Jun 102012
 

Блогистон

Ўзбекистонда нега саховатли бойлар кам?

Бугун Рим қайсари, мустабид Октавианни ҳеч ким эсламайди, аммо ижодкорлар ҳомийси Меценатнинг номи тарихда ҳам, дунё халқларининг изоҳли луғатида ҳам сақланиб қолди.

Матн катталиги

10.06.2012

Шартнома пулини тўлолмай юрган магистрант дўстим тунов куни ҳасратидан тутун чиқиб дардини тўкиб қолди:

– “Контракт тўлаб бер”, деб бош уриб бормаган идорам қолмади. Ишонсанг, шу пулни деб эшакни тоға, итни амаки дейишга тўғри келди. Йўқ, бирортасидан садо чиқмаяпти.

– Олдинги гал “Асакабанк”даги танишинг – холаваччангми, амакиваччангми, ўтказдириб берганди-ку. Ўшанга айтиб кўр яна, – дейман тузукроқ маслаҳат ё ёрдам бера олмаганидан ўнғайсизланиб.

– Э-э, уям безор бўлди, шекилли, тутқич бермаяпти.

Ўзи, шу дўстимиз кўп қоқилди ҳаётда. Синфдошлар аллақачон ўқишни битириб, ишини топиб кетган, бенаво дўстимиз ҳали ҳам филология факултети тупроғини ялаб юрибди – адабиётшунослик бўйича магистр дипломини олмоқчи бу кишим.

Шартнома пули йилига салкам тўрт миллион сўм. Ўтган йили муаммо узоқроқ банкир қариндошининг марҳамати билан ечилганди. Бу гал… мана, ўқув йили тугай деб қолди, пул даҳмазаси ҳал бўлай демайди. Иқтисод, ахборот технологиялари, ишқилиб, шунга ўхшаш “авторитетний”роқ йўналишда ўқиса ҳам майлийди. У ёқ-бу ёқдан пул ундирса бўларди-да. Адабиётшуносга… қайси ташкилотнинг кўзи учиб турибди дейсиз!

Мунғайибгина ўтирган юрист дўстимизга қарамаймиз. Лекин биламизки, ундан ҳам нажот чиқиши гумон. Вазирликда ҳуқуқшунос бўлиб ишлайди-ю, топгани аранг рўзғорига етади. “Номи улуғ, супраси қуруқ”лардан бояқиш.

– Ўйлаб кўриш керак, – дейди қонунчи дўстимиз ҳардамхаёллик билан.
Орага жимлик чўкади.

–  Нега бизда саховатпеша бойлар йўғ-а? – шартнома ташвиши елкасини тоғдек босиб турган дўстимиз сукутни бузади. – Қани энди бирорта мард бойвачча чиқса-ю, ука, қийналаб қолибсан, ке, контрактингни тўлаб бераман деса.

– Тўғри айтасан, ошна, – негадир чорасизликда сахий бойлар “нажот фариштаси” туюлиб кетди менга ҳам. – Эшитгандирсан, америкалик Уоррен Баффетт 37 миллиард доллар пулини хайрия фондларига бўлиб берибди. 37 миллиард-а! Ўша Ҳотамтойинг ҳам шунчалик мардлик қилолмас. Бу пул сенга ўхшаган талабанинг неча мингтасини контракт пулига етади.

– Баффет-маффетингни билмайман, – адабиётшунос дўстимнинг одатдагидек “миллатчилиги” тутади. Одати шунақа, суҳбатлашиб қолганда чет элликларни мақтасангиз жаҳли чиқади. – Ўзимиздан ҳам кўп чиққан маърифатпарвар бойлар. Файзулла Хўжаев ёнидан ҳамён-ҳамён пул сарфлаб талабаларни Германияга ўқишга юборган. 1910-йилларда ака-ука Комилбек ва Каримбек очарчиликда қолган ярим Тошкентга буғдой улашган, яна қанча фақир талабага ёрдам берган…

Хаёлимга биринчи келгани римлик Меценат бўлди. Император Октавианнинг қиёматли дўсти, адабиёт, санъат вакилларига беармон яхшилик қилган ўша машҳур давлатмандни айтяпман. Шоир Вергилийнинг бошини силаган, Горацийга ҳайҳотдек ҳашаматли уйини совға қилиб юборган! Қаранг, орадан асрлар ўтиб, бугун Рим қайсари, мустабид Октавианни одамлар эсламаслиги мумкин, лекин Меценат ёдланади. Ҳатто бу ном “илму маърифат ҳомийси” маъносида луғатга ҳам тиркалган.

Лекин дилимдагини тилимга чиқармадим. Меценатни эсласам, жадидларга касал манави дўстим яна бирорта маърифатпарвар бойимизни мақтаб қолиши аниқ-да.

– Бўлмаса, ана Салимбойгами, Ғафурбойгами учраш, – маслаҳат берган бўламан унга.

– Йўқ, талабага ёрдам бермайди улар. Одилбой бўлганда бошқа гап эди. Юпқақўлроқ бир танишим қизини операция қилдирганда, Одилбой 2500 доллар берган. Танишим ўзи айтиб берган.

Сердовруқ “Зеромакс” ширкатини бошқарган, кейинчалик хорижга чиқиб кетган Миродил Жалоловнинг қўли очиқлиги, бева-бечорага ёрдам бергани ҳақида эшитганман. Аммо бу одамлар орасидаги миш-мишу овоза, холос-да. Эҳтимол, Тошкент халқи орасида “Одилбой” номи билан танилган бу ишбилги чиндан ҳам саховатпешадир…

– Бир нарсани билиб олинглар…

Ўзимизча бойларнинг “чўнтагидагини ҳисоблаш”га киришиб кетиб, юрист дўстимиз ёнимиздаги ўтирганини ҳам эсдан чиқараёзгандик.

– Сизлар айтган саховатли бойлар Ўзбекистонда оз бўлса-да бор. Ўнг қўли берганни чап қўли билмайдиган бадавлатлар ҳам йўқ эмас, – ётиғи билан тушунтира кетди қонуншуносимиз. – Шартнома пули чўт эканми, мактаб қураман, университет очаман деган бойларимиз ҳам бор. Лекин муаммо шундаки, кимгадир ёрдам бераман,  савоб қиламан деган бойлар, одатда, “орган”нинг назарига тушади. Кейин, уларга жиноий иш очилади. Шу-чун ҳам бойлар “Оч қорним – тинч қулоғим” деб топганини босиб ўтиришга мажбур.

Мен ва адабиётшунос дўстим – икков оми масаланинг “юридик” жиҳатига эътибор бермабмиз, қаранг. Юрист дўстимиз, зумда кўзимизни мошдек очиб қўйди…

http://www.ozodlik.org/content/blog/24609150.html
 Posted by at 16:48

Sorry, the comment form is closed at this time.