May 222012
 

 

Ўзбекистон республикаси Президенти

И.А.Каримовга

Қарши шаҳри Ёшлар  кўчаси 1 уйда  яшовчи

Гулшан Қораева томонидан

ОЧИҚ ХАТ

Ҳурматли Президент!
Мен Сизнинг “қулоқсиз” қизингиз Сиздан ёрдам сўраб мурожаат қилаяпман.
Ўзингизнинг хабарингиз бор, менга бир неча кундан буён Қашқадарё вилоят
ҳокимияти,  ИИБ ва МХХ томонидан кучли босимлар бўлаяпти.
Бунинг сабаби битта! Мен МХХ билан ҳамкорлик қилишга рози бўлмаганим.
Бу органларда мени жуда ёмон кўришади, буни биламан. Аммо мен ватанимни
жонимдан ортиқ кўраман. Лекин бошқалар устидан чақимчилик қилиб юришни
ўзимга эп кўра олмайман. Бу чақимчиликни кимлардир ватанпарварлик деб
изоҳлаши мумкиндир, аммо менинг фикримча бундай эмас.

Мен ватанимни  бутун дунё ҳавас  қиладиган ватанга айланишини
истайман. Мен истайманки, биз ҳам дунёнинг ривожланган давлатларидек
эркин ва фаравон яшасак. Хўш, ватанга қарши нима иш қилдим ўзи? Мени
айбим хақиқатни ёритганимми?
Нега менга нисбатан таьқиблар тўхтамаяпти? Масалан, кеча кечки пайт
соат тахминан 21.00 да С.Усмонов кўчасида жойлашган гўшт дўконга
бораётгандим. Рўзғор учун бирозгина  гўшт харид қилмоқчи эдим. Шундан
рўпарамда бир йигит пайдо бўлиб қолди.
Салом берди. Мен ҳам алик олдим. Ҳурмат қилган инсонни ҳурмат
қиламан-да. Машина ёнимиздан ўтди, мен уни юзига тикилдим. Шунда мен
унинг юзида менга нисбатан “провокация” деган маънони пайқадим.

Дарҳол йўлимни бошқа томонга бурдим, гўшт дўкон учун тўғрига ўтишим
керак эди. 15 метрлар чамаси юрдим, юрагимга доимо қулоқ солганим учун
орқамга қарадим.  Не кўз билан кўрайки, у йигит мен томонга чопиб
келаётган эди ва бу
менга нисбатан навбатдаги провокациялардан бири эди. Мен ҳам дарҳол
эшиги очиқ дарвозага ўзимни урдим.  Бу уйдагилар менга таниш, улардан
мени уйгача олиб бориб қўйишларини  илтимос қилдим ва сабабини айтдим.

Қарши шаҳрида мен туғилиб вояга етдим. Бу ерда кўпчилик бир-бирини жуда
яхши танийди. Маҳалладагилар эса, ҳамма бири-бири билан иноқ. Бу билан
мен Ўзбекистонда туғилганимдан жуда фахрланаман ва шукр қиламан.

Ҳурматли Президент, ўтган йили мен Европага сафар қилдим. Европа менга
ёқди, эркинлик ва фаравон хаётни ўз кўзларим билан кўрдим. 15 кунлар
бўлдим чамаси. У ерда ҳам мени ватандошларим кутиб олишди. Мен
миннатдорман ўз ватандошларимга.
Биласизми менда  қанақа соғинч уйғонди? Ватан соғинчи!
Шведцияда бўлган пайтимда www.bbcuzbek.com  сайтида Фарғонада  зилзила бўлганини ўқиб қолдим.13  киши ҳалок бўлган экан. Биласизми қўлимни дуога очдим.
Яратган эгам ватанимни ўзинг асра деб дуолар ўқидим.

Узоқда туриб ватанимиз хақида, фожеани эшитишим менга  ёмон таьсир
қилди. Мен ватан томонга қараб учгим келди, худди зилзилани мен
тўхтатиб қола оладигандек ҳиссиётим бор эди. Қўлимдаги авиа чиптани
эса вақти бор эди. Мен Европада ватанни жуда-жуда севишимни ҳис
қилдим. Бу кечинмаларимни анча пайт илгари ёзишим керак эди. Кўриб
турибсизки, ҳамма нарсанинг мавриди бўлар экан. Мен бахтли инсон эдим,
биласизми нимага? Чунки менда уйга қайтиш имкони  бор эди.
Мухожирликда юрган ватандошларимдан менинг фарқим шу эди. Мен бироз
кунларимни  ўтказганимдан сўнг ортга қайтиш вақтим ҳам келди.

Шу билан бирга, дунё қарашим ҳам ўзгарди. Мен самолётда учаётган
вақтимда ва ерга қўнгунимча ватанимнинг тупроғини кўзимга суртаман
дегандим. Мен шу тупроқни кўзимга суртдим. Мен яширмайман, баралла
айтаман. Ватанга қайтсам, жазирама иссиқ бошланган экан. Дўзахни
иссиқлигидай иссиқ бўлса ҳам бу ватан экан. Мен онаман, қайси она
фарзандларини урушда, вояга етказишни истайди? Бундай оналар йўқ!
Фарзандини севган аёл, ватанини хам севади! Мен халқ душмани эмасман,
Ҳурматли Призедент! Кейин, Сталин даври қатағонлари ўтиб кетган! Менга
ҳозир Сизнинг қўл остингиздагилар кун беришмаяпти. Нега?

Мен Сиздан ёрдам сўраб мурожааат қилишимдан  мақсад биласизми нима?
Менда ҳеч қаерга қочиб кетиш ниятининг йўқлиги! Фарзандим ногирон ва
мен у билан бошқа мамлакатларда бўлишни истамайман! 10 йилдан буён
анча чарчадим, бу ногирон болани эса еру кўкка ишонмаганман. Агар мен
чиқиб кетсам, фарзандим нобуд бўлади.Чунки уни олиб чиқа олмайман.

Илтимос, ҳурматли Президент,  мени қишда отмагандингиз. Шу сафар
фарзандларим билан бирга  1 июнь куни отиб ташланг. Мен  душман
эканман, МХХ ва ИИБ томонидан менга нисбатан тазйиқлар тўхтамаётган
экан, шу ягона маъқбул йўл бўлса керак. Мени бу ватанда яшашга имкон
бермаётган эканлар, мен ҳам нимадир сўрашга хақим бордир! Менинг
ўлигим ва қабрим ҳам ватанда қолиши керак! Мени МХХ ва ИИБ
таъқибларидан фақат шу билан қутқаза олишингиз мумкин деб ўйлаяпман

 

22- май, 2012- йил.

Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти
Қашқадарё вилоят бўлими раиси

 

Sorry, the comment form is closed at this time.