Apr 242012
 

Каримов ва Мадаминов- “Сиам” эгизаклари

4. ЯЛАНҒОЧ “ҚИРОЛ”

(2012 йил қўшимчалари билан)

-Бобур ака, маълумки, Мадаминов Туркиядаги лидерларни ўртага қўйиб, Ўзбекистонга қайтиб, бирор мансаб олишни истаган пайтлар ҳам бўлган. Жумладан, у Туркия миллиятчиларининг саксондан ошган лидери Алпарслон Туркаш орқали Тошкентга хат жўнатган.

Мадаминов ўзи ёзиб, Баҳодир Файзи номидан эълон қилган “Мухолифат тарихи” деган китобида шундай хатлардан бирини билиб-билмай келтиради. Ана шу хат Мадаминовнинг миллат ва мамлакатдан устун турадиган манфаатлари борлигини кўрсатади.

Шундай хатлардан бирига жавобан Ислом Каримов Алпарслон Туркашга қуйидагиларни ёзган׃

“Муҳаммад Солиҳ жанобларига келсак, бу киши ҳам бошқалар қатори юртига қайтиши мумкин. Лекин бу қайтиш ҳеч қанақанги талаб ва келишувларсиз, муайян мансаб ва ё имтиёзлар ҳисобига бўлмаслиги керак. Ислом Каримов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Тошкент, 1996 йил, 18 ноябрь И-1973” .(“Мухолифат тарихи”, Исмат Хушев таржимаси).

Шундан кейин ҳам Мадаминовнинг бошқаларни Каримовдан бир нарса кутганликда айблаши худди иштонсизнинг тиззаси йиртиқ устидан кулгани бўлиб қолмайдими? Ўзи ҳам “Мени таклиф қилсин, иш берсин, имтиёз берсин” деб ўртага одамларни қўйиб юрибди-ку?!

-Жаҳонгир, бундай мисоллар кўп. 1995 йилнинг бошида АҚШ Миллий Демократик институти ташаббуси билан Ўзбекистонда ҳукумат ва мухолифат мавзуига бағишланган семинар бўлиб ўтганди. Унга Франкфуртдан Салай Мадаминов ва Истанбулдан Абдураҳим Пўлатов келди. Шунингдек, семинарда Каримов ҳукумати вакили Адлия вазири Алишер Мардиев ҳам иштирок этди. Шу ерда Мадаминов ўзининг эски ошналари Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзамов билан ҳам ярашиш шартларини муҳокама қилганди.

Ҳар қандай сиёсатчи ва сиёсий ташкилот шундай манёверлар қилади. Лекин ўзингга қолганда майли, аммо бошқаларни айблашинг бу сиёсатчининг иши эмас. Кимдир мухолифатга озгина олдин ва кимдир озгина кейин келган бўлиши мумкин. Агар ҳар бирига биттадан айб ёпиштираверса, ким бўлишидан қатъий назар охир оқибат бугун Мадаминов мисолида кўрганимиздек яккаланиб қолади. Мадаминовни ҳали ҳам грaнтлар учун қўлланиб юрган бир иккита шоввоz бор ва у шу боис ҳали яккаланиб қолганининг идрокида эмас. Бунинг устига биз фактлар билан таҳлил қилар эканмиз, улар анонимкачилик билан банд. Жўяли гап айтолмасдан, шахсимизни ҳақорат қилишга ўтиб кетишди.

-Дарҳақиқат “Абдуллоҳ” деган бир номаълум исм остида менга ёзилган саволни келтирмоқчиман. Шунга ҳам муносабат билдиришимиз керак, деб ўйлайман.

“Мухолифатда сизни сайтингиздан бошқа ҳалол инсонлар борлигига ишонасизми? Нима учун мухолифат деганда фақат ғийбат ва кераксиз мақолалар тушуниб қолинмоқда ҳозирги кунда, бунда сизни ҳам ҳиссангиз борлигини тан оласизми? Ва энг асосийси бир-бирларизни камчиликларингизни ҳамма жойда достон қилиб ундан ўз манфаатиз учун фойдаланяпсизлар, бу борада инсонийлик муомала одобларини демократия ниқоби билан қолиплаяпсизлар, келажакда ватанда узларизга нисбатан инсоний ҳурмат топишларизга ишонасизларми? Сиз қачон бирор танқидга жавоб ёзсангиз узингизни Жаҳонгирлигизни таъкидлайсиз .

ЖАҲОНГИРЛИК кечиримлик ва сабрда яққолроқ курингани маъқул эмасми? Ва яна бир савол, аввалда ҳукумат билан ишлаб нафси тилаганча молу-дунёни олиб булгач узини мухолифатда деб эълон қилган М.Маликов билан сизни нима бирлаштиради? Чунки бу ҳукуматда ишлаган ҳар қандай одамни охири қамоқ ёки ўлим билан якунланишини билган бу одам вақтида АҚШда қолган деб уйлайман…”

“Абдуллоҳ” кабилар савол беришдан олдин озгина мутолаа қилишса ёмон бўлмайди. Ғийбат нима? Ғийбат бировни орқаворотдан ёмонлаб гапиришдир. Ўзбек тилини ҳам озгина билиш керак, ахир! Биз орқаворотдан эмас, юзига айтмоқдамиз. “Абдуллоҳ” номининг орқасига яшириниб олганимиз йўқ. Биз камчиликларни очиқ танқид қилмоқдамиз. Иккаламизнинг ҳам лидерликка даъвоимиз бўлмагандан, эҳтиёжимизни тўла қоплайдиган ишимиз бўлгандан кейин қандай манфаат ҳақида гап бормоқда?

Каримовнинг “Ичкаридаги гапни ташқарига чиқарган-хоин” деган сафсатаси нималарга олиб келганини наҳотки кўрмаяпмиз? Биз инсонийлик, муомала одобидан ҳам чиққанимиз йўқ. Сиз эса “Абдуллоҳ” ёзганингизни яна бир ўқинг. Балки унда ўзингизни кўрарсиз.

Маликов масаласига келсак, у киши билан биринчи дўстлашган ва у кишини мухолифатга бошлаб келган одам Мадаминовдир. Бу бундан 13 йил олдин бўлган. Ўша пайтда Маликовнинг қанча пул тўплаганини Мадаминов кўра олмагану бугун энди сиз кўрдингизми? Фолбинлик ҳам эви билан-да, биродар!

-Жаҳонгир яна бир нарсани қўшиб кетмоқчиман. Мен давлат мулкини талон тарож қилганимда эди, ёки порахўр бўлсам эди – Каримов ва унинг лайчалари мени ҳеч қачон тинч қўймас эдилар. Ундан ташқари шундай бўлганда мен АҚШ ҳукумат идорасида ҳеч қачон ишламаган бўлардим. Ёдимда мен сиёсий бошпана сўраганимда собиқ Ташқи ишлар вазири Саидқосимов (Москвада КПСС МК да ишлаб келган) АҚШ ҳукуматига хат юборганида гап тополмай, “Маликов комсомол бўлган” деб ёзганди. Хўш, “Абдуллоҳ” биродарим, сизнинг бу манқурт Саидқосимовдан ортган жойингиз қолдими?

Мустақилликнинг бошларида мухолифат сафларида бўлганлар собиқ коммунистларни ана шундай ёппасига айблай бошлагандилар. Бирдан қарасалар ота-оналари, опа сингиллари, хуллас халқнинг ярми коммунист экан. Бу аҳволда яккаланиб қоладилар…

-Шунда Мадаминов “ЭРК” қурултойида минбарга чиқиб, собиқ коммунистлар бизнинг халқимиздир, дейишга мажбур бўлганди…

-Ундай бўлса, нега бугунга келиб кимнидир бир пайтлар коммунист бўлганликда айблайди? Худди шундай агар бугун ҳукуматда ишлаб, мухолифатга қўшилганларни ҳам айблай бошлашса, бурунларини ковлаб ўтираверадилар. Бир одими ҳеч қачон икки бўлмайди. Бугун 3,5 миллион ўзбекистонлик ташқарида. Мингдан зиёд мухолифатчи ташқарида. Лекин Мадаминов намойиш ўтказса, нега 20 киши ҳам чиқмайди? Ахир орқамда 60 та ташкилот бор дея жар солаётган одам камида 60 кишини чиқариши керак эмасми? Буни ўйлаб кўринг! Нега одамлар сизга эргашмаяпти? Чунки “Абдуллоҳ””лар уларнинг бирини қамамоқчи, иккинчисини ўлдирмоқчи. Сиёсатлари кушандалик бўлса, бундан кейин ҳам яккаланиб қолаверадилар ва ҳатто гапини ўз номидан очиқ айта олмаслик даражасида қолиб кетишади.

-Менга ёзган хатида Мирзоулуғ деган укамиз шундай дейди׃ Мен билган таниқли шахслардан Насрулло Сайид, Содиқжон Йигиталиев, Юсуф Жума, Иброҳим Ҳаққул, Шоди Каримов,  Абдулҳай Абдумавлонов, Бобур Маликов, Аҳмад Азам, Холдор Вулқон, Жаҳонгир Муҳаммад, Номоз Нормумин, Гулчеҳра Нуруллаева, Дайнов Ташанов, Самад Мурод, Ойгул Маматова, Имом Файзиев, бошқа-бошқалар ундан юз ўгириб кетганлар.”

Мен бунга Ойбекнинг ўғли Бек акадан таниқли адиб Зоҳир Аъламу Бахтиёр Исабекка қадар яна 20-30 нафар таниқли шахсни қўшишим мумкин. Лекин гап бунда эмас. Гап шундаки, ким ундан юз бурса, ўша одамни “сотқин” деб эълон қилади. Худди мана шунинг учун улардан баъзилари мухолифатга қўл силтаб, ҳукумат томонга ўтиб кетдилар ёки Тошпўлат Йўлдошевдан Шуҳрат Аҳмаджоновга қадар ўнлаб фидойилар анча вақт мухолифатдан хафа бўлиб юрдилар. Кейин англадирки, мухолифат номидан айтилган гаплар фақат Мадаминовнинг шахсий гаплари экан

2012 йил қўшимчаси

Юқоридаги сатрлар бундан беш йил олдин ёзилган ва эълон қилинганди. Яқинда эса Муҳаммад Солиҳнинг “ўринбосари” Номоз Нормўмин бу рўйхатни қайта тузиб чиқибди ва шахсларни гуруҳларга ажратибди.  Адолат юзасидан у тузган рўйхатни ҳам келтирамиз. Яна беш йилдан кейин бу китоб қайта нашр этилганда,  бошқа бир рўйхат чиқиб қолса, тарихчилар учун таққослашга қулай бўлади׃

“…ўзбек мухолифати йўл айримига келди, алҳамдулиллаҳ. Кимнинг ким эканлигини энди яшириб ўтиришнинг ҳеч кимга фойдаси йўқ. Ўзбекистон деган мустақил давлатни уч бурчак шаклида тасаввур қиладиган бўлсак, бу бурчаклардан бири Ислом Каримов ва унинг диктатура режимига оиддир.

Иккинчи бурчак эса, ўзаро тарқоқ, Ислом Каримов режимига қарши мўътадил, (Номоз Нормўмин “мўтадил” деганда ўзи билан бизни адшатираётганга ўхшайди-ЖМ) аммо учбурчакнинг учинчи бурчагини ташкил қиладиган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига тиш-тирноғи билан қарши бўлган бир тоифадир. Бу иккинчи бурчакдагилар рўйхатига Абдураҳим Пўлатов, Пўлат Охун, шоир Юсуф Жума, Васила Иноятова, Галима Бухорбаева, Мўътабар Тожибоева, Жаҳонгир Муҳаммад, Ризо Обид, Абдужалил Бойматов, Тошпўлат Юлдашев, Марат Зоҳидов ва шу инсонларга фикран яқин бўлганлар кирадилар…

…ЎХҲнинг сафлари Муҳаммад Солиҳ, Отаназар Орипов, Толиб Ёқубов, Алибой Йўляхши, Мақсуд Бекжон, камина Намоз Нормўмин, Муҳаммадсолиҳ Абутов, Ғайратбек Холматов, Тўлқин Қораев, Муҳиддин Ширинов, Абдулатиф қори, Қудрат Бобожон, Тоғбой Абдурраззоқ ва бу ерда номи зикр қилинмаган мингларча дўстларимиздан иборатдир. Номоз Нормўмин.(uzxaqlharakati).

Аслида Номоз Нормўмин бошлаган иш ёмон эмас. Агар у ўзларига қарши мингларча билинган исмларни аниқ ва тўлиқ келтирганда яна ҳам дуруст бўларди.  Марат Зоҳидовга ўхшаб Каримовга қарши эмас, балки унинг “бурчаги”дан бўлганларни ўз “жой”ига қўйиш керак эди. Адолатдан гапирган одам адолатга риоя қилиши керак-да!

Лекин бугунгача ким Муҳаммад Солиҳ билан эканлиги аниқ эмас эди. Мана энди билдик. Биз унга қарши бўлганлар Каримовга янада қаршироқмиз. Буни Номозбек идрок этмабди. Худди мана бу  иккита нарсани ҳам идрок этолмагани каби׃

1.Биз Каримовнинг ўрнига Муҳаммад Солиҳ ва унинг тўдаси келса,  Ўзбекистондаги аҳвол бугунгидан минг марта баттарлашади деган қаноатдамиз ва бунга далилларимиз  бор.  Бу китобда ана шу далиллардан бир қисмини ўртага қўймоқдамиз.

2. Номоз Нормўмин ўз мақоласида Муҳаммд Солиҳ тарафдорларини диндорлар ва унга қарши бўлганларни динсизга чиқаришга уринган.  Бу гуруҳнинг аянчли фожеаси ҳам мана шунда.

Бугунгача  Обидхон қори ва муфти Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфлар ҳатто бунга яқин ҳам гапиришмаган. Чунки улар исломни биладилар. Муҳаммад Солиҳ ва Номоз Нормўмин ўз позициялари билан чаламулланинг ҳам саводсизи эканликларини сездириб қўйдилар. Номлари саналаган уламоларга одамлар эргашгани ҳолда бу тўдага эргашмаганининг, балки тарк этишганининг сабаби ҳам ана шунда. Булар Худонинг номини сотмоқдалар, дини исломга хўжайинлик қилмоқчилар. Бу айнан Каримовча тактика. Фақат Каримов диндор дея айбламоқда, булар эса динсиз дея. Мана шу нуқтада улар Каримовга муХалифат.

Агар улар исломни билганларида бошқаларни “билиб-билмай” динсиз дея айблаб гуноҳи кабрни бўйинларига олмасдилар. Бу қабоҳат уларни чоҳга етакламоқда ва шармандаи шармисор қилмоқда.

Бошқаларни билмадим, лекин мен ўз динимга, эътиқодимга қаёқдаги “солиҳ”лару “номоз”ларнинг хўжайинлик қилишига қараб турадиган бадбахт эмасман.

Бу гаплар улар зўр бериб айтаётгандек, иғво эмас, бу гаплар уларнинг ниқоб ортидаги башарасининг фото сувратидир.

(ДАВОМИ БОР)

Жаҳонгир Маматов.

http://turonzamin.org/2012/04/25/siam4/#more-19311

Sorry, the comment form is closed at this time.