Jul 172012
 

Ўзбекистон Президентига мактублар (3)

Rate This

 

Исмат Хушев

1.

Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!

Яқинда етмишлардан ошган тошкентлик танишим билан яқинлашиб келаётган олий ўқув юртларига қабул масаласида гаплашиб қолдик.

– Худога шукр қиламан болаларимнинг ҳаммаси уйли жойли бўлиб кетишган. Уларни ўқишга киритиш ташвишидан қутулганман. Лекин ҳадемай набираларим катта бўлиб қолишади. Ишонасизми, йўқми, Исматжон, худонинг ўзи кечирсину, лекин улар ўқишга кирадиган ёшга етгунча яратган эгам омонатини олса ҳам рози эдим… – деб қолди.

“Нега бундай дейсиз”, десам, ҳар йили боласини ўқишга киритиши керак бўлган одамларнинг қарз олиб, пора кўтариб, домлаларнинг кетидан югуриб юрганига гувоҳман. Шундай шармандали ва ночор дамларда дунёга келганингга пушаймон қилиб кетасан. Худо сақласин бу азобдан… – дейди…

Аслида танишимнинг шу даҳшатли гапидан кейин Сизга хат ёзишга қарор қилган бўлсм, не ажаб!

2.

Ислом ака!

Биз оилада етти фарзанд эдик.

Отам умр бўйи қишлоқ мактабида математикадан дарс берган, бизни муаллимликнинг аччиқ нони билан катта қилиб, доим ҳалолликка ва тўғриликка ўргатган зиёли, лекин камбағал бир одам эди.

Ажабки, отамнинг тарбиясига амал қилиб, биз мактабда яхши ўқидик ва еттовлон ҳам ўз кучимиз билан Тошкентдаги олий ўқув юртларига кириб ўқиш шарафига муяссар бўлдик.

Совет даврида бизга ўхшаб ўз кучи ва билими билан олий ўқув юртига кириб, талаба бўлган, диплом олиб ҳаётда ўз ўрнини топган оилалар сон саноқсиз эди…

Лекин нега энди мустақил бўлганимиздан кейин олий илм даргоҳларига кириш бу қадар коррупциялашиб кетди?

Бугун олис қашқадарёнинг Китобида туғилиб ўсган мендек шоиртабиат бир йигит ўз кучи ва қобилияти билан пулсиз ва порасиз аввал Тошкент давлат университетига, сўнг унга ҳам қаноат қилмай Москва давлат университетининг журналистика факультетига кириб ўқиши мумкинми?

Бугун менинг отамдек умри қишлоқ мактабида муаллимлик қилиб ўтган математика ўқитувчиси бир эмас, икки эмас – еттита фарзандини ҳам бирин- кетин Тошкентдаги олий ўқув юртларига бепул ва бесовға ўқишга киритишини тасаввур қилиш мумкинми?

Нега советлар даврида, ҳали Москвага қарам бўлиб юрган “бахтсиз” кунларимизда оз бўлса-да бор бўлган олий ўқув юртларига қабул тизимидага адолат ва диёнат мустақил бўлганимиздан кейин биз “бахтли” инсонлардан тамоман юз ўгирди? Нима учун?!

Нега Сиздек адолатпарвар ва фидойи йўлбошчиси бўлган мустақил Ўзбекистон бугун “бахтли ва келажаги порлоқ” фарзандларини пулсиз ва порасиз олий илм даргоҳларига йўллаш ва қўллаш имкониятидан маҳрум? Нега?!

3.

Ўзбекистон олий ўқув юртларига қабул имтиҳонлари арафасида ҳар галгидек бу йил ҳам баъзи қўли нопок домлаларнинг ҳибсга олинишлари ҳақидаги хабарлар билан ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари 1 август – абитуриентларни ўқишга қабул қилиш мавсумини бошлаб беришди.

Лекин шунга қарамай бу йил ҳам оддий ва пулсиз одамларнинг Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириши муаммолигича қолиб қолмоқда.

Олий ўқув юртларига қабул қилишда ҳануз йўл қўйилаётган коррупция ҳолатлари, умуман илм даргоҳларига талабаларни қабул қилиш механизми мукаммал эмаслиги бугун бизни Сизга мурожаат қилишга мажбур этди.

Ҳурматли Ислом Абдуғаниеич!

Мен Сизнинг бир пайтлар бу соҳани тартибга солиш борасида амалга оширган кўплаб хайрли ва савобли ишларингизни ҳанузга қадар ажиб бир соғинч билан эслаб юраман.

Ўзбекистон раҳбарлигига эндигина келган дамларингиз эди.
Ўшанда Сиз ростдан ҳам олий ўқув юртларига талабаларни қабул қилиш соҳасини ислоҳ қилишга астойдил бел боғлаган, шижоат билан киришган эдингиз.

Агар ёдингизда бўлса 1990-йилларнинг бошларида Сиз Вазирлар Маҳкамасининг кичик залида Тошкентдаги олий ўқув юртлари ректорларини йиғиб, бир йиғилиш ўтказган эдингиз. Унда мен ҳам иштирок этган эдим.

Ўшанда Сиз: “Қандай қилсак олий ўқув юртларига ҳалол ва билимли болаларни қабул қилишимиз мумкин? Нима қилсак илм даргоҳларида коррупция ва порахўрлик иллатларини йўқотиши мумкин” деб олий ўқув юртларига қабул масаласида чин дилдан қайғуриб, куйиб – пишиб маърўза қилган эдингиз.

Мен ўшанда Тошкент қишлоқ хўжалиги институти ректори Эркин Турдиевич Шайхов ва Тошкент халқ хўжалиги институти ректори Саидаҳрор Саидахмедович Ғуломовлар билан бир стол атрофида ўтирган эдим.

Сизнинг оташин нутқингиз таъсирида ва хусусан ректорларга қарата: “Мен Сизлардан сўраяпман, қандай қилсак порахўрликнинг олдини олиш мумкин?” деб қўйган кескин саволингизга жавобан, беихтиёр ўрнимдан ирғиб туриб: “Мана шу ректорларнинг баъзи бирларини қамаш керак, Ислом ака!” деб авоб берганим ҳануз ёдимда.

Ҳолбуки, ўшанда Сиз менга сўз бермаган ва бу “кашфиётим” Сизнинг ўта ҳаяжонли ва оташин нутқингиз таъсирида юрагимдан беихтиёр отилиб чиққанини билганингиз учун ҳам менинг бу ноўрин шаккоклигимни кечирган ва гўё ҳеч нарса бўлмаганидек яна ўз сўзингизда давом этиб кетган эдингиз…

Ажабки, ўшанда мендан бошқа бирор киши Сизнинг бу тўғри ва ҳаққоний саволларингизга жавоб беришга журъат этмаган эди…

Ҳатто бу борадаги дастлабки қадам сифатида йиғилишдан сўнг кўп ўтмай, Бош вазир ўринбосари Муҳаммаджон Қорабоев бошчилигида Ўзбекистон Оий ўқув юртлари раҳбарларидан иборат қирқ икки кишилик нуфузли ҳайъатни Тест тизимини ўрганиб келиш учун Туркия давлатига сафарбар қилган эдингиз.

Не бахтки, ўша расмий сафар гуруҳи аъзолари орасига ўз кўзи билан кўриб келиб, мақола ёзсин деб журналистлардан Исмат Хушев билан Карим Баҳриевни ҳам киритган эдингиз.

Биз кўп эмас оз эмас салкам бир ой давомида Туркия олий ўқув юртларида бўлиб, у ерда аллақачон ўз ижобий самарасини бера бошлаган абитуриентларни талабаликка қабул қилувчи – Тест тизими асослари ва унинг тафсилотларини баҳоли қудрат ўрганиб қайтган эдик.

4.

Ислом ака!

Ўтган қатор йиллар: “Порахўрликни йўқотиш учун ректорларни қамаш керак!” деб Сизга ақл ўргатмоқчи бўлиб, енгилтаклик билан айтган гапларим муаммо ечими эмаслигини исбот қилди.

Орадан ўтган қатор йиллар ҳатто биз Туркиядан ўрганиб келган Тест тизими ҳам номукаммал эканини кўрсатди.

Чунки бу йиллар давомида Ўзбекистонда қанчадан қанча ректорлар, олий ўқув юрти домлалари айнан пора олганликлари учун ҳибсга олиниб, маҳкамага тортилдилар.

Лекин олий ўқув юрти тизимидаги абитуриентларни ўқишга қабул қилиш аҳволи ва механизми ҳамон ўша ўша – ночор ва номукаммаллигича қолиб келмоқда.

Яқинда Сиз Тошкент давлат юридик институтини ўн икки йил бошқарган Мирзаюсуф Рустамбоевни айнан кириш имтиҳонлари арафасида вазифасидан бўшатдингиз.

Бу билан гўё энди бу олий даргоҳда ҳамма ишлар рисоладагидек бўладигандек. Лекин мен бундай бўлмаса керак деган хавотирдаман.

Хуфия хизматидаги ёрдамчиларингиз ва мамлакатнинг миллий хавфсизлигига бевосита масъул ва жавобгар мулозим ва генералларингиз Сизга етказишганми ё йўқ, билмадим-у, лекин Тошкент давлат юридик институтига кириш нархи бу йил ўрта ҳисобда 35-40 минг доллар атрофида белгиланди.

Шунча пулни берган киши ҳеч бир муаммосиз бу олий даргоҳга қабул қилинади.

Катта маблағ эвазига юридик институтига кирган одам бу соҳага ишга ўтганидан сўнг қанча тақдирларни фалаж қилади.

Кейинчалик хизмат фаолияти давомида унинг икки кўзи чўнтакка қараган бўлади. Адолат посбониман деб умри давомида минглаб одамлар тақдирини ҳам фалаж ҳолга келтиради. Жамият хароб бўлади…

Олий ўқув юртларидаги “Скрытий камера” деган нарсалар ишламайди. Кўрсатмайди. Прокуратура, суд ва милиция эшикларида олий ўқув юртларига қабул борасида очиқ савдо, порахўрлик ва коррупция авж олган.

Матбуотнинг оғзини мумлаб, бу ҳам етмагандек устидан яна тикиб ташлагансиз. У лом- мим дея олмайди.

Матбуотнинг ҳолатидан келиб чиқиб жамиятдаги эркинлик даражасини ҳам бемалол билиш ва фараз қилиш мумкин.

Памлет, фелеьтеон, текшириш деган гаплар матбуот саҳифаларидан мутлақо олиб ташланди.

Бу бош оғриқларга энди муҳаррирлар дош беролмайди.

Порахўр судьялар ишлаб турса матбуот ва жамият ҳеч нарсани исбот қилолмайди.

Ҳозирги қонун посбонлари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳаси ходимларининг адолат ҳимояси билан мутлақо иши йўқ.

5.

Ҳар йили Ўзбекистонда ўқувчиларни талабаликка қабул қилиш арафасида кўз кўриб қулоқ эшитмаган порахўрлик ва коррупция ҳолатлари эътироф этилади. Ҳар йили аҳвол шу.

Узоқ йиллар Ўзбекистон ҳукуматида абитуриентларни студентликка қабул қилиш бўйича масъул бўлган Мирмуҳсин Акбаров мана неча йилки, ҳибсда қолмоқда.

Мен Мирмуҳсин акани яхши танирдим. У асли қўқонлик бўлиб, жуда камтар ва самимий, бағри кенг ва ҳалол инсон эди. У аслида раҳбарлари учун жазо олди.

Бош вазир ўринбосарлари бўлиб, ҳукуматда ижтимоий соҳа, фан ва таълик тизимини бошқарган Алишер Азизхўжаев ва Ҳамидулла Караматовларнинг жиноятлари ва порахўрликлари учун ҳамма айбни Мирмуҳсинга тўнкаб, уни қамашди.

Тўғри у берарди асосан квоталарни олий ўқув юртларига. Лекин у бирорта ҳам одамни Бош вазир ўринбосарлари рухсати ва кўрсатмасисиз ўқишга қабул қилинг деб ректорларга айта олмасди.

6.

Сизнинг атрофингиздаги мулозимлар ҳам ўз илтимосларини бевосита Азизхўжаев ва Караматовларга айтишар ва бу илтимослар ўша заҳотиёқ амалга ошириларди.

Мен бу билан абитуриентларни олий ўқув юртига қабул қилиш муаммосининг мавжудлигига биринчи ўринда атрофингиздагилар, ишончингизни суистеъмол қилиб, халқнинг нонини туя қилаётган мулозимлар айбдор деб айтмоқчи эдим.

Қолаверса, ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизими мутасаддилари ҳам ҳар йили ўз “квоталари”ни олий ўқув юрти раҳбарларига етказиб туришади…

Рус тилида “круговая порука” деган бир гап бор, Ислом ака. Сиз буни яхши билсангиз керак.

Лекин атрофингиздагилар олий ўқув юртларидаги коррупцияга бевосита алоқадорлигини билмаслигингиз мумкин…

Яна бир гап, Ислом ака!

Мен Тошкентда Сизнинг назарингизда туриб, Бош муҳаррир бўлган йилларимда ҳам, ундан кейин ҳам миллий хавфсизлик хизматидаги кўплаб мулозимлар билан яқин ва дўстони алоқада, ишончли ва яхши мулоқот ва муносабатда бўлганимни бугун ошкор айтишим керак бўлади.

Нега бундай деб айтаётганимни ҳам яхши биласиз деган умиддаман.

Чунки, мени Қашқадарё вилояти ҳокими Озод Пармонов машинамга наша ташлаб, уюштириб қаматганидан кейин шахсан Сизнинг топшириғингиз асосида иш олиб борган Рустам Расуловичнинг бевосита аралашуви ва ёрдами билан мен яна (учинчи маротаба) ҳибсдан озод этилиб, Бош муҳаррир этиб тайинланганим учун ҳам, мана неча йилларки, мен Рустам Иноятов ва Сизнинг олдингизда ҳануз ўзимни бурчдор ва қарздор деб биламан.

Эҳтимол шунинг учун ҳам, ҳурматли Ислом Абдуғаниевич, муҳожирликда ва муҳтожликда бўлсам-да, ҳануз Сизни ҳурмат қиламан ва ҳануз ўзимни Сизнинг ва Иноятовнинг олдида қарздор деб биламан…

Лекин қарздорлик ва бурчдорликнинг ҳам чегараси бор, ахир!

Хуллас, мен бу билан бугун Сизга нима демоқчиман?

Сизга бугун шуни айтмоқчиманки, агар олий ўқув юртларидаги коррупция ва порахўрликка ўзингиз барҳам беролмасангиз, бу ҳуқуқни Рустам Иноятовга беринг демоқчиман.

Бунинг сабаби шуки, Рустам Иноятов бор экан, бу тизим ҳали коррупция ва порахўрликка ўрганмади. Менинг бундай деб айтишимга етарли асосларим бор.

Бу гаплар шунчаки баландпарвоз ва ўйлаб топилган гаплар эмас, балки бор ҳақиқатдир!

Мен ҳали Ўзбекистонда эканимда ҳам бу тизимнинг оддий ходимлари эмас, балки мулозимлари (мен бу ўринда МХХнинг энг нуфузли Бошқармаси Бошлиғи Юлбарс Шералиевни назарда тутяпман) ҳам менга ўз дардини айтиб, “биз кўп гапни биламиз, лекин ҳаракат қилишимиз учун Раиснинг рухсатини олишга мажбурмиз” дер эдилар.

Раис эса, не тонг ва не ажабки, Ислом ака, Президент девони кўрстмаси ва рухсати асосидагина бу ишларни текшириш ва тергов қилиш ҳуқуқига эга экан…

Агар мени тўғри тушунган бўлсангиз, Ислом ака, келинг энди, Рустам Иноятовга беринг бу ҳуқуқни.

Мен аминманки, Ўзбекистонда агар Миллий Хавфсизлик Хизмати шуғулланса, олий ўқув юртларидаги порахўрлик ва коррупция таг-томири билан қўпориб ташланади.

Бунинг учун эса фақат бу хизмат раҳбарига эмин эркин ҳаракат қилиш учун Имкон ва Фармонни бериш керак бўлади…

7.

Агар эътибор қилган бўлсангиз, Грузияда Михаил Саакашвили ҳукумат тизимидаги порахўрлик ва коррупцияни аллақачон таг-томири билан қўпориб ташлади.

Нега бизда ҳам шуни қилиш мумкин эмас, Ислом ака?
Шу кеча-кундузда ҳам домлаларнинг анчасини қамаб, қабул имтиҳонларидан олдинги одатдаги ваҳимани яна бошлаб беришди.

Ҳар йилгидек бу йил яна қама-қама кенг авж олди.

Лекин қатор ўтган йиллар бу иш самара бермаслигини кўрсатди.
Тизимни тузтиш керак, соҳани ислоҳ қилиш керак, Ислом ака!

8.

Тест жуда чекланган, махинацияга жуда қулай.

Агар бирорта талабанинг билими саёз-ку, бу ўқишга қандай кирди?” десангиз: “Мана, тест жавоблари тўғри ёзилган” деб жавоб беришади…

Унинг калитини сотиб олиш жуда осон.

Қабулдан кейин ҳеч ким таҳлил ўтказмаяпти. “Қандай кирган бу талаба ўқишга?” деган саволга биров жавоб бермайди. “Кирганидан кейин ўқиши керак!” дейди…

Бюджетга кирганларнинг ҳаммаси бўш.

Қабулдан кейин уларнинг билим даражаси ва савиясини текшириб, олти ойдан кейин талабга жавоб бермаса – нобюджетга ўтказиш керак.

Лекин ҳеч ким бу ҳақда ўйлаб кўрмайди. Ўйлаб кўришни истамайди ҳам…
Бизда бюджет билан котракт 60 – 40 эканини яхши биламиз. 40 – бюджет. 60 – контрак.

Агар талаба “икки” баҳо олса, уни бюджетдан тушириб қолдириш керак…

Биламиз, бюджетга асосан Ватан ва халқ олдида хизмати борлар, камбағал ва кам таъминланган, асосан мактабда аъло ўқиганлар қабул қилиниши керак. Лекин бугун Ўзбекистонда бу қоида ва умуминсоний ақидаларга иутлақо амал қилинмаяпти!

9.

Ривожланган Европа давлатлари, Америка Қўшма Штатлари ва Канададаги илм даргоҳларига қабул қоида ва тажрибаларини нега ўрганиб кўрмаслик керак?

Масалан, Францияда бошқача қабул системаси бор. Уларда имтиҳон йўқ. Франция фуқароси истаган институтига кириб ўқишга ҳаққи бор. У ўқишга кирганидан кейин олти ой ўтиб унинг билим даражасини текшира бошлашади.

Биринчи семестрда индашмайди.

Унинг билими саёз, фикрлаш доираси тор бўлса аввал имкон бериб, ҳеч ижобий ўзгариш кузатилмасагина кейинги семестрдан бошлаб унинг талабалар сафида қолиш ва ё қолмаслигин ҳал қилишлари мумкин…

Франциянинг нуфузли (“престижний”) институт ва университетларига ҳам бу адолатли талаб ва қоидалар борлиги боис бизникига ўхшаб одам тўлиб кетмайди.

Олти ойдан кейин биз юқорида айтган синов имтихонлари борлиги учун ҳам Францияда талабалар ярим йил умрини беҳуда ўтказмайди.

Агар ўқиб тортиб кетолса, марҳамат, ўқисин…

10.

Ўзбекистанда тест – ҳозирги босқичда жуда катта корруация ва бозор савдосига айланиб кетди.

Бизда ҳарбир институт ва университетнинг белгиланган нархи бор. “Ключ” яъни тестнинг калити ҳам – нарх белгиловчининг қўлида. Ҳар бир аудитория олдида ўқишга кирувчининг “оптивий” нархи алоҳида қилиб белгиланган ва буни ҳамма билади.

Бугун Ўзбекистонда бу ҳол очиқ савдога айланиб қолган. Пулингиз бўлса, марҳамат, истаган олий ўқув даргоҳига киришингиз мумкин!

Бу Ўзбекистон Президенти учун шармандалик ва уят, энг катта иснод эмасми, Ислом ака!

Бу қаллобликнинг асосий намоёндалари ҳеч қачон қўлга тушмайди.
Уларнинг кимлигини атрофингиздагилар ҳам яхши билишади ва унга “вақти – соати келгунча” индашмайди.

Ҳар йили мавсум олдидан бир икки “индивидиальный” иш олиб борадиганларни топиб, Сизга “рапорт” бериш учун қамашади, холос.

Ислом ака, давлат ва жамият учун бу жуда катта ва оғриқли муаммо!

Миллатнинг тақдирига дахлдор бўлган муаммо!

Агар истасангиз – биринчи даражали муаммо!

11

Америка қонунларида, унинг Конституциясида шундай бир гап бор. Агар жамият фойдасига ишлайдиган ҳар қандай танқид обьектив ҳолатга тўғри келмаса ҳам уни тушунишга ва қўллаб қувватлашга ҳаракат қилишади.

Бу учун бизга ўхшаб журналистга танбеҳ берилмайди.

Бу ерларда ижтимоий адолат биринчи ўринда туради.

Бизда эса бунинг мутлақо тескариси.

Матбуотга бошқачароқ кўз билан қараш керак, Ислом ака!

Унинг қўл оёғини ечиб юбориш керак.

Унга мустақиллик даврига қадар бўлган ўз эркинлиги ва ҳуқуқини қайтариб бериш керак…

Бир йилда судлар ўн минг иш кўрса, матубот миллионлаб ишни кўриши ва кўтариб чиқиши мумкин.

Матбуотнинг ўрнини ҳеч қайси орган, ҳеч қайси маҳкама босолмайди!

12.

Ислом ака, ўзбек жамиятидаги абитуриентларни талабаликка қабул қилиш ҳолатини бир сўз билан айтадиган бўлсак, Сиз қўйни бўрининг ўзига бериб қўйдингиз.

Расво қилишди бу тизимни Сизнинг “бўриларингиз”…

Агар бирор нарсани ҳатто шу соҳа пайғамбарининг қўлига берсангиз ҳам, агар унинг жамоат назорати бўлмаса, Сиз ҳеч нарсага эриша олмайсиз.

Каттакон бир давлат раҳбари бўла туриб, олий ўқув даргоҳларидаги бугунги асл ҳолатни била туриб (хуфия идораларингиз яхши ишлашади) бунинг олдини олмаслик Сизнинг номингиз ва шаънингизга мутлақо тўғри келмайди, Ислом ака!

Ўзбекистон олий ўқув юртларидаги қабулни ота оналар Қўмитаси ва энг аввало матубот ўз назоратига олиши керак. Ўзбекистонда жамоатчилик назоратини тиклаш керак!

Ўзбек журналистлари ойлаб, йиллаб бирорта мустақил нарса ва муаммони матбуотда кўтариб чиқолмайдилар.

Бизда танқидий материалларни асосан кассацион шикоятдан кейингина ёзиш мумкин.

Матбуот Қонуни қабул қилинган дамларда мен бунинг жамият учун бу қадар фожеа эканини тушунмагандим. Энди билсам, бу Қонун атай шундай фалаж ҳолда қабул қилинган экан.

Узоқни кўзлаб, жамиятдаги коррупцияга йўл очиш учун…

Тошкентдаги Олий Милиция мактабига раҳбарлик қилган ажойиб инсон Убайдулла Тожихонов бир пайтлар ота-оналарнинг имтиҳонга кириб ўтиришларига рухсат берарди.

Бугун бундай нарсаларни фақат орзу қилиш мумкин, холос…

13.

Менинг назаримда, Ислом ака, қабул борасида ҳозиргидек юз фоиз тестга ўтиб кетиш ҳам нотўғри экан!

Бунинг хато ва нотўғрилигини даврнинг ўзи исбот қилди.

Бизда ҳам аллақачон хориж давлатларидаги каби синалган ва йиллар давомида ўзини оқлаган олий илм даргоҳларидаги қабулга оид усул ва методларни йўлга қўйиш керак.

Бунинг учун раҳбарларда халққа меҳр, камбағал ва ночор одамларга нисбатан ачиниш ҳисси бўлиши керак…

Наҳот Сиз шу оддий ҳақиқатни билмасангиз?

Нега Ўзбекистон олий даргоҳларида ҳануз давом этиб келаётган қабул борасидаги бу ҳақсизлик ва зулмдан Сизни олис Канададан туриб биз огоҳлантиришимиз керак?

Ёнингиздаги бурнининг тагидан бошқа нарсани кўра олмаётган лўттибоз мулозимлар нима иш қилади?

Ислом ака!

Агар эсингизда бўлса, тўқсонинчи йилларнинг бошида ҳар гал Қашқадарёга ота – онамни кўриб, зиёрат қилиб келиш учун кетарканман, энг аввало Сизнинг сўзларингизга амал қилардим.

Яъни Сиз менга: “Ука, Қашқадарёга борганингда икки нарсага эътибор қил. Ким ва қайси ҳоким халқнинг нонини туя қиляпти. Ким менинг обрўйимга доғ туширяпти? Шуни билиб кел!” – дер эдингиз.

Мен содда Сизга ишониб аввал вилоят ҳокими Темир Хидировни, кейин эса унинг ўрнига тайинланган Озод Пармоновларнинг бу борадаги “хато ва камчилик”ларини Сизга айтиб, дилингизни хуфтон қилиб юрардим.

Кейинчалик ўша ҳокимларнинг ёнингиздаги тиргаклари – “дили хуфтон бўлганлар”нинг бари бир бўлиб, Сизга айтиб, менинг дилимни хуфтон қилишди…

Шунинг учун бўлса керак, бугун мен Сизлардан олис Канададаман.

Энди халқимизнинг дилини хуфтон қилишяпти ўша мени Сизга чақиб, олисларга бадарға қилган муттаҳамлар…

Сиз эса ҳануз юртбоши ва ҳануз Президентсиз.

Мактубим нияҳоясида Сиздан ягона ўтинчим шу: ёнингиздагиларга айтиб қўйинг, улар халқнинг дилини хуфтон қилишни тўхтатсинлар.

Агар тўхтатмасалар, бунинг оқибати ёмон бўлади…

Исмат Хушев кечириши мумкин, дилини хуфтон қилганларни. Лекин халқ кечирмайди!

Сизга ҳануз ҳурмат билан,

олис Канадада сиёсий муҳожирликнинг аччиқ нонини еб юрган бахтсиз ва омадсиз шогирдингиз:

“Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари,
“Ҳамкор” – “Деловой партнёр Узбекистана” ва
“Миллий таълим” газеталарининг собиқ Бош муҳаррири;

Исмат Хушев,

16 июль, 2012 йил, Торонто шаҳри.

http://dunyouzbeklari.com/2012/07/17/%D1%9E%D0%B7%D0%B1%D0%B5%D0%BA%D0%B8%D1%81%D1%82%D0%BE%D0%BD-%D0%BF%D1%80%D0%B5%D0%B7%D0%B8%D0%B4%D0%B5%D0%BD%D1%82%D0%B8%D0%B3%D0%B0-%D0%BC%D0%B0%D0%BA%D1%82%D1%83%D0%B1%D0%BB%D0%B0%D1%80-3/#more-11941