Aug 012012
 

Шавкат Муҳаммад

Ислом бова, яхши юрибсизми деб, жиннича саволларни бериб ўтирмай .Биламан,сиз доим яхши юрасиз.  Сиздек ҳеч ким яхши юролмаса керак .  Бизнинг қишлоқдаги эски раиснинг бир фермаси бор,  юздан ортиқ  қорамоли,беш юзга яқин қўйи бор.  Доим жуда яхши юради. Ёнидаги иккита шотири билан юради. Қаддини тик тутиб,пишқириб- пишқириб юради ,кекириб- кекириб юради.

Сизнинг қўйларингиз жуда кўп, шотирларнинг тур туридан бор.  Казо- казо адиб, казо- казо шоир, казо- казо олим шотирлар даврасида  сизнинг қанчалар яхши юрганингизни тасаввури ожизимга келтиролмайман ҳам.

Эски раиснинг  янги машинасининг эшигини очиб, туфлисини туфуклаб тозалаб, енги билан ялтиллатиб артиб қўйишади икки шотири.

Сизнинг шотирларингиз туфлингизни тили билан яласалар керак.  Йўталингизга  мадҳлар ўқиб, бехосдан ҳавони бузсангиз  ,,оҳ,бу ҳидларга жоним фидо,,  деб таҳсинлар айтарлар балким.   Онангни деб сўксангиз, ,,онажоним сизга бағишлов ,, десалар керак.

Кайфиятингиз қанақа деб,  иккинчи жиннича саволниям бермай тураман. Чунки ўша эски раис,  раислик вақтида орттирган молу қўйларига қараган кезда кўзлари яшнаб,кайфияти аълолашиб кетади. 

Сиз ўттиз миллион сурувингизга боқиб ,улар келтирадиган фойдани ўйлаганингизда сурур-ғурурнинг қайси қаватида учиб юришингиз  асло мендек гумроҳнинг ақлига сиғмайди.

Ислом бова,  ёшлигимда, мактабда ўқиб юрганимда телевизорда чиқишларингизни кутиб ўтирардим. Қулоққа ёқадиган гапларингиз кўп эди.  Телевизор бузилиб қолса асабим қақшаб кетарди , сизни кўролмай қолганимга.  Бу телевизор деганиям безор қиларди. Инжиқлигининг чеки йўқ эди.  Айнан ,,6ф5п,,  деган лампаси куйиб қолаверади. Пайшанба бозорда сотиларди .Бир лампа учун атай  пайшанба бозорни кутиб, саксон километрга бориб келардим.  Укаларим ,,оқшом эртаклари,,ни кўриб бўлгач мен сизнинг эртакларингизни эшитардим , дарсниям йиғиштириб қўйиб.

Яхши гапирардингиз. Ишонтириб- ишонтириб гапирардингиз. Биз барака топгурлар ажойиб замонда яшаётганимизга шукур қилиб,  тунда далага машоқ қилишга чиқиб кетардик. Машоқ нималигини билмасангиз керак.

Билмайсиз. Арпа ундан  қилинган нонниям емагандирсиз.

Емагансиз , Ислом бова. Сизам еб туринг мустақуллик неъматларидан.  Шотирларингизга айтсангиз арпа нондан сизгаям топиб келишади.  Аччиқ кўк чой ичиб , ёнбошлаб ётиб енг.

Мабодо чой қўйишга газ бўлмай қолса , ўчоққа тезакни қуюқ қалаб,қора қумғонни осасиз.

Кеннайимнинг устидан бироз таппи ҳиди келиб қолиши мумкин.  ,,Гули,,   атиридан бироз сепса билинмай кетади.  Билганим учун айтяпман, қишлоғимиз қиз жувонлари бу атирдан сигиру таппининг исини йўқотиш учун фойдаланишади.

  Шукур қилиб юрибмиз замонамизга, Ислом бова.  Мустақиллигимиз шарофати билан ҳар жабҳада катта ўзгаришлар бўлди дейишади телевизорингизда.  Бизнинг қишлоқдаям катта ўзгаришлар бўлди.  Ҳозир қишлоқни танимай қоласиз.

Мустамлакачи Советлар даврида болалар боғчаси, клуб,  мактаб,  кичиккина паркка ўхшаш дарахтзор,  қишлоқ четида улкан боғ,  элликка яқин техникаси бор автопарк,   улкан ферма бор эди. Газдан умуман муаммо йўқ,свет ўчиб қолиши мумкинлигини одамлар тасаввур қилишолмасди.

Ҳозир ҳеч нарса қолмади.  Одамлар паркдаги дарахтларни кесиб ўтин қилиб ёқишди.Ҳаммаси бузилди ,сотилди, таланди.

Буларни кўргач ,,кришам,,  кетиб қолай-кетиб қолай деди.  Кетмади. Кеткизмадим.

Ҳозирча бузиб, сотиб, талаб турайлик,  буюк келажакда қайтадан қуриб оламиз деб ўзимни  ўзим тинчлантирдим.

  Мелисаларингиз жа жонга тегди. Тинч юришга қўймайди.  Талабалик давримдан бошланди мелиса -мелиса ўйинлари.  Илк бор кўчада кетаётганимда автобусга босиб олиб кетишди.  

Қишлоқнинг боласиман, ўқишни орзу қилиб  билмасдан пойтахтга келиб қолгандим.  

Тошшаҳарга.

Хуллас автобусга гап сўзсиз судраб киритишди.  Ҳужжат сўрашди .Марҳамат,талабалик гувоҳномаси, талабалар кўкрагига тақадиган бейджик,  баҳолар қўйиладиган зачетка, барини кўрсатдим.

 Паспортниям кўрсатдим, аниқроғи ўзлари қўлимдан тортиб олиб кўришди.  Чўнтакларига  солиб қўйишди.  Нима эмиш, идорасига борамишман ва шахсим аниқлангунча кутиб турармишман.

 Ишонасизми Ислом бова, яна бир бора ,,кришам,,  кетиб қолаёзди.

  Ярим соат тилдан қолдим.Автобус тўла эркак аёл  ,,Панельний,,га етиб бордик йўл йўлакай йўлда учраган областнойларни териб . Кириб борсак қўрага қамалган қўйлар каби тумонат одам! Иссиқда ташқарида қамаб қўйилган!

 Ит эгасини танимайди, ҳали мактабга  бормаган ёш болалар ҳам бор. Ҳеч ким билмайди нима айби борлигини.  Хуллас, қоронғу тушганда ҳеч нарса ҳақда сўраб суриштирмай,  битта иккитадан чиқариб юборишди.

Иккинчи марта нима учун яна ўша автобусга чиқиб қолганимни айтсам Сизнинг ҳам  ,,кришангиз,, точно кетиб қолади.

 Бу сафар ҳайтовур айтишди,нима гуноҳ қилганимизни. Биз каби қишлоқиларнинг пойтахтда юришга ҳаққимиз йўқ экан. Мустақуллик байрами арафасида Тошкентни тозалаш тадбири ўтказилаётган экан. Тушуняпсизми, Каримоп бова?  Мустақул Ўзбекистоннинг пойтахтини  Мустақул Ўзбекистоннинг ҳур фуқароларидан тозалаш керак экан байрамгача.  Олис қишлоқлардан одамлар Мустақуллик байрами баҳона пойтахтга Президентини ,Отасини кўришга шунча вақтини , пулини сарф қилиб келсаю , кўчадаги кўк бодринглар, узр, мелисалар ҳаммасини йиғиб,  автобусда шаҳардан чиқариб ташласа.

Ёшларимиз дунёни кўрсин,илм ҳунар ўргансин деб кўп гапирардингиз. Мана, юрибмиз худога шукур, дуои жонингизни қилиб. Сизга атаб шеър ёзгим келади. Достон ёзгим келади. Аммо саройдаги ва сиздан олисда юрган шоирларингизнинг нонини яримта қилгим келмайди. Бола чақасининг уволидан қўрқаман. Сизга бўлган, юракдан қайнаб чиқаётган  меҳр муҳаббатимни  ғишт тераётганда лойга қўшиб юборяпман.

Оббо,ғишт деганимга яна бир машина ғишт келиб қолди. Тез тушириб ,тахлаб қўяй.

Яна бир бўш вақт топганда албатта ёзаман хатнинг  давомини. Бизни ўйлаб ташвиш тортманг-а…

Шавкат Муҳаммад.

 

http://zamondosh.blogspot.ie/2012/08/blog-post.html#more