May 212012
 

Шоир Ёдгор Обид

Жондан азиз, метин иродали дўстларим!

Ўтган узоқ йиллар давомида барчангизни озодликда кўриш, давра суҳбатларимизга қайтиш, дардлашиш умиди билан яшадим. Ҳали ҳам умидларим ўлган эмас. Лекин умр ўтиб бораябди. Ёшим ҳам бир жойга бориб қолди. Сизларга умр ва сабр- қаноат, бундан ҳам кучлироқ матонат тилайман.

Ҳарҳолда сиз мендан ёшроқсиз, жинояткор ҳукумат малайлари минг турли қийноқлар, зуғумлар қилиб ҳам синдиролмаган кучли иродангиз бор. Балки кўзим тиригида, балки мендан кейинроқ, албатта озодлик юзини кўришингизни ҳали- ҳамон орзу қиламан. Биз доим яхши орзулар билан яшаганмиз. Эл-юртга омонлик, тинчлик, чин маънода эркинликлар тилаганмиз. Орадан йиллар ўтди. Биз бу орзуларимиз, тилакларимиз йўлидан қайтмадик.

Сўнгги марта дўстлар ёрдамида тор зиндонни тарк этиб, Бокуга қочиб борганимда Журналистларнинг: „ Каримов ҳукумати яна қанча давом этиши мумкин? „ деган саволларига мен содда: „ Уч ойдан ошмаса керак.“ деб жавоб берган эдим. Хато қилган эканман. „Ёвузликнинг умри қисқа“ деган ақидага қаттиқ ишонган эканман. Аслида ўрнашиб олган диктатуранинг умри узун бўлишини билмаган эканман. Қаердан ҳам билай… Ҳаммамиз ҳам аслида коммунистик ғоялар исканжасида яшадик. Кўп нарсалардан беҳабар бўлдик. Ақлимиз етганча тушунишга, ҳақиқат илдизларини топишга, адолат сўзи мазмунини, мағзини излашга, унинг устиворлиги учун курашишига қўлимиздан келганича харакат қилдик. Сизлар билан давраларда қилган ниятларимиз фақат яхшилик эди. Бу яхши ниятлардан мафиябоз- жинояткор ҳукумат манфаатдор эмасди. Ана шу манфаатларидан, ўз халқини талон қилиш имкониятларидан ажралиб қолиш ваҳмида талвасага тушиб қолди. Барча эзгу орзуларга гўр қазиш тараддудини бошлаб юборди… Мамлакатнинг барча аҳолиси
фақат ана шу жиноятчиларга моддий манфаат келтириш манбаига айланди. Ҳечким ўз ҳалол
меҳнати маҳсулини талаб қилолмайдиган бўлди. Ўз қонуний ҳақларини талаб қилганлар Паркент, Бўка, Наманган, Тошкент талабалар шаҳарчаси, Андижонда рўй бергани каби ўз қонларига ғарқ қилиндилар. Ўз даҳшатли жиноятларини қонунлаштириб ҳам олдилар ва энди уларни ҳечким жиноий жавобгарликка ҳам тортолмайдиган бўлди… Бу- даҳшатли ҳол давом этаябди.

Шундай дамларда мен сизни ўйлайман.
Сиз тор зиндон азобларини тортиб ётибсиз.

Бу зиндон азобларини мен ҳам татиб кўрдим. Шунинг учун ҳам аҳволингизни етарлича тасаввур қиламан. Ваҳм босади. Биламан, баъзан бу мудҳиш кунларнинг, соатларнинг, дақиқаларнинг охири йўқдек кўринади… Кечалари уйқум қочиб, сизга бардамлик, сабр- тоқат тилаб, яратганга илтижолар қиламан. Ҳаммамизнинг кўнглимизга яқин бўлган шоир Рауф Парфига қўшилиб, „ Кун яқин. Кун яқин!“ дея бақиргим келади. Зора бу оғриқли овозимни эшитсалар деб ўйлайман…Дардингизни бироз бўлса ҳам енгиллатиш қўлимдан келмаганидан қийналаман. Ўзимни сизнинг ёнингизда гуноҳкордек ҳис қиламан. Сиз- у ерда, тор зиндон азобларини тортиб ётибсиз. Мен- Ватандан узоқда, озодликда юрибман. Юртимиз, ҳалқимиз озодлиги йўлида бирор манфаатли иш қилаоларман деган ниятларим бор эди. Арзирли иш қилолмаганимдан эзиламан…

Сизни ўйлайман.

Бир замонлар давраларда қурган суҳбатларимизни эслайман: У суҳбатлар мавзуъси- Ватан, миллат тақдири, Буюк туркистон кенгликлари бўлгувчи эди. Буюк Туркистон муаммосини ўзининг „Қуламас қоялар“ романи ва бошқа кўплаб асарлари воситасида дадил кўтарган Мамадали Махмуд бўлганди. Кейинроқ у Эврил Турон тахаллусини қабул қилди. Унинг учун Туркистон, Туркистон бирлиги ва озодлиги ғояси – муҳим ҳаётий ғоя эди. Мамадали билан яқинлигимиз болалик чоғларимиз Мирзачўлда бошанган.. Орадан қанча йиллар ўтиб, тақдир яна бир йўлда тўқнаштирди. Ёзувчилар уюшмасида бирга ишладик. Асарлари муҳокамаларида қатнашиш насиб этди. Ғайратли эди. Туғёнли яшади. Унга қарши тазъйиқлар Советлар давридаёқ бошланди. Охири унинг дадил, эркин фикрлари хукуматни эгаллаб олган ёвуз кучлар учун ўта хатарли кўринди. Зиндонга ташлаб, „синдириш“ харакатини бошлаб юбордилар. Йўқ, қўлларидан ҳечнарса келмади. Мамадали „ сингувчилар“дан эмаслигини ҳали- ҳамон тушунолмадилар. Тушунолмайдилар ҳам. Унинг метин иродаси олдида заифликлари яна бир бор фош бўлди. Мен Мамадали тақдирини кўз олдимга келтириб, бир шеър битгандим:

Кўз ўнгимда-занжирбанд хаёл,
Кўз ўнгимда титраётган жон.
Мажруҳ вужуд-ингроқ бир савол,
Мажруҳ умид- энг сўнгги имкон.

Сағир туйғу. Ўйлар ҳам сағир.
Бунча тахир бўғиздаги қон.
Насиб экан. Шу экан тақдир…
Тақдир бўлиб қологан имон.

Ватан, менман ўртанган вужуд,
Осмонингда туйғулар сарсон.
Орзулар ҳам тентир беҳудуд-
Ўтга уриб ўзин беомон…

Хаёлимда бир қултум нафас,
Бир қултум эрк сен учун бу он…
Наҳот сен ўз- ўзингга қафас,
Мен- ўзингман. Мен ахир Турон!

Мен бу шеърни ёзаётган пайтимда Мамадали ва у билан бирга тор зиндонларда азоб чекиб ётган барча ҳамфикр, ҳамдард, эркталаб дўстларимнинг ёрқин сиймолари кўз ўнгимда эди.
Ниҳоятда нозик дидли шоир ва ўзига хос адиб Эмин Усмонни сўроқ жараёнида азоблаб ўлдирганларини унутиб бўладими! У менинг синфдошим эди. Кўпинча бир партада ўтирганмиз. Янги ёзган нарсаларимизни дастлаб бир- биримизга ўқиб, фикр алмашгучи эдик. Энди у йўқ. Мардлиги истеъдодига яраша эди. Орадан кўп вақтлар ўтиб, унинг умрининг сўнгги кунларида ёзган шеърлари менга етиб келди. Алам ва шижоат тўла шеърлар эди! Афсуски улар ҳозир қўлимда йўқ.

Ёдингизда бўлса, Абдулла Қодирийни совет терговчилари тергов пайтида қийнаб, уриб ўлдиришган эди. Эмин Усмон ва Шовруқ Рўзимуродни юртимиз „мустақиллиги“ даврида ҳудди ўша ҳолатда ўлдиришди. Бу шуни кўрсатадики, бугунги мустақиллик- ўта нисбий, ҳали биз ҳақиқий мустақилликка эришганимиз йўқ. Демак, ҳали кураш давом этади.

„ Ёвузликка қарши курашмаслик- номардлик! „- бу Шовруқнинг мен ўз қулоғим билан эшитганим сўнгги гапи. Бирнеча бор уйларида бўлиб, тузини ичганман. Оллоҳ раҳматига олган бўлсин!

Мен сизни ўйлайман.

Айниқса дўстим Мурод Жўранинг сиймоси сира хаёлимдан кетмайди. Ниҳоятда маданиятли, ҳушмуомала, дили пок, тўғрисўз инсон. Оҳирги марта Бокуда кўришганмиз. Адиб ва шоир Жаҳонгир Муҳаммад қамоқдан қочиб чиққач, ҳамроҳ бўлиб келганди.Бирнеча кун бирга бўлдик. „ Ўзбекистон-икки қаватли зиндон. Бири -тор, бири-кенг, яъни- бутун мамлакат“ деган гапи эсимда. Унинг мардона ишлари ҳақида китоблар ёзишнинг ўзи камлик қилади. Афсуски, менинг қаламим ожиз… Ишончли хабарларга кўра, тишлари тамоман тўкилиб кетган. Даволаш ўрнига қийноқларнинг турли усулларини қўллаб, азоблайдилар, хўрлайдилар, синмас руҳини синдириш харакатида бўладилар… Унинг айби нима эди? Миллат вакили сифатида астойдил ишлади. Меҳнат аҳлининг юкини енгиллатишга, ноҳақликлардан ҳимоя қилишга уринди. Ҳақ гапни катта минбардан туриб очиқ айтаолди. Собиқ СССР ҳудудларида биринчи бўлиб милицияни сиёсатдан ташқари деган мазмунда қонун лойиҳаси муҳокамасини таклиф қилди. Ўзи яшаган шаҳарда бу мақсадини вақтинча бўлса ҳам амалга оширди. Аслида бу- инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ масала эди. Яъни, ҳарким ўз сиёсий фикрига, қарашларига эга бўлиши мумкин. Милиция унга қаршилик кўрсатишга ҳақли эмас. Унинг бошқа муҳим вазифалари бор. Ўғри, қароқчи, товламачи, зўровонлик билан бошқаларга зуғум ўтказувчиларга ва бошқа жиноятчиларга қарши курашиши, турли кўринишдаги жиноятларнинг олдини олиши керак… Бу унинг қанчалар илғор фикрли сиёсатчи эканлигининг исботи эди. Жиноятчи ҳукумат бошлиқлари уни қўллаб қувватлашлари ўрнига, суиқасд уютиришди. Бу ёвуз ниятлари амалга ошмагач, очиқдан-очиқ туҳматлар уюштириб, зиндонбанд қилдилар…

Мен сизни ўйлайман.

Биз ҳалқчил сиёсат ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини – адолатнинг икки қаноти сифатида қабул қилгандик. Харакатларимиз ва курашимизнинг асосий йўналиши ҳам шу эди. Бу эса фақат жиноятчиларга, ҳалқ мулкини таловчиларга, виждонни эмас, жиғилдонини ўйлаб, ҳокимиятга интилувчиларгагина ёқмаслиги мумкин эди. Шундай бўлди ҳам. улар энди ўз ёвуз ниятларига эришдилар. Хокимиятга келдилар. Халол меҳнаткашлар, бева- бечоралар, етим- есирларнинг сўнгги бурда нонларини зўровонлик билан тортиб олиш имконини қўлга киритдилар. Ана шу имконларини қўлдан чиқармаслик учун ҳечбир пасткашликдан, очиқдан- очиқ бегуноҳ одамларнинг қонларини тўкишдан қайтмадилар ва қайтмайдилар ҳам. Бу ишларни кўриб туриб, шоир Юсуф Жуманинг оташин қалби исёнга келди. Шоир ўз фарзандлари, оиласини ёнига олиб, жангга отилди. Жиноятчи тўдаларнинг хокимиятдан кетишларини талаб қилди. Бу- шоирнинг ва унинг оиласининг фавқулодда мардлиги эди. Тошкентда эканимда Юсуфжон билан кўп учрашардик. Бирга шеърхонликлар қилганмиз. Шеърларида ҳам ўзининг жўшқинлиги кўзга ташланиб турарди. Ўзи билан сўзи бир эди. Лирик қаҳромонлари асосан оддий меҳнаткашлар… Жиноятчи хукумат ҳимоясиз бир покиза оилага қарши бутун бошлик қуролли қўшилмаларини ҳатто зирҳли ҳарбий техникаси билан ташлашдан уялмади. Дўстим деб ўйлаган бирининг сотқинлиги сабаб, ҳибсга олинди. Ҳатто ҳибсхонада ҳам ўзини ҳалқининг ҳақиқий фарзандидек тутди. Яратганга шукурлар бўлсинки, ҳалқнинг жонкуяр, адолат учун курашчи шоири жамоатчилик талаблари таьсирида озодликка чиқди ва ҳозир Америкада оиласи билан бирга . Шоир- ҳамон курашда. Ҳаёт давом этаркан, кураш ҳам давом этади…

Сизни ўйлайман.

Дилмурод Саиднинг веб-сайтларда кўринган барча мақолалари ва шеърларини қолдирмай ўқиб борардим. Юртни тарк этганимга йигирма йилдан ошди. Кўпларни, жумладан, Дилмуродни ҳам Тошкентда шахсан учратган- учратмаганимни яхши эслолмадим. Қалами пухта экан.

Асарларидан чуқур илм эгаси эканлиги кўзга яққол ташланиб турарди. Рауф Парфига яқинлиги борлиги янада ҳурматимни оширди. Менда у билан суҳбатлашиши иштиёқи уйғонди. Кутилмаганда бир кун е-майл адресимга унинг хати келиб тушди. Кўнглимдаги гапни билгандек, „ Сиз билан бир мириқиб суҳбатлашгим бор. Гапни нимадан бошлашни билмай турибман“ деб ёзибди. Менинг ҳам айтадиган, сўрайдиган гапларим кўплигини, кейинроқ батафсил хат ёзишимни айтиб, қисқагина жавоб ёздим. Афсус, иккинчи,батафсироқ хатимни ёзишга улгурмадим. Уни ҳам ҳибсга олингани ҳақида ҳабар келди. „ Йигит боши тошдан қаттиқ“ дейишарди. Шундай экан. Унинг бошига тушган кулфатларни эсласам, юрагим орқага тотиб кетади. Тергов жараёнида тортган азоблари, эшитган ҳақоратлари, ноҳақ жазога ҳукм қилингани етмагандек, тор зиндонда ётган чоғида севикли оиласидан, фарзандларидан жудо қилишди. Улар дийдор кўришиш ниятида кетаётганларида машинани СНБ югудаклари портлатиб юборишди. Унинг гуноҳи нима эдики, шу қадар ваҳшиёна ўч олишса! Ахир у шоир эди. Журналист эди. Бирор давлат бошлиғининг ўз ҳалқига бу қадар душманлик қилиши тарихда жуда кам учрайди. Ҳатто хонликлар, подшоликлар даврида ҳам бунақасини топиш қийин. Ҳозирга қадар оиласи фожеъаси хабарини эшитган Дилмурод қандай ҳолга тушди экан деган оғир хаёл мени тарк этмайди…У ўз ижоди воситасида ҳақиқатни айтди. Ижод қилиш, фикр айтиш эркинлиги учун шу усулда, амалий ишлар воситасида курашди. Унинг асосий „ гуноҳи“ шу эди. Аминманки, шоир иродасини шу мудҳиш уқубатлар ҳам синдиролмади. кураш давом этаябди!

Мен шуларни ўйлайман.

Кўнглимга яқин,шахсан таниш бирнеча номни тилга олдим. Аслида улар бугунги режим қурбонлари бўлган ўн минглаб бегуноҳ, ҳалол, меҳнаткаш, эркталаб эркак ва аёлларнинг узвий бир бўлаги холос. Динга эътиқоди баҳона қамашлар ҳам одатга айландики, буни ҳечқандай йўл билан оқлаб бўлмайди. Жиноятчи хукумат ўз жиноятчилигини билади, шу сабабли ҳам ўзининг бу жиноятларини яшириш, хаспўшлаш учун талвасада одамларни қўрқувда тутиб туришнинг турли усулларини излайди. Ҳар кимса унга даҳшатли душмандек кўринаберади. Шунинг оқибатида бу хукумат аллақачон ўз ҳалқининг душманига айланиб бўлди. Энди зиндонга ташланганларнинг иродаларини синдириш, ўз манфаатларига хизмат қилдириш мақсадида қийноқларга солади, азоб беришнинг ҳатто немис фашистлари ҳам қўлламаган усулларини қўллайдилар. Масалан, қайноқ сув воситасида азоблаш, сочларини қириб, бир меёрда томчилаб турган сув остида икки соатлаб, букчайтириб ўтиғизиб қўйиш, тирноқларини суғуриб олиш, эркакларни ғурурини ўлдириш учун зўрлаш, аид (сўзак) касаллигини сунъий равишда юқтириш, оёқ- қўлини боғлаб қўйиб, товонга резина таёқлар билан уриш, омочга қўшиб, ер ҳайдати ва омочни тортиш жараёнида тинимсиз савалаб бориш ва бошқа қийноқ усуллари шу пайтга қадар бирон бошқа мамлакатда қўлланмаган. Бошқа одатий жазо усуллари ҳақида ёзиб ўтирмадим. Фақат ўзбекистон тор зиндонларида қўлланиш биринчи бор йўлга қўйилди. Мен бу гапларни осмондан олиб ёзаётганим йўқ. Қамоқхоналардан бир амаллаб чиқарилган юзлаб мактубларни ўқишимга тўғри келди. Уларни ўқишнинг ўзи ҳарқандай тошюрак одамнинг вужудларини титратиб юборади. Сиз шундай азобларга бардош бераябсиз. Сизни синдиролмадилар. Демак курашаябсиз. Сизни унутаолмаймиз.

Сизни ўйлаймиз.

Тўғри, бу азобларга дош беролмаганлар, „синган“лар ҳам бор. Асосан синдирилганларгина озодликка чиқаябди. Улардан жиноятчи хукумат ўзига кераклича фойдаланаябди. Кўплари Европадаги қочқинлар орасига ҳам ташланган. Иғвогарлик, мухолифотдагиларнинг ораларида фитна қўзғаш, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ниқобида бу соҳанинг ҳақиқий жонкуярларини обрўсизлантириш каби ғаламис ишларни амалга оширишади. Улар- бошқа тоифадагилар. Шулардан баъзилари ҳатто „ Ўзбеклар- қул миллат, фақат шунгагина муносиб“ дея ҳалқимиз шаънига ҳақорарат тамғаларини босишгача бордилар. Ахир биз сиз билан шу ҳалқ эрки, озодлиги учун курашмадикми? Курашмаябмизми… Сиз ҳам уларнинг кимликларини яхши биласиз.

Сиз эса курашаябсиз. Бардошингиз, иродангиз кучлилиги, синмаслигингиз билан курашаябсиз. Йўқ, улар сизни синдиролмадилар. Демак, сиз ғолибларсиз.

Мен сизни ўйлайман, дўстларим. Ўйлайман, қайғураман, ғурурланаман. Ҳамон озодликда кўришишни орзу қиламан.

Нима ҳам қилаолардик, ҳалқимизнинг адолат ва ўз ҳуқуқлари учун кураш йўлларида, жараёнларида доим доим сотқинликлар ва сотқинликлар, „қулоқлар“ ва „тиллар“, яъни, айғоқлар, „тисарилувчилар“, „тавбачилар“ бўлган. Буларни ҳаммамиз яҳши биламиз ва буни табиий ҳол деб қабул қиламиз. Лекин шулар ҳам, ёруғ кунлар келганда машаққатларимиз маҳсулларидан баҳраманд бўлишади. Эсингизда бўлса, Ватандаги суҳбатларимизда мазкур масалалар ҳусусида ҳам баҳслар қилганмиз. Уларнинг барча уринишлари, муғомбирлик, мунофиқлик билан қўйган ҳарқандай тузоқлари бизнинг эзгулик йўлидаги курашларимизга тўғоноқ бўлолмайди. Улардан қасос олиш ниятимиз йўқ эди, ҳозир ҳам бундай майдакашлик ниятларидан узоқмиз. Иймонларига ҳавола қиламиз. Бизни ҳечким ва ҳечнарса ўзимиз танлаган йўлдан қайтараолмайди. Кураш давом этади. Оғир кураш.

Мен сизни ўйлайман.

Бугуни кунда қўлимизда сиз ва сизга ўҳшаш зиндон азобини тортиб ётган дўстларимизнинг юрак қони билан битилган кўплаб мактублари бор. Бу мактубларнинг ҳаммасидан ҳаёт ва кучли сабот нафаси уфуриб турибди. Бу мактубларни битиш ва бешафқат назоратчиларнинг ўткир қонталаш кўзларини шамғалат қилиб, олиб чиқишнинг ўзи ҳам катта жасорат талаб қилади. Ўзбекистонни умуман катта қамоқхона, жазо лагери дейишади. Қамоқхона ичида қамоқхона, жазо лагерлари ичида- жазо лагерлари… Жабрланувчилар ва жабрловчилар мамлакати. Назоратчилар ва маҳбуслар салтанати!

Сиз йўллаган мактубларни ўқишнинг ўзи нақадар оғир! Юракларни ларзага солади…
Уларда баён этилган даҳшатлар, оғриқлар, ингроқларни бизлар ҳам ўз вужудларимизда ҳис қиламиз. Биламиз, сизнинг синмас руҳингизни синдириш мақсадида қийноқларнинг улар қўлламаган усуллари қолмади. Саводсизларча битилган „Ўзбекитон гимнини“ мажбурлаб айттиришнинг ўзи таҳқирлаш бўлса, бу ҳам етмагандай, баланд овоз билан айтмаганнинг бўйнига омоч боғлаб, ер ҳайдаттириш, ҳар қадамда резина таёқлар билан савалаб бориш, қизиган темир билан „ тамғалаш“, тирноқларни суғуриб олиш, эт ва тирноқ орасига занглаган, учи ўткирланган сим тиқиш, турли касалликлар юқтириш, қайноқ сувга ботириш, мунофиқона йўллар билан ҳукуматни тепасига чиқиб олган „бошизм“ бошлиғи суратига таъзим қилиб, чўк тушириш ва шунинг давомида тинимсиз савалаб туришларидан мақсадлари- сизни умидсиз, эътиқодсиз, бўйсунувчан маҳлуқларга айлантиришдан бошқа нарса эмас… Қўлларидан келмади ва келмайди ҳам! Улар сизнинг кучли иродангиз, саботингиз, эътиқодингиз қаршисида ожиздирлар. Сизни синдиролмадилар, дўстларим. Иншооллоҳ, чекаётган уқубатларингиз беҳуда кетмайди. Ёруғ кунлар келади. Ишончларимиз дарз кетмаган, у сизнинг метин иродангиз қадар мустаҳкам!

Эзгу умидлар-сиз билан.

Эзгу орзулар- сиз билан.

Метин иродангиз қаршисида бош эгаман.

Сизни ўйлайман, дўстларим.

Сизни ўйлайман…

Ёдгор Обид.

http://zamondosh.blogspot.com/2012/05/blog-post_6150.html#more

Sorry, the comment form is closed at this time.