May 212012
 

Хабарингиз бор,шу йилнинг 20 май куни “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати фаоллари томонидан АҚШнинг Чикаго шаҳрида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ноинсоний бошқарувига қарши қаратилган исён сифатида  театрлаштирилган норозилик намойиши ўтказиш режалаштирилган эди.

 

Бугун театрлаштирилган норозилик намойиши иштирокчилари Ўзбекистонда истиқомат қилаётган аҳолининг азоб-уқубатларини,амал курсисида ўтирган манфур мансабдорларнинг таъмагир қиёфасини ифодаловчи матнлар битилган плакатлар билан майдонда ҳозир бўлишди.

Мазкур театрлаштирилган норозилик намойишида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов,Сенаторлар,МХХ ва ИИБ  раҳбарлари,Бош прокурор,  Олий суд раиси,туман ҳокимларидан тортиб,солиқ ва божхона хизмати ходимлари,қамоқхоналарда мислсиз уқубат чекаётган маҳбуслардан тортиб,оиласини боқиш,бир бурда нон топиш илинжида ўзини тўрт томонга ураётган ишчилар,деҳқонлар,ўқувчи,ўқитувчи,талабалар образи  намойиш иштирокчиларининг кўз олдида бор бўй-басти билан жонланди.

Айниқса,ҳаваскор актёрлар томонидан моҳирона талқин этилган образлар –Ислом Каримов,Сенатор,Бош прокурор,МХХ ва ИИБ раҳбарлари,Олий суд раиси,Ҳокимлар,божхона ва солиқ хизмати ходимларининг қўйилган плакатлардаги ёзувлар намойиш томошабинларини бефарқ қолдирмади.  Мазкур плакатлардаги матнларда Ислом Каримов ва унинг атрофига  тўпланган бир ҳовуч порахўр амалдорларнинг шиор ва қора ниятлари,мақсад ва муддаоси,ғоя-ю интилишлари,таъмагир қарашлари ўз ифодасини топган.

Шунингдек,Ўзбекистон деб аталмиш Қулистонда қуллик азобининг таъмини тотишга маҳкум этилган  тадбиркор,ўқитувчи,ўқувчи,талаба,деҳқон,маҳбусларнинг кўнглидаги тилига чиқара олмаётган сассиз фарёдлар ҳам плакатларда батафсил баён этилганди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки,“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати ташаббуси билан ўтказилган театрлаштирилган норозилик намойиши Ислом Каримовнинг қабих сиёсати туфайли уқубатга маҳкум этилган халқнинг ҳақиқий турмуш тарзини,банднафс амалдорларнинг жирканч қиёфасини ифодалаб бериш, Ўзбекистоннинг бугунги ҳақиқий ҳаётини тасвирлаш йўлидаги жиддий бир уриниш бўлди.

 

 “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати матбуот Маркази

http://birdamlik.info/?p=22108

Sorry, the comment form is closed at this time.