May 212012
 

 

ЎЗБЕКИСТОН,(КЕЙИНГИ ТАҲРИРДА ҚУЛИСТОН ДЕБ ЮРИТИЛАДИ)  ФУҚАРОЛАРИ (ҚУЛЛАРИ)

ҚУЛИСТОН СУЛТОНИ  ИАК:  Салтанат ҳукдори менман. Давлат дегани бу- мен! Қулистоннинг қулдори ўзим! Парвардигорнинг ердаги сояси камина бўлади! Барча қулларнинг соҳиби ўзим!  Мендан чўчинг,қурқувдан қалт-қалт титранг,қуллуқ қилинг!  Менга ва фақат менга сажда қилинг,буйсунинг,тобе бўлинг,бош эгинг! Туну кун мени денг,тушунгизда ҳам мени кўринг. Акс ҳолда ҳаётингизни дўзахга айлантиргум!  Асосий юмушингиз меҳнат,меҳнат ва яна меҳнат қилмоқлик,султонингизни боқмоқлик! Йўлдан тойманг,тақдирингизни ўзгартиришга урина кўрманг! Менга,менга ва яна менгагина итоат этинг!  Ана шундагина қорнингиз тўймайди,аммо жисмингиз ўлмайди! Омон қоласиз!

БОШ ВАЗИР:  Менинг талабим:Қулистоннинг 7 ёшидан 70 ёшигача бўлган барча фуқаро (қул)лари пахта йиғим-теримига сафарбар қилинсин! Бироқ болаларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилаётганлиги дунё ҳамжамиятидан зинҳор пинҳон тутилсин. Токи пахта бозоримиз косодга учрамасин!

ПАРЛАМЕНТ ДЕПУТАТЛАРИ,СЕНАТOРЛАР. СЕНАТOР: Менинг бурчим султонимиз ИАКнинг барча ҳоҳишу истакларини қонунийлаштириш.  Султонимиз шоҳ. Зеро подшоҳнинг амри вожибдир. Менинг султонимиз истакларини қонунийлаштириш йўлидаги ҳаракатларим Ҳукумат томонидан ҳар ойда 250$ миқдорида баҳоланади.  Ойлик харажатларим эса,2500$ ни ташкил этади. Маошим ва эҳтиёжларим орасидаги тафоввут 2250 $ миқдоридаги сармояни ташкил қилади. Бу менинг “қўшимча даромадим”.  Қитмир мухолифат буни “пора” деб аташади. Ахир мана шу порани қўлга киритиш учун ҳам меҳнат қиламиз,қулистоннинг қанчадан қанча қуллари мушкулини осон этамиз. Бизни ҳам тушунинг,Қулистонда ҳеч бир сенатор 250$  ойлик маошига яшай олмайди. Бизнинг “қўшимча даромад” олиш йўлидаги уринишларимизга кенг ва улкан имкониятлар яратиб берган султонимиз яшасин!

ВИЛОЯТ ВА  ТУМАН ҲОКИМОАРИ.  ҲОКИМ: Биз,ҳокимларнинг энг асосий юмушимиз Қулистон султони ИАКнинг ҳоҳишларини қонунийлаштирган “Олий мажлис”нинг жамики қонунларини сўзсиз ижро этиш ва оммани қулликда ушлаб туришга кўмаклашиш.  Менинг камтарона бу хизматларимни Ҳукумат ҳар ойда 200$ маош билан сийлаб туради.  Ойлик харажатлариз эса 2000$. Ўртадаги фарқ 1800$. Бу менинг “қўшимча даромадим”. Маҳмадона мухолифат бунга “пора” деб ном берган.  Аммо,билиб қўйинг,порани қўлга киритиш учун ҳам анча-мунча тер тўкамиз. Бизни тушунинг,  Қулистонда ҳеч бир ҳоким 200$ ойликка тирикчилик қилаолмайди. Бизнинг пора териш борасидаги терлаб-пишишларимизга кенг йўл очиб берган султонимизга шон-шарафлар бўлсин!

ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРИ ВА ХОДИМЛАРИ. ИИВ ХОДИМИ:    Биз султонимиз ИАКнинг тинчлиги ва хотиржамлигига масъулмиз.  Султонимизнинг хотиржамлигига хавф солаётган мухолифат вакилларини тутиш,қамаш ва калтаклаш. Ва яна йўлда,метрода ёнларида паспортини кўтармай кетаётган қулларни қўрқитиш,ҳамёнини шилиб,чўнтакни қаппайтириш. Сценарий асосида “жиноятлар” уюштириб,“айбдор”ларни талаш ва тунаш.

Бизнинг бу каби қахрамонликларимизни ҳукумат ҳар ойда 180$ миқдорида муносиб баҳолаб туради. Аммо кундалик эҳтиёжларим эса 1500$ ни ташкил қилади.  Маошим ва эҳтиёжим орасидаги фарқ 1320 $. Бу сармоя менинг “пешона терим”. Бироқ ғийбатчи мухолифат  “меҳнатларим”м эвазига топган даромадимни  “пора” деб баҳолайди. Ахир қулларни қўрқитиб,пул топиш осон бўптими? Яшаш учун курашнинг бир усули-да бу! Бизнинг Қулистонда ҳеч бир ички ишлар ходимининг куни   180$ маошга ўтмаса?  Қулистоннинг қулларини қўриқлаш учун эмас,қўрқитиш учун бизга қўшқўллаб имкон бериб қўйган Султонимиз ИАК 100 га кирсин!

ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ. ХН ХОДИМИ: Бизнинг хизмат ходимларининг асосий бурчи мухолиф гуруҳлар ўртасига нифоқ солиш,уруштириш. Бир-бирининг этини ғажиётган ахмоқ мухолифатнинг жангини,жанжалини кўриб,маза қилиш,устидан кулиш. Янаям асосийси,мухолифатга жосуслик қилиш бизнинг гарданимизда. Мухолиф фикрдаги қулларнинг эл. Почталарига бир илож қилиб кириш,уй ва мобиль телефонларига эшитиш мосламаларини ўрнатиш бизнинг юмуш. Ва яна тирикчилик учун прокурорни,хокиму қозига тўрт ташлаш,тунаш ҳам биз тан.

Менинг бунингдек жасоратларимни ҳукумат ҳар ойда 450 $ миқдоридаги мош билан сийлаб туради. Ойлик харажатларим эса 1500 $. Ўртадаги тафоввут сезиларли. Бу маблағлар менинг “ҳалол ишлаб “ топган пулим. Бироқ майда гап мухолифат бунингдек “даромадларим”ни “пора” деб номлаган. Прокурор,хокиму қозини – Қулистоннинг зиёли вакилларини тўрга тушириш осон иш пўптими?  Кўрдингиз, “қўшимча даромад” топиш учун мен ҳар гал амалим ва жонимни гаровга қўяман. Тирикчилик қиламан.

Тўрт ташлаб,тўрт танга топиб,тирикчилик қилиш учун қулай шарт-шароит яратиб қўйган султонимизнинг бошлари омон бўлсин!

СУДЬЯ:Қулистоннинг Жиноят ишлари бўйича судьясиман.  Бу амал менга султонимиз томонидан бор йўғи 5 йил муддатга берилади. Ишим султонимиз фатво берган “вахобийлар”га,“террорчилар”га йўқ жойдан айб ёпиштириб,“жиноятлари”ни исботлаш,узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишдан иборат. Гоҳо қўлимизга майда ўғрибаччалар ҳам тушиб туради. Султонимизга шак келтирган бебошларни жазолашдан кўра,майда безориларни суд қилганимиз дурус. Айнан шулар биз судьяларнинг тўқин ҳаёт манбаси. Мана,масалан,менинг ойлик маошим атиги 120 АҚШ доллари. Аммо бир ойлик эҳтиёжларимга нақд 3000 доллар керак бўлади.  Мен бу маблағни айнан ана шу ўғрибаччаларнинг ўлжасини “арра қилиш” эвазига қўлга киритаман. Мухолифат бу “ўлжам”ни “пора” деб атайди. Улар нима дейишидан қатъий назар,“қўшимча даромадим” – бу,менинг пешона терим. Шусиз ҳам қамоқхоналаримизда аҳвол хароб. Қулистон султони бекордан-бекорга майда ўғрибаччаларни 5-6 йил текиндан-текин боқиб ётмасин,ортиқча харажат қилмасин дейман. Жиноятчилар “сиздан у гина,биздан бугина” қилишади,эвазига мен уларнинг 10 йиллик қамоқ жазосини қонунларга келиштириб,3 ёхуд беш йилга қисқартириб бераман. Ҳам ўғриболага,ҳам менинг ҳамёнимга,ҳам Қулистон султонига фойда эмасми?

Султонимиз  судьялик фаолиятимнинг мана шундай жамики сиру-синоатидан бохабар.  Аммо ғинг демайди. У майда жиноятчиларнинг қамалишидан эмас,ўзига мухолиф кучларнинг жазо олишидан кўпроқ манфаатдор…Шу сабаб ҳам менга оқ йўл очиб берган.  Жиноятчилар ҳисобига бойишимга қўйиб  берган султонимизга шон-шарафлар бўлсин!

 ПРОКУРОР:  Мен қулистон қонунларига масъулман. Қонунни бузган,бузмаган қулларнинг танобини ўз вақтида тортиб қўяман. Асосий юмушим,султонимиз амр қилса,спо турган столбага ҳам статья қўйиб   қўяман. Янаям асосийси,султонимизга қарши тиш қайрайдиган,тахтига соя соладиган,танқид қиладиган мухолиф фикрдаги одамларнинг қамоққа тиқиш учун тўр тўқийман. Қамамагунча қўймайман.  Менинг бу садоқатимни султонимиз ҳар ойда 130 АҚШ доллири миқдоридаги сармоя билан сийлаб туради. Ойлик харажатларимга эса 3000 доллар керак бўлади. Бу мабалғни мен айбсиз айбдор қулларни қўрқитиш орқали қўлга киритаман. Гарчи мухолифат бу “даромадимни” пора деб атаса-да,  бу пуллар менинг “ишбилармонлигим”  маҳсули. Биласизми,йўқми,бизнинг Қулистонда 130$ га  ҳеч бир прокурорнинг тирикчилиги ўтмайди. Шунинг учун ҳам гоҳ-гоҳида катта наҳангларга қармоқ ташлашимизга тўғри келади. Ҳоким,тадбиркор,амалдор борми,шикоят уюштириб,тити-питисини чиқариб турамиз. Қўлимизга туҳфасини тутса тутди,акс ҳолда даъвоси битта модда-да. Қулоғини ушлаб кетаверади.

Барча оқу-қора ишларимизга бош-қош бўлаётган,фатво бераётган соябонимиз – султонимизга тасанно!

 

БОЖХОНА ХОДИМИ: 10 йилдирки божхонада ишлайман. Асосий вазифам Қулистондан чиқиб кетаётган маҳсулотлардан ўн баробар,кириб келаётган товарлардан юз баробар бож ундириб,султонимиз ва унинг қизлари Гулнора ва Лолахонларнинг нафсини қондириш.

Менинг бу фидоийлигим ҳар ойда султон томонидан 150$ билан тақдирланади. Бола-чақамнинг орзу ҳафасларини ушалтириш учун эса бир ойда 3000$ сарфлашимга тўғри келмоқда. Султонимизнинг ҳар ойда бераётган 150$ тортиғи менга урвоқ ҳам бўлмайди. Шунда ҳам пичоғим ёғ устида. Негаки “ноқонуний олиб кирилмоқда” деб топилган товарлардан озмунча фойда кўраманми? Шу сабаб ҳам имкон қадар товар ҳужжатларидан кир қидираман. Топаман,мабодо топаолмасам,ишни чўзаман,тадбиркорни саргардон қиламанки,оқибатда ўз ихтиёри билан тўрт танга ташлаб кетишга мажбур бўлади.

150$ ойлик мошига ҳашаматли иморат тиклаш мутлақо мумкин эмаслигини султоним жуда яхши билади,бироқ мушугимни пиштламайди. Чунки менинг,ҳамкасбларимнинг саъи ҳаракталари туфайли у ҳам тўқ,биз ҳам.  Нафси ўпқон султонимизга шон-шарафлар!

БАНК ХОДИМИ:   Қулистон банк ходимиман. Менинг энг биринчи галдаги вазифаларимдан бири валюта алмайштириш,кретид бериш,ҳисоб рақамларидаги маблағни нақдга айлантириш.

Ўзбекистоннинг илк валютаси чиққан 2004 йилда 1 АҚШ доллари 8 сўмга тенг эди. Бугунги кунга келиб эса 1 АҚШ долларининг қиймати 3000 сўмга етиб қолди.  Бунинг учун султонимиз ИАКга тасанно! Қулистонда валюта алмаштиришнинг бир эмас,3 та курси мавжуд. Султонимиз учун битта курс,унга хизмат кўрсатаётганлар  учун яна битта кўрс ва ниҳоят қулистон қуллари учун навбатдаги курс. Қуллар султонимиз ИАК учун хизмат қилаётган курсдан фойдаланиш таъқиқланади.  ИАК ва унинг яқинлари ҳар қандай валютани банкларимиздан сув текинга алмаштириб олса,Қуллар 1 АҚШ долларига 2 баробар ҳақ тўлашга мажбур.

Бизнинг ИАК султонимизнинг манфаатлари йўлидаги уринишларимиз учун ҳар ойда 350$  доллар ҳақ берилади. Ойлик харажатларимга эса 3500$ зарур.

Бу пуллар менинг қулларга валюта сотиш,қулларга кредит бериш,ҳисоб рақамларидаги маблағни сўмга айлантириш борасидаги “ҳожатбаррорлигим” эвазига топган “қўшимча даромадларим”. Не қилайки,Қулистонда ҳеч бир банк ходими ойига берилаётган 350 $ маошга яшаши мутлақо мумкин эмас. Шунинг учун ҳам ўз хизмат ваколатимни суистеъмол қилишга мажбурман.

Мана,масалан,гарчи АҚШ валютаси банк қоғозларида 1 АҚШ долларининг давлат курси 1830 сўм деб кўрсатилган бўлса-да,ишончли банбаалар орқали 1 АҚШ долларини 2830 сўмга мўмайгина пуллаш тизими енг учида йўлга қўйилган. Бунинг эвазига,иқтисодчиларнинг хом чўтларига қараганда,эҳҳе,бир йилда 4 миллиард АҚШ доллари миқдорида ноқонуний “даромад” қилиш мумкин экан. Валюта алмаштириш борасидаги ноқонуний ишларни бартараф  этишга ҳеч бир ҳуқуқ идорасининг  тиши ўтмайди. Чунки банклардаги ҳориж валюютасининг тақдирини султонимиз ИАКнинг шахсан рафиқаси,Қулистоннинг Бош ХОНИМИ ТК нинг қўлида. Бу борадаги бошқарувни ўз қўлига олган.Ва яна  банк томонидан берилаётган истеъмол кредити дейсизми,тадбиркор қулларга ажратилиши лозим бўлган кредитлар дейсизми,хуллас,бирорта кредит операцияси текиндан текин амалга оширилмайди. Берилаётган ҳар бир кредит миқдорининг 10 фоизи банкирга назр қилиниши шарт. Акс ҳолда қуллар кредитни тушларида кўришади. Шунингдек,тадбиркор қулларнинг ҳисоб рақамларидаги маблағларни нақдга айлантириб бериш ишлари ҳам анчагина “сердаромад” юмуш.  Ҳисоб рақамидаги ҳар қандай мавжуд сармоянинг фақат 75 фоизи гина нақд қилиб берилади. 25 фоизини  ҳар бир банк ходими ўз “хизмат ҳақи”га ушлаб қолади. Тадбиркор  қул шу шартга рози бўлсагина қўли нақд пул кўриши мумкин. Ҳорижларда қора меҳнат қилиб пул топаётган  қуллардан Қулистонга  бир йилда 5 миллард доллар миқдорида сармоя кирим бўлади. Уларни ўз вақтида эгаларига атай  бермай,  банкда бир ҳайта “айлантириб олиш” ҳам мўмайгина фойда келтиради.

Мана шу йўл билан топган-тутганларимизни султонимиз билан арра қилиб,баҳам кўриб ётибмиз. Қулистоннинг қуллик тузимидан биз ҳам манфаатдор. Қул бўлиш керак,султонга бош эшиб қуллуқ қилиш керак. Ана шундагина бизнинг ошиғимиз олчи бўлади.

Қулистонда яшамоқлик қандай бахт! Ҳаёт нақадар лаззатли! Бизнинг текин даромад қилишимизни қўллаб-қувватлаётган Қулистон султонига ҳамду санолар бўлсин!

 

 

СОЛИҚ ХИЗМАТИ ХОДИМИ:  Менинг ва ҳамкасбларимнинг асосий юмуши давлат хазинасини бир ҳисса,ҳамёнимизни эса икки ҳисса тўлдиришдан иборат.

Давлат ғазнасини тўлдириш учун йўқни юндириш,бўлар-бўлмас солиқларни ўн баробар ундириш,камига,нафсимизни ҳам қондириш осон иш эмас.

Бизнинг оммани алдаб солиқ тўплаш йўлидаги уринишларим  учун Ҳукумат ҳар ойда 230 $ миқдорида ҳадя қилиб туради. Ойлик харажат эса 2500 $ атрофида. Биламан,ўртада сезиларли даражада  тафоввут бор. Аммо бу маблағлар содда одамларни чув туширишим,устамонлигим оқибатида чўнтакка тушган.  Ана у мунофиқ мухолифат бу сармоямни “пора” дейди. Бироқ қулларни икки ҳисса ортиқ солиқ тўлашга кундириш,бўлар-бўлмасга солиқ ундириш,ҳам ҳукуматнинг,ҳам ўз ҳамёнингни тўлдириш чакана иш эмас.

Ҳеч бир солиқ ходимининг 230 $ маошга тирикчилиги ўтмайди.  Ҳаётдаги орзулар армонга айланиб қолмаслиги учун ҳам учар бўлиш,ҳар икки чўнтакка солиқ тўрлаш зарурати тинчлик бермайди-да.

Ҳам давлатнинг ғазнасини,ҳам солиқчининг ҳамёнини тўлдиришга изин берган султонимиз ИАКга ҳимдлар бўлсин!

 

ТАДБИРКОР:   Менинг кундалик  вазифам  ишлаб чиқариш. Ҳориждан сармоя киритиб,ишлаб чиқаришни йўлга қўйгунимга қадар оз мунча қийинчилик кўрмадим дейсизми? Хайриятки,меҳнатларим роҳат бўладиган палла келди. Корхонамда молиявий барқарорлик вужудга келди.  Ишларим ўнгланиб,бой бўлиб,энди одамдек яшайман деганимда ҳукумат идоралари таракандек талашга тушди. Ҳали солиқ,ҳали “пожарный»,ҳали электросет,ҳали ҳокимият,ҳали прократура,ҳали КРУ тафтишчиси тунай-тунай тинкамни қуритди. Ноқонуний текширувларга,фаолиятимга ғайриқонуний аралашувга норози бўлиб,бош кўтаргандим,прокуратура тадбиркорлигимга бира-тўла нуқта қўйди. Қулистонда тадбиркор бўлиш ўлим билан олишиш демакдир. Корхона ташкил этиш учун ҳокимиятдан рухсат олиш пул,ишлаб чиқаришни оёққа қўйиш учун елиб-югуриш харажат,давлат идоралари вакилларининг нафсини қондириш учун туҳфа,банк ўтказмаларини ўз вақтида амалга ошириш пора,тортиқ,ином,ҳадя…Буларнинг бари тадбиркорнинг тинкасини қуритиб юборади. Тадбиркормас,бор-будидан жудо бўлган бечораман…  Мен Қулистондаги қулликга,адолатсизликга,порахўрликка қаршиман. Қуллик азоби жон-жонимиздан ўтиб кетди. Мен таъмагирлик ва порахўрликка кенг имкониятлар эшигини очиб қўйган Султонимизнинг сиёсатига қаршилардан бириман. Бундай султоннинг ўрнини ҳалғ дарди билан яшайдиган ҳақивий демократ президент эгаллаши тарафдориман. Қулистонни озод Ўзбекитсонга айлантириш вақти келди. Йўқолсин Қулистон,йўқолсин қуллик,яшасин ҳуррият!

ТИББИЁТ ХОДИМИ:  Менинг бурчим қулларнинг соғлиғини сақлаш. Туман бирлашган шифохонаси хирургиман. Касалхона тиббиёт асбоб-ускуналрига муҳтож.

Менинг маошим ойига 100$. Ойлик харажатларимдан  эса 500$ ҳам етмай кетади. Аслида менинг маошим 1500$ бўлиши керак. Начора,ҳаётимиз учун керак бўлган жуда кўп нарсалардан тийилишга маҳкуммиз. Оиламизни зўрга тебратамиз. Ўша 100$ миқдоридаги маошимиз ҳам ўз вақтида берилмайди. Ойлаб кутишга мажбур бўламиз.  қўлимизга нақд берилмайди,пластик карточкаларга ўтказилади. Пластикдаги пулларимизни баъзида 15,баъзида эса 20 фоиз “устама” бериш эвазига нақд қилиб оламиз. Ишлашдан эмас,оила тебратиш ташвишидан толиқиб кетганмиз. Қулдорлар тузумидаги қулларнинг яшаш тарзи бизникидан дурустроқ бўлган деб ўйлайман. Биз эса “замонавий” Қулистоннинг “замонавий” қулларимиз. Қуллардан ҳам баттарроқ ҳаёт кечирамиз. Қуллик жонга тегди! Занжирларни парчалаш фурсати етди. Биз қулдорликка,қулликга қаршимиз. Биз Ўзбекистондаги қулдорлик тузуми ўрнига ҳақиқий демократик давлат ўрнатилиши тарафдоримиз.  Султонимиз ўрнига халқ ғамини ейдиган адолатли Президент ўтиришини истаймиз. Қўл бўлишликни эмас,озод ўзбекистоннинг эркин бўлишни истаймиз! Йўқлосин Қулистон,яшасин ҳур Ўзбекистон!

 

ЎҚИТУВЧИ: Педогогика олий ўқув юртини домлаларга туҳфа бериб тугатган мутахассисман. Шунга мажбур бўлганман. Ўқув даргоҳларида Қулистон мамлакатида ўз билими билан баҳо олиш,битириш деган тушунчалар унут бўлиб кeтганига анча бўлган. Бу ҳолат фолиятимга ҳечам  зарар қилмайди. Умримиз сабоқ бериш билан эмас,пахтани ягона,ўтоқ,чопиқ қилиш ва териш билан,асосан,далада ўтади. Шу сабаб талабаларим билимим саёзлигинини сезишмайди ҳам.

Ҳам деҳқон,ҳам муаллимликни,икки касбни бирваракай олиб борганим учун ҳам ҳукумат мени ойига 130 $  билан сийлайди. Аммо ойлик эҳтиёжларим учун 500 $ ҳам етмай кетади. Бироқ борига қаноат қилиб,ночорликда кун кўришга мажбур этилганмиз.  Ўқувчиларимдан териб олган “Мактаб ва синф” фондларим,совға-саломларим ночорликдаги ҳаётимнинг харажатларини қоплашга зўрға етамоқда. Мухолифат бу даромадимни “пора” деди. Аммочи,ўқувчилардан ҳар ойда “синф ва мактаб” фонди учун маблағ териб,даромад қилиш мушкул иш. Бунинг учун қанчалар жонимни жабборга бераман. Осон эмас.

Тушунинг,бизнинг Қулистонда бирорта  муаллимнинг ойлик эҳтиёжи учун 130 $ маош етган эмас. Ўша етмайдиган маошни ҳам ойлаб ололмаймиз. Олганимизни ҳам пластик карточкага ташлаб беришади.   Қулистонда эса пластикдан фойдаланиш тизими ишлаб чиқилмаган. Бозорларда пластикдаги пулга харид қилишнинг умуман имкони йўқ. Дўконлар эса пластикка харид қилсангиз,10 фоиз қимматига сотишади. Шу сабабли бозорлардан ҳўл ва қуруқ меҳаларни сотиб олиш учун пластикдаги пулларимизни банк ходимлари билан тил бириктириб,15 фоиз “хизмат ҳақи” эвазига нақд пулга алмаштиришга мажбурмиз. Оиламизнинг боқиш ўта мушкул бўлиб бормоқда. Шунинг учун ўқувчилардан “тер-тер” қилиб,термулиб ўтирамиз.

Ўқувчиларнинг қўлига қараш,талабага қарам ва муте бўлиш жон-жонимиздан ўтиб кетган. Аммо начора Қулистонда тизим мана шундай ночорликнинг пойдеворига қурилган. Кимки мактабдаги ҳақсизликка қарши чиқса,ишсизлар сонининг ортгани қолади,холос.

Бас,Қулистон давлатига барҳам бериш,қулликдан қутилиш керак. Биз буни жуда-жуда истаймиз. Одамдек яшашни,одамдек ишлашни ҳоҳлаймиз. Мақсадимиз Қулистоннинг диктатор султони ўрнига инсон манфаатларини улуғлайдиган президент сайланиши тарафдоримиз. Йўқлосин Қулистон,мазлум халқни эзиб,қулга айлантирган Султон даф бўлсин!  Яшасин эркин Ўзбекитсон!

МАРДИКОР,ГОСТРАБАЙТЕРЛАР:    Тўрт танга топиш илинжида Қулистонни тарк этганимга тўрт йил бўлди. Россияда ризқимни териб юрибман. Ўзим олий малакали инжинерман. Бироқ мутахассислигим бўйича иш томолмай,ишга жойлашаолмай беш йил бекор юрдим. Оқибатда уч ойлик рафиқамни ташлаб иш излаб,  ёт юртларга кетишга мажбур бўлган миллонларнинг бириман. Қулистонга бормаганимга,туғишганларимнинг дийдорини кўрмаганимга ҳам кўп бўлди.   Мусофирлик йилларимда рафиқамнинг кўзи ёрибди. Ҳозир ўғилчам 3 ёшдан ошганмиш. Суратини кўрдим…Соғиндим…Аммо уларни боқиш учун ҳам ўзга юртларда саргардон бўлишга мажбурман.

Токи Қулистон тузими барбод бўлмас экан,Россия,Қозоқ,Корея каби юртларда яна мен каби миллионлаб ёш йигитларнинг умри мардикорчилик йўлида  хазон бўлаверади. Бизни қулга айлантирган,юртдан оч қолдириб,қувган,фарзандларимизнинг отасиз улғайишга мажбур қилган  Қулистон султонига лаънатлар бўлсин!  Қулистонни қуритиш керак. Қулликни тугатиш зарур! Ана шунда юртга қайтиш,яқинлар дийдорини кўриш насиб этади бизга!  Қулликка қарши курашинг! Йўқолсин Қулистон!

СТУДЕНТ,ТАЛАБАЛАР:  Илмни қанчалик чуқур эгалламай,тест синовларидан билимим билан ўтиш насиб этмаган,ота-онасининг йиққан-тергани билан олий ўқув юртининг остонасидан ўтган талабалардан бириман. Домлага “тортиқ” бериш шу билан тугай қолса,қанийди. Ўқишга пора билан амал-тақал қилиб илиниб олгандан кейин ҳам,“ бер-бер”ларнинг кети узилмайди,охири кўринмайди. Домлажонларимиз ҳар имтиҳон дамларини интизор бўлиб кутишади.  “Затчёт” учун ҳадя. Имтиҳондан ўтиб олиш учун тортиқ,пора тўрт – беш йил давомида шусиз ҳам “контракт” билан ўқиётган талабаларнинг тинкасини қуритади.  Ўқув юртимизда таниш-билишчилик,порахўрлик шунчалик авж олиб кетган кетганки,ҳаёт шундан иборатмикин деб ўйлаб қолади одам. Қулистон султони қулдор,долалар қул,талаба қул,ота-онамиз қарол…  Қулдорлик тузумига қачон барҳам бериларкин?  Қулдорликни йўқотишнинг йўли борми? Бўлса қандай? Қулистонни таг-туги билан қўпориб ташлаш,қулликдан қутилиш биз ёшларнинг,талабаларнинг энг эзгу,энг буюк орзумиз. Бизни қулларга айлантирган Қулдорга,Қулистон султонига лаънатлар бўлсин.  Унинг ҳукмдорлигига барҳам берилсин! Қулистон ўрнига озод ва обод қад кўтаришини,адолатпарвар президент элга бош бўлишини истаймиз. Қулистоннинг озод этилишига,ҳақиқий мустақил озод ва обод Ўзбекистон оёққа туришига ишонгимиз келади!

 

МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ: Мен Қулистон мактабининг 6 синф ўқувчисиман. Ўқув йилида 9 ой ўқуш даври бўлса,шундан фақат қишда – икки ярим ой партада ўтириш насиб этади. Сентябрдан то декабрнинг ўрталаригача,бу ёғи мартдан то майга қадар далада деҳқонлар билан бап-баравар тер тўкамиз. Гўзани ягана қиламиз,қатор оларини юмшатамиз,чопиқ қиламиз,бегона ўтлардан тозалаш дейсизми барчаси бизнинг гарданимизда. Ёзга таътилдаги уч ойку шусиз ҳам далада ишлашга маҳкуммиз.Ғўзаларни чеканка қиламиз,яна ва яна бегона ўтлардан тозалаймиз. Сентябр ойида эса пахта йиғим теримига сафарбар этиламиз. Пахта  терими ёмон эмас,ҳар ҳолда  ўқитувчиларимизнинг “Синф фондига,мактаб фондига,байрамларга,тадбирларга,мактабга келган комиссия дастурхонига пул йиғинглар!”идан яхши-да. Пахта даласида  муаллимларнинг ана шу “Бер,бер”ларидан қулоғимиз тинчийди.  Аммо кузнинг совуқ кунларида дала шийпонларида ётганимиз ёмон. Пол йўқ,зах. Совуқ. Печка ҳам ўрнатилмаган. Бу даврда айниқса,қизлар шимоллашни орттириб олишади. Пахтадаги меҳнатимизга эса умуман ҳақ тўланмайди. Қайтага,еб-ичган озуқамиз эвазига бизни қарздор ҳам қилиб қўйишади. Ўзи-ку,пахта даврида далада берилаётган озуқани овқат ҳам деб бўлмайди,ҳар куни буханка,ҳар куни макарон…Мактабда эса деярли ҳеч нарсани ўқий олмаймиз,урганмаймиз ҳисоби. Хўжакўрсинга берилган бир-иккита компьютер ҳам электр энергияси йўқли боис йил ўн икки ой ишлатилмайди. Шу тариқа ўқувчилик йилларимиз шамолдек елиб ўтиб кетмоқда. Биз бундай ҳолатдан мутлақо норозимиз. Қулистон мамлакатида гарчи бола бўлсак-да ўқиш ўрнига меҳнатнинг тагида,қулликда,хўрликда хор бўлишни истамаймиз. Қулистон тузумига қирон келишини ҳоҳлаймиз. Қулистоннинг қулдори,султони истеъфо беришини талаб қиламиз. Қулистоннинг ўрнига ҳақиқий Ўзбекистон бўй кўрсатишини орзу қиламиз. Мамлакатимизни қулдор султон эмас,одамларни ардоқлайдиган ҳақиқий демократик президент бошқарашини умид қилиб яшаймиз. Йўқолсин қуллар ва қулдорлар! Йуқолсин султон! Бўлажак демократик давлат бўлмиш Ўзбекистон яшасин!

ЛЕТЦЕЙ ВА КОЛЛЕЖ ЎҚУВЧИЛАРИ:   Мен ўқиётган коллежимни ўз ихтиёрим билан танлаган эмасман. Мактабдан мана шу коллеж томон тўғри бадарға қилинганман. Механизаторлик мутахассислигидан таҳсил олмоқдаман. Аслида эса учувчи бўлишни орзу қилардим. Коллежимиздаги  бухгалтерия,ҳийдовчилик,механизаторлик каби турли йуналишларда жами  500 нафар тенгдошларим таҳсил олишади.  Ҳар йили биргина бизнинг коллежимиздан 60 та ўқувчи меҳанизаторлик бўлимини тамомлаб ,мутахассислик гувоҳномасини қўлига олади.   Бу  ҳар йили биргина туманда 60 нафар механизатор тайёр дегани. Аммо туманимиз хўжаликларидаги бор техникани санасангиз,саккизта ҳам чиқмайди.  Тракторнинг ўзи йўқ. Коллежимизда эса 3 йил мобайнида 170 та механизатор етишиб чиқади. Аммо уларнинг ўз касби бўйича ишга жойлашишлари учун имкон йўқ. Иш йўқ. Шунинг учун ҳам тенгдошларим коллежларни тугатар-тугатмас Россияга йўл олишади.  Чойчақа топиш учун иш излашади. Айрим группадошларим эса ойлаб,ҳатто йиллаб ҳам дарсга келишмайди. Шундай бўлсаям,давомад тўлиқ бўлиши учун йўқ болаларни жўрналга бор деб белги қўйишади. Қулистон мамлакатида  худди мана шу тариқа тенгдошларимнинг умри хазон бўлмоқда. Бундай мамлакатни  султонимиз айтганларидек,“Келажаги буюк давлат” деб башорат қилиш мумкинми? Қулистон султони ўзбек тилини билмайди,шунинг учун ҳамиша нутқларида  бузуб талаффуз қилади. Шунинг учун ҳам султонимиз минбарда ҳаяжонланиб,“Ўзбекитсн – келажаги буюк давлат” деб адашиб ктеган кўринади. Аслида,султонимиз “Ўзбекистон – келажаги КУЮК ДАВЛАТ” демоқчи бўлганлари,куюк сўзини айта олмай,буюк деб юборганлар! Шундай! Биз умримизга,ёшлигимизга,тахтимизга зомин бўлаётган Қулистон султонинг олиб бораётган сиёсатига қаршимиз.  Қулликда “Келажаги КУЮК ДАВЛАТ”да умргузорлик қилишни истамаймиз. Қулистоннинг қулдори – султони нафақага чиқишини талаб қиламиз. Султоннинг ўрнига ҳалол сайловлар орқали адолатли шахснинг президент бўлиши тарафдоримиз. Йўқолсин Қулдорлик,йўқолсин қуллик.

ПЕНЦИОНЕРЛАР: Умримизнинг 60 йилини теҳнат машаққатлари билан ўтказган одамлармиз. Энди кексалик гаштини суриш мавриди келганда,нафақамизнинг аҳволи бу. Шахсан мен бир ойда  100 $ нафақа оламан.  Ойлик эҳтиёжларимга эса 500$ дан ҳам ошиқ маблағ талаб этилади.  Қулистон тузумида ҳар йилнинг 1 апрель куни коммунал тўловлар,озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи осмонга сапчийди. Нафақамнинг қоқ ярмини  коммунал тўловларга хар қилишимга тўғри келади. Қачон гўш,сариёғ истеъмол қилганимни ҳам эслолмайман. Коммунал тўловлардан қолган нафақамни кундалик нонга,пахта ёғи,гуруч,қуруқ чойга етказиш учун зўрға эплайман. Баъзи кунларда у нақақадар бу нафақага қадар оч қолган кунларим ҳам кўп бўлган. Аслида менга бир ойда камида 500$  нафақа тайинлаши керак эди. Қулистонда бу маблағга ҳарҳолда одамдек яшаса бўларди. Афсуски,  султонимиз нарх-навони ўн баробар оширса,нафақа пулимизни бир боравор,номигагина кўтариб қўяди,холос. Кейинги пайтларда Қулистон султонига олаётган шу нафақамиз ҳам малол келиб қолди. Шунинг учун ҳам нафақахўрларни тафтиш қилиш учун жуда катта тафтишчилар гуруҳи ташланди. Бу тафтишчилар нафақахўрларнинг шўрини қўритди. Ҳар биримизнинг бўйнимизга миллонлаб қарздорликни илиб қўйишди. Мана,энди олаётган нафақамиздан Қулистон султонига  мажбурий,ўйлаб топишган қарзларимизни тўлаш билан оворамиз.  Кексалик қийин бўлар экан. Нафақани эплаштирим умргузорлик қилишдан чарчаб кетдим. Мен Қулистон султони кечиктирмай ўрнини бўшатиб қўйишини талаб қиламан. Султон истеъфо берсагина қулистон ўзбекистонга айланади. Халқни қулга айлантирган зулмкор султоннинг ўрнига одил,оқил бир раҳбар бизга йўлбошчилик қилишини истайман. Йўқолсин султон,қулликга барҳам берилсин! Бўлажак демократик давлат Ўзбекистон гуллаб-яшнасин!

МУХОЛИФАТ:  Қулистондаги қулликга,ноҳақликка,поразўрликка қарши бош кўтардим. Курашдим. Кураш жараёнида англаб етдимки,қулистонда қулликга барҳам берилиши учун,аввало бу қулдорлик тизимини ўзгартириш,султондан воз кечиш даркор. Ана шундай фикрлаганим учун ҳам мени Қулистон султони мени ўзига мухолиф санайди. Шунинг учун ҳам таъқиб,таҳдид,боис  остида қолиб кетдим. Султон мени мамлакатдан бадарға қилмагунча,тинчимади. Нафат ўзимни,бутун яқинларим,қариндош-уруғимни талашди,тунашди,қамоқларга ташлашди.  Қулистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлдим. Аммо ҳорижда ҳам ўз тинчимни ўйлаб,кунларим осуда ўтаётгани йўқ. Ҳамон халқим дарди билан яшашайман.  Мен халқимни қулликдан,оғир меҳнатдан,азоб-уқубатдан халос бўлишини истайман ва бунинг учун курашаман ҳам. Токи Қулистонда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилмас экан,Қулистонга,қулликга барҳам берилмас экан,курашдан тўхтамайман. Ва биламанки,Қулистон султоннинг инқирози жуда яқин. Кўп ўтмай диктатор султон ўрнига адолатли  сайлов йўли фуқароларни қадрлайдиган одил раҳбар президентликка сайланади. Қулистонни тубдан ўзгартиради.  Яшасин,ўзгаришлар сари олға одимлаётган Ўзбекистон.

ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИ. АСКАР:Ҳозир четдан қараганда аскарларга катта эътибор қаратилаётгандек кўринади гуё. Шунинг учун ҳам ёш йигитларнинг аскарликка ёлланиши бирмунча мушкул бўлиб қолди. Ота-онам ҳам менинг келажагимни ўйлаб,  туман ҳарбий бўлинмасига бир миллон сўмни қистириб,мени бир йиллик аскарлик хизматига зўрға илинтиришган.

Ҳозир Қулистондаги ҳарбий қисмларнинг бирида аскарман. Бу ерга келиб кўрдимки,аскарларнинг ҳоли хароб. Эти ёпишиб,устихони қолган.  Озиқ-овқат масаласи чатоқ. Ўзи бюжетдан аскарларга кам маблағ ажратилган. Қисмга келаётган озиқ-овқатнинг сараси эса командирлардан,озиқ-овқатга масъулларнинг жиғилдонидан ортмайди.  Бир йилдирки бир кунда уч маҳал горлхни қуруқ сувга қайнатиб,бутқа қилиб беришади. Биздек йигитларнинг бунга ичимиз чиқмайди. Гоҳо кечалари очликдан инграб чиқамиз. Машғулотларга ҳам дармонимиз қолмайди. Шу сабаб аскар сафдошларим ўзларига берилган қурол-аслаҳа қисмларини маҳаллий аҳолига пуллашга мажбур бўлишади. Гоҳо озиқ-овқат маҳсулотига “мол айрабошлашади”. Шу усул бўлмаганида эди,аскарлар аллақачон очликдан  қирилиб кетишарди. Баъзан бизни фермерларга кўмакка олиб боришади. Гоҳ картошка ковлаймиз,гоҳ қулупнай терамиз,олма,узум йиққан пайтимиз ҳам кўп бўлган.   Боққа борадиган кунимиз жонимиз киради. Мева-чевага тўйиб қайтамиз.  Омади келган сафдошларим ҳарбий қим катталарининг томорқасига ёлланма ишчи. Уларга маза,командир хонадонининг хоними  уларга бир кунда уч маҳал иссиқ овқат беради. Аскарларга топширилган қурол-аслаҳа қисмларининг,ҳаттоки бутун бошли қуролларнинг “йўқолиб” қолаётганидан командирларимизнинг барчаси хабардор. Аммо бу ҳақда “тепага” рапорт беришмайди. Ўз ўрниларидан қўрқишади.  Ҳарбий хизмат муддатим тугаб бўлаяпти-ю,аммо ҳамон қурол ушлашдан,ишлатишдан бехабарман.  Бу ҳолда Қулистонни қандай ҳимоя қиламиз,ҳайронман…ҳатто ҳарбий хизматда ҳам биз аскарларга қулдек муносабатда бўлишади. Исташса кардошка даласига ҳайдашади,ҳоҳласа чорбоғда ишлатишади,гоҳо пахта чопиқ қилган,терган пайтларимиз ҳам кўп бўлган. Аскарларни истаганча экспулатация  қилишади….  Биз аскарлар гарчи мажбурий қасамёд қилган бўлсак-да,Қулистоннинг султони олиб бораётган сиёсатдан безганмиз. Айнан султоннинг сиёсати биз асаркарни деҳқонга,боғбонга,“полиздаги қўриқчи”га айлантириб қўйди. Аҳволимиздан уялиб кетамиз. Қулдорликни,қулликни лаънатлаймиз. Қулликдан қутилишни,ҳақиқий аскар бўлишни  истаймиз. Қулистон султони шошилинч истеъфо беришини сўраймиз. Зулмкор султон кетсин,унинг ўрнига одил президент келсин. Талабимиз шу.

ЁШ БОЛАЛИ ОНА:Келин тўлиб тушганимга тўрт йил тўлди. Рўзғор тебратиш илинжида эрим қорнимда уч ойлик ҳомилам билан ташлаб,Россияга қараб йўл олганига 3 йилу 6 ой бўлди.   Шу-шу турмуш ўртоғимнинг дийдоридан дарак йўқ. Фарзандим ҳам “ада”лаб,тили чиқиб қолган.  Ҳозир бола тарбияси таътилидаман. Ёш боламга маҳалладан ойига 123 минг сўм берилади.  Бу 40 $ гу тўғри келади. Бу маблағ фарзандимнинг “помпирс”и-ю кашасига  урвоқ ҳам бўлмайди.  Шу пул улгурни қўлимизга бера қолса,кошки эди. Пластик деган балога ташлаб қўйишади. Банкларда пластик чиқаришнинг ўзи муаммоми,дейман,ҳарҳолда,бизнинг маҳаллада бола тарбияси таътилида ўтирган ёш болали оналарнинг ҳар 5 тасига бор йўқи  битта пластик карточка очилган. Битта дугонамизнинг номида пластик бор. Биз тўртта аёлнинг бола пули ўша дугонамнинг пластигига ўтказиб берилади. Ана кейин кўрасиз,пластик карточкани талашишни. Ҳамма пластикни биринчи бўлиб  олгиси,ичидаги маблағини ишлатгиси,нимадир харид қилгиси келади. Аммо дугонам пластигини қўлидан қўйгиси йўқ. Шунинг учун беавлон бирга-бирга таниш банк ходимининг қаршисига умидвор бўлиб борамиз. У ҳар биримиздан 15 фоиз фойда ундириш шарти билан болаларимизнинг маблағларини нақд пулга айлантириб беради.  Шу тақлидда,ит азобда яшаб ётибмиз. Агар шуни яшаш деб аташ мумкин бўлса. Қишлоқда келин бўлиш қийин. Уч йилдирки табиий газ йўқ,электр токи анқонинг уруғи. Тоза ичимлик суви камёб. Қуллар ҳатто ойлаб ҳаммом кўрмайди. Шуни яшаш деб аташ мумкинми? Мен ёш болали она сифатида Қулитсон султонига,у олиб бораётган ишлардан,қуллик тузумидан дод дейман.   Қулистондаги қуллар бу азоблардан қон ютди. Бу уқубатларнинг адоғи болорми? Ўзимнинг умримку хорлик,зорлик билан ўтиб бормоқда. Аммо фарзандимнинг бундай азоблар оғушида қолишини истамайман. Йўқолсин қуллик,йўқолсин султон! Ўзидан бошқани ўйламайдиган султон ўрнига одил президент келсин. Қулистон қуллари ҳам озодликка чиқсин. Яшасин озодлик!

ДЕҲҚОН: Пахта экаман,ғалла йиғаман,ипак қурти боқиб,пилла етиштираман. Чорвачилик,боғдорчилик ҳаммаси менинг гарданимда. Қишлоқ хўжалигидаги барча оғир юмушларга деҳқон балогардон. Аммо ҳали бирор марта  одамдек яшаганимни эслолмайман. Далада тер тўкиб,фақат пахта терими мавсумидагина деҳқоннинг қўли пул кўради. Ғалла экади. Режадан ортиғи,ўзингники,дейишган бўлса-да,“ўроқда йўқ,башоқда йўқ,хирмонда ҳозир” лар – милитция,прокурордан тортиб ҳокимгача даланинг бошида. “План”дан ортиғиниям урвоғигача супириб-сидириб олиб кетишади. Ҳақ талаб қилгудек бўлсангиз,прокурор бирорта айбни бўйнингизга илиб,қамайман деб қўрқитади… Ҳолдан тойиб уйга келсанг газ йўқ,чой,иссиқ овқат йўқ. Телевизор кўрай десанг,свет йўқ. Менку бир оддий деҳқонман,кўп нарсага ақлим етмаслиги мумкин,аммо Қулистон султони аҳолига электр токи бермай,бекорга қийнаётгани йўқдир-ов,деб ўйлаб қоламан гоҳо. Агар ток бўлса,қуллар радио эшитади,телевизор кўришади,компьютерни,интернетни урганиб олишади. Кейин нима бўлади. Қулларнинг қўзи очилади,саводи чиқади. Ҳаётга бошқачароқ боқишни урганади. Кейин.. Кейинми,ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб бош кўтариши мумкин,мана,Қулистон султонини чўчитган нарса нима?! У одамларни нафақат қулликда,ҳатто маърифий-маънавий кўрликда тутиб турмоқчи.  Маърифатсиз қулларни эса тутқунликда тутиб туриш осон иш. Ишласанг,ишласанг,меҳнатингга яраша ҳақ олмасанг,қорнинг тўйиб нон емасанг. Шуям ҳаёт бўлдими?

Мен Қулистон султони ўз жойини бўшатиб қўйишини талаб қиламан. Қулларнинг кўзи очилишини истайман.

Султоннинг думини тугиш керак! Унинг ўрнига ҳақиқатпарвар президент элга бош бўлсин.

ЖУРНАЛИСТ:  Менинг вазифам султонимизнинг оғзидан чиққан ҳар бир каломни шиорга айлантириш. Султонимизга ҳамду санолар айтиш.  Қулистоннинг ҳақиқий ҳаётини эмас,одамларнинг хаёлий ҳаётини мадҳ этиш. Йўқни бор қилиш,тўқиб-чатиш. Элни эртак айтиб,алдаб-авраш. Қулларни саробларга ишонтириш,инонтириш. Уларни Султонимизгагина сажда қилишга ундаш,ургатиш. Бу Қулистон журналистикасининг ёзилмаган қонуни. Кимки бу “қонун”дан четга чиқса хор бўлади,зор бўлади. Ишдан қувилади. Шу касбда унаман десанг ёлғон сўйла,фақат ўзингни ўйла,атрофдагиларни чўпчакларингга ишонтир! Бу ҳамкасбларимнинг шиори. Менинг туну кун ёлғонларни сўйлаб,ёлғон  сайрашларим учун султоним  хар ойда 100$ хайр қилади. Кундалик эҳтиёжим учун эса бир ойда камида 500$ керак бўлади.  Чунки султонимизнинг ойлик ҳадясида Қулистонда умргузорлик қилишнинг имкони йўқ. Шунинг учун  қаергаки бормайлик,корхона,ташкилот,идора,ҳокимият,мактаб,ҳатто боғчага борсак ҳам бир тугунча кўтариб қайтмасак,ётиб,тунлари уйқумиз келмайди.  Буни истамаймиз. Аммо эҳтиёжларимизни қондириш,орзуларимизни ушалтириш учун туҳфа талаб қилишга мажбурмиз. Бизни султонимизнинг ўзлари шунга мажбур қилиб қўйган.

Қулистон султони адолат соясида қолиб кетишини,ўнинг ўрнини одил президент эгаллашини жуда-жуда истаймиз. Аммо бу ҳақда оғиз оча олмаймиз. Кўзимизни кўр,қулоғимизни кар қилишга маҳкуммиз. Султонимиз тахти сурилса,қулликдан озод бўлсак қанийди!

МАҲБУС: Менинг жиноятим султон олиб бораётган нотўғри сиёсатга,ноҳақликка қарши чиққаним. Шунинг учун мени зиндонбанд этишган. Қамоқхонанинг ҳам ўз ёзилмаган қоидалари бор:ўз султони,қули,қулдори мавжуд. Султон мен маҳбусни шу ерда ҳам ўз ҳолимга қўйгиси келмайди. Она-сонда ёлланма маҳбуслар орқали ҳаётимга хавф солиб туради.  Мабодо кимки у дунёнинг дузахини кўрмоқчи бўлса Қулистоннинг қамоқхонасига келсин. Қамоқхона – бу жаҳаннам. Аниқроғи,уни султон атай дузахга айлантирган.  Қамоқхона маъмурияти маҳбусларни одам ҳисобламайди. Айниқса,сиёсий ва диний қамалганларни. Бу  ерда маъмурият  маҳбусларни овқат ўрнига ҳам “дубинка” билан сийлашади,сув ўрнига ҳам “дубинка” билан сийлашади.

Қулистон қуллиги қийнаб қўйди бизни. Биз султонга қаршимиз. Унинг истеъфосини талаб қиламиз. Йўқолсин қулдор султон!

http://birdamlik.info/?p=22103

Sorry, the comment form is closed at this time.