Aug 012012
 

Рустам Қобил, Би-би-си, Талоқан-Лондон

Рустам Қобил

Би-би-си, Талоқан-Кобул-Лондон

Сўнгги янгиланиш 22 июл 2012 – 10:24 GMT

Афғонистон шимолий пойтахти Мозори Шарифда бир неча йил олдин ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкалини шиша билан тўсишга тўғри келган.

Сабаби – ҳайкал очилиши билан кимлардир шоир ҳайкалига ҳужум қилиб, бурнини ўпириб кетишганди.

Яна ушбу мавзуга оид

“Буни ким қилгани ҳамон аниқ эмас, лекин айни амал асли ўзбекларга қарши бир ишдир” – дейишарди Балхда мен гаплашган кўплаб ўзбек ёшлари – “Булар бизни ўзиники, деб билмаса, қандай қилиб биз бу мамлакатни ўзимизники, дея оламиз?!”

Мозори Шариф – уруш гирдобидан чиқолмаётган Афғонистонда тинчлик ва тотувлик тимсоли эди. Зотан хорижийлар ғиж-ғиж Кобулдан ташқари мен кезган ва кўрган Афғонистон бу – шимол.

Ўзбеклар зич яшовчи шимолнинг 8 вилоятида ҳар вақт ўзимни бехавотир ва ишончли одамлар қуршовида ҳис қилганман. Сабаби – ўзбеклигим.

Ўзбеклар яшамайдиган минтақалар – машҳур қўмондон Аҳмад Шоҳ Масъуд ватани Панжшир ҳам, Темурийлар ўз даврида обод қилган Ҳирот ҳам ва ё улкан Будда ҳайкаллари қояларга ўйилган Бомиён ҳам мен учун нисбатан бегона. У ерларга ҳалигача боролганим йўқ.

Толибон таянчи бўлган ва аксар паштунлар яшовчи жанубга – Қандаҳору Ҳелмандга бориш эса бир хорижлик ўзбек учун ўлимни бўйинга олишга тенг амал.

Ўзбек тўнли форсийзабон паштун раҳбар

Бу мамлакатда сенинг миллатинг ва маслагинг кўп нарсани англатади. Ҳомид Карзай президент бўлгани ҳамон ўз қиёфасида мамлакатини бирлаштиришга интилди: Миллати паштун, тили форсча, эгнида ўзбек чопони…

Аммо умуммамлакат миқёсида олганда, Ҳомид Карзай раҳбарлиги ҳали улкан савол остида. Етакчилар ҳар ерда аксаран миллатига, баъзида маслак ё минтақасига қараб танланади.

Афғонистон учун миллий масала ҳассос, лекин бу ердаги тўртта кўп сонли миллат – паштун, тожик, ҳазора ва ўзбеклар орасидаги бўлиниш нақадар улканлиги ҳам ҳақиқат.

Тожиклар яшовчи минтақаларда Президент Карзай суратлари ёнида сизни Аҳмад Шоҳ Масъуд каби мужоҳид етакчилар акслари кузатиб туради. Ҳазоралар маҳаллаларида эса қўмондонлар Мозорий ва ё Муҳаққиқ суратлари. Ўзбек минтақаларида эса Генерал Дўстум расмлари.

Президент ўзгарса, Ҳомид Карзайнинг суратлари алмашиши аниқ, лекин ёнидаги маҳаллий қўмондонлар – Шоҳ Масъуд, Дўстум ва ё Мозорий акслари бу бўлгаларда ҳали узоқ йиллар қолса керак.

Ўзбеклар кўп яшовчи Талоқанга кетар эканман, исёнкорлик кучли шимолий-шарқда қандай ишлайман деган хавотир хаёлимга мутлақо келгани йўқ. Чунки ўзбеклар ичида бир ўзбекни ким фарқлайди дейсиз? Аксинча, учоқ учмайдиган бу минтақага элтадиган ёлғиз автомобиль йўли мени ваҳимага соларди. Сабаби – дўстларим айтмоқчи, мендек бир чет эллик ўзбек учун паштунлар яшовчи Бағлон ва ё Қундуз йўлларидан ўтиб бориш таҳликали эди.

Бу ердаги аксарият наздида паштунлар ҳар вақт Толибонни қўллаган ва қўллашда давом этаверади.

Йўлда ўзбек ҳайдовчи рулни Қундузга эмас, балки овлоқ Хонобод йўлига бураркан, шаҳарга кириб, эски танишим – паштун биродаримизни кўриб ўтмаймизми, деб сўрайман ўзбек ҳамроҳларимдан.

“Йўқ, шарт эмас” – дейишади қатъий оҳангда – “Эсон-омон Талоқанга етиб олинг. Умуман, бу ерга келганингизни айтишингиз ҳам шарт эмас ўша танишингизга. Паштун экан, ким билади, Толибон билан алоқаси қандай?”

Бу фикр мени учун қуруқ хавотирдек туюлди. Лекин бир нарсани англадим: Афғонистондаги турлли миллатлар ўртасида ҳамон ўзаро ишонч йўқ.

Аҳвол шу даражадаки, фарёблик ўзбек ҳайдовчим тожик ё ўзбек қишлоғидан ўтганда, ўзини бемалол ҳис қилади, машинасини тўхтатиб, сув ё нон сотиб олади. Аммо паштун ёки балуч масканларига етганда тезликни ошириб, ҳеч ерда тўхтамасди. Сабаби – ишончсизлик ва улар толибонпараст, деган қўрқув.

Сони ‘ошмаётган’ ўзбеклар

Энг кўп сонли миллат бўлмиш афғонлар, яъни паштунлар орасида мамлакат бўйлаб ўз етакчиликлари ўрнатилишини қонуний зарурат, деб биладиганлар ҳам бор. Сўнгги бора Кобулда одамлар билан гаплашганда, мен бироз тушунадиган форсчада савол сўрасам, кўплаб суҳбатдошларим нега энди паштунча эмас, форсча гапиришимиз керак, деб қолишарди.

Аммо кўплаб бошқа миллат вакиллари Афғонистонда бир миллат – энг кўп сонли паштунлар етакчилиги ўрнатилишига асло тоқат қилмасликларини яширишмайди.

Ҳукумат Толибон билан муросага бориш ниятини эълон қиларкан, кўплаб тожик, ҳазора ва ўзбеклар бу қадамни паштунлар устиворлигини ўрнатиш ҳаракати, деб талқин қила бошлашди.

Улар наздида паштун президент Ҳомид Карзай ҳукумати бошқа бир паштун ҳаракати – Толибон билан бирлашиб, ягона миллат ҳукмронлигини кучайтирмоқчи, холос.

Айримлар эса қатор етакчилари ўлдирилиши ортида фитна амали турган, деган фикрларга ҳам ишонишади. Фитнага ишонч ҳозир кундалик ва маиший ҳолатларда ҳам кўринади.

“Ўзбеклар энг кўп яшовчи вилоят – Майманада биронта турк мактаби йўқ” – деб нолийди Мозори Шарифга келиб, турк лицейида таҳсил олган ўқимишли фарёблик йигит – “Чунки ўзбек болалари қардош турк тилини ўрганиб, замонавий таълим олишини Афғон ҳукумати истамайди, шекилли”.

Бундайин норозилик бошқаларда ҳам кучли. Афғонистонда чорак асрки кенг кўламда аҳоли рўйхатга олинмаган. Аммо бир неча ой олдин бир идора масъули мамлакатдаги ҳазоралар сони 9 фоиз атрофида, деб чиқаркан, бутун шиа ҳазора жамоаси ғазабга тўлди. Ҳазорлар ўзларини камида 15-20% деб билишади.

Ўзбеклар ҳам ўз сонлари борасидаги расмий ҳисобларни шубҳа остига оладилар.

“Ҳали 1970-йиллардаги Совет энциклопедиясида Афғонистондаги ўзбеклар бир ярим миллион, деб кўрсатилган” – савол қўяди Совет Иттифоқида таҳсил олган шимоллик ўзбек зиёлиси – “Ўшандан бери Афғонистон аҳолиси сони икки баравардан ошди, аммо шимолдаги 8 вилоятда зич яшовчи ўзбеклар сони турли манбаларда ҳамон бир-бир ярим миллион, дея қайд этилади”.

“Нима 40 йилдан бери бу ердаги ўзбек аёллари бола туғмабдими ё?”

Федерализм – бўлинишми ё бирлашиш?

Кўплаб шимолликлар Афғонистонни федерал мамлакатга айлантириш орзусини яширишмайди. Ҳатто атоқли афғоншунос ғарбликлар ҳам мамлакатда тинчлик ўрнатиш учун шунга ўхшаш бир ечимга келиш зарурлигини айта бошлашган.

Бироқ расмий Кобул ва кўп сонли паштунлар наздида бу энди Афғонистонни зимдан парчалашга тенг бир амал бўлади.

“Биз баримиз бир афғонмиз. Ўзбек ҳам, тожик ҳам, паштун ҳам – биродармиз” – дейди паштун танишим – “Бизни федерал қилиб, бўлиш нотўғри бўлади”.

Бошқа суҳбатдошларим фикри эса тамомила ўзгача.

“Биз ҳаммамиз бирмиз – афғонистонликмиз” – дейди ўзбек талаба йигит – “Аммо мен афғон эмас, ўзбекман. Ҳар минтақа ва миллат тенг ҳақ-ҳуқуққа эга бўлиши учун, жанубдаги урушлар шимолни ҳам орқага тортмаслиги учун федерал бўлишимиз керак”.

Сўнгги йиллар маълум бўлган махфий ҳужжатларга кўра, ўз вақтида Британия ва Рус империялари орасида буфер ҳудуд бўлган Афғонистонни 60-70-йилларда жаҳондаги буюк қудратлар парчалаб ташламоқчи бўлганлар. Ўшанда Афғонистон ҳудудларининг СССР (Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон) ҳамда Эрон ва Покистон ўртасида тақсимланишига келишганлар. Чунки буфер мамлакатга энди ҳожат йўқ, деган фикрга келганлар. Аммо Покистон тарафи паштунлар яшовчи жанубий Афғонистонни олишни истамаган.

Шу асно айни режа ҳам барбод бўлади ва Афғонистон бир бутун сақланиб қолади. Лекин унинг ичидаги парчаланиш ҳар қадамда, ҳар фикрда ҳанўз сезилади.

Мозори Шарифда марказида эса Алишер Навоий ҳайкали ҳамон шиша тўсиқ ичида. Ўзбек танишларимга кўра, “яхши кунлар келса, бу ҳайкал атрофидаги ҳимоя тўсиғи олиб ташланади, аксинча, Навоий ҳайкалининг шу ерда тургани ҳам ғанимат”.

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/culture/2012/07/120722_cy_afghan_fooc.shtml