Aug 252012
 

 

Сўнгги янгиланиш 25 август 2012 – 15:00 GMT

 

Афғонистон парламенти бир гуруҳ вакилларининг айтишларича, мамлакатнинг Ўзбекистон дохил қатор Марказий Осиё давлатлари билан чегарадош шимолий минтақаларидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият аҳолининг ўз ҳимояси учун ўзи қўлига қурол олиш даражасига етган.

Ўзлари ҳам мамлакат шимолидан бўлган парламент вакиллари, ўз ўрнида, афғон ҳукуматини аксаран ўзбек, тожик, ҳазора ва туркманлардан иборат шимол халқини исёнчилар ҳужумларидан ҳимоя эта олмаётганликда айблашган.

Яна ушбу мавзуга оид

Улар афғон ҳукуматидан ҳафсалалари пир бўлгани, энди ушбу масалага халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини тортиб, ўз хавфсизликлари учун масъулиятни ўзларига беришларини сўрашмоқчи.

Сўнгги пайтларда Афғонистоннинг йилларки нисбатан осойишта саналиб келинган шимолий минтақалари қатор шов-шувли ҳужумларга саҳна бўлмоқда.

Таниқли Ўзбек генераллари, қўмондонлари, сиёсатчилари ва парламент аъзолари Толибон ҳамда бошқа исёнчи гуруҳларнинг қурбонига айланишмоқда.

Уларнинг орасида Афғонистон ҳукуматининг бутун мамлакат шимолига масъул полиция қўмондони генерал Довуд Довуд ҳам бор.

Маҳаллий таҳлилчилар Афғонистон шимолида Толибон жангарилари қайта фаоллашаётгани баробарида, уларнинг яқин иттифоқчиларидан бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам кучайиб бораётганини айтишади.

Охирги йилларда Покистоннинг қавмлар яшовчи минтақаларидан жадаллик билан Афғонистон шимолига ўтишга уринаётган ҳаракат Марказий Осиё чегараларига яқинлашиш истагида.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг шу мақсадда Марказий Осиё давлатларидан янги аъзоларни ўз сафларига ёллашга ҳаракат қилаётгани ва сони ҳам сезиларли ортиб бораётгани ҳам бор гап.

Афғонистондаги ҳалқаро хавфсизлик кучлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган қатор қўшма ҳарбий амалиётларга қарамай, мамлакат шимоли сўнгги йилларда худкушлик ҳужумлари саҳнасига ҳам айланиб бормоқда.

Яқин-яқингача Афғонистон шимоли худкушлик ҳужумлари нима эканини билмай келаётганди.

Толиблар ўтган йил, ҳатто, ҳеч қачон қадамлари етмаган шимолий-шарқий Панжшер минтақасида ҳам худкушлик ҳужуми уюштиришга муваффақ бўлишганди.

Агар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сўнгги ҳисоботларидан бирига қаралса, ўтган ярим йил ичида Афғонистон шимолида исёнчиларнинг ҳужумларида қурбон бўлган ёки жароҳат олган инсонларнинг сони уч юздан ортган.

Буларнинг барчаси хорижий иттифоқ кучларининг Афғонистондан сафарбарликларига бор-йўғи икки йил қолган бир вазиятда кузатилмоқда.

“Бизнинг катта хавотиримиз шундаки, халқаро кучлар кетгудек бўлса, биз эртанги кунда халққа етакчилик, раҳбарлик қилаётган одамларни ҳам қўлдан бой берамиз. Мабодо, Афғонистонда толиблар яна уруш бошлайдиган бўлишса, халққа бошчилик қиладиган одам қолмайди. Шу сабабдан ҳам, ушбу масалани парламент кун тартибига олиб чиқдик”, дейди биз билан суҳбатда Афғонистон парламенти аъзоларидан бири Иноятуллоҳ Фараҳманд:

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/world/2012/08/120825_cy_afghanistan_north_security.shtml