Apr 162012
 

Бекзод Чориев

Ёдингизда бўлса,куни кеча биз АҚШдан қўним топган Чориевлар оиласи вакиллари Вашингитонда жойлашган Ўзбекистон элчихонаси олдида Ўзбекистон ҳукумати олдига ўзларининг жиддий ва долзарб талабларини қўйиш мақсадида пикет ўтказиш учун шайлиги борасида хабар бергандик.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида яшовчи 70 ёшли Ҳасан ота Чориев ҳам фарзандларига ҳайриҳоҳлигини ифода этиш  ва руҳий далда бериш илинжида ўз яқинлари билан пикетга бел боғлаганидан ҳам хабарингиз бор.

Илгари маълум қилганимиздек,  Ҳасан отанинг режасини барбод қилиш илинжидаги Ҳукумат томонидан  15 апрель куниёқ отахоннинг уйи қуршовга олинган эди.

Бугун,16 апрель куни ҳам Чориевлар оиласини таъқиб қилиш ҳаракатлари барҳам топгани йўқ.

Ҳасан отанинг кенча ўғли Бекзод Чориев  воқеа жараёнлари хусусида қуйдагиларни маълум қилди:

“- Бугун эрталабдан уйимиз атрофини фуқаро кийимидаги 20 нафардан ортиқ номаълмум шахслар ўраб олишди. Уйимиз рўпарасидаги идорада ҳам уларнинг бир-нечта вакиллари қўним топишганди. Фермадан хабар олиш илинжида Қамаши туманида юрган отам эса ички ишлар ходамлари томонидан эрта саҳарданоқ ҳеч бир изоҳ ва тушунтиришларсиз,мажбурий тарзда Қамаши туман Ички ишлар бўлимига олиб кетилган. ИИБ идораси мутасаддилари “Биз тепадан келган буйруқни бажараяпмиз холос. Хотиржамлик сақланг ва то биз рухсат бермагунимизга қадар шу бинода ўтира туринг”,дейишдан нарига ўта олмаган. Отамнинг  “Менинг ҳеч кимга ҳеч қандай даъвойим йўқ. Агар зўр бўлсанглар,тортиб олган чорвамни қайтиб беринглар?” деган сўровига,“Отахон,бизни тўғри тушунинг. Бу ер суд идораси эмас. Чорвангизни қайтариш бизнинг ихтиёримиздан ташқарида. Сизга бу борада ҳеч бир ёрдам кўрсатаолмаймиз”  қабилидаги жавобга рўпару келган. Энг ёмони,отамни Қамаши туман ички ишлар бўлимига олиб боришгач,яқинлари билан алоқани узиш мақсадида у кишининг мобил телефонини тортиб олиб қўйишган.

Эрталаб уйдан кўчага мўраласам,эшигимиз тагида то кўчагадовур сон-саноқсиз машиналар тўлиб кетибди. Фуқаро кийимидаги қандайдир нотаниш одамлар у ёдан бу ёққа юриб,югуриб,дарвозамизни,уйимизни  зимдан кузатишмоқда. Қани,нима бўларкин,деб кўчага чиқдим. Иккита   автомашина дарҳол ортимдан тушди. Нечоғлик йўл четига ўтишга уринмай,улар ортимдан изма-из бостириб келаверишди. Ишонасизми, йўқми, машиналар билан менинг ўртамизда деярли масофа қолмади. Мени босиб кетгудек даражада яқин эди. Уларнинг мақсади,мени четга сиқиб,машинага таппа босиб олиб кетиш эди.  Бу мақсадларини англагач,тезлик билан дарҳол уйга қайтишга мажбур бўлдим.  Уйимиз қуршови мана  маҳаллий вақт билан кеч соат 18.00 га қадар ҳам давом этмоқда. Отамни эса  ИИБ ходимлари фақат соат 18.00 ларга яқин қўйиб юборишгани бизга маълум. Бироқ ҳозирга қадар отамнинг  мобиль телефонига қўнғироқ қилиб,тушаолмаяпмиз. “Хизмат доирасидан ташқарида” бўлиб турибди. Бундан чиқдики,отамга  қўл телефонини қайтаришмаган кўринади деган тахминимиз ҳам йўқ эмас.”

Чориевлар  оиласига нисбатан Ҳукумат томонидан уюштирилаётган босим,таъқиб ва таҳдид тафсилотларини  эшитарканмиз, дафъатан хаёлимизга шу фикр келди: назаримизда, амалдаги Ҳукумат “Ўйнашмагин арбоб билан,арбоб урар минг боб билан” деган нақлнинг айни ҳақиқат эканлигини исботлашга зўр бериб уринишмоқда. Шундай эмасми?

        “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати  Қашқадарё вилояти  матбуот маркази

http://birdamlik.info/?p=21516

Sorry, the comment form is closed at this time.