Jul 192012
 

 

 

Тўлқин Қораев: Мард бўлинг, Ислом Абдуғаниевич!

Муаллиф shams Долзарб, Инсон ҳуқуқлари Пайшанба, Июль 19th, 2012

Ўзбекистон Республикасининг президенти

Ислом Каримовга Швеция Қироллигида сиёсий

қочқинлик мақоми билан яшаб келаётган

Ўзбекистон фуқароси Тўлқин Қораевдан

очиқ хат

Мард бўлинг, Ислом Абдуғаниевич!

 Ҳурматли президент!

Сиз йигирма йилдан ортиқ Ўзбекистонда ҳокимиятни бошқармоқдасиз. Бу муддат ичида мамлакат абгор бир аҳволга келди. Сизнинг шарофатингиз ила ўзбекларни дунёнинг турли бурчакларида учратаяпмиз. Улар сиёсий қочқинлар, улар мардикорлар, улар фоҳишалар, бола сотганлар, бола ўғирлаганлар ва ҳакозо, ҳакозолар. Ўзбекистон дунёда энг қаттол диктатура режими ўрнатилинган бир мамлакатга айланди ва йигирма йилдирки, сизнинг буйруғингиз билан сиёсатингиздан норози бўлганлар ўлдирилмоқда, турмаларга ташланмоқда, дом даракасиз йўқотилинмоқда. Айтингчи, бундай сиёсатингиздан миллат ва  халқ қандай қилиб рози бўлсин? Сталин даври қатлиомлари бугун Ўзбекистонда экан, қандай қилиб бу халқ сизга шукрона қилсин?

Сталин даврида Совет халқи деб аталадиган халқнинг асл фарзандлари биргина “халқ душмани” деган тамға остида қириб юборилгани таърихдан маълум. Лекин бугунги даврга келиб ҳам одамларни мана шу тамға билан “сийлашлар” кенг ёйилаётганини биласиз. Бугун кимки сизнинг сиёсатингиздан рози бўлмаса у халқ душмани. Нега? Халқнинг душмани бутунлай бошқа одамлар эмасми ахир? Масалан порахўр прокурорлар, порахўр терговчилар, ҳокимиятда ўтирган турли туман тепса тебранмаслар….

Мен 1998 йилдан бери сизнинг олиб бораётган сиёсатингизга норозилик билдириб келаман. Бу давр ичида қанчадан қанча одамлар ўлдирилмади. Бу давр орасида Андижон қатлиоми ҳам бўлиб ўтди. Бу давр ичида ўзбекларнинг анча қисми тарки ватан қилди. Ҳозирда Ўзбекистон халқининг саккиз миллионга яқини Россияга яшашга маҳкум ва сиз тағин қаттол сиёсатингизни давом эттираяпсиз. Бу аҳволда Ўзбекистонда ким қолади деган савол устида бош қотириб кўрдингизми? Имкони борлар четга чиқиб яшасин, имкони бўлмаганлар турмаларингизда жон берсин. Сиз келажакда кимга президент бўлмоқчисиз? Юқорида айтиб ўтганим, прокурорлар ва терговчиларингиз, ҳамда бошқа мансаблардаги порахўрларга пора берадиган одам Ўзбекистонда қолмаса улар ўзингизга душман бўлиб қолмайдими! Буни билсангиз керак ҳой на ҳой.

Халқ душмани” тамғасини бежиз ёдга олмадим. Менинг олиб бораётган фаолиятим учун нега ака-укаларим жавобгар бўлишлари керак деган саволни бермоқчи эдим. Бугун (19 июль 2012 йил) менинг Қарши шаҳрида яшайдиган укам Санжар Қораевга нисбатан провокацион ҳаракат амалга оширилди. Бу ҳақида укам билан телефон орқалик боғланиб маълумот олдим. Ойдин исмлик бир аёл бир неча кундан буён укамга ва унинг аёли Зилолага, ҳамда уларнинг болаларига қарата “Халқ душманисанлар” дея қичқириб келаяпди. Бугун бу ҳақоратларга чидай олмай қолган келиним (укамнинг оиласи Зилола) унинг ёнига бориб қичқиришни бас қилишни талаб қилибди. Айни шу ҳаракатни кутиб турган Ойдин унга ташланиб қолади ва вазиятни юмшатиш учун борган укам ҳам Ойдиннинг калтагини еб қолган. Натижа нима бўлди дерсиз? Натижа шуки, Ойдин ҳозир касалхонада ётибди ва унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ўзбекистонда айни мана шу усулда одамларга нисбатан провокациялар уюштириш  одатга кирганлигини дунё билади бугун. Лекин бундан на сиз ва на сизнинг мансабпарастларингиз хижолат тортмайсилар. Укам ҳеч қандай сиёсий фаолият олиб бормайди. У журналистика билан ҳам машғул эмас ва инсон ҳуқуқлари курашчиси ҳам эмас. Нега энди унга ташланаяпсиз. Маълумки, шу йилнинг 22 февраль кунида сиз томонингиздан юборилган бир ёлланма қотил Швецияда жуда пухта ишланган бир операцияни ўтказди. Натижа кутилгандек бўлмаган бўлсада, аммо кутилган эффектдан узоқ эмас. Обид қори Назаров ҳали ҳамон кома ҳолатида ётибди. Буни нима учун келтираяпман? Сизда имкониятлар катта. Менга қасд қилган бўлсангиз яна бир ёлланма қотилни юбориш сиз учун қийин бўлмаса керак ҳар ҳолда. Нега яқинларимга бунақа тарзда ҳужум уюштираяпсиз. Нега у аёл укамнинг ҳали оқ-қорани таниб улгармаган болаларига ҳам “амакинг душман (яъни мен), аммагнг душман (синглим Гулшан), ҳамманг халқ душманисанлар” дея қичқирмоқда?! Бу ишини у овул ҳамсояларга ҳам эшиттириб қилаяпди. Натижада Ойдин (фамилиясини эслай олмаяпман) касалхонада ётибди. Уни биров урмаган, сўкмаган, аксинча унинг ўзи бошқаларни уриб, ҳақоратлаб, кейин “жабрдийда” бўлиб олди.

Ўзим билан ҳам Қаршида 2005 йилнинг 4 июнь кунида шу каби бир воқеа содир бўлганди. Бунда Юлдуз Шерова исмлик фоҳиша аёл менга ташланиб, кейин “жабрдийдага” айлангани, натижада мен 10 суткалик қамоқ жазосини ўтаганим, шундан сўнг тарки ватан қилишга мажбур бўлганим ҳали ёдимдан чиқмайди. Юлдуз Шерова эса нафақат фоҳиша, балки наркоман аёл ҳам эди.

Ойдин исмлик аёлни ҳам жуда яхши танийман. Унинг бир қизи ҳам бор ва ҳеч қачон ёлчитиб бировга хотин ҳам бўла олмаган. Қизи ҳам айни шу алфозда яшайди. Ўзбеклар бунақа аёллардан жирканишади ҳатто. Фақат сиз ва сизнинг гумашталарингиз жирканмайди холос.

Укам Санжар Қораев намозхон йигит бўлганида уни “Ҳизбут таҳрирга”, ёки “ваҳобийликда”, ёинки қандайдир бошқа бир диний – радикал оқим фаоли сифатида қамоққа ташлаш мумкин бўларди. Лекин ундай эмасда.  Демак уни “халқ душмани” деб аташ ўринлироқ бўлса керак сиз учун.

Ислом Абдуғаниевич!

Менинг яқинларимга нисбатан бу кўринишдаги провокацион ҳаракатларни тўхтатишингизни талаб қиламан! Мард бўлинг! Сиз юрт сўраётган президентсиз ва сизга бунақа ишлар ярашмайди!  Сизнинг ҳозирги ҳатти ҳаракатларингиз эса мард ўғлоннинг ҳаракатларига сира сира ўхшамаяпти.

 

Камоли эҳтиром ила Тўлқин Қораев

Швеция.

 

http://www.uzxalqharakati.com/archives/11953