди”, – дейишарди улар.

Фарзандим қаттиқ реакциядан сўнг, ўзига кела бошлади. Кўзлари очиқ
бўлсада, бу кўзлар ҳеч нарсани кўрмас эди. Оёқда хам тик тура олмасди.
Мен яратгандан унга шифо сўрадим. Бир ётишда 9 ой ётдим чамаси
касалхонада. Бу борада қанча бемор болалар вафот этмади. Қанчаси ўзига
келганлари ҳам бўлди ўша дамда.

Оллохга айтганим бор экан, фарзандимни аста секинлик билан кўзлари кўра бошлади.
Менинг қувончим чексиз эди. Кўрган тушимни маьносини англаб етгандим,
шу туш туфайли  фарзандимни хаётда ризқи узилмаганлигини сездим.

Худони борлигига  қаттиқ ишондим. Фарзандимнинг ризқи бут экан.
Оллоҳга шукур, фарзандим ҳозиргача бағримда. Касалхонада қанақа
беморларни кўрмадим.

Асосий мавзудан чалғидим.
Мен гапираётган инсон куни кеча вафот этди. Мен анча хафа бўлдим,
йиғладим, сиқтадим. Илож қанча, осмон узоқ-ер қаттиқ экан. Бу инсон
рўза кунларнинг бирида нарвонга чиқиб, йиқилиб тушади. Шу ётишда 20
кун касалхонада ётадилар. Ҳамиша оилаларига мени ва  яқинларимни ёд
олганликларини оилаларига айтар эканлар.
Худонинг амрини қаранг, эшон бува йиқилганларидан сўнг, уч кунлар ўтиб
100 ёшли момом оёқлари сирпаниб йиқилиб тушдилар. Анча кўп эзилиб йиқилиб тушишгача борибдилар.

Момомни вой-войлаганларига чидай олмай, у кишини ҳам эскичадан ўқиб
ташлаш керак экан деган уй билан эшон бобонинг қўл телефонига тонгда
қўнғироқ қилдим. Шу куни бобо билан бўлган бахтсизликни оилаларидан
эшитдим.

Хафа бўлдим. Момом бироз соғая бошладилар, эшон бобони каслхонага
кўришга бордим.
Кома ҳолатида эканлар. Оллохдан у кишига шифо беришини сўрадим.
Қўлимдан бошқа иш келмасди. Худодан устун ҳеч нарса бўлмаган ва
бўлмайди ҳам!

Охирги бор бу инсонни Оллох кўришимга имкон яратди. Кексалик чоғида
икки фарзанди Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтамоқда.
Жиноят ҳам одатий: конституцион тузумга тажовуз, ноқонуний диний
ташкилотларда иштирок этиш ва ҳаказо….

Бугун эса у кишининг уйларига таьзияга бордим. Оллох раҳмат қилсин,
жойларини жаннатда ато этсин. Яхши инсон эканларки, кўп ётмадилар.

Бу тасодифми ёки …..

Мана шу нарсага тушунмаяпман азизлар. Мағзини чақиб, тушунтирадиган
инсонлар бўлса керак менимча.

 

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси.

27 август 2012 йил