Apr 252012
 

Диққат, ўзбек мухолифати ҳақида янги китоб!Бу китобда барча мухолифатчиларнинг портретлари бор.


Холдор Вулқоннинг “Бўроннома” китобидан 2-боб.


Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов)

Бир хил шоирлар узоқ йиллар санъат асари деса арзигулик шеърларни ёзиб юрадиларда, бирдан ижодини тўхтатадилар.Чунки, улар ўз бошига тушаётган қийинчиликларнинг сабабини ўз ижодидан кўра бошлайдилар.

Тарихга қараркан, дор оғочидаги сиртмоқда чайқалиб турган Шоҳ Машрабнинг жасадига, у жасадни хомталаш қилаётган қарға – қузғунларга кўзи тушади.

Ундан нарироқда уч – тўрттаси Насимийнинг терисини шилишяпти. Узоқ Хиндистондаги саройнинг ойнасиз дарчасидан мўралаган ой шуъласида кўз ёшлари ялтираб, Бобур ўз киндик қони томган юртини соғинганича, кўз ёшларини зарбоф тўнининг енгига артиб, ҳўнг – ҳўнг йиғламоқда.

Шу пайт зулматда янграган ўқ овози шоирнинг диққатини тортади. У ялт этиб қарайдию, юраги ортига тортиб кетади. Қарамаса ҳам бўлар экан аслида. Чунки қор узра ўз қонига беланиб, жингалак сочлари ва бакембардалари изғиринда хилпираётган, дуэльда ўққа учган шоир Пушкин ётарди. Чалажон қўлларида осечка берган лаънати револьвер. Нарироқда хассаси билан цилиндр шляпаси ҳам ётибди, хунук қорайиб. Узоқ Испаниянинг Севилласидами ё Андалузидами шовқин сурон кўтариларкан, шоир ўша тамонга бўйнини чўзиб қарайди.

Кўча тўла одам. Испан тилида бир нарсалар деб ҳайқиришмоқда. Оломоннинг олдида оқ кўйлак кийган озғин, чувакюз, қош – кўзи қоп – қора, ёш шоир кетиб бормоқда.Бирдан қарса – қурс ўқ овозлари янгради. Ярамаслар! Лоркани отиб қўйишди! Эҳ Фэдерико… Фэдерико! Сиёсатга аралашмай ойдин шеърларингни ёзиб юрсанг бўлардику! Шоир энди тез ёрдамга қўнғироқ қилмоқчи бўлиб, уяли телефонини олувди ҳамки, қайдадир, уйғуристон чўлларидами, ҳайтовур қоронғулик қаърида Зокиржон Холмуҳаммад ўғли “Адашган ит каби Фурқат, қаён борғум билолмасмен, Қачон бўлғайки топғаймен, хабар ёру диёримдин!” деб нола қила бошлади.

Шохимарданда бўлса, Таваккал Қодировнинг “Ўйласам шу дилбарим” қўшиғини ёзган (Ниҳоний)ни, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийни “Туркистон!” дея қайғургани учун тухматлар уюштиришиб, ярим ялонғоч қилиб, тошбўрону сангисор қилиб ўлдирмоқдалар!Ана, Ҳамзахон, йиқилди, ўз қонига беланди. Унинг бош чаноғини тош билан уриб, чақиб ташлагангани туфайли шоирнинг бир кўзи юзи билан бирга ичига кириб кетган. Вафотидан кейин худди масхаралагандай, маърифатпарвар, демократ шоирнинг руҳини тахқирлаб, худосиз большевизм куйчисига айлантирдилар. Уни ҳам жисман, ҳам маънан таниб бўлмайдиган даражага келтирдилар.Улардан берироқда Чўлпонлар, Абдулла Қодирийлар, Боту, Элбекларни хандак қирига қатор қилиб, тизиб, бешотардан отмоқдалар. Узоқ шарқнинг совуқ ўрмонлари. Сирота деган аёл қалин қорда отга қўшилган ченани ҳайдаб, махбусларнинг совуқда тўнғиб қолган жасадларини ташимоқда. Ана битта совуқ урган қўллари ва оёқлари кесиб ташланган тўртбурчак мурда ченадан тушиб қолди. У музлаб қолган тўртбурчак жасад ўзбек шоири Усмон Носирнинг жасади. Эҳ, Усмон Носир… Узоқ шарқда ириб кетган Усмоним, ЎЗБЕКИСТОНИМ!.. Кейин қамоқхонда ақлдан озган Осип Мандельштам шоирнинг эътиборини ўзига тортдию, ҳайрон бўлиб қолди. Мандельштам “ЭНКВДэшниклар ухлаётганимда шприцда томиримга дори ҳайдаб ўлдирадилар” дея васвасага тушиб, кўзларини ола – кула қилиб, тун бўйи ухламай, одеялнинг йиртиғидан эшик тамон қараб ётди. Мана, у овқатланаётиб, “Нонимни ЭНКВДэшниклар заҳарлаган” дея ўйладию, ўз нонини шошиб бошқа махбус нонига алмаштириб ёйяпти. Кўзлари ҳамон бежо, олазарак. Санкт – Петербурғдаги меҳмонхона қувирига эса Сергей Есенинни ўз кўйлагининг енгига осиб қўйишибди, аблахлар!Ие, анави Маяковскийку! Ё пирай! У ҳам ўзини ўзи отиб қўйибдида.Қандай яхши шоир эдия, раҳманлик! Бўридай ғажирдим бюрократизмни… Қоғозбозликни йўқ кўргали кўзим! Қуриб кетмайдими ҳар қандай қоғоз!… Аммо бу паспортим… Эҳ, Володя, Володя, энди сенга паспортниям кераги йўқ… Ие, Эрнест Хемингуэйга нима бўлди? У ҳам ўзини отиб қўйибди? Ана ҳалоооос!Алвидо, қурол!… Ҳуллас шуларни кўриб, шоирнинг қалами синган. “Шоир одамнинг бу дунёда косаси оқармаган экан ўзи. Қайси шоирни қарасанг камбағал. Мен бўлса, ҳали раҳбар бўлишим керак” – дея ўйлаган бўлиши ҳам мумкинда шоир.

Лекин шоир Муҳаммад Солиҳ ундай ҳаёлларга бормаган бўлса керак. Яна ким билади? Оллох ҳаммадан билгувчироқдир. Мен қачонлардир шоир Муҳаммад Солиҳ ҳақида “Озодлик ” радиоси ўзбек хизматига берган бир интервьюмда қуйидаги сўзларни айтган эдим ва бу сўзларимдан ҳозир ҳам тонмайман.

– Муҳаммад Солиҳ коммунистик империя катакомбаларида ҳавосизликдан бўғилган адабиëтимизга тоза кислород келтирган ëниқ¸ истеъдодли ўзбек шоиридир. 70-йилларнинг маҳдуд¸ биқиқ резервуациясига кўниккан соцреализмчи истеъдодсиз¸ ўртамиëна шоир ва ижодкорлар: “катакамобамизга заҳарли газ олиб келди”, дея Муҳаммад Солиҳни тўқмоқлар билан қарши олдилар. “Солиҳ адабиëтимиз душмани. У қофиясиз шеър ëзмоқда”, дея жар солдилар. Ваҳоланки Муҳаммад Солиҳнинг қофиясиз шеърлари қофиябозларнинг ëзғияларидан минглаб нур йили масофада илғор¸ юксак дид маҳсули ўлароқ, адабиëтимиз осмонида чақнаган чақинлар янглиғ шуурлар зулматини ëритар¸ унинг ëзган шеърлари тафаккур ва билим эгалари¸ ойдин зиëлилар¸ аҳли диллар маҳфеълига шаму шабистон эди. Ҳозир ҳам шундай.

Ҳа, Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов) ростдан ҳам яхши шоир эди.

“Эди” дея ўтган замон феълида ёзишимга сабаб, Муҳаммад Солиҳнинг хорижга чиқиб ёзган шеърлари, нафсламрини айтганда, аввалги ёзган шеърлари даражасидан жуда – жуда паст. Гўё у аввалги Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов) эмасдай, бошқа, қандайдир ижтимоий “шеър”ларни ёзиб юрадиган ўртамиёна “шоир”га алмаштириб қўйилгандай. Балки муҳожирликда бошига ёғилган турли мусибатлар, маломатлар шоирнинг руҳий кўзгусини хиралаштириб, уни шу куйга солгандир, аввалгидай яхши шеърлар ёзолмайдиган қилиб қўйгандир. Шеър ёзолмай қолиш шоир одам учун буюк фожиа.Аммо, Муҳаммад Солиҳнинг ўзбек адабиёти тарихида ёниқ ўзбек шоирлардан бири бўлиб қолиши учун аввалги, ватанда ёзган шеърлари етиб ортади. Бу аниқ.

Лекин, бир ижодкор, бир ўқувчи сифатида унинг шеърларини мақташ билангина чекланмай, баъзи эътирозларимни билдиришга ҳам ҳақлиман, ва асосли, самимий танқидлардан бир пайтлар демократ бўлган шоир Муҳаммад Солиҳ ранжимайдилар дея ўйлайман. Унинг “Шундай ватанинг бўла туриб” дея бошланадиган машҳур шеъри бор. Шеърнинг биринчи бандиёқ адабиётда диктатура ўрната бошлайди. “Уни ёзма, буни ёз” дея кўрсатма бера бошлайди. Қизиқ, шоир одам ватаним бор экан деб, чароғон кундузлар, юлдузлар, қошлари қундузлар ҳақида ёзмаслиги керакми?

Шундай ватанинг бўла туриб,

Ёзасан юлдузлар ҳақида,

Чароғон кундузлар ҳақида,

Қошлари қундузлар ҳақида.

Иккинчи банд ундан ҳам кулгили. Шоирнинг маломатича гуллар ҳақида шеър ёзмаслик керак эмиш. Ҳудди Муҳаммад Солиҳнинг ўзи ҳеч қачон юлдузлар, кундузлар, гуллару қошлари қундузлар ҳақида ёзмагандай. Ва ниҳоят ҳеч қайси шоир ўз онасининг кўзидаги ёшни шабнам деб ўйламаса керак. Ундай ўйлагувчи одам, Елена Уруллаева (Майрамхон) даволанаётган муассаса мижози бўлиши мумкин ҳалос.

Шундай ватанинг бўла туриб,

Сен гуллар ҳақида куйлайсан.

Онангнинг ҳам кўзёшини сен

Шабнам дея ўйлайсан.

Муҳаммад Солиҳга қолса, одам коинот ҳақида ҳам сўйламаслиги керак экан.Лекин қуйидаги банднинг “Тошга уриш керак бўлган бошни

Гулчамбар учун шайлайсан.” деган мисралари жуда ўринли. Тошга уриш керак бўлган бошини гулчамбар учун шайлаб юрганларнинг кўплигини хисобга олсак.

Шундай ватанинг бўла туриб,

Коинот ҳақида сўйлайсан.

Тошга уриш керак бўлган бошни

Гулчамбар учун шайлайсан.

Шундай ватанинг бўла туриб,

Қурол йўқ қўлингда.

Шундай ватанинг бўла туриб,

Қўрқасан ўлимдан! (1986)

Шеърнинг охирги бандида шоир одамларни қуролланишга чақиради. Уларга қарата сен ўлимдан қўрқасан, сен қўрқоқсан! – дея хитоб қилади. Гўё ўзи ўлимдан қўрқмайдигандай. Ваҳоланки, Муҳаммад Солиҳ нафақат ўлимдан, ҳатто қамалишдан ҳам қўрқади. Агар қўрқмаганида, Европада эмас, Ўзбекистонда яшаган бўларди. Боринг ана, у “Каримов қамоқхоналарида бекордан бекор ўлиб кетиш ақлсиз одамнинг иши” дея ўзини оқлар. Аммо, ҳеч йўқ укалари қамоқларда азоб чекаётган маҳал Каримовга мурожаат қилиб: -Менинг укаларим қамоқлардан озод қилиниб, БМТ идораларига топширилса, мен Ўзбекистонга ўз ҳохишим билан бораман! – деганида, ёки дейлик, Эй Каримов, қамоқларда азоб чекаётган минглаб махбусларни озод қилиб, БМТ ихтиёрига топширинг, мен Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов) Ўзбекистонга ўз оёғим билан борман! Бормаган номард! – деганида, унинг сиёсий обрўси осмонга кўтарилар эди.

Ўзбекистон қамоқхоналарида ётиб, ўлмай чиқса, Нелсон Мандела каби бир куни президент бўлиб, Халқаро Нобель мукофотига сазовор бўларди. Афсус, минг афсус, у ўзини ким сал танқид қилса, дарҳол “Тамом, у билан ҳар қандай алоқани узинглар. Партияда учта одам қолса ҳам” дея унга ишонган, унга эргашган жиддий одамларнинг , ақли тиниқ, тафаккури теран сиёсатчиларнинг хафсаласини сўндирди. Юқоридаги шеърнинг энг охирги бандида шоир Муҳаммад Солиҳнинг асл ботиний қиёфаси, қалби ва машъум мақсади акс этиб турибди. Яъни у қуролли уруш, қон тўкиш тарафдори. Демократик дунёқарашдаги сиёсатчиларнинг “Эрк” партиясини бирин – кетин тарк этишларига асосий сабаб ҳам айнан манашу қурол кўтариш, уруш ғояси эди!

http://www.muvozanat.info

Sorry, the comment form is closed at this time.