Jul 172012
 

Jul 17

Posted by ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ

 

 

 

 

 

 

 

Rate This

 

Суратда: Баҳодир Чориев оила аъзолари билан…

Ассалому алайкум Баҳодир!

Авваламбор, “Дунё ўзбеклари”нинг меҳмони бўлишга вақт топиб, истак билдирганингиз учун раҳмат! Суҳбатимиз аввалида ўзингиз ҳақингизда икки оғиз айтиб берсангиз.

Б.Чориев: Ассалому алайкум Исмат ака!

Таклиф учун Сиздан миннатдорман. Қисқача ўзим ҳақимда:

Шиорим: Етса молим, етмаса жоним фидо бўлсин халқим учун, Ватаним учун!

Мен Баҳодир Чориев Ҳасанович 1969 йилнинг 31 октябрида Шаҳрисабз туманида туғилганман. Оилалиман, Рафиқам Феруза , 2 қизим ва икки ўғлим билан АҚШда яшайман.

Ўрта мактабни 1986 июлда битириб, Томск шаҳридаги политехника институтининг Электро физика факултетининг кечки бўлимига ўқишга кирдим. Шу йилнинг ўзида янги касб эгаллаш ва кейинчалик шу касб билан институтдаги ўқишни тугатгунча Радиотехник пайвандчиси бўйича бир йиллик курсга ўқишга кирдим.

1987 йилдан бошлаб Томск шаҳридаги “Контур” ишлаб чиқариш заводида радиотехник пайвандчи (монтажёр) бўлиб иш фаолиятимни бошладим.
1987 йилнинг декабр ойидан 1989 йилнинг ноябр ойигача Совет армияси сафида хизмат қилдим.

1989 йилнинг ноябр ойида рафиқам Ферузага уйландим.
1990 йилнинг бошидан Томскда ўқиш ва ишимни давом эттирдим.
1990 йилда оилавий аҳвол билан ўз ўқишимни Тошкент давлат техника университетининг (олдинги политехника институти) кундузги бўлимига кўчирдим.

1994 йили ўқишни тамомлаб, Молия вазирлиги қошидаги Илмий текшириш институтига ишга кирдим.

1995 йилдан “Сувжиҳозгаз “ Ўзбекистон-Хитой Қўшма корхонасининг таъсисчиларидан бирига айландим.

1997 йилда ”Янги Таъминот” хусусий корхонамга асос солдим.

1999 йилнинг ноябрь ойида оиламиз билан Шаҳрисабз туманидаги “Кеш” Очиқ Ҳиссадорлик жамиятининг қарийб 61 % акциясини сотиб олдик.
2000 йилнинг февраль ойида ушбу жамиятнинг бошқарув раиси лавозимига ишга ўтдим.

2001 йилнинг 2 январида вилоят пракуратураси қарори билан қамоққа олиндим.

2001 йилнинг 6 июлида “Залог” ҳисобида суд залидан озод қилиндим.
2002 йилда Қамаши туман жиноят ишлари бўйича судининг қарори билан 6 йил қамоққа ҳукм қилиндим ва амниция қўлланилиб очиқликка қолдирилдим.

2003 йилда Марат Зохидовнинг ИҲХЖ (МОПЧ) ташкилотига инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида қўшилдим.

2003 йилнинг кузида бу ташкилотдан чиқиб, Сурат Икромовнинг ташкилотига кирдим.

2004 йилда сиёсий фалиятим ортидан бу ташкилотдан чиқарилдим.
2004 йилда ”Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатини ташкил этдим.
2004 йилдан ҳозирги кунгача сиёсий бошпана олиб АҚШда истиқомат қилиб келмоқдаман.

****

Биринчи савол: Баҳодир, Прага сафари таассуротларимни ўқиб, менга телефон қилиб, жаҳл билан “Озодлик” ҳақидаги фикрларимга билдирган эътирозларингиздан бошласак суҳбатимизни.

Б.Чориев:

Саволларингизга имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қиламан. Сиз ёзаётган “Прага кундаликлари” туркумидаги мақолалардаги баъзи фикрлар телефон қилишимга ундаган эди. Шу боис сизга қўнғироқ қилиб, уларга ўз муносабатимни билдиришни лозим топдим.

Мана баъзи фикрларингиз ва уларга мени муносабатим:

Иқтибос: “Холбуки, уни(бу ерда гап Шуҳрат Бобожонов ҳақида кетяпти) ва умуман “Озодлик”даги Бобожоновларни баъзи мухолифатчиман деган “псевдо” демократлар то ҳануз “Солихчи” деб айблаб келишади.”

Хабарингиз бўлса, мени ва кейинчалик бошқаларнинг ”Озодлик” радиосининг журналистлари Бобожоновлар билан ўзаро зиддиятларимиз 2006 йилдан буён давом этиб келмоқда. Агар кимки сиёсий фаолияти давомида Муҳаммад Солиҳ тарафида бўлмаса, ёки унга қўшилмаса, у кишилар Бобожоновлар томонидан ”Озодлик” радиосига қўйилмаган. Муҳаммад Солиҳ ва унинг ҳамкорлари томонидан бу одамларга МХХнинг одами деган тамға ёпиштирилган. Бунга мисол қилиб ”Эрк” партиясининг бир қаноти бўлган Ойгул Маматова, иккинчи қаноти бўлган Самад Мурод, сиёсий фаолиятини бошлаб, Муҳаммад Солиҳга қарши фикр билдирган Жаҳонгир Маматов, Муҳаммад Солиҳ билан қарама қаршиликка борган Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳ фаолиятига қонуний нуқтаи назардан баҳо бериб келаётган собиқ Олий Суд раиси ва Адлия вазири Бобир Маликов, сиёсий фаолиятини Муҳаммад Солиҳни қўлламасдан олиб борган ”Бирдамлик” Халқ Ҳаракати раҳбари мен, Баҳодир Чориев, ЎИҲЖ президенти Абдужалил Бойматов, ўз сайтида М.Солиҳ ҳақида танқий мақолалар берган журналист Юсуф Расул ва бошқа кўплаб фаолларни келтириш мумкин. Булардан ташқари жуда кўп инсонлар учун ҳам бу радиода цензура ўрнатилган.

Биз шу боис ҳам ”Озодлик” радиосидаги махаллийчилик, тарафкашлик, Муҳаммад Солиҳ йўлига юрмаган, унга қўшилмаганларни цензура қилинишига қарши кескин курашиб келдик. Биз ҳамиша “Озодлик” радиосини ривожланиши, уни ҳар томонлама кенгайиши тарафдоримиз. ”Озодлик” Муҳаммад Солиҳ тарафдорларининг радиоси эмас. Демократия ва инсон ҳуқуқлари учун курашаётган бошқа туруҳлар, ташкилотлар ва шахслар учун ҳам радио минбари очиқ бўлиши керак, “Озодлик”чилар тенгликни ҳеч бўлмаса рус тилидаги “Свобода” радиосидан ўрганишса яхши бўларди.

Иккинчи савол: Хафа бўлмасангиз ва кўнглингизга олмасангиз, яна бир савол. Мана “Озодлик”даги цензурага атаб ўтказган қатор пикет ва намойишларингиз нима берди Сизга? Ватандошларимиз назарида жуда кулгили ҳолга тушиб қолмадингизми? Масалан, дитатура ва ё нодемократик тузумга қарши бўлганида эди бу чиқишлар Сизни тушунса бўларди…

Б.Чориев: “Озодлик” радиосига қарши намойишларнинг асосийси ҳали олдинда турибди. Олдинги сафар баъзи бир “фаолларимиз”нинг катта хатоси билан намойишимиз кўзланган мақсадга олиб келмади. Ўйлайманки, бу сафар бу каби “фаоллар” ичимизда бўлмайди..

Энди намойиш ва пикетларимиз ортидан келган ютуқларни санаб ўтсам.

1.”Озодлик”нинг раҳбари, ўзбек тилини мутлақо билмайдиган Сожида Жаъфарова ишдан олинди.

2.”Озодликнинг тизгини, кўринмас бошқаруви Бобожоновлар қўлида эди, радио бу тизгиндан озод бўлди.
3.”Озодлик”ка раҳбар этиб Ҳурмат Бобожонов тайинланиши керак эди, бу ҳам бекор қилинди.
4.. ”Озодлик”ка янги холис раҳбар Алишер Сиддиқ қўйилди (унинг қўрқоқлиги, раҳбарлик қобилиятининг йўқлиги яна ”Озодлик”да камчиликлари камайиши эмас, ортишига олиб келди).
5.. Ўзбекистондаги режимга қарши курашда ”Озодлик” радиосининг ўрни жуда катта эканлигига бизнинг намойиш ва пикетларимиздан кейин эътибор қилина бошлади. Яъни ғарб сиёсатчилари ”Озодлик” радиосининг ўрни катта эканлигини тушуниб етдилар.
6. ”Озодлик” радиосининг маблағи (бюджети) кескин оширилди, радиода ижобий ўзгаришлар бошлангандек бўлди. Аммо, бизнинг назаримизда бу радио ҳозирги кунгача аллақачон саратон касаллигига айланган камчиликларидан қутулолгани йўқ.

Шуни таъкидлаб ўтишни истардимки, ҳар қандай диктатурага қарши курашда, оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта бўлган. Шу жумладан, Каримов режимига қарши курашда биз демократик кучлар албатта эркин матбуот ва ахборот воситаларига таянамиз. “Озодлик” фақат бир гуруҳга сўз бериб, бошқаларига панжа орасидан қараса, иккинчи томон амалга ошираётган сиёсий курашлар у қадар натижа бермайди. Қачонки, “Озодлик” ва бошқа радиолар холис ва бетараф радиоларга айланишса, Ўзбекистонда ўзгаришлар жуда тез бўлиши мумкин.

Шу боисдан биз учун ҳам “Озодлик” радиосидаги холислик жуда муҳим ҳисобланади. Агар, бу очиқ минбарга биз учун тўсиқ ўрнатилса, биз бу тўсиқни олиб ташлаш учун қўлимиздан келган барча қонуний чораларни кўрамиз.”Озодлик” радиоси том маънода озод бўлмагунча курашимизни давом эттираверамиз.

Учинчи савол: Отангиз ва у кишининг кейинги тақдири, тортиб олинган моллар ва ҳовли жой нима бўлди. Ҳозир аҳволлари ва кайфиятлари қалай?

Б.Чориев: Отамнинг аҳволлари қониқарли. Ҳукумат олиб қўйган моллари ва ерларини қайтариб бермади, аксинча яна катта бир жаримага тортилдилар. Отам адолатсизликларга қарши курашни давом этирмоқдалар. Ҳозирги кунда бундан 24 йилдан буён яшаб келаётган ва хусусийлаштирилган уй жой ва ерларимизни ҳукумат тортиб олиш билан отамга яна қаттиқроқ тазйиқ ўтқазмоқда.

Тўртинчи савол: Энди яна сиёсатга қайтсак. Муҳаммад Солиҳни баҳсга чорладингиз ва у Сиз билан гаплашадиган гапим йўқ деб сукут билан жавоб қайтарди. Сиз бундан ранжиб, то ҳануз унга маломат тошини отиб келасиз. Инсоф билан айтингчи, бугунги вазиятда Баҳодир Чориев ва Муҳаммад Солиҳлар ном ва тажриба жиҳатидан қай даражада бир бирига муқобил деб ўйлайсиз. Бунга Сизнинг маънавий ҳаққингиз бормиди?

Б.Чориев: Исмат ака, кечирасиз, бу савол анча ғализ ва демократик матбуотга хос эмас….

Мухаммад Солих бошчилигида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ўтган йили тузилганди. Ундан олдин, 1989 йилда ташкил этилган “Бирлик” халқ харакати 2003 йилга келиб “Бирлик” Халқ ҳаракати партияси”га айлантирилган эди. Ўшанда Ўзбекистон сиёсий майдонида бирор халқ ҳаракати қолмаганди. Шунда менинг ташаббусим билан ”Бирдамлик Халқ Ҳаракати тузилди. Мана биз 8 йилдирки жуда яхши сиёсий фаолият олиб боряпмиз. Қийинчилик билан бўлсада ўз ҳаракатимизни халқимиз ўртасида таништириш ва халқ ичида ишлашга уриниб келмоқдамиз. Амалга ошираётган ишларимиз жуда кўп. Шуларни жаноб Муҳаммад Солиҳ биладими?

Мен радио орқали бўладиган баҳсда бундан ташқари яна қуйидаги саволларни кўтармоқчи эдим. Шу вақтгача Муҳаммад Солиҳ нега халқ ҳаракатини ташкил қилмади? Унинг бир вақтлар ”Озодлик” радиоси орқали реклама қилган “ Миллий Қутқариш Комитети” ташкилоти ва “13 Май” иттифоқлари қаерда қолди? Янги халқ ҳаракатини тузиш қанчалик керак эди? Янги ташкилотни ”Бирдамлик” халқ ҳаракатидан фарқи нимада? Шу ва бошқа кўплаб саволларга Муҳаммад Солиҳ билан баҳсда, кўпчиликни олдида жавоб топишимиз керак эди.

Шу боис, мен Муҳаммад Солиҳни ”Озодлик” радиоси орқали баҳсга чорладим. Бу баҳсда кўтарилган масала фақат мен билан Муҳаммад Солиҳ ўртасидаги мунозара эмас, балким миллионлаб инсонлар, ”Озодлик” радиоси мухлислари ва интернет ўқувчилари хабардор бўлишлари лозим бўлган муҳим нарса эди. Кенг жамоатчилик олдида мен Муҳаммад Солиҳни бахсга чорладим. Ўзини сиёсатчи деб билган ҳар қандай инсон бундай ҳолатда албатта баҳсга яхши тайёргарлик қилиб чиқар эди. Балким кимдир бу баҳсда ютқизар, аммо ютқазган инсон ҳам сиёсий тарафдорларини ва ўз обрўсини анча сақлаб қолган бўлар эди. Ўз тарафдорларини олдида ҳам юзи ёруғ бўларди.

Муҳаммад Солиҳ эса ҳақиқий сиёсатчига ярашмайдиган иш қилди. Ғурурга берилди. Такаббурлиги, манманлигини яна бир марта исбот қилди. Аксинча, у нафақат мен, балки оддий ўқувчилар, ёки халқимизнинг бирор бир вакили билан ҳам суҳбатга, баҳсга киришишга тайёр бўлиши керак. У мени тенгим эмас, бу мени тенгим деб одам ажратиш, бошқаларга беписанд қараш, кеккайиш ўзини миллат раҳбари, мухолифат лидери деб ҳисоблайдиган инсонга ярашмайдиган, уятли ҳолатдир.

Бешинчи савол: “Бирдамлик” ташкил этилгандан бўён одамларга қанча пул сарфладингиз ва сарфлашлар ўзини оқладими? Ёки бўлмаса шу саволни бир оз бошқачароқ қўйсак. Бировга берган пул учун ранжиган ва ё ундан бундай муносабатни кутмаган ҳолларингиз бўлдими? Янаям аниқроқ айтганда, нонкўрлик қилганлар ҳам бўлдими пул олганларингиз орасидан? Ва ниҳоят, шу пул олганлардан то ҳануз сиздан миннатдор бўлиб юрганлари борми? Яхшилик кўриб сизга ёмонлик қилганлари-чи?

Б.Чориев: Бу саволга жавобим шу. Мен АҚШга келган кундан буён ўз шахсий ишлаб топган пулимдан 124 мингдан зиёд АҚШ долларини ”Бирдамлик” халқ демократик ҳаракатининг фаолиятига сарфладим. Мендан ташқари сафдошларим ва укаларим ҳам анчагина ўз пулларини ҳаракатимизга ёрдам сифатида сарфладилар ва ҳозирги кунгача бу ишлар давом этмоқда. Худога шукр, топишимиз яхши, сиёсатга сарфимиз ҳам шунга яраша ошиб бормоқда.

Агар бирор киши мени алдаган бўлса, ёки ишончимни оқламаган бўлса ҳам Ўзбекистон ичидаги сиёсий фаолиятдаги барча сафдош ва дўстларимидан хафа эмасман. Шундай одамлар агар яна сиёсий фаолиятга, биз билан ишлашга қайтмоқчи бўлсалар, қучоқ очиб кутиб оламиз. Уларнинг баъзилари оғир шароитда туриб ишлаётган сафдошларимиз учун берилган моддий ёрдамни ўз эгаларига элтиб бермаганлар. Агар, улар бу омонатни эгаларига бериб, улардан тилхат олиб, уни менга ва Ўзбекистондаги раҳбаримиз Малоҳат Эшонқуловага берсалар етарли. Шундан кейин биз албатта улар билан янгидан фаолият бошлаймиз…

Шу пайтгача чет элларда сиёсий бошпана олган анчагина инсонларга моддий ёрдам берганимиздан хурсандман. Бизнинг ёрдамимиз тахниман юздан ортиқ сиёсий бошпана изловчиларга берилган эди. Ҳаммага ҳар хил миқдорда ёрдам қилганмиз. Биз ўйлаган эдикки, ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак берсак, улар албатта бир кун келиб, учунчи давлатда ҳаётлари изга тушиб кетгач, бошқаларга беғараз моддий ёрдам берадилар ёки ҳаракатимизга ўша омонатни қайтариб берадилар. Шунда биз бошқа сиёсий қочоқларга янада жиддийроқ ёрдам берамиз, деган умидда эдик. Афсус ундай бўлмади. Баъзи бир бизни “ишончимизга” кирган инсонлар учинчи давлатга келиб, бизга қарши тухмат ва бўҳтонларини бошладилар. Мени тушунишимча, улар шу йўл билан биздан алоқани бутунлай ўзмоқчи бўлишди ва бунга тўлиқ эришдилар ҳам.

Мени энг ранжитган нарса, майли бу инсонлар бизга раҳмат айтмасинлар, ёки ўз сиёсий фаолиятларини биз билан боғламасинлар. Аммо уларни учинчи давлатга келиб ҳеч қандай сиёсий фаоллик қилмасликлари, Ўзбекистондаги Каримов режимига қарши курашмасдан, интернетда турли даҳанаки жанжал қилишлари ёки изсиз йўқолиб кетишларидир.

Менинг хатоим инсонларни яхши билмаганлигимда экан. Агар шу хатолик бўлмаганда, биз бу пулларни бошқа сиёсий тадбир ёки ишларга (масалан газета, журнал чиқариш ва тарқатишга) сарфлаганимизда, халқимизга анча ёрдамимиз теккан бўлар эди.

Биз албатта келажакда Ўзбекистон диктатурадан озод бўлгач, бу инсонларнинг исм ва фамилиялари ва биздан олган моддий ёрдамлари ҳажмини барчага эълон қиламиз. Халқимиз ким хақиқий курашчи ва ким халқни унутган, буни билиши керак деб ўйлайман. Агар кимдир “яхшилик миннат қилинмайди” деса, жавобим шу: бу инсонлар четга чиқиб халққа нима яхшилик қилиб қўйдики, биз яна буларни қаҳрамон қилиб, ватанимизда кутиб олсак. Ҳозир ҳам кеч эмас, биз уларга берган моддий ёрдамимизни қайтариб олмоқчи эмасмиз. Улардан бир илтимосимиз, курашсинлар, Каримов режимига қарши ҳамиша курашсинлар! Истасалар бизнинг сафларда, истамасалар ”Бирлик”, ”Эрк” ёки бошқа янги ташкилотлар билан бир сафда курашсинлар! Ўшанда биз уларни ҳақиқий қаҳрамонлар деб биламиз.

Шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Биз ёрдам кўрсатган кишилар ичида, виждон ва диёнатлилари ҳам кўп. Канадада яшаётган ёзувчи Ғафуржон ака Йўлдошев ана шундай инсон эканлар. Кўрсатган ёрдамимиз учун алоҳида миннаддорчиликларини билдирдилар. У кишига мен ҳам ўз навбатида раҳматимни айтаман.

Олтинчи савол: Шу пулларни оилам ва болаларимга сарф қилганимда яхши эди, бундай нонкўрлик ва маломатдан кўра деб ўйлаган ҳолларингиз ҳам бўлганми ҳеч?

Б.Чориев: Бунақа ҳолат бўлмаган. Ҳозир юқорида ёздим, газета ва журналларга сарфласам анчагина халқимизга ёрдами бўлар эди.

Еттинчи савол: Мен яқинда Прагада бўлиб, Муҳаммад Солиҳ билан учрашиб қайтдим. У Сиз ҳақингизда жуда яхши фикрда экан. Мен бундан ажабланмадим. Чунки у камдан кам ҳолларда бировни ёмонлаши мумкин. Бу гап сиз учун ажабланарли эмасми? Чунки сиз уни аксар ҳолларда мени менсимади деб айтасиз…

Б.Чориев: Агар Муҳаммад Солиҳ мен ҳақимда ижобий фикрда бўлса мен бундан хурсандман. Лекин бу сиёсат, сиёсат майдонига кирган киши танқидга тоқатли бўлиши керак. Кимдир Солиҳ жанобларини танқид қилса ундан МХХ ясамаслик лозим. Мана 20 йилдирки, ким Муҳаммад Солиҳни танқид қилса у дарров душманга айланиб турли номлар остида рақибини фош этувчи мақолалар уюштиради. Турли йўллар билан душманни бадном қилишга урунади. Бу сиёсатчининг иши эмас.

Саккизинчи савол: Оилангиз ва болаларингиз ҳақида айтиб берсангиз. Нечта ака ука келгансизлар Америкага. Ва бу ерга келиш сабаблари ҳақида ҳам икки оғиз билдириб ўтсангиз…

Б.Чориев: Мен рафиқам Феруза, икки қизим ва икки ўғлим билан АҚШда яшаймиз. Болаларимнинг каттаси 20 ёш, кичиги эса 7 ёшда. Катта қизим Сарвиноз ҳуқуқшунослик бўйича Университетда, иккинчи қизим Севара тиббиёт коллежида ўқияпти. Катта ўғлим Давронбек мактабнинг 10 синфида, кичигим Дадахон ҳам мактабда ўқийди.

Биз оилада 8 ўғил ва икки қизмиз. Шундан 7 ака ука АҚШда, ҳаммалари ўз оила ва болалари билан истиқомат қилишади. Барчамиз бу ерга сиёсий бошпана олиб келганмиз. Укаларим ва мен ҳаммамиз Транспорт компанияларини очганмиз ва юритамиз. Ҳаммамиз асосан оғир юк машинасини бошқарамиз. Қўлимизда қарийиб 20 дан ортиқ юк машиналаримиз бор. Бу сон ҳар ойда ортиб бормоқда.

Тўққизинчи савол: Энди Ўзбекистон сиёсатига ўтсак. Мен сизга бир неча маротаба нозўравон кураш билан Марказий Осиё ва Россия раҳбариятини енгиш мумкин эмас деб айтганман. Ва Сиз ҳамиша менга эътироз билдиргансиз. Ҳозир ҳам шу фикрдамисиз?

Б.Чориев: Ҳа, мен бу фикримда қатъий тўрибман. Россия раҳбарини куч билан ҳеч қачон олиб бўлмайди. Россияда жуда кучли Нозўравон Кураш Стратегиясини ишлаб чиқиш керак, акс ҳолда кураш бир неча йилга чўзилиши ва беҳуда куч ва маблағ, вақт сарф бўлишини кутиш мумкин.

Ўзбекистонда вазият бутунлай бошқача. Тўғри бу ерда хам куч ишлатиш йўли билан Каримов режимини ағдариб бўлмайди. Сарой тўнтаришини ёки Каримовни бехосдан ўлимини кутиш жуда ҳам мавҳум йўлдир.

Бизнинг фақат бир йўлимиз – кучли ташкиллаштирилган Нозўравон Стратегияни яхши ишлатишдир. Кўпчилик хафа бўлса ҳам очиқ айтаман. Каримов режими кимларнидир назарида кучли режимдир, аммо унинг шундай нозик томонлари борки, биз шу томонга қараб ҳаракат қилишимиз керак. Менинг фикримча, Каримов режими ич ичидан емирилиб бормоқда, биз мухолифат фаоллари эса аксинча, жуда кучсиз ва нотовонмиз. Биз гўёки қотиб қолган зомбиларга ўхшаймиз.

Биз барча демократик мухолифат фаоллари бир ёқадан бош чиқариб, келишиб ҳаракат қилсак, аминманки Каримов режимига қарши жиддий иш қилган бўламиз. Қандай тарзда нозўравон, тинч йўллар билан Каримовни четлаштириш ҳақида биз батафсил кураш стратегиясини ишлаб чиққанмиз. Ишонаманки, албатта бу кураш усули Каримовни ҳукуматдан четлаштиради. Агар биз бирлашмасак, бу жараён яна узоқ йилларга чўзилиши мумкин.

Ўнинчи савол: Ўзбекистон махсус хизматлари билан алоқангиз борми?
Тошкентга қилган сўнгги сафарингиз тадрижида рўй берган баъзи ғалати воқеалар шундай савол беришга ундайди одамни…

Б.Ч: Менинг бу ташкилот билан умуман алоқам бўлмаган. Сафимизда кириб қолганликларини билсак ҳам, бу инсонларни жиддий ишларга қўшмаганмиз ва уларни шарманда қилиб сафимиздан ҳайдамаганмиз. Юриб юриб ўзлари сафимизни тарк этишган ёки улар ҳанузгача ичимизда юриб фаолиятимизни зимдан кузатиб келмоқдалар. Уларнинг баъзилари бизга қарши турли провакациялар қилишга урунишди. Аммо бизни доим ўз принципимизда туришимиз, демократия ва қонунлар доирасида ҳаракат қилишимиз уларнинг провокацияларини йўққа чиқариб келди.

Ўн биринчи савол: Ўзбек мухолифатининг лидери деб Сизнингча ҳозир кимни айтиш мумкин? Фақат ростини айтинг.

Б.Ч.: Ўзини ўзбек мухолифатининг лидериман деб ўйлаб юрган кишилар кўп. Лекин уларнинг бирортаси мухолифат тан олмаган. Халқ тан олмаган. Радиолардан туриб, лидер ясаш бу вақтинчалик ўз ўзига маҳлиё бўлиш ёки вақтинчалик эҳтиросга берилиш ҳодисасидек туюлади менга. Лидер халқ билан очиқ мулоқотга кириша олиши керак. Лидер ўзини ўзи сайламайди, уни кенг жамоатчилик ёки халқ оммаси сайлайди.

Эътибор беринг, ҳозир мухолифат қайси лидерни ортидан эргашиб кета олади. Оғзи шалоқ Абдураҳим Пўлатовними ёки бир икки диндорни пинжига кириб олиб, халқдан, жамоатчиликдан ажралиб қолган Муҳаммад Солиҳними? Улар 90 йиллар бошида тан олинган лидерлар эди. Орадан 20 йил ўтиб, уларни халқ унутди. Улар ўзларидаги лидерлик хислатларини йўқотдилар. Ҳақиқий лидер халқ ва мамлакат тақдири ҳал бўладиган муҳим сиёсий воқеалар пайтида пайдо бўлади.

Ҳозир ҳам секинлик билан бўлса ҳам сиёсий жараёнлар бормоқда.

Мухолифат курашаяпти. Лидерлик масаласи бугунгик кунда кун тартибига чиқиб бормоқда.Масалан, Каримов ҳокимиятдан кетгач, ҳокимият учун ўзаро курашлар пайтида, ҳал қилувчи паллада кимни ким эканлиги яққол намоён бўлади. Ҳозирча биз ҳаммамиз, ўзимиз бошқараётган кичик ташкилотларнинг раҳбарларимиз холос.

Масалан, мен ҳам ўзимни мухолифатни лидерларидан бири деб ҳисоблайман.

Ҳар ким ўзича лидер.

Мақтаниш ёки ўзини реклама қиляпти деб ўйламанг. Битта мисол келтираман. 1992 йил Абдураҳим Пўлатов Ўзбекистонни тарк этганида, унинг ортидан жуда катта сиёсий ташкилот, катта куч қолган эди. Қани бугунги кунда ”Бирлик”нинг ўша пайтдаги ҳолати? Минглаган аъзолари қани? Бугун биз Абдураҳим Пўлат ёки Пўлат Охундан бошқа бирор кишини кўрмаяпмизку “Бирлик”да!

Бу саволни Муҳаммад Солиҳга ҳам беришимиз мумкин. 1992 йилдаги ”Эрк” партияси билан бугунги ”Эрк” партиясини таққослаб кўринг. Ўша йилларда 54 мингдан ошиқ аъзоси бўлган партияда бугунги кунда 54 та аъзо қолганми? Афсуски, йўқ…

Мен кўп кишилар билан бу борада баҳслашаман.Ҳақиқий лидернинг ўрни ватанда бўлмоғи керак деб. Кўп кишилар менга эътироз билдиришади. Ҳукумат уларни тазйиққа олади, қамайди ёки ўлдиради, дейишади. Мен уларга шундай жавоб бераман. Ҳа, ҳукумат уларга турли туман тазйиқлар ўтказиши, қамаши ёки ўлдириши мумкин. Аммо, ёрилган бош бир кун тузалади. Қамалса, бир кун қамоқдан чиқади. Ўлдирса, лидернинг ўрнига 10 та янги лидер пайдо бўлиши, 10 тасини ҳам ўлдирса 100 та лидер топилиши мумкин. Энг муҳими бутун бир сиёсий ташкилот ва унинг фаолларини, ишчанлигини сақлаб қолиш имкони бўлади. Қолаверса, ҳар қандай ҳукумат биринчи лидерни ўлдиришга ботинаолмайди. Чунки, халқаро босим ва ундан ташқари сиёсий ташкилотларнинг норозилиги мамлакатга жуда катта норозилик олиб келиши, ҳукумат мамлакатни бошқаролмай қолиш эҳтимоли каттадир.

Ўзингиз хорижда нима қилиб юрибсиз, деб сўрашингиз мумкин. Мен бу лидерлар каби “Бирлик” ва “Эрк”ни тугатиб, ташқарига қочиб чиққаним йўқ. Ўзбекистондан фақат “Бирдамлик” номини олиб чиқдим. Кам сонли бўлсада ташкилотимиз фаоллари мамлакат ичида қолди. Улар ҳамон фаолият кўрсатиб келишмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда фақат “Бирдамлик” ҳаракати фаолият олиб бормоқда. Қарийб 8 йиллик муҳожиротда ”Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати катта бир сиёсий ташкилотга айланиб улгурди. Энг муҳими бизнинг нозўравон кўраш усулимиз ва Каримов режимини тугатиш бўйича кучли стратегиямиз, ҳамда Каримовдан кейинг жонажон Ўзбекистонимизни гуллаб яшнатиш учун кучли ғоямиз бор. Мен вазият пайдо бўлган исталган вақтда ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликлар бўлишига қарамасдан ватанда, сафдошларим ёнида, халқ олдида бўлишга тайёрман.

Ўн иккинчи савол: Ислом Каримов ҳақидаги бугунги фикрларингиз. Отангизга нима учун ҳукумат шу пайтгача индамай келиб, энди тазйиқ бошлади деб ўйлайсиз.

Б.Ч.: Каримов эски собиқ Совет давлатининг раҳбарларидан бири. Демократияни, бозор иқтисодини бошқариш мумкин деб ўйлайди.. Жуда худбин, фақат ўзини ҳақ деб биладиган, ўта шафқатсиз ва қаттиққул инсон. Ҳозиргача Ўзбекистонни гуллатиб яшнатаман деб ўйлаб келди. Бунга атрофидагиларни ҳам ишонишга даъват қилди. Лекин, унинг даврида Ўзбекистон жуда катта нарсаларни қўлдан бой берди. Кўп йўқотишларга сабабчи бўлиб қолди.

Энди отам масаласида. Ҳукумат отамга индамай келган эмас, аксинча кичик босимлар кўрсатиб келди. Бу сафар отамга тазйиқни бошланишини, вилоятда янги ҳокимни иш бошлаши билан боғлаш мумкин. Янги ҳоким отамни “ақли”ни киритмоячи бўлган шекилли, жанжал жуда катталашиб кетди.

Ўн учинчи савол: Ватан билан расмий ва норасмий алоқаларингиз…

Б.Ч.: Ватан билан фақат норасмий алоқаларим мавжуд. Барча алоқаларим деярли ҳаракатимиз фаоллари билан бўляпти холос.

Ўн тўртинчи савол: Нега ўзбек мухолифати бир киши атрофида уюшмаган. Сиз ўзингизни ўзбек мухолифати лидери қилиб кўрсата оласизми?

Б.Ч.: Ўзбек мухолифатини ўзаро бирлаша олмаслига асосий сабаб икки лидер – Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳ ўртасидаги келишмовчилик, зиддият, қарама-қаршилик, ўзаро душманлик деб ўйлайман. Ундан ташқари бу лидерларнинг орқасидан эргашувчилари ҳам уларни хатоларини қайтариб, бўлиниш анчагина кўчайиб борди.

Агар улар ўз вақтида, ўзларининг барча амбицияларини бир чеккага йиғиштириб, бирлашиб, ўзаро тил топиб ишлаганларида эди, ўзбек халқи бугунги оғир аҳволда қолмаган бўлар эди. Каримов аллақачон нафақага чиқиб, нафақалик гаштини сураётган бўлар эди. Афсуски, ундай бўлмади.

Уларнинг энг катта хатолари мамлакатдан қочиб, партияларини оғир аҳволда қолдирганлари бўлса, иккинчиси, ўзаро келишолмай, барча фаол сафдошларини ўзларидан совутишгани бўлди деб хисоблайман. Уларга халқимиз албатта ўз сўзини бир кун келиб барaлла айтади, деб ўйлайман. Улар эса ҳозиргача ўзларини ҳақ деб билиб, бошқаларни айблаб келмоқдалар.

Энди, саволингизнинг иккинчи қисмига келсак. Ҳа, албатта, бир кун келиб мен ўзимни ўзбек мухолифатининг ягона лидери, деб кўрсата оламан. Унгача анча қиладиган ишларим бор. Камчиликларим талайгина. Аммо камчиликлар устидан доим ишлаб келмоқдаман.

Ўзбекистонга боришимнинг асосий сабаби ўзимни мухолифатнинг асосий лидерлигига тайёрлаш эди. Ватанга қайтиб боришга тайёр эканлигимни исботлаш эди. Худога шукр, тазйиқлар бўлсада Ўзбекистонга соғ-саломат бориб келдим. Эндиги мақсадимиз бутун мухолифатнинг ишончини қозониш.

Баъзилар мени ватанга бориб келишимни МХХ билан боғлашга ҳаракат қиладилар. Афсус, бу жуда нотўғри. Агар барча мухолифат менинг атрофимга бирлашса, сўз бераман, Каримовни ҳукуматдан тинч йўллар билан кетказиш учун жонимни ҳам қурбон қиламан.

Ўн бешинчи савол: Агар мен бир кун келиб сиёсатга кирсам, ўзбек мухолифатининг кўзга кўринган лидери бўлишга ҳаракат қиламан. Бўлмаса йиғиштириб қўяман бу ишни. Сиз ҳам шундай қила оласизми?

Б.Чориев: Гапингизга қўшиламан. Аввалом бор ”лидер ким?” деган саволга жавоб беришга ҳаракат қилсам. Ҳар бир ташкилот, жамоа, сиёсий партия, мухолифат, миллат, халқ, мамлакат раҳбарлари – лидерлари мавжуд. Лидерлик бу елкага олинадиган жуда катта вазифа, хавф, оғир меҳнат, қаҳрамонлик, хизмат, шарафли йўл ва маъсулиятдир. Ҳақиқий лидер ўзини ҳаётини кўпроқ хавфга қўйиб ишлаши табий.

Мисол келтираман. Автобус ҳайдовчиси ўз автобусида тахминан 30 кишини манзилига эсон-омон етказиши керак. Бу ҳам том маънода автобус ҳайдовчисини лидер қилади. Яъни 30 киши ва ўзининг тақдири ўзига боғлия. Агар у барча ҳаракатларини мукаммал қилиб борса, демак барча йўловчиларни эсон-омон манзилга етказади. Акс ҳолда йўлда нохуш ҳолатлар бўлиши мумкин.

Энди Каримов режимига қарши курашиш ҳам жуда жиддий ишдир. Бугунги кунда мухолифат ягона лидер ҳақида бир ўйлаб кўриши даркор.
Мен Каримов режимига қарши курашиб, уни тинч йўллар билан кетказишни ўз олдимга олий мақсад қилиб қўйганман. Якка ўзимни бунга кучим етмайди. Шу сабабли ”Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатини туздим. Унга раҳбарлик қиляпман, табийки мен бу ташкилотнинг етакчиси, лидериман.

Мени мухолифатнинг умумий лидерлигига талабгорлигим баъзи инсонларни хафа қилиши мумкин. Буни ортидан менга душманона ҳаракат қилишлари хам табийдир. Шуни эслатмоқчиманки, биз қанчалик тез бирлашиб, фаолият олиб борсак, Каримов ҳукумати тезроқ барҳам топади, акс холда бу жараён анча йилларга чўзилиши мумкин. Нима бўлса ҳам биз ўз олдимизга қўйган олий мақсад – Каримовни тинч йўллар билан кетказиш ишини охиригача олиб борамиз.

Мен сиёсий фаолиятим давомида лидер бўлишни, ёки албатта президентликни ўз олдимга мақсад қилиб қўймаган эдим. Лидерлик бугунги кун, давр талаби бўляпти. Менинг мақсадим халқимизни озодликка чиқариш, унинг ҳаётини обод ва фаравон қилиш деб биламан. Албатта, Каримов режимини ағдаришда мухолифатнинг менга, менинг мухолифатга таянишим жуда муҳим. Лидерлик қилмасдан Каримовни тахтидан четлаштириб бўлмайди.

Президентлик ҳам шундай. Мамлакатга раҳбар, президент бўлмасдан, ҳар қандай ислоҳотни қилиб бўлмайди. Президент ва у таянган ишончли, билимли, коррупциядан холи ва коррупцияга қарши курашувчи, халқпарвар инсонлар йиғиндиси бир команда бўлиб ишласалар, Ўзбекистондай мамлакатни тез ва яқин йиллар ичида яхши бир ўзгариш томонга олиб чиқиш мумкин.

Дунё ўзбеклари” учун махсус.

http://dunyouzbeklari.com/2012/07/17/%D0%B4%D1%83%D0%BD%D1%91-%D1%9E%D0%B7%D0%B1%D0%B5%D0%BA%D0%BB%D0%B0%D1%80%D0%B8%D0%BD%D0%B8%D0%BD%D0%B3-%D0%B1%D1%83%D0%B3%D1%83%D0%BD%D0%B3%D0%B8-%D0%BC%D0%B5%D2%B3%D0%BC%D0%BE%D0%BD%D0%B8-3/