Jun 102012
 

Мажбуран чет элларда яшаётган Қирғизистондаги ўзбек жамоатчилиги аъзоларининг 2010 йил июнь воқеаларининг икки йиллиги муносабати билан

Б А Ё Н О Т И

10-06-2012

Икки йил аввал, 2010 йилнинг 10-15 июнь кунлари ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари ва ҳарбийларнинг жинояткорона қўллови, айрим жойларда эса уларнинг бевосита қатнашуви билан қутурган оломон Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар яшайдиган маҳалла ва қишлоқларга ҳужум қилдилар. Натижада, 500 га яқин одам ҳалок бўлди, 2000 дан кўпроқ одам ярадор бўлди. Жами уч мингдан ортиқ оила жабр кўрди. Асосан, ўзбекларга тегишли бўлган 1500 ортиқ уй жойлар, юзлаб савдо, ишлаб чиқариш комплекслари ва бошқа иншоотлар ёндириб юборилди.
Бугун, бу қонли фожианинг икки йиллиги кунида бу қонли қирғинда қурбон бўлган бегуноҳ ўзбекларнинг ва қирғизларнинг қариндош-уруғларига чуқур таъзиямизни билдирамиз.
Бугунги кунда июнь воқеалари мамлакат ичида ва давлатлараро даражада миллатларо кенг масштабдаги конфликтни келтириб чиқариш ва региондаги сиёсий вазиятнинг барқарорлигига раҳна солишни хоҳлаган кучларнинг пухта раҳбарлиги остида юз берганлиги ҳеч кимда шубҳа туғдирмайди.

Июнь воқеалари ўзбек жамоатчилигининг сиёсий элитасини йўқотиш мақсадида олдиндан режалаштирилган ва шу билан бирга Қирғизистон Муваққат ҳукуматининг айрим аъзолари томондан бошқарилган жиноий актдир. Бу билан улар бирданига икки мураккаб масалани ҳал қилишмоқчи эди:биринчиси: сиёсий фаоллиги ортиб ва мустаҳкамланиб бораётган ўзбеклар раҳбариятини йўқотиш; иккинчиси: ҳеч қандай айби бўлмаган ўзбеклардан умумий душман образини яратиб, қирғиз уруғларини уларга қарши қўйиб, уруғлар орасидаги ўзаро қарама-қаршиликни барҳам бериб, уларни бириктириш эди. Ташкилотчилар ва қирғинга бевосита қатнашганлар бунинг эвазига мамлакатни мажбуран ташлаб кетган бадавлат ўзбекларнинг бойлигини бўлиб олишни режалаштирган эдилар.

Биз мамлакатнинг айрим амалдорлари ва парламент депутатларининг ўзбекларни тутуруқсизлик билан сепаратизм ва миллатчиликда айблаб, ғаламислик билан тарқатаётган баёнотларидан чуқур ташвишдамиз. Бундай ўйланилмаган ёхуд режалаштирилган иғвогарлик миллатлараро муносабатларни таранглашувига, бир қисм аҳолининг радикаллашувига ҳамда бутун региондаги аҳволни ёмонлашувига олиб келади.
Мамлакат ичкарисида июнь воқеаларини текшириш ва тергов қилиш ишлари бирёқлама олиб борилди. Ўзбек ҳамма жойда айбдор ҳисобланди. Жиноятчи қирғиз бўлса, у текширилмади. Шу билан бирга мунтазам равишда ўзбек жамоатчилиги лидерларини ёмон отлиқ қилиш учун кучли ташвиқот ишлари юргизилмоқда. Оммавий ахборот воситалари ёрдамида мақсадли равишда ўзбеклар ва уларнинг лидерлари тимсолида душман образини яратилмоқда. Ҳамма айбловлар туҳматдан бошқа нарса эмас ва уларнинг асоси йўқдир. Чунки сепаратизм ғояси қирғизистонлик ўзбеклар орасида ҳеч қачон кўтарилмаган ва бу ғоя аҳамиятга эга ҳам эмас. 2010 йилнинг фожиали воқеалари арафасида бўлиб ўтган ўзбекларнинг митингларида кўтарилган талаблар ва тинчлик чақириқлари Қирғизистон Конституцияси, қонунлари ва халқаро ҳужжатларда акс этган инсоннинг қонуний ҳуқуқлари ва эркинликларига тегишли эди, холос.

Биз Қирғизистон давлати томонидан озчиликни ташкил қилган миллат вакилларига нисбатан зўравонлик сабаблари аниқлаш ва оқибатларини бартараф қилиш бўйича сиёсий жиҳатдан қизиқишнинг йўқлигини ва қирғизистонлик ўзбекларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича қилинаётган ишларнинг бир
жойда қотиб қолганлигини чуқур ташвиш билан билдирамиз.

Жумладан, биз қуйидаги ҳолатлардан жуда ташвишдамиз:

·Қирғизистон фуқаролари бўлган ўзбекларга нисбатан зўравонлик, дискриминация ва зулмнинг давом этаётганлиги;
· Қирғизистоннинг таниқли сиёсатчилари томонидан миллатчилик ва ўзбекларга қарши ташвиқотнинг кучаяётганлиги ва бунга қарши мамлакатнинг расмий лидерларининг қарши чиқа олмаётганлиги;
·2010 йилда ва ундан кейин ҳам ўзбекларга зўравонлик қилган айбдорларни жазоланмаётганлиги;
· 2010 йил воқеалари даврида ва ундан кейин яшайдиган уйлари ва мулкидан ажралган фуқароларнинг мулкка ва уйга эгалик қилиш ҳуқуқини тиклашда аниқ бир силжиш бўлмаётганлиги;

Биз Қирғизистон ҳукуматини Қирғизистон жанубидаги воқеаларни текширган Мустақил халқаро комиссиянинг таклиф ва хулосаларини бажаришга чақирамиз. Бу Қирғизистонда инсон ҳуқуқларини, хавфсизликни ҳимоя қилиш ҳамда тинчлик ва ҳамкорлик масалаларини ҳал қилишда олдинга ташланган бир қадам бўлади.

Қирғизистон – кўп миллатли мамлакат. Ҳозирги сиёсатчилар сақлашга онт ичган унинг конституцияси республиканинг миллатидан қатъи назар, барча фуқароларининг ҳуқуқларини сақлашни кафолатлайди. Асосий қонуннинг талабларини ҳамда Халқаро жамоатчиликнинг таклифларини бажармаслик Қирғизистон ҳукумати ўз фуқароларининг қандай миллатга тегишли эканлиги ёки ижтимоий статусидан қатъи назар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга тарафдорлигини шубҳа остига қўяди.

Бўлаётган шундай воқеалар таъсирида биз турли халқаро қонунлар доирасида ўзига олган мажбуриятларни бажаришига Қирғизистон ҳукуматини қатъий даъват қилишни талаб қилиб дунё жамоатчилигига, халқаро ташкилотларга, хусусан, инсон ҳуқуқларининг халқаро меъёрларини сақланишини назоратга олишга ундалган БМТ, ОБСЕ га мурожаат қиламиз.

Қирғизистон ҳукумати халқаро жамоатчилик олдида ўзига олган мажбуриятларини бундан кейин ҳам бажармаган тақдирда, биз БМТ Хавфсизлик Кенгашини 2010 йил июнь воқеаларини тергов қилишни Халқаро Жиноий Судига ўтказиш масаласида Қирғизистон бўйича махсус резолюция қабул қилишга ҳамда Қирғизистон ҳукуматига нисбатан қатъий санкциялар жорий қилишга чақирамиз.

1. Отчет Международной независимой комиссии по исследованию событий июня 2010 года на юге Кыргызстана (03.05.2011г). http://www.fergananews.com/news.php?id=16687
2. Доклад Международной кризисной группы о ситуации на юге Киргизии (Апрель 2012г). http://www.kommersant.ru/doc/1908319, http://www.crisisgroup.org/en/regions/asia/central-asia/kyrgyzstan/222-kyrgyzstan-widening-ethnic-divisions-in-the-south.aspx
3. Пресс-релиз Amnesty International. Кыргызстан: правосудие запаздывает.8 июня 2012 года. http://amnesty.org.ru/node/2243, http://amnesty.org/en/news/kyrgyzstan-justice-hold-2012-06-08

Қодиржон Ботиров, Қирғизистондаги Ўзбек Миллий Маданият Маркази вице президенти, Швеция.

Халилжон Худойбердиев, ”Ўш Тв” раҳбари, АҚШ.

Жавлонбек Мирзохаджаев ”Мезон ТВ” раҳбари, Швецария.

Муҳаммаджон Қорабоев, Швеция.
Илҳом Аюпов, Швеция.
Алишер Журабаев, Швеция.
Шуҳрат Эгамбердиев, Россия.
Муроджон Алимов, Россия.
Йўлдош Салимов, Германия.
Зокир Рахматуллаев, Туркия.
Абдусаттор Жонтўраев, Туркия.
Кимсанов Ҳабибулло, Россия
Ҳакимжонов, Швеция
Равшан Тиллабоев, Швеция.

Раҳима Вовк, координатор: Тел: E-mail: uzcoord@gmail.com

Sorry, the comment form is closed at this time.