Aug 022012
 

Жоҳилнинг жунуни…

Aug 2

Posted by ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ

Юсуф Расул,
“Янги дунё” муҳаррири.

Намоз Нормўминнинг “Тимирскиланаётган одам” мақоласига қолдирилган изоҳ

Ҳар бир миллатни нуфузини кўтарадиган устунлар зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, олимлардир.

Дин учун яшаб ўтган, курашган кишилар сон мингтадир, лекин уларнинг халқ ва жамият равнақи учун қилган урунишлари бир зиёличалик эмасдир.

Динни маҳкам ушлаган омидан, элу юрт учун қайғурган, миллат учун, эзгулик учун хизмат қилган зиёли афзалдир.

Бугун биз ўзини ҳақиқий диндор деб такаббурлик қилаётган, динни тарғиб қиламан деб ўзини жаҳолатини ошкор этаётган чаламуллаларни миллат фидойиларига қараб сакраётган жуда хунук ҳолатларга гувоҳ бўлиб турибмиз.

Намоз Нормўмин аканинг бу мақоласи жоҳилни жунунидек таассурот уйғотади кишида.

Муҳаммад Солиҳ ака атрофида тўпланган бу каби жаҳолат бандаларидан келажакда нима ҳам кутиш мумкин?

90 йилларда Солиҳ жаноблари атрофида уюшган зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, олиму фозил кишилар қани? Наҳотки, улар энди йўқ!

Наҳотки ўзбек мухолифатининг куни динни ниқоб қилиб олиб, зиёлиларни мазах қиладиган шу такасалтангларга қолган бўлса!

Минг афсус…

 

http://dunyouzbeklari.com/2012/08/02/%D0%B4%D1%83%D0%BD%D1%91-%D1%9E%D0%B7%D0%B1%D0%B5%D0%BA%D0%BB%D0%B0%D1%80%D0%B8%D0%B4%D0%B0-%D1%82%D0%B8%D0%BC%D0%B8%D1%80%D1%81%D0%BA%D0%B8%D0%BB%D0%B0%D0%BD%D0%B0%D1%91%D1%82%D0%B3%D0%B0%D0%BD-2/

 

 

Тимирскиланаётган одам…

*Сизга қарши чиққанлар) ер юзида саёҳат қилмайдиларми? Ер юзида саёҳат қилсаларди, уларнинг кўрадиган кўзлари, эшитадиган қулоқлари бўларди? Ҳақиқат шундан иборатки, кўзлар кўр бўлмайди. Кўкрак ичидаги қалблар кўр бўлади” (Ҳаж сураси 46 оят)

Докторлик тажрибамдан мана шу ҳодиса яхши ёдимда қолган. Шифохона қабулхонасига келган хасталарни аввал ёш врачлар кўрарди. Улар лозим бўлса тажрибали докторларни чақириб, хастанинг аҳволи ҳақида маслаҳатлашишарди. Бир куни мени қабулхонага чақиришди. Ёш ҳамкасбим “Бир кўр касал келган шуни бир текшириб кўрсангиз”, деди…

Ичкаридаги кўзи ожиз бемор бу тажрибасиз врачнинг сўзини эшитиб қолди. Турган жойида сакраб туриб, “”ким мен кўр деди, ҳайвон сенинг ўзинг кўрсан…” Шу шаклда бу кўзи ожиз одам ёш врачни жуда ёмон сўзлар билан сўкиб кетди. “Қори ака, илтимос қори ака, бу киши билмай айтиб юбордилар, мен ўзимни сизни яхшилаб текшириб кўраман”, дея қайта қайта узр сўраб, бир илож қилиб, беморни тинчлантиришга муваффақ бўлган эдим…

Бугун ўзим шунча йиллик тажрибадан кейин, онгли равишда бир инсонга кўр инсон, демоқчиман.

Бу инсон мана шу сатрларнинг муаллифидир:
Нақ қўйиб берсаю Абутов ҳузур қилиб,
Роса калтакласа мени ётқизиб.
Тилларимни кесса хотиржам, кулиб
Қувонса оғзимдан қон чиқса сизиб…

Бу сатрлардаги манзара диктатор Каримовнинг жаллодларига ярашадиган манзарадир. Аммо бу сатрларни бир мусулмон ҳақида, агарда бу мусулмон хатокор ва гуноҳкор бўлса ҳам, асло айтиб бўлмайди. Чунки мусулмон киши Ислом динининг тамсилчиси, вакилидир. Яъни, мусулмон киши тинчликни, адолатни, яхшиликни тамсил қилади, ваҳшийликни эмас…

Бу сатрларни пешонасидаги кўзлари чарақлаб турадиган, аммо қалб кўзи кўрмайдиган журналист Исмат Хушев ёзган ва бу сатрларни у нимага ёзганлиги энди менга аён бўлаётганга ўхшайди. Менинг бу сатрларни ўқишдан олдин Хушев ҳақидаги фикрим унинг аросатда қолганлиги, бошқа сўз билан айтганда жоҳилиятни тарк этмаган “ижодкор” эканлиги эди.

Бўлиши мумкин, чунки аросатда ва жаҳолатда қолган фақат у эмаску! Бир пайтлар ўзим ҳам ҳақ ва ботилни ажрата олмас эдим, ҳақни ботил, ботилни эса ҳақ, деб билар эдим. Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ ҳидоят берди, аросатни, жаҳолатни тарк этдим, ҳақ йўлни ўргандим, ўрганаяпман, ўрганганим даражада амал қилишга ва бошқаларни ҳам ҳақ тарафда туришга чақираяпман…

Исмат Хушевни ҳам очиқ хат билан, е маил билан такрор ва такрор аросатни, ботилни, жоҳилиятни тарк этишга даъват қилганман. У аросатдадир, жаҳолатдадир, ботил йўлдадир, чунки Хушев диктатор Каримовнинг ҳам, биз мухолифатчиларнинг ҳам тўғри йўлда эканлигимизга ишонади. Диктатор Каримовни ўзига устоз деб билади, аммо Прагадаги қурултойда қулоғимга энгашиб, сизлар ҳақ йўлдасизлар, бутун умидимиз сизлардан, дейди. Майли дедим, Намоз ўзинг ҳам бир пайтлар оқу қорани танимас эдинг, мана Исмат Хушев эътироф қилаяпти, яқинда сафларингизга қўшиламан, оилам менга шу одамлар билан (мухолифатчилар) билан бўлинг, деяпти, дейди, иншаллоҳ эрта эндин бу киши тўла тўкис Ҳақ йўлни танлар…

Исмат Хушевнинг юқорида Абутов ҳақидаги “шеърини” ўқиганга қадар у ҳақда шундай фикрда эдим. Аммо таассуфки, бу одам ҳақида хато қилганга ўхшайман. Чунки бу мисралар оддий жоҳилнинг эмас, оддий аросатда қолган одамнинг эмас, биз танлаган йўлга душман кайфиятида бўлган, биз ҳақимизда юраги нафратга тўлган бир “ижодкорнинг” ижодига ўхшайди…

Исмат Хушев ЎХҲнинг баъзи фаолларини мақтаб, баъзилари ҳақида ер билан яксон қилишга қаратилган “шеърлар” битиш билан нимага эришмоқчи?. У бир коса асалга бир қошиқ заҳар қўшиш билан қандай “малҳам” тайёрламоқчи? Балки унга устозининг одамлари шундай вазифа бериб туришгандир? Балки унинг ўзи эски мансабларига қайтиш учун шундай “илҳомланаётгандир”? Буни тушуниш қийин эмас, чунки у ўйлаган тузоқ бизга янгилик эмас. ЎХҲга кириб, кейин уни тарк этганлардан баъзилар мана шу йўл билан ҳаракатимизни обрўсизлантиршмоқчи бўлишди. Аммо охир оқибатда ўзлари обрўларини йўқотдилар ва йўқотмоқдалар.

Исмат Хушевнинг ЎХҲнинг Прагадаги қурутойига таклиф қилинишига ҳаракатимиз аъзолари турли муносабатда бўлишди. Чунки унинг икки қайиққа ёпишгани, бу эса ақлли кишилар қиладиган иш эмаслиги ўз ўзидан тушунарли эди. Аммо мен унинг қурултойга келишига қарши эмас эдим. Бугун ҳам, ҳатто укамиз Абутов ҳақида мана шундай жирканч сатрларни ёзгандан кейин ҳам, бу масалада афсусланаётганим йўқ. Чунки ҳаракатимизнинг Ҳақ йўлда эканлигига ҳеч қандай шубҳам йўқ эди ва ҳозирда ҳам шубҳам йўқ. Хушев эса қурултойга келди, у ерда ўзи истаган эркинликларни кўрди, истаган гапини айтди, истаган қилиғини қилди. Бу маънода ҳаракатимиз унинг учун бир ойна бўлди. Энди мана шу ойнада унинг борлиғи янада очиқ ойдин, янада даҳшатлироқ кўриниб бормоқда. Яхши бўлди менимча ва унга ҳам, бошқаларга ҳам дарс бўлди аслида бу иш…

Албатта, Муҳаммадсолиҳ Абутов ҳам фаришта эмас, у ҳам хатоли ва камчиликлари бор йигит. Айни пайтда фидокор, талабчан, зулмга қарши бутун борлиғи билан курашадиган, адолат дейилганда юзи яшнаб кетадиган мусулмон биродаримиз. Саҳвий тахаллуси билан ёзган шеърлари таъбининг нозиклигига далил ҳамдир.

М. Абутов биздан, яъни ЎХҲдан бир “мендир”. У гуноҳи ва савоби билан бизнинг укамиз, биродаримиздир. Яхши ва ёмон кунда биз билган бирга юраётган, бутун қийинчиликларга қарамай, ярим йўлда бизни ташлаб кетмаган дўстимиздир.

ЎХҲни радикал, қонхўр, террорист ташкилот қилиб кўрсатишга уринаётган аввало Исмат Хушевнинг устози диктатор Каримовдир. Ҳолбуки ЎХҲ халқимизнинг миллий, эътиқодий ва дунё тараққиётининг фикр эркинлиги, эркин сайловлар ва шунга ўхшаш мусбат жиҳатларини ўзига восита қилиб олган ҳаракатдир. Ўзбек халқига ва унинг ҳақиқий тамсилчиси бўлган ЎХҲга қарши террорист ва қонхўр сиёсатни амалга ошираётган диктатор Каримовнинг режимидир. Аммо қалб кўзи ожиз бўлган ва шунинг учун ҳам ҳозирча иши тимирскилинишдан иборат бўлаётган Исмат Хушевнинг бу ҳақиқатни тўлиқ тушуниб олиши имконсиздир. Шунинг учун ҳам у бу золим режимга тўлақонли мухолиф бўла олмаяпти.

Исмат Хушевнинг юқорида келтирган “шеъри” Абутовга нисбатан эмас, унинг бизнинг ҳаракатимизга нисбатан билдирган муносабатидир. Чунки биз жуда кўп “мен”лардан ташкил топган жамоамиз. Бу менлардан бирига айтилган бундай гап бизнинг ҳаммамиз ҳақида айтилгандир. Чунки биз бир бармоқнинг эти ва тирноғи каби бир биримизга яқинмиз. Эт бўлганларнинг баъзан семириб, баъзан ориқлаши, тирноқ бўлганларимизнинг баъзан ўсиши ва баъзан қисқариши муҳим эмас. Муҳими бизнинг бу шаклда бармоқларни ва бир муштни ташкил қилишимиздир. Шукрки, бу муштнинг ичида Исмат Хушев каби аросатда ва жаҳолатда қолганларга ер йўқдир…

Намоз Нормўмин, ЎХҲ Муассилар Мажлиси аъзоси

31 июль 2012 йил.                (  ЎХҲ сайтида эълон қилинган мақола)

 

http://www.uzxalqharakati.com/archives/12335