Apr 292012
 

Айрим фикрдош, маслакдош, ҳамкорларга икки ҳафтага хизмат сафарига кетаётганимни айтгандим.Бу фурсат ичида Замондошнинг фаолияти бироз бўлсада сусайгани йўқ менимча. Бироқ аудио ва видеоматериаллар кам бўлди. Чунки сафарда бўлган жойда интернет тармоғи бор, лекин унда эшитиб ё кўришиб гаплашиш, овоз ёки тасвирни ёзиб олиш имкониятлари йўқ эди.

Дўстларимиз сайтга янгиликларни жойлаштириб боришда кўмаклашиб туришди. Уларга  кўпгина ташаккурлар .

Албатта ўзаро  суҳбатларда ҳамкорлар, ҳамфикрларга яна миннатдорчиликларни изҳор этармиз, лекин ҳамма билан ҳам очиқ мулоқот қилиш учун уларнинг имкониятлари, баъзиларининг эса истаклари бўлмагани боис,  шу майдондан туриб мурожаат қилиш қулайдир.

Энг кўп раҳмат ва ташаккурларимизни бизларни танқид қилган, сўккан, ҳақорат қилган, турли биздаги бор ва йўқ сифатлар билан, таҳқиромуз гап сўзлар тарқатганларга айтмоқчимиз. Биз деб айтаётганим боиси сийловсўзлар биргина менга эмас, балки барча оила аъзоларимизу, дўсту биродарлар, Замондош фаоллари-ю, ўқувчилари, мухлисларига ёғдирилди. Лекин ташаккурномалар бошқалар эмас шахсан ўз номимдан, деб қабул этасизлар.

Юқоридаги карикатурани эса вақт сарфлаб, тайёрлаб жўнатган ўқувчига ҳам раҳмат. Ахир уни Замондошда кўрсатиб бир мириқиб кулай, деган бўлсалар муродларига етганлари қутлуғ бўлсин.

Нуроний  донишманд боболардан эшитганим бор эди. Ҳақми ё ноҳақми сенинг номингга, шаънингга бўлмағур бўҳтонлар ёғдирсалар асло ранжима, чунки яратганнинг ҳар бир бандасида етарли гуноҳлари бўлади, шу жумладан сенда ҳам етарли. Ранжима, деганим сабаби шуки,  улар сени номақбул сўзлар билан сийлар эканлар, гуноҳларингни олишади. Билиб ё билмай қилган гуноҳларингдан хорич бўласан, дейишар эди.

Шунинг учун ҳам ўтган нафақат икки ҳафта давомида, балки бутун умрим давомида мени қарғаган ва маломатлар ёғдирганларга марҳаматлар бўлсин, раҳмат ва ташаккурларим бўлсин.

Оддий тоғ қишлоғидан заминга оёғи теккан мендайин одам  боласини шу қадар азиз қилиб, номи жимжимадор “донғи” кетган хорижий матбуот нашрлари, радио-ю ТВларидан туриб кўтар – кўтар қилиб, исми шарифимни оғизларига олиб эслаб, турли сифатларга бўяшларидан, эътиборсиз қолдиришмагани  ва қолдиришмаётганидан мамнунман.

Мени дўст санаётганларга ҳам, душман санаётганларга ҳам қайси соҳада муваффақият излаётган бўлсалар,  агар у инсониятга наф келтирса омадлар ёр бўлсин! Кимки нимани астойдил қидирса,  ўшани албатта топажак. Демак ҳар бир киши ўз танлагани, ўз истаганига етиши ва топиши муқаррар.

Балки айримлар айтишлари мумкин, барибир сизни ҳақорат қилганларга ташаккур айтмаслик керак. Балки ўшандай , деганлар ҳақдирлар. Лекин мени ҳақорат қилаётганлардан фарқим бўлиши керакку. Масалан уларнинг аксарияти халқ номидан гапиришади ва халқ ҳисобидан нон ейишади. Демак ўша халқ номидан гапириб, халқ нонини еяётганлар мен каби халқ вакиллари бўлган нотавонларни  сўкиб, ҳақорат қилиш эвазига еяётганларини оқласалар керакда.

Яна билмадим. Оддий қаламкашликни ҳавас қилганни  ақли жуда кўп нарсаларга етавермайдику. Билмаганим учун эса кечириб қўйишар, деб умид қиламан, сўкаман дейишса ҳам бош устига, чунки юқорида айтганимдай гуноҳим тўкилар.

Дарвоқе, яна шуни ҳам айтиб қўйиш  керакки, ўзбек халқига зиён етказувчи ҳар қандай ҳаракатни, кимсани аяб ўтириш йўқ, аксинча аёвсиз танқид қилишда давом этаман. Бу ёғига ҳам узр…

Ҳаммага ҳурматлар ва ташаккурлар билан Ризо Обидов.

PS: Менга қарши компромат излаётганларга: Аниқ эсимда йўқ, лекин  икки   ё уч марта бўлса керак шошганимдан ички калташим ва майкамни тескари кийганимни кейин билиб қолганман. Келгуси айтгу ёки ёзғуларингда бемалол фойдаланишларинг мумкин.

http://zamondosh.blogspot.com/2012/04/blog-post_5425.html#more

Sorry, the comment form is closed at this time.